Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Катта бир мамлакатнинг кафтдаги кўриниши

Катта бир мамлакатнинг кафтдаги кўриниши
12 Kasım 2016 - 9:00 'да юкланди ва 1885 марта ўқилди.

Сафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.
Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(35-қисм)

Маҳбусларни айвоннинг ҳар икки томонидаги каталакларга тарқатиб ташладилар. Баҳром маҳбуслар лиқ тўла, исқирт бир каталакка тушди. Аслида, каталакларнинг ҳеч биттаси бир-биридан авло эмасди.

Бу ерда республиканинг барча қамоқхона ва ҳибсхоналаридан келтирилган маҳбуслар ва маҳкумларни учратиш мумкин эди. Қирқ квадрат қулоч каталакда юзга яқин маҳбус бор эди. Нина ташласа, ерга тушмасди. Каталак бурчагига ўрнатилган очиқ ҳожатхона атрофи ҳеч нима билан иҳоталанмаган эди. Ҳожатхонадан тарқаётган қўланса, носоз сувузатгич жўмрагидан шилдираётган сув ҳар бир маҳбусга қаердалигини эслатиб турарди. Соат ўн иккида бу жойга кирган Баҳром ўн бешгача тик оёқда туравериб тинкаси қуриди. Соқчилар ҳар-ҳар замонда беш-олти кимса номини ўқиб, уларни ичкаридан олиб чиқардилар. Улар чиқмасларидан, янгилари кириб келарди. Ичкари бироз сийраклашгач, Баҳром деворга ўрнатилган скамейкада чўзилиб, оёқлари чигалини ёзди. Бир-бирига айқашиб-уйқашиб кетган маҳбуслар овози, арилар уясидан чиқаётгандай, ғув-ғув этиб, бир нафас тинмасди. Асаби қақшаган Баҳром, кўзларини юмганда, қовурғалари зирқираб оғриб, кўзлари олдига Мусурмоннинг қиёфаси келди. У муштларини тугиб, тишларини қисганида, шишиб кетган бурни ачишиб, кўзлари очилиб кетди.

У бирор маҳбус билан вақт ўтказиш мақсадида валақлашишни хоҳламасди. Тахминан улар нима хусусида суҳбатлашади, бариси аён эди. Қаердансан, фалончини танийсанми, қайси модда билан қамалдинг, қачон афв чиқаркан, деган саволлар асосий мавзу эди. Ўзлари ҳақида гапирганда, улар қинғир ишларини мақтаб, қаҳрамонга айланишни суярдилар. Юздан бешнинг беш фоизича одам рисоладагидай фикрлашни ва суҳбатлашишни қойиллатарди. Манзара катта бир мамлакатнинг кафтдаги кўриниши эди.  Уларнинг ҳолатидан  миллатнинг кимлигини фаҳмлаш унчалик ҳам қийин эмасди.

Эшик шақирлаб очилди. Соқчи ўқиётган рўйхатда унинг ҳам номи бор эди.

Маҳбусларни тор даҳлизда деворга қаратиб, чўнқайтириб ўтқаздилар. Бир замон, беш маҳбус чиққач, беш маҳбусни ичкарига олиб кирдилар. Бу хонада расмга тушириб, бармоқлардан из олардилар. Суратчи оқ-сариқ, қийиқ кўзли бир миршаб эди. У маҳбусларни масхаралашни азбаройи суйгани боис, лаби-лабига тегмасди.

– Қаердан бўласан? – дея сўради у ёш бир маҳбусдан.

– Қашқадарёданман!

– Нима қилдинг?

– Қайнонамни уриб, ўлдириб қўйдим!

– Қайнонанг сенга нима қилди, кунта?

– Қайнонам ўрис. Қизиғар, гапга тушунмайди!

– “Темболи”, руслар тез суръатларда бу ерларни тарк этаётган бир замонда, сиёсатни нозик тушунган одам бу ишга қўл урмайди! – дея суратчининг зардаси қайнади. Унинг юз-кўзлари айниган помидор сингари кўпчиб, қизариб кетди. – Онангни фалон қилай сенларнинг, Қашқадарёнинг номини қора ерга булғадиларинг. Елкасида тоғни кўтарадиган полвонлари бисёр бир юртда қасдларинг борми, дейман?

Суратчи сўкишни тўхтатар-тўхтатмас, бармоқлар изини олаётган миршаб қолган жойидан давом этди.

– Қайнонангни ўлдургунингча, маза этиб лиқиллатмайсанми? У ёғидан кириб, бу ёғидан чиқиб, амаллаб, уйини номингга ўтказмайсанми?  Кучинг кўп бўлса, банкни ўмар, миршаблар бошлиғининг бошини кес, прокурорни гаровга олиб, ҳаромдан йиққан пулларини тортиб ол. Олой бозорига бозорком бўл, Отчопар бозори билан Ўрикзорни Қашқадарёга кўчириб, бориб, халққа ёрдам қўлини чўз. Салимбойваччани тиз чўктириб, Ғопирбойни тавбасига таянтир, мен сенга раҳмат айтайин! Қамал, сен билан бутун “сурқаш”лар фахрлансин. Шунда тоғдек бўлиб, орқангда тураман. Чунки тўрт-беш сўм йиққан пулинг бўлади. “Ота”нинг таги Қашқадарёданлигини биласанми? У чандир араблардан, кунта. Етимхонада ўсгани учун уни самарқанлик деб ўйлайдилар. Она – қоп, ота – соф. Хўжа- илғорнинг чашмасидан тўйиб ичмаган кампир, пари бўлса ҳам, қўчқор ўғил туғолмайди. Сенга ўхшаганлар Амир Темур номини расво қилиб бўлди. Қаердаги ишларни қилади булар?! Эшитиб, “сурқаш”ман дейишга уяласан, одам. Латтачайнарлар…

Биринчи маҳбус икки балойи азим чангалидан қутулганда, ўрта бўйли, боши гавдасига нисбатан каттароқ, жингалак сочли иккинчи маҳбусга навбат етди.

– Қаердансан, ҳўкиз?

– Тўйтепаданман!

– Нима иш қилдинг?

– Қўшнимнинг товуғини ўғирладим!

– Бу нечанчи товуқ ўғирлашинг?

– Иккинчи марта!

Шунда фотоаппаратини шотахта устига қўйган суратчи маҳбуснинг икки қулоғидан ушлаб, қорнига тиззаси билан тепди. Маҳбус икки букилиб, бўкириб юборди. Дод-войига қарамасдан, яхшилаб тепалагач:

– Учинчи марта товуқ ўғирлаб келсанг, ўлдираман сени! – деди унга. – Товуқни камбағаллар боқади. Эркак бўлсанг, улоқ чопадиган от ўғирла, урушадиган ит ўғирла. Баракалла, отангга раҳмат, дейман!

Зўрға нафас олаётган бечора тизаларида туриб:

– Энди шундай қиламан! – деди минғирлаб.

Бармоқ излари олаётган миршаб шунда:

– Илонга ўхшаб товланмасдан, расмга туш-да, бу ёққа кел! – деди унга.

Балога гирифтор бўлган товуқ ўғриси четга ўтгач, навбат пиянистасифат тоторга етди. Уни рус деб ўйлаган суратчи ювош тортди. Ундаги ўзгаларни кўрганда уйғонадиган ўзбекча ялтоқланиш, кўз очиб, бегоналар олдида тиш кўрсатадиган – журъатни йўқотиш тутқаноғи қўзиди. Ўз тилини зўрға эплаётган галварснинг шуурига ўзбекка теккан, “бошқалар билан русча гаплашиш керак,” деган қолоқ ақида чанг солди. У ўзбеклигини, қайси тупроқда яшаётганини эсидан чиқариб қўйди. Шунда аксар ўзбеклар каби рус тилини яхши билмаса ҳам, ўзга бир миллат вакилига адашиб ўзбекча гапириб қўйса нафсонияти қийналиши мумкиндек, ўзини ноқулай ҳис эта бошлади. Маҳбусни беғалва расмга туширгач, мийиғида табассум билан:

– Пажалиста, маладий челавек! – деди.

Бармоқ излари олаётган миршаб, ҳамкасбидан ўрнак олиб, маҳбусни бемалол туриши учун ўзини бироз четга олдида:

– Близки падайдити, пажалуста мужики! – деб маданиятини кўрсатмоқчи бўлди.

Суратчи рўпарасида турган тўртинчи маҳбус арман миллатига мансуб, барвастадан келган, норғил, ўрта ёшлардаги кимса эди. Суратчи унинг онасининг боқчасида юргандай ўзини бемалол тутишини ёқтирмаётган бўлса ҳам, кўзларини ўқдай ўқтагани учун ичидан зил кетганди. У аввал олд тарафидан, сўнгра ён тарафидан уни расмга олди. Кейин бармоқ излари олаётган ҳамкасбини кўрсатиб:

– Пажалиста, Филоян! – деди.

Назаридан ҳеч бир нарсани қочирмай, кузатиб турган маҳбус мийиғида кулиб,  ўзбекчада:

– Саломат бўлинг, ҳурматли командир! – деди унга.

Унинг соф ўзбек тилидаги тўкис ва равон талаффузидан ҳайратланган суратчи, ўзга сайёралик билан тўқнаш келгандай, қотиб қолди. Ҳамкасбининг тилини тишлаганини кўрган бармоқлар изини олаётган миршаб, ҳар нарсадан ҳайратга тушавермаслигини намойиш этиш учун маҳбусга ўктам боқиб:

– Близки подайдити. Пажалуста, Пилаян ака! – деди.

Даҳлизда кузатиб турган соқчилар ҳайратларини яширолмай:

– Қойил! – деб юбордилар.

Бир нарса номаълум қолди. Улар Филоянни олқишган эдиларми ёки миршабни, ноаён эди.

Миршаб, кўтаринки руҳда Филояннинг бармоқ изларини оқ вараққа тушира бошлади. Қайнонасини ўлдирган маҳбус билан товуқ ўғирисининг ҳайратдан оғзи очилиб, анграйиб туриши суратчига ёқмади.

– Оғизларингизни ёпинглар! – деди панжаларини чангак қилиб. – Пашша тушади. Жаҳлим чиқмасин, йиртаман, лекин…

Суратчи қаттиқ чирангандан, сариқдан келган заҳил юзи қизариб, қийиқ кўзлари косасидан чиқай дерди.

Устунлигини пеш этадиган вақт етганини сезган бармоқ излари олаётган миршаб ҳамкасбига:

– Ўзингни бос, иш деб ўлиб кетмоқчимисан? Бола-чақанг бор! – деганда, уни Филоян:

– Асабингизни асранг, командир. Соғлигингиз, ўзингизга керак, бировга эмас! – дея қувватлади.

Бу ўлганнинг устига тепгандай, суратчининг ғазаби баттар қўзиди. Филоянга ўшқиришга юраги дов бермагач, у расмга тушиш учун қаршисида тахтача ушлаб турган Баҳромга заҳрини сочди.

– Қаердансан, эшак мия?

– Тошкентданман!

– Талаффузингдан Тошкентликка ўхшамайсан. Гапиришингга қараганда, Хоразмдан келиб қолгансан, шекилли?

– Тўрткўлда туғилганман!

– Ҳа-а, тожикмисан, ифлос. Прокуратура, суд, бутун хавфсизлик ташкилотлари идораларини эгаллаб олдиларинг. Қора ишлар юрт эгаларига қолди. Бизлар қулмиз, содиқ қул…

– Тўрткўлда тожик нима қилади? Аммо дунёда ёмон миллат йўқ, ёмон одамлар бор.

– Тўрткўл Бухорода эмасми? Ўзбекман, демоқчимисан? Паспортингга ўзбек деб ёздирганинг билан ўзбек бўлолмайсан. Тожиклигингча ўласан. Сенларни қонинг билан бизларни қонимизни аралаштириб, қирқ қулоқли қозонда жуҳудлар қирқ йил қайнатса, қонимиз қўшилмайди!

– Ёлғон! – деди Баҳром. – Тожик, ўзбек қони бир қозонда қайнайвериб, омухта бўлиб кетган. Тожик қайси, ўзбек қайсилигини Афлотуни ҳам фарқлай олмайди. Ўзбекка тожикдан, тожикка ўзбекдан яқин миллат йўқ. Бироқ мен ўзбек ҳам, тожик ҳам эмасман.

– Кимсан, бўлмаса? Чурчут-мурчутмисан?

– Туркманман, туркман!

– Э, дойиларданмисан! – деди суратчи ғазабдан кўпчиб турган юзи ёришиб. – Ўзимиздан экансан-ку. Қонингни-ку ичардим, вақтида айтдинг, ҳалиям!

Ҳиссиётини босолмасдан, тилига эрк берган Баҳром, унинг бўшашганини кўриб, ичидан суюнди.

Тиббий кўрикдан ўтиш учун беш маҳбусни қўшни хонага олиб ўтдилар. Бу ерда ортиқча саргузаштлар рўй бермади. Кўрикдан ўтказаётган рус аёли зарур нарсалардан ошиқча ҳеч нимани сўраб-суриштирмади.

Сўнгра беш маҳбусни бошқа бир каталакка тиқдилар. Буниси ҳам, аввалгиси сингари, маҳбуслар билан тиқилинч эди. Қуюқ сигарет тутунидан одам-одамни зўрға кўрарди.

Соат ўн саккизларга яқинлашганда маҳбусларни Тоштурма ҳовлисида беш қаторга тизиб, сафлай бошладилар. Ҳар гуруҳ 60 – 70 тадан кам эмасди. Сафлар тўрт бўлакка етганда, юришга буйруқ берилди.

Учинчи гуруҳда бораётган Баҳром атрофга назар ташлади. Осмонга ўрлаган дарахтларни, оқланган биноларни, супуриб-сидирилган ораста йўлакларни кўриб, ичидаги қоронғи бурчаклар ёришгандек бўлди. Юз одим наридаги деворлар устидаги тиканли симларга кўзи тушганда эса, унинг бояги тароватидан асар ҳам қолмади. Барча нарсалар кўзларига маҳбусга ўхшаб кўринди. Бироқ, уларнинг руҳий қийноқ нималигини билмасликларини ўйларкан, дарахтларга, йўлакларга, деворларга айлангиси келди. Улар каби тилсиз, улар каби дардсизликни орзулади. Аммо онги ва таффакурини ўраб турган илоҳий борлиқ унга ўзи мансуб жамиятдан ўзини айри ҳис этишга йўл бермасди. Ҳовлида, ўз юмуши билан ўралашиб юрган маҳбусларни кўрганда, улар кўзларига тўсиқ, девор, тош ва тўсин каби жонсиз бўлиб туюлардилар. Дарахтлар, қаерлардадир чуғурлашаётган қушлар сароб нишоналари бўлиб, тафаккури музлаб қолди. Шунда у тирикликка тескари дунёнинг муҳожирига айланди. Чидолмаган юраги ичидан ҳаёт муждаларини изларкан, дунё кўзларида қайта ёришиб, кўксида дукиллаган овоз эшитилди. У ҳали ҳам тириклигини, инсонлигини ҳис этди…

Сафдагиларнинг олд қисми бино эшигидан кирганда орқароқда бораётган Баҳром ўнг томондаги бир уюм чойшабларни кўрди. Очиқ темир эшик ҳаммомники эди. Бу жойларда барча нарсалар темирдан ясалган. Мумкин бўлганда, чойшабларни ҳам темирдан тиктирардилар…

У баланд бино эшигидан ичкарига оёқ босганда, ғуж-ғуж маҳбусларни кўриб, юраги орқага тортди. Уларнинг кўплигидан зинапояларга оёқ қўйиб бўлмасди. Зинапоядан кафтдек жой топиб ўтиргач, маҳбусларни кузатиш имкони туғилди. Уларнинг етмиш фоизга яқини ўн саккиздан ўттиз ёшгача бўлган ёш-яланг эди. Ўттиз фоиздан камроғи ўттиздан олтмиш ёшгача бўлган кишилар бўлса, тўрт-беш сонли қариб қолган чоллар ҳам орада кўзга ташланарди.

Соат йигирма бирга яқинлашганда Баҳром билан икки маҳбусни икки соқчи 4-бинога бошлаб кетди. Исқирт матрасларни қўлтиқлаб бораётган маҳбуслар ер юзасига қурилган узун тунелни кесиб ўтдилар. Бинонинг темир эшиги қаршисида тўхтаганларида, Баҳром матрасини бир қўлтиғидан иккинчисига алмаштириб, нафасини ростлади. Увадаси чиққан матрас оғирлигидан ҳам кўра кўпроқ қовушиқсиз эди. Маҳбуслар қабул қилган нарсаларини матрас ичига тиққанлари сабаб, улар сувга бўккан ўликдек шишганди. Соқчи тугмачани босганда, ғинғиллаган товуш чиқариб, кейин эшик қулфлари ечилди. Ҳамма биринчи соқчи орқасидан ичкарига кирганидан сўнгра, иккинчи соқчи тутқични тортди. Эшик автоматик тарзда шарақлаб, қулфланиб қолди. Энг юқоридаги “шифт” деб номланадиган даҳлиз оғзида ҳам қолганлари каби панжара эшик ўрнатилганди. Соқчилар пажара қулфини ўзларидаги калит билан бураб очдилар. Даҳлизга кириб, ўнг томонга  қайрилганда, бояги панжарага ўхшаш яна бир панжара бор эди. Бунисини ҳам олдиндаги соқчи ўша калитда очиб, тўғрига юрди. Даҳлиз бўйлаб ўттиз-қирқ қадам юрилгач, у тўхтади. Шотахтага тирсакларини тиркаб, маҳбусларни учта соқчи кутиб турарди.

Улар турган жойдан даҳлиз бўлиниб, панжара билан тўсилганди. Ундан кейин ҳам беш қулочча жой қолдирилиб, шу каби тўсиқ қўйилганди. Панжаралардан кейин ўттиз-қирқ қадамча узанган даҳлиз ахири тугарди. Етмиш-саксон қулочли даҳлиз мана шулардан ва бир неча камералардан иборат эди. Уч маҳбусни топшириб, икки соқчи орқасига қайтиб чиқиб кетти. Нишоналарни қабул қилиб олган уч соқчи янги маҳбусларнинг номини дафтарга қайд қилиб, уларни камераларга тарқатишга киришдилар. Чунки йўқламагача оз вақт қолганди. Йўқлама яқинлашмаганда улар маҳбусларни мазахлаб, хуморларидан чиқардилар. Вақт зиқлиги маҳбуслар фойдасига ҳал бўлганди. Икки маҳбус панжарагача бўлган камераларга жойлашди. Баҳромни эса панжаралардан кейинги биринчи камерага киргизиб юбордилар. Маҳбусларни суҳбатдан ўтказган тезкор вакил уларнинг қайси камерага жойлашишини  нишоналарига ёзиб қўйганди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар