Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳолимизга йиғладим…

Ҳолимизга йиғладим…
10 Kasım 2016 - 7:00 'да юкланди ва 2055 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(21)

Боши биринчи йил «Ойна»нинг 31-рақаминдан 52-рақамиғачадур

Халил ар-Раҳмон шаҳрининг яҳудийча исми «Хебрун» бўлиб, бу шаҳар Жабал Халил исминдаги тоғ каноринда* муттасил* ва бу тоғ этагиндаги катта бир заҳра* устинда ва шаҳрға муттасил Иброҳим Халил алайҳиссалом ҳазратларининг мадфани* мубораклари воқеъдур. Бозор ва дўконлардан бевосита боргоҳи* ҳазрат Халилға 5-10 зина ила чиқиб, мармар тўшалган узун саҳловдан юруб, кўп адад равоқ ва тошсутун устинда бино қилинган катта ва узун ери ҳасир* тўшалган бир жомеъға кирдук. Мунинг асл ўрнинда маъбади* Сулаймон алайҳиссалом бўлиб, сўнгра мулуки Мисриядан Малик Зоҳир, Барқуқ ва бошқалари тарафидан олий иморатлар қилингандур.

Бу маҳалларға турклар истило этгандан сўнгра Ёвуз Султон Салимхон зиёратға келиб, яна зиёда таъмирот этиб, мундан сўнг Султон Маҳмудхон Соний тарафидан яна зийнат берилибдур. Бу жомеъ тахминан юз қадам узунликдадурки, андин яна мураббаъ* ва тулоний* катта бир хонақоҳға кирдукки, мунинг зийнати аввалгидан зиёда ва устунлари якпора мармар бўлиб, бошлиқ ва деворлари ранги мармарлар ила зийнат берилиб, яхши овиза* ва қандиллари бўлуб, ери бутун аъло қолинлар ила тамомман ўртулгандур.

Хонақоҳ меҳробини икки тарафинда ва хонақоҳ деворлариға етмасдан ва қиблаға қараб, тулоний икки муаззам турба* бордурки, ҳар бирининг тахминан тули* олти, эни уч, баландлиги тўрт газ бўлуб, усти бизни соғаналардек балиғсиртидур. Ва бул муборак турбаларнинг ораси ўн газ қадар бўлуб, ҳар бирининг усти яшил атлас пўшиш ила ёпилиб ва ул атлас устинда олтун калоба тўп* ила оёт* ва аҳодиси* шарифа жаллий* суратда ёзилгандур. Меҳробнинг ўнгиндаги турбаи муборакка ҳазрати Халил саловат иллоҳ васалламнинг ва сўлдаги турба завжаи мутаҳаралари* ҳазрати Соранинг мақбараи шарифалари бўлуб, икки турба бир-бириға муқобилдурки, зиёратлари ила мушарраф бўлдум. Ва зиёратдан сўнгра меҳроби ҳазрати Халилға намоз ва убудиятни* баржо келтуруб, ушбу хонақоҳға бир эшик ила марбут бўлингон* бошқа хонақоҳға ўтуб, ҳазрати Исҳоқ алайҳиссалом ва ҳарами-мухтарамалари ҳазрати рафиқа ва ҳазрати Яъқуб алайҳиссалом ва завжалари ҳазрати Лоиқа зиёратлариға мушарраф бўлдум.

Яна бир эшикдан катта бир ҳужраға кирдукки, мунда ҳам олтункори ва яшил атлас ила ўртулгон бир турба борки, бул ҳазрат Юсуф алайҳиссаломнинг мадфани шарифлари бўлуб, мунинг ҳам зиёрати ила мушарраф бўлдум. Ва бу ҳужрада эски ва тарихий бир сандуқ-да бордур. Бу ҳарам ичинда шайхлар «тоқчадек» бир жойдаги жилолик бир тошда «қадами набино Муҳаммад» саллоллоҳи алайҳи вассалламни бўса қилдирадурлар[1]. Бу хонақоҳ ва жомеълар уч тарафдан кичик ва усти очиқ, ости мармар ила фарш қилинган бир саҳни иҳота этгандур. Саҳннинг қиблаға муқобил тарафинда бир неча ҳужра бўлуб, шайхларға махсусдур. Ҳарам ичинда бир неча лавҳда Қуръони карим қўйилгонки, баридан бироз тиловат этиб, амбиёйи иъёом* ва оилайи киром* ҳазратиға арз ва Оллоҳи зулжалол* ҳазратларига ниёзу убудият этдим.

Ҳарам ва хонақоҳларни яна айланиб, ондаги 30-40 қадар мўйсафид ва ёш болаларға ҳадяи ожизона бермоқчи бўлдумки, далилимиз шайх Довуд деди: «Буларға берма. Берган ила қутулмайсан, балки сани талайдурлар. Тўхта, катталарини чақирай, онга бергил». Бу сўздан сўнгра алардан бири катталарини чақирдики, бир ёш киши келди ва ул кишиға ҳадяни бердук. Қабул ва дуо этди. Андин сўнгра бир мўйсафид шайх манга далолат қилдики, яна бир зиёрат ери қолдики, кел зйёратқил. Орқасидан кетдим. 3-4 шайх ўлтургон бир ерда ва хонақоҳи Халилни бир тарафинда олиб борди. Ва анда қудуқ оғзиға ўхшаган ва қўлни кўб суртулгонидан мужалло* бўлгон «қубурға ўхшаш тош»ни зиёрат қил, деди.

Дедим: «Қандай зиёрат қилурлар?» Ул шайх ерға ўтқурулгон қубур тошини ҳам бўлуб, қўли ила масс[2] этиб, сўнгра қўлини ўпуб юзиға масҳ этди*. Бу афъол* мани ўйловға солдики, бу қандай тош ва қандай зиёратдур? Гўё бул ҳажари асвод* бўлсаки, биз они ўпармиз. Ҳосил, бу тош учун бироз ҳадя бердим. Бу қудуқ оғзиға ўхшаган тошни бир неча кишиға ўптуруб турубдурлар. Ҳатто, баъзи бадавийлар ўшал тошга сажда этган ҳолда баланд овоз ила ўз муродини тилаб турубдур. Бу ҳоллар асабларимға тўқунди.

Яна атрофимни бир неча 60 дан 8 яшарғача одамлар олиб, назир тиладилар… Бу ҳоллар ёмон таъсир этиб, анбиёи иъзомнинг муборак турбалари ҳузуринда бориб, ихтиёрсиз ҳолимизға йиғладим. То, хайрим, шайх Довуд далилға малол келиб, чиқмоқға таклиф этди. Туруб яна ҳарамни айландим. Ва қуббат ул-Халил деворининг бир тарафинда икки қизил мармарға, бири куфий, дигари қуръоний хат ва арабий ал-иборат ила «ушбу тош Мавлоно султон Малик носир ад-дунё ва-д-дин Муҳаммад Қиловун* айёминда қўйулди» ёзулиб, яна 732 таърих қозилгандур.

Бошқа бир ерда 1313 санасиида Султон Абдулҳамидхон тарафидан таъмир ва таждид* қилинди, деб тошга қозилгандур. Муни ўқуб тургонимда атрофимда 20 қадар катта ва кичик назирхўрлар жам бўлуб, алардан бири, билмайман, на сабаб учун «Ҳамид малъун!» деб менга исмини кўрсатди. Ва ман анга ҳайрон бўлуб қараганимда, бошқа бир-иккиси они урушуб ва бири ул сўккан одамнинг мажнунлигини илгари сурди.

Яна ҳазрат Халилуллоҳ турбаи мубораклариға мутаважжиҳ бўлуб кетдим. Ва бул турбанинг ичиға кирмоқ мумкин бўлуб, темур шабакалик* эшиги бор экан ва эшикиға шабаки ила 1259 тарихи ёзилибдур. Турба Биби Сора ҳазратларининг темур қуфлиға* 1302 санаси шакли қозилибдур. Видоъ зиёратидан сўнгра хонақоҳдан чиқиб, ҳарамнинг бошқа тарафиндаги мармар сахловидан юруб, беш-ўн зинадан тушуб, яҳуду насоро* знёратчилар(нинг) келиб қайтадурғон дарвоза олдиға келдукки, мунда зинаға ўхшаш бир неча тошлар бордур.

Зиёратчи яҳудий ва насороларни ҳарам ичинда кирғузмас эканларки, яҳудийлар шул тошларни силаб, ўпуб ва ул тошлар олдиға соатлар ила йиғлаб, дуо ўқур эканлар. Яҳудийларни силаб ва ўпгани сабабидан бул тошлар сайқал ва жило топибдур. Олмониё императори ҳозирги Вилгельм Қуддус зиёратиға келганида, бу ҳарамға-да Султоннинг иродаи махсуса коғази ва маҳаллий ҳукумат одамлари ила келиб, ҳарамға кириб экан.

Султондан иродаи махсуса бўлмагунча ғайри мусулмонни ушбу ҳарамға қўймас эмишлар. Вилгельм бу зиёратига араб ва туркларға кўп худойи бериб эканки, баъзилари они «Ҳожи Вилгельм» дерлар.

Ҳарами Халилнинг иккинчи боби* дан чиқиб, шаҳарни айланиб, бир араб таомхонасинда кириб, таом этдук. Ул таомхона кичкинагина ва бир мусулмон арабники бўлуб, деворинда Оврупонинг машҳур ҳукмдорларининг рангли тасвири осилган эди. Ошхоначидан сўраганда, бул «Ҳожи Вилгельм» ва бул фалон деб кўрсата берди. Ва императори аъзамимизни ҳам атаб кўрсатди. Анвар ва Ниёзий ва Маҳмуд Шавкат пошоларнинг[3] ҳам тасвири осилгандур. Қуддус, Ефа ва бу тарафнинг баъзи таомхона ва дўконларинда мундай ранг суратлар кўпдур.

Ошхонадан чиқиб, аробамиз турган саройға келдук-ки, 20 дан зиёда катта-кичик фақир араблар «ҳожи, зиёрат қабул, атои бахшиш» деб мутаважжиҳ* бўлдилар. Бироз бахшиш берилди. Ва аробамизға ўлтуруб, шайх Довудни далилонасини бериб, мурожаат этдук. Бироз кетиб эдукки, келарда аробамизда ўлтурғон киши ароба олдини тутуб, ҳаққини талаб қилди. Ва анга ҳам бироз пул бериб, бир-икки ўтел-нўмра* лавҳасини ўқуб ўтдук. Бу ўтелларни яҳудийлар тутар экан. Азбаски, араблар ўтелчилик қилмоқға ор қилар эканлар. Мунда овруполи зиёратчиларни(нг) кўп келиши учун бу ўтелчи яҳудийлар кўп фойда қилур эканлар. Аммо бечора араблар тиланиб умр ўткарадурлар. Халил ар-Раҳмон шаҳринда уч катта жомеъи шариф ва бир неча масжид бордур. Шаҳарда 10 мингдан зиёда араб шофеъи ал мазҳаб ва 600 қадар яҳудий бўлуб, яҳудийларни(нг) бир ибодатхона ва бир мактаби бордур.

Турклар тарафидан бир рушдия* ва олти сибён* мактаби очилибдур. Мунда шиша бўлатургон маъдан борлиги учун шишадан ҳалқа билакузук ва майда-чуйда нимарсалар қўядурлар. Агарда мунтазам бир фабрика очиб, шиша ва зажжож* санъатига ривож берилса, аҳолиға манфаат бўлур эди. Шаҳарнинг узоқ ва яқиниға шаҳарға қараган 60 дан зиёда қишлоқлар бўлуб, сув ила боғча ва мева деҳқончилик яхшидур.

(Бақияси бор)

«Ойна» ж., 1915 йил,
1-сон, 7-11-бетлар.

(Давоми бор)

Канор – чет, чекка
Муттасил – туташ маъносида
Заҳра – текислик маъносида
Мадфан – қабр, гўр
Боргоҳ – ҳузур; жой
Ҳасир – бўйра, бордон
Маъбад – ибодатгоҳ
Мураббаъ – тўрт бурчак
Тулони – узунчоқ
Овиза – осма
Турба – қабр
Тул – узунлик
Калоба тўп – бир калава арқоқ
Оёт – оятлар
Аҳодис – ҳадислар
Жаллий – йирик
Завжаи мутаҳҳира – жуфти ҳалола
Убудиятни – Бандалик таомили
Марбут – туташ, боғланган
Анбиёи иъзом – улуғ набилар
Зулжалол – азамат, буюк
Мужалло – ялтироқ, жилоли
Масҳ этмоқ – юзига қўл тортмоқ
Афъол – феъл-атвор
Ҳажари асвод – Маккадаги қора тош
Таждид қилмоқ – янгиламоқ
Шабака – жимжимадор панжара
Насоро – христиан
Боб – эшик
Мутаважжиҳ бўлмоқ- юз тутмоқ, илтижо қилмоқ
Ўтел-нўмра – меҳмонхона бўлмаси
Рушдия – ўрта мактаб
Сибён – болалар
Зажжож – шишалар

[1] «Қадами набино Муҳаммад» — пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) излари (ул зот меърожга шу ердан кўтарилган эканлар).
[2]Силамоқ.
[3] Туркиядаги Ёш турклар инқилобининг таниқли вакиллари.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort