Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Қанча аскар бўлса, ўшанча жойга ўт ёқишсин…”

“Қанча аскар бўлса, ўшанча жойга ўт ёқишсин…”
13 Kasım 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1758 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 112

(давоми)

Мадинадан чиққан биринчи кунида бутун аскар рўза тутган эдилар. Кадид деган жойга етганларида мусулмонларнинг сафарда рўзадан қийналганларини кўриб барчага рўзани очишни буюрдилар. Ўзлари ҳам рўза тутишни тўхтатдилар. Расулуллоҳнинг амакилари ҳазрати Аббос ўзи илгарироқ иймон келтирган бўлса ҳам, лекин шу кунгача Мадинага ҳижрат қилиб келмаган эди. Унинг бутун оиласи Маккадан ҳижрат қилиб чиқиши эрса шу кунларга тўғри келиб, Расулуллоҳга йўлда йўлиқди. Ўзини бирга олиб, оиласини Мадинага юбордилар.

Макка ва Мадина оралиғидаги Абво деган жойга етганларида йўлда келаётган икки киши кўринди. Унинг бириси Абу Суфён ибн Ҳорис эди, у Расулуллоҳнинг амакилари Ҳорис ибн Абдулмутталибнинг ўғли бўлиб, яна Пайғамбаримиз билан эмакдош ҳам эди.

Иккинчиси эса аммалари Отиканинг ўғли Абдуллоҳ ибн Аби Умайя эди. Булар ҳам ҳижрат қилиб Маккадан чиққан эдилар. Лекин бу икковларининг Расулуллоҳ Маккада турган кунларида кўрсатмаган кулфатлари, қилмаган жабру жафолари қолмаган эди. Буларнинг тил найзаларидан Расулуллоҳнинг дилларига тушган жароҳатлари ҳалигача соғайиб кетмаган эди. Шунинг учун булардан марҳаматли юзларини ўгириб, уларга илтифот қилмадилар. Иш шундай бўлгач, ҳар иккови онамиз Умму Салама қошига келишиб, арз айтиб йиғлашдилар. Чунки Абдуллоҳ ибн Аби Умайя Умму Саламанинг иниси эди.

Шунинг учун Расулуллоҳга онамиз айтди:

— Ё Расулаллоҳ, буларнинг бирови аммангиз, иккинчиси амакингиз ўғилларидур. Хатоларини кечиришингизни тилайман.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Уларнинг менга кераги йўқдур. Амаким ўғли эрса қариндошлик ҳаққини сақламай, қаттиқ қаршилик кўрсатди. Аммамнинг ўғлидан эрса, ҳеч киши айтмаган ёмон сўзларни эшитдим.

У айтган эрди:

«Эй Муҳаммад, сен бир нарвон ясаб келтирур бўлсанг, ва мени қаратиб туриб осмонга чиқсанг, буни пайғамбар қилдим, деб қўлингга Худо ҳужжат хатни берса, тўрт фаришта бирга тушиб, буни пайғамбар қилиб сизларга Худо юборди, деб гувоҳлик берсалар ҳам, мен сенга иймон келтирмагайман».

Амакиларининг ўғли Абу Суфён бу сафарда етти-саккиз ёшли ўғлини бирга олиб чиққан эди. Расулуллоҳ билан кўришмоққа рухсат ололмагач, ул:

— Агар Расулуллоҳ бизни қабул қилмас экан, бу ўғлимни етаклаганимча чўлларда кезиб юриб, очлик-чанқоқлик билан ўлурман, — деди.

Абу Суфённинг бу сўзини Расулуллоҳ англаб, анга раҳмлари келди. Сўнгра уларга кўришгали рухсат бердилар. Ҳар икковлари келишиб, Исломга мушарраф бўлдилар. Лекин булар ўтмишдаги қилмиш ишлари ёдига тушиб, Расулуллоҳнинг юзларига кўп қарашолмас эди.

Шундоқ ҳам бўлса раҳматан лил оламийн сифатига эга бўлган зот уларнинг ўтган ишларини кўп эсга олмай, яна илтифот қилиб:

— Аллоҳнинг арслони амаким Ҳамза Уҳуд урушида шаҳид бўлди. Унинг ўрнига Аллоҳ сени етказди. Ҳамзанинг ўрнини босгайсан деб умид қилурман, — дея Абу Суфён кўнглини кўтардилар.

Бу сўз билан унинг ҳам анча кўнгли кўтарилиб қолди. Исломга киргандан кейинги умрини Худо йўлида яхшилик билан ўтказди. Вафот бўлишида оиласига васият қилиб: «Мен ўлсам, кўп йиғламанглар. Худо ҳаққи Ислом динига кирган кунимдан буён ҳеч бир хато ишни қилмадим», демиш эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча кун йўл юриб Маккага яқин Марраз — Заҳрон деган жойга кечаси келиб тушдилар.

— Қўшинда қанча аскар бўлса, ўшанча жойга ўт ёқишсин, — дедилар.

Ўн мингдан ортиқ ерга ўт ёқилди. Бу ишдан мақсадлари эса Макка мушрикларига аскарнинг кўплигини билдириб, уларни урушдан чекинтириш эди. Чунки Ислом қонуни бўйича Ҳарам тупроғида қон тўкиш у ёқда турсин, у ернинг ўсиб турган ўтини юлишга, кўкарган ёғочини кесишга ҳам йўл йўқ эди. Шунинг учун Ҳарам ерида жонлик нарсаларни овлаб, уларни қўрқитиш шариатда ҳаромдир. Шундай бўлганликдан Расулуллоҳ Ҳарам ҳурматини сақлаб, қон тўкилмаслик чорасини қилдилар. Шул кеча тун қоровуллиги Ҳазрати Умарга топширилмиш эди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар