Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ғайритус

Ғайритус
09 Kasım 2016 - 7:00 'да юкланди ва 2140 марта ўқилди.

Ҳозирги кунда ноқонунан ҳокимятни эгаллаб олган ҳукумат кучлари томонидан пропаганда ва кўзбўямачилик ўйинлари авжига чиқган. 

Агар эътибор бериб қарасангиз барча “кўзга кўринадиган” амалдорларни барчаси ўз виртуал қабулҳонасига эга.  Яъни соддагина халқ учун “ўзгаришлар замони” бўлиб туюлаётган нарса аслида МХХ учун одамлар яратиб бераётган тайёр маълумотлар базаси.  Янада тушунарлироқ қилиб айтганда, энди улар аввалгидек “қулоқлик” қилишларига эхтиёж камаймоқда.  Шу жумладан бошқа давлат органлари учун ҳам “ўлжалари” ўз оёқлари билан “келяпти”.  Шуни айтиб ўтишим керак,  албатта,  ҳозир менга қонун устуворлиги ҳақида бонг уришади.  Лекин ҳар қандай ҳаракатга баҳо беришдан аввал нисбат олинаётган мезонни нақадар адолатли эканлигини билишимиз керак.  

Авваламбор, мезон ҳақида гаплашсак, ҳозирда амалада қўлланилаётган конституция қай тарзда тузилди ва қабул қилинди.  Унинг тузилишида асосий ролни ўйнаши керак бўлган депутатлар халқ томонидан сайланганмиди?!  Халқ сайлай олиши учун унга етарлича сиёсий саводхонлик берилганмиди? Ё бўлмаса халқ ичидаги гапни айта оладиган соғлом муҳолифат фикрини эшитишганмиди?!  Шу вақтгача киритилган ҳар бир ўзгаришни одамлар газетада ёки телевизорда эшитишди, лекин уни қабул қилинишида иштирок этишмади.  Қонунлар мансабдан “узоқ ва самарали” фойдаланиш учун ўзгартирилмадими?!  Албатта бу саволлар кўпчиликни ўйлантириб қўяди. 

Лекин шуни очиқ айта олиш қанчалик қийин ва хавфли бўлиб қолмоқда. Совет иттифоқидан қутулган халқ, ҳуррият таъмини тотмасдан туриб қайта маънан ва руҳан занжирбанд қилина бошланганди. Ва охирги 25 йил давомида, Каримов бошчилигидаги ҳукумат ана шу мақсад ила ҳаракатда бўлди. Ҳолбуки, халқ онги туну-кун бир ҳил пропаганда руҳида бўлган янгиликлар ёки дастурлар, ё бўлмаса ҳавойи ўйин кулгулар тўлдирилиб борди. 

“Бош кўтарганлар”ни эса оммавий жазолашди. Иқтисодий жиҳатдан советлардан фарқ қилмаган ҳолдаги тизимда ишлашди, фақат ягона фарқ олдин советлар ҳукумати остида бўлган сармояли тадбиркорлик соҳалари амалдорлар томонидан бошқарила бошланди. Уларнинг қанчалик “унумлик” фойда қилишларини, “маҳсус кийим”дагилар бошқариб борди.  Халқ манфаатига хизмат қилиши керак бўлган иқтисод халқни силласини қуритди.  Бунга мисол қилиб оддийгина шакарни олайлик, ёз келди дегунча дўконларда одамлар навбат олиб кутиб ўтиришади. Сабаби дўконларда эмас, аксинча уни дўконларга таминлаб берувчиларда. Улар эса сунъий тақчиллик келтириб чиқариб, бошқа томондан одатий нарҳдан анча қиммат пуллашади, ёки банк тизимидаги ғирромлик боис валютани “қора бозор”дан олиб, сотишга мажбурсиз. 

Иккинчидан, одамлар учун яратган қонунларга халқ бўйсуниши учун шароитлар яратаиб бериш керак эмасми.  Масаланинг сабаби яна юқорида келтириб ўтилган муоммога бориб тақалади.  Жумладан нақдсиз пул савдоси, ёҳуд “пластик карталарга” савдо қилиш амалиётини олайлик.  Авваломбор банклар ва бозорларни керакли жиҳозлар билан таъминламай туриб, одамларга пешона тери билан топган ойликларини, ёки узоқ кутилган нафақа пулларини пластик карточкаларда бера бошлади. Ва табиий ҳолатда, кундалик ҳаётда уни ишлатишни деярли имкони бўлмаган халқ эса уни нақд пул истагида “фоизчилар”дан 10-20 фоиз эвазига нақд қилиб олади,  чунки банкда буни иложи йўқ. Қачон қараманг нақд пул йўқ бўлиб қолаверади. Озгина фойда илинжида оила тебратиш учун бозорга чиқган савдогарлар эса пластик карта учун машиналарни сотиб олиши керак, лекин банкга келиб тушган пулларини ҳатто кўрмайди ҳам. У сотиб олаётган маҳсулотларнинг кўпчилигини ўзига ўхшаган кичик тадбиркорлардан нақд пулга сотиб олса, ҳисоб рақамидаги пулни нима қила олади?!  Ўша “карталар”ни қабул қилмаганларни эса,  халқ олдида оммавий равишда “жазосини” бериб,  камига бир икки сўм пул ҳам ундириб олишади, агар кўнгиллари тўлмаса қўлидаги “бозори”ни ҳам тортиб олишади. 

Юқорида келтирилган гапларимни инкор қилиш анча мушкул деб ўйлайман, албатта кўриб туриб кўрмасликга олиб юрсак, «оч қорним тинч қулоғим» қабилида яшайверсак ҳеч нарса ўзгармайди.  Бу йўлда барча жипслашиб ҳаракатда бўлиши керак.  Ҳаётни қандай бўлса шундай қабул қилайлик, муоммоларини яширишдан кўра ечимини топайлик.  Уни фақатгина телевизорда айтганлари каби “чаманзор” эмаслигини тан олиш пайти келди. Аммо уни буюкларга кўтариш ҳали қўлимизда.  Харакатсизлигим натижаси ўлароқ бизни, биздан кейинги авлод ҳақоратлаб ўтиши тайин. Қиш кунида совуқда, электр қуввати(свет)сиз ўтирганингизда бир ўйланиб кўринг, бошқа давлатларга газ ва элетр токи сотадиган давлат фуқароси бўла туриб шундай аҳволдасиз, қанчалик меҳнат қилманг олаётган ойлигингиз “карта”да унга на бозордан бозор қила оласиз, на бирор нарсани арзонроқ ола оласиз, оладиган ойлигингиз билан яшаш учун керак бўлган миқдор ўртасида яшаш учун кураш бўлмаяптими, ёки ака-укангиз, ёки  ота-онангиз чет давлатларда ишлаб юришларига нима сабаб бўлмоқда, Каримов айтган “дангасалик”ми, ёки оиладаги етишмовчиликми?! 

Албатта бу саволларга жавобни биз аввало ўзимиз топишимиз, шу юрти фарзанди сифатида, уни аввало ривожлантириш йўлида ҳаркат қилишимиз керак, буни олдин ўзимиздан бошлашимиз керак зеро ҳар биримиз шу ватаннинг бир бўлагимиз, аввало жипслик ички адолат бўлгандагина мақсадимизга эриша оламиз. Агарда Порахўр ва ғирром тизим ўрнига адолатли, халқпарвар ҳукумат қўймас эканмиз, чет элларда юрган ватандошларимизни яна юртига қайтармас эканмиз эртанги кунимиз ҳам ҳудди аввалгилари каби ўтади. Биз орзу қилган ва етиша олмаган орзуни,  фарзандалримиз учун ҳам армон бўлиб қолишига сабачи бўлмоқдамиз. 

Абдуллоҳ Нусрат

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар