Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Хулоса ясаш лозим бўлганда, хулоса ясамаслик ҳам, аслида, хулоса

Хулоса ясаш лозим бўлганда, хулоса ясамаслик ҳам, аслида, хулоса
09 Kasım 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1298 марта ўқилди.

Сафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.
Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(34-қисм)

Йигирма биринчи боб

12 май. Одатдагидек, Азизни махсус каталакка тиқдилар. Баҳром иккови чиқаётганда, бир-бирларини кўрган бўлсалар-да, яширин имо-ишоралардан нари ўтолмадилар. Йўлчи машина Тоштурма томон силжиди.

Узил-кесил қамоқни бўйнига олган Баҳром шаклсиз жамиятдаги… шаклсиз одамларнинг… шаклсиз қилмишларини… “мавҳумот” деб ўйлади. Миясига келган бу фикр кўзлари билан кўриб, қулоқлари билан эшитган воқе-ҳодисалар асосида туғилди. Жамиятдаги жаҳолат илдизлари, раҳнамолар феълидаги юҳолик сохталик ва ёлғонлардан ўсиб ривожланганди. Иллатлар ўзагини йўлбошчилар ўз юраклари остида кўз қорачуғларидек асрардилар. Хулоса ясаш лозим бўлганда, хулоса ясамаслик ҳам, аслида, хулоса эди. Бу шахснинг ёхуд жамиятнинг инқирозидан дарак берарди. Шу боис Баҳром ҳар бир нарса моҳиятини идрок этиш ва хулоса чиқаришдан, хатолари бошини изларди. Бироқ у қидирганини топа олмаётганди. Шаклланаётган онгнинг шаклсиз ҳодисалардан мазмун касб этишга тиришиши балки қалб исёнидир. Ёхуд ожизлигидир. Ўзгача бўлиши ҳам мумкин эди…

Машина Тоштурманинг баланд деворлари соясида моторини ўчирди. Тамаки тутунига тўла машина ичида ўн тўртта маҳбус бор эди. Темир дарвозанинг дамо-дам очилиб-ёпилишидан навбат кутиш зарурлиги англашинарди. Қуёшнинг куйдиргувчи нурларидан машина ичи ёнай дер, қуюқ тутунда маҳбуслар бир-бирларини зўрға кўрардилар. Шунда Азизнинг Баҳромни чақираётган овози эшитилди. У жавоб қайтариш учун оғзини жуфтлаганда, кўринмас бир қўл томоғидан хиппа бўғгандай, нафаси ичига қайтди. Сўнгра Азиз ҳар қанча чақирмасин, сочиқ билан оғзини тўсгач, у “миқ” этмади. Мотор ҳар икки-уч дақиқада ўт олиб, олдинга беш-ўн қадам силжирди-да, тағин ўчарди. Бу ҳол қирқ беш дақиқага яқин давом этди. Бир пайт машина биринчи дарвозадан ичкарига кирди. Шу заҳоти дарвоза қайтиб ёпилди. Ичкарида ҳам ташқаридаги сингари баланд девор ва темир дарвоза бор эди. Маҳбусларни топшириш учун ўнга яқин машина навбат пойларди. Қўриқчилар машина эшигини ланг очиб қўйдилар. Олдда ўтирганларга кичкина ҳовлидаги нарсалар кўриниб қолди. Гупуриб кирган тоза ҳаводан ҳузурланиб нафас олган Баҳром бошини орқага ташлади. У кўзларини очишни ҳеч ҳам истамасди. Аждарҳодек олов пуркаётган қуёш ҳовуридан чўғга айланган машина девори, энсасини куйдирганда, кўзлари очилиб кетди. Ҳайвонот боғида болалар ғуж-ғуж бўлиб, маймунларни томоша қилиш учун панжарага қандай ёпишсалар, маҳбуслар ҳам бир-бирлари устидан босиб, ҳовлига шундай боқардилар. Йигирма дақиқалар ўтиб, қўриқчилар панжара қулфларини еча бошладилар.

Биринчи Азизнинг номи ўқилди. Кишандан қўлларини бўшатган Азиз тушишга чоғланаётиб:

– Омадингизни берсин, Қурбонов, энди кўчада учрашамиз! – дея пастга сакради.

 Инчунин, Баҳром қамоқдан қутулиб чиққунча ҳам уни қайтиб кўрмади.

Ўн учта маҳбус баланд айвон остида деворга қараб, чўнқайиб ўтирарди. Тоштурма миршаблари шаҳар бошқармаси миршабларидан ҳар бир маҳбусни нишона асосида, битта-битталаб, ёриқ-йиртиғини текшириб қабул этди.

Шаҳарликлар маҳбусларни топширганда, нишоналар жамланган китобларни қўлтиқлаб олган сарғимтил, кўзлари ғилай миршаб маҳбусларга:

– Ҳамаларингиз ўринларингиздан туриб, қўлларингизни орқангизга тутиб, бу ёққа ўгирилинглар! – деди.

Маҳбуслар ўгирилгач, у:

– Ҳеч ким касал эмасми, тутқаноғи йўқми? Кимнинг одам кўролмайдиган жойида юқадиган яра-чақаси бўлса, айтсин! – деди.

Ҳеч ким индамагач, у қийшиқ ёғду сочаётган фара сингари ғилай кўзларини ғалати пирпиратиб:

– Тушунарли! – деб қўйди. Сўнгра ҳаммага бир-бир назар ташлаб, секин юриб, Баҳромнинг олдига келди. – Таёқ еб, кўкарган жойлари борлар, жабр кўрганлар бўлса, бир қадам олдинга чиқсин!

Яна ҳеч кимдан садо чиқмагач, Баҳромга боқиб:

– Нима учун чиқмаяпсан, бу гап сенга тааллуқли эмасми? – деди.

Баҳром унинг кулгу қистатадиган қийшиқ боқаётган ғилай кўзларига қарамасликка ҳаракат қиларди. У:

– Мен ҳеч кимдан жабр кўрмадим, таёқ ҳам емадим! – деди. – Машинадан тушаётганда, қоқилиб йиқилдим. Бурним шунда шилинди.

Миршаб бир замон ёвқараш қилиб, қотиб турди-да:

– Ҳеч кимдан шикоятинг йўқлигига ишончинг комилми? – деди.

Ғилай миршаб огоҳлантирилганидан Баҳромнинг гумони йўқ эди. Тегишли жойдан буйруқ бўлмаганда, уни орқасига қайтариб юборардилар. Унинг яралари ўн иккита маҳбуснинг ички жароҳатлари олдида ҳолва эди. Қолганларнинг кўплари оёқларида базўр турардилар. Шундай бўлгач, унинг қанақанги шикояти бўлиши мумкин? Бўлганда ҳам, оғзидан гуллаб қўйиб, бошқармага қайтиб боргач, калтаклар остида беажал ўлиб кетиш нияти йўқ эди. Шунинг учун ҳам ҳозиржавоблик билан:

– Ишончим комил! Биров мени урмаган бўлса, нима деб шикоят қиламан? – деди.

Жавобдан мамнун ғилай миршаб, кўкнор уруғидан тўйган хўроздек, кўкрак кериб, унинг бошидан оёғигача қараб чиқди. У Баҳромга нигоҳ солаётган бўлса ҳам, кўзлари тескари томонга боқаётгандек эди.

– Тузук! – деди у. – Жонинг бор, боқса одам бўласан. Қайси модда билан қамоққа олиндинг, жигар?

– 168-модда!

 Ғилай миршабнинг кўзлари алоқ-жалоқ бўлиб ўйнади.

– 168-модда? Вой, фирибгар-ҳей! Вой, муттаҳам-ҳей! Кимга девор ушлатдинг? Ўмарганларингни қаерга кўмдинг, аблаҳ? – деди у.

Баҳром индамасдан бошини хам қилди. Унинг бу туришини узр сўраш аломати деб тушунган миршаб, нишоналар жамланган китобни қаттиқроқ бағрига босиб:

– Уялмайди-ҳей, бети эшак терисидан ҳам қалин, ҳар балони егурнинг! – дея нари кетди. – Ичларингизда “хафа”лар йўқми, ишқилиб?

Оқ аралаш қора сочлари ёнига силлиқ таралган, кастум-шимдаги ёши бир жойга чиққан зиёлинамо маҳбус:

– Мен хафаман! – деб олдинга бир қадам босди.

Буни кўрган маҳбуслар таажжубга тушдилар. Ғилай миршаб ошкора бурнини жийириб, ундан жирканди. Умрида бурнини жийирган ғилайни кўрмаган Баҳромнинг кўнгли ёришиб кетди. Миршабнинг ғижим, аммо беғубор башараси – булутлар ортидан қуёш балққандек, қизариб, бошқалар лабига ҳам кулгу инди. Унинг бу башарасини асримиз Афандиси – Ҳожибой Тожибой кўрганда, бу лавҳадан катта кансерт дастури тайёрларди.

– Сенинг “хафа”лигингни қўриқчилар билармидилар? – деб у маҳбусга ғалати боқди.

– Улар сўрамагандан кейин, мен ҳам индамадим! – деди у.

Боши қотган ғилай миршаб:

– Бу гапни айтишинг учун биров сендан сўраши шарт эмас-ку! – деди.  – Сен биринчи кун “хафа”лигингни билдириб қўйишинг керак эди.

– Менга имкон беришса, айтаманми? – деди жаҳли чиққан маҳбус.

– Менга нима учун тўнғиллаяпсан к..т! – деди энсаси қотган ғилай миршаб ҳам.

– Менга к..т деманг, оғзингизга қараб гапиринг, ука! – деди маҳбус.

– К..т бўлганингдан кейин, к..т дейманда, олифталик қиласан! – деди ғилай миршаб ғазаби қўзиб. – Шолтўқмоқни кетингга тиқиб, оғзингдан чиқараман, к..т…

– Мен к..т эмасман! – дея маҳбус ахири бўкириб юборди.

Миршаблар уни ўраб олдилар. Шунда ҳушёрроғи:

– Тўхтанглар, унга тегманглар! – деди.

Шериклари унга ҳайрон боқдилар. У маҳбусдан:

– Сен кимдан хафасан? – деб сўради.

– Шаҳар прокурори Баҳриддин Валиевдан хафаман! – деди у. – У қамаш “рухсатнома”сини менга ноҳақ берди.

Барча қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Бир-икки Баҳромга ўхшаш “хафа”ни тушунмайдиганлар анграйиб қолдилар. Баҳром миршаблар ва маҳбусларнинг бирваракайига бунақанги кулганини қайтиб қамоқдан чиққунча ҳам кўрмади. Гапнинг тагини англаган ғилай миршаб, кўз ёшларини артиб, ҳайратга тушган маҳбусдан:

– Ким бўлиб ишлагансан? – деб сўради.

– Университетда дарс берардим. Шаҳар прокурори Баҳриддинжонни ўқишга ўзим жойлаганман, қўлимда таҳсил олган! – деди, у.

– Қайси модда билан айбладилар?

– 210-моддани қўйдилар! – деди у ниҳоят, ўзидан ҳол сўрайдиган одам топилганидан қувониб.

– Сенинг жойинг ертўлада экан! – деди ғилай миршаб. – У ерда сени ҳақиқатдан ҳам “хафа” қиладилар.

“Хафа” нималигини ҳалиям тушунмаётган маҳбус:

– Мен ҳеч кимга ёмонлик истамасам, нима учун хафа қиладилар? – деди.

– “Хафа” деб турмада к..тларни айтадилар! – деди ғилай миршаб. – Пора билан қўлга тушдингми, йиққанларингни қайтарасан энди. Бўлмаса, бутун танангни илма-тешик қиладилар, жигар.

Нима деётганини энди илғаган маҳбус, бехосдан пешонасини симёғочга урган одам сингари карахт бўлиб қолди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар