Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Гўёки мени бу ерда бир саналик ҳибс этдилар…

Гўёки мени бу ерда бир саналик ҳибс этдилар…
16 Kasım 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1098 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(24)

3-ададдан мобаъд

Бу чуқурдан чиқиб, аробага ўлтуруб, бошқа йўл ила яна шаҳарга тушуб, оврупойиларни(нг) тоғ парчаларидек мактаб, мусофирхона, калисо, сумъа, қўнсулхоналаридан ва ора-сира бузуқ ва харобазор мусулмон ҳавлилари олдида ўтуб, яна шаҳарни бошқа тарафиға чиқиб, бир хейле боргандан сўнгра, хароба бир ерда аробамиз турди.

Ердан 50-60 газ баланд – бир тоғ парчаси ва онинг ости бир танобни(нг) тўртдан биридан зиеда бир мағора. Бу мағоранинг усти якпора уч-тўрт дона катта тош — сухра* ила табиий ёпилгандур. Мағоранинг ости ердан бироз чуқур бўлуб, айвонға ўхшаш уч тарафи қиёдан* девор усти сухра тош ва бир тарафи очиқдур.

Бу мағоранинг бир тарафинда Султон Иброхим бинни Адҳам жанобларининг турбалари бордур. Мундаги эски асрлардан, вақтинда бу маҳалға катта иморатлар борлиги билинур. Аммо ал-он хароба холиндадур. Агар ҳозирги мусулмонлар бўлсак, бошқа зиёратгоҳларда, шунингдек, хароба ҳолиға келиши муқаррардур.

Мундан чиқиб, шаҳарни бошқа тарафинда бир хейле юруб армани калисосидан ўтдук. Калисо деганда йигирма-ўттуз таноб ер ва атрофи тош девор ила қалъага ўхшатуб бино қилинган бир қўрғонча тасаввур қилинсун. Ичиндй калисо, мактаб, ҳаммом, касалхона ва жамъияти хайрия идоралари, жимностиқ хоналар*, сумъа ҳар тарафдан келатургон зиёратчи насоролар учун мунтазам уйлар, таомхоналар, ҳатто, ичинда ҳунар ва саноатхоналар бино қилингандурки, ёлғуз танбалхона ва бизни(нг) такялардек ишсиз ва гадойхона эмасдур. Темур дарвоза ва анга дарбонлари бордур. Бироз нари кетиб, аробадан тушдук. Равоқлик бир саҳловдан ўтуб, бир ҳавличаға, ундан пастгина ёпилган чинни ва минокори* бир гунбазга кирдукки, ичи масжидлардек гиламлар ила тўшалган ва бул муборак мақом Ҳазрат Довуд алайҳиссаломнинг қабри мубораклари бўлуб, зиёратиға мушарраф бўлдум.

Мундан ароба ила яна бошқа йўлларни айланиб, Қуддус ичиндаги қабри Ҳазрат Марям ва Исо алайҳиссаломға мансуб калисо ва бошқа машҳур калисоларни зиёрат ва саёҳатига азимат этдук. Аввалан, масжиди Ақсо ҳарами шарифнинг яқинидаги Қамом калисосиға бордукки, насороларча дунёни энг шарофатлик калисосидур. Ичи катта ва кичик бир неча қубба ва мармар иморатлардан иборат бўлуб, ҳазрат Исонинг ҳар навъ тарихий ҳолатларини, яъни халқни динға даъват этганлари ва яҳудийлар тарафидаи изо* ва жафо кўруб, салибға михланган ва насоролар эътиқодинча, салб* бўлунгон ҳолатлари тасвир қилинган ва кичкина ясалган ва осилган маслуби мужассам[1] суратлари ясалиб қўйилгандур.

Калисо ичинда кўп адад чироғ ва шамлар ёқилиб, доимо зиёратчилари узулмайдур. Мундаги насоро зиёратчиларини(нг) баъзиси биз кирганда ниҳояти хўшу ила* тизланиб, андаги насроният меҳроблариға ва Ҳазрат Масиҳ маслубнинг тарихий суратлари ҳузуринда саф-саф зиёрат этиб туруб эдилар. Бу калисонинг калиди мусулмон бир шайх қўлинда бўлуб, андан бошқа барча ходим ва руҳонийлари насородандур.

Мундан чиқиб онинг яқинидаги рус калисосиға кирдукки, мунда ҳам тарихий тош ва тасвирлар кўб бўлуб, бир неча уйдан иборатдурки, бир рус хотун шайхи бизларға кўрсатиб баён этди. Мунда тўрт-беш минг сўм масраф* ила қилингон икон (тасвири ҳазрат Марям ва Масиҳ) бордур.

Калисонинг олдинда тошкандлик ёш аттор бор экан-ки, ҳожи ва завворлар олатургон нимарсалар сотадур. Дўкониға бироз ўлтурдук. Мамлакатдан сўради. Қўлиға бир неча нусха «Ойна» ва «Туркистон харитаси»ни бердим. Аҳли савод экан. Тошканд шаҳрини кўрсатдим. Беихтиёр харита устиндаги Тошкандни ўпуб, кўзиға суртди. (Ҳуббул ватани мин ал иймон[2].) Хусусан ватан ва аҳли диёрни(нг) қадри мусофиратға* маълум бўлур.

Ҳақиқатан ватан муқаддасдур. Қадрини билмоқ керак. Сотмасға ва ўлгунча айрилмасға керакдур. Ўғли бор эмиш, Қуддусдаги русча ва арабча мактабға бериб, мактабни тамом қилдурмоқға ва сўнгра русча дорилфунунга юбормокиға машварат берилди. Шаҳарни(нг) четроқиндаги Қабри ҳазрати Марям калисосиға бордук. Шайхлари тамоман насородур. Асл калисо ер остинда қолиб, 60 қадар зина ила кирилур. Ер остинда 2-3 қубба ва мармар равоқлар ила бино қилингон иморатлар бўлуб, деворларинда тарихий хат ва тасвирлар бордур. Кўп чироғ ва қандиллар ёқилган ва ер ости иморати бўлган учун қоронғудур.

Андан чиқиб, яқинидаги насороларнинг католик мазҳаби аҳлининг зиёратгоҳиға кирдук. Кичкина бир эшикдан кирармиз. Қудрати катта тош — сухралардан пайдо бўлган ва бир-бириға муттасил 3-4 кичик табиий мағоралардан иборатдурки, мағоранинг тавониға баъзан қўл етар. Ва ичи номунтазам 2-3 ҳужраға айрилиб, ҳазрат Масиҳнинг бир бола бўйнида салб қилингон мужассам тасвири бордур. Ва яҳудийлар тарафидан салибға михланганда қонларини оқгани тасвир қилингондур. Бу мақомнинг шайхи католик насородандур.

Мундан чиқиб, шунда яқин Боязид Бистомий[3] Ҳазратларининг турбаларини зиёрат этиб, бироз нар(р) оқдаги насороларға тейишли чаҳорбоғга кетдукки, онда ҳам ҳазрат Масиҳнинг ҳар навъ тарихий ҳолатларининг тасвирини деворларға тортилибдур.

Яна бир неча исломий ва яҳудий ва насроният мақомларини саёҳат ва зиёрат этиб, яҳудийларни Қуддус ҳарами деворининг орқасиға келиб, ҳар кун йиғлаб дуо ўқийдургон жойлариға келдук. Яҳудийлар ҳарамни мусулмонлардан олиб аларға бермоқни ва қадим яҳудий ҳукумат ва салтанатиға еткурмоқни Аллоҳ таолодан тилаб, ҳарам девориға орқа тарафдан келиб мутаважжиҳ бўлуб, бўюнлариға ридо солиб, эру аёллар соатлар ила тикка туруб, китоб юзасидан ва ё ҳафзан* гуруҳ-гуруҳ дуо ўқийдурлар.

Ким билур, аларни дуолари қабул бўлур ё йўқ. Зоҳир ҳолда қараганда, Қуддус ва Фаластин, яъни арзи мавъудға* яҳуду мусулмонлардан зиёда тасарруф ва илм жиҳатиндан насоролар тараққийдадур…

Ҳарами шарифдаги Масжиди Ақсо ва Масжиди Сухротиллоға кириб, яна бир видоъ зиёрат этиб, ушбу шариф мақомларға яна мушарраф қилишини Аллоҳ таолодан тилаб, чору ночор ҳарамдан чиқдук. Бозор ва ўтелдан нимарсаларимизни олиб, далил ва шогирд далилға кераклик ҳадяни бериб, алар ила видоъ этиб, ароба ила вагзалга мутаважжиҳ бўлдук.

Далил жаноблари вагзалғача келмоқчи бўлди, ёлвориб қайтардим. Гўёки икки киши тамом уч кун манга рафоқат* ва далолат этдилар. Агарда Оврупони(нг) бир шаҳриға бир таржимон уч кун аларни айтган далолатини қилса, ақлан ўн беш сўм олур. Аммо икки кишиға мани берганим ондан оздур. Маафиҳи* берган нимарсам аларни(нг) тахминидан зиёда эдики, хурсанд бўлдилар.

Ман дедим: «Агарда икки кун минилган аробани одат бўюнча киро қилса эдингиз, сизға зиёдароқ берар эдим. Азбаски, аробачиға… ғурушни зиёда олиб бердингиз».

Далил жаноблари уялиб, деди:

— Одамни тонимоқ мушкул. Агар ҳожиларни 3 кун, 4 кун олиб юрармиз, кетар вақтида бергуси бир мажиди (160 тийин) берарки, икки кишиға на бўлур? Лоилож далиллик зимниға даллолик ҳам қилармиз…

Букун чаҳоршанбадур. Асрдан сўнрра бир попур* Ёфадан Искандарияға кетар. Онга етмоқ учун Қуддуси шарифдан оташаробани учинчи синфиға кирдик. Тушганда нимарсаларни чиқорган ҳаммол ҳақини онга бермоқ учун далилға бериб эдим, олганим йўқ, деб 2 гурушни яна олди. Вагонда Оврупо ва Амрико Сайёҳлари ва ерли араблар, аскарлар тўла бўлуб…[4] Хулоса, бандаи Худонинг ҳар қисмидан бордур.

Қурраи арзнинг ҳар навъ мусулмони, насороу яҳудийси мунда келур ва ҳам(маси) бир худонинг бандасидур.

Бу ҳолат ва манзаралар ҳам латиф ва ҳам ажиб бўлуб, инсонни чуқур тасаввурларға кўмар:

Рафтам ба калисои тарсоу жуҳуд,
Тарсоу яҳудро рў бату буд.
Дар ёди висоли ту ба бутхона шудам,
Тасбиҳ табон замзамаи ишқ ту буд[5].

Ўрта ёш аммома* ва муслиҳлик* бир араб шайхи Оврупо либоси кийган бошқа бир зиёли араб ила мани олдимға ўлтурдилар. Узум ерлар. Шайх манга: «Домла ака, узум енг…», — Хўқанд лаҳжасиға таклиф этди.

Ман дедим:

Сиз Хўқанд тарафиға кўбми юрган?

Дедики:

Ман Хўқандийдурман. Беш-олти санадур. Ҳинд, Арабистон, Миср ва Ҳижозға кезарман…

Ҳаж шавқи учун оқчасиз ватандан чиқибдур. Маржон, садаф, тасбиҳ ва амсоли савдо этар. Ва мазкур айтилғон қитъаларни ҳар сана бир дафъ айнолур экан. Икки минг сўмча мояси бор эмиш. Мазкур қитъалар тилидан ҳамда ўрду ва англизи бироз билур… Мадинаи мунавварадан ер ва хотун олмоқни ва боласини низомий мактабға бериш тўғрисинда машварат этдук. Жавориндаги ёш бир араб жарида мухбири бўлуб, онга ҳам маъқул бўлди…

2-июл, ҳануз асрға ярим соат бор. Ёфа шаҳриға оташаробадан тушган ҳамон Ёфада мутаваттун* самарқандий ва садаф тужжори Ҳожи Мир афандиға йўлуқдук.

Бу жаноб даллол ёинки ҳожи сайёдларидан эмас ва ниҳоятда мусофирпарвар ва амини муътамад* бир одамдур. Бизни тўғри ҳавлисиға олиб бормоқчи бўлди.

Ман дедим: «Афу буюринг, бир дақиқа ғойиб қилатурғон вақтим йўқ. Тўғри парахўдға кириб, Мисрға азимат этмоқчиман».

Андаги турк жандармасидан парахўдни сўрадук.

Деди: «Суръат ила кетсангиз, балки етарсиз».

Нимарсаларни ҳаммолға кўтартуруб, денгизға юруб яқинлаштук. Олдимиздан гуруҳ-гуруҳ халқ чиқиб:

«Вопур роҳ» («Попур кетди»), — сўзи ила бизларға муқобил бўлурлар.

Денгиз лабиға чиқиб кўрдукки, попур кетиб турубдур.

Денгиз жандармасидан: «Яна қачон попур бор», — деб сўрадук.

Зуҳурот* бўлмаса, душанба куни, жавобини берди. Ана, Халил ал-Раҳмон йўлиға ароба синиб, 3-4 соатимиз фавт* бўлғонининг натижаси. Энди Ёфадек кичкина шаҳрда беш кунимизни гўё ҳибс ила ўткарурман. Уйдан чиқғондан бери тузаган фурсат, сафар прўграмим букун сактаға учради. Кайф учди.

Гўёки мани мунда бир саналик ҳибс этдилар. На чора? Ёфада ҳожихона ва ўтел очган жаноби Ҳожи Бақо Бухорий келиб мулоқот этди. Ва жаноби Ҳожи Мир ила манга дилдорлик бериб, Ҳожи Бақо очган Миср ўтелиға олиб келдилар ва аъло бир нўмра бердилар. Алар хурсанд, мен хапа.

(Бақияси бор)

«Ойна» ж., 1915 йил,
4-сон, 74- 79-бетлар.

(Давоми бор)

*
Сухра – қоя
Қиё – қоя
Жимностиқ хоналар – спорт (гимнастика) иншоатлари
Минокори – сирланган
Изо – озор, азоб; изза қилмоқ
Салб – чормих, крест
Хўшу ила – ғоят итоаткорона
Масраф – сарфламоқ, харажат
Мусофират – мусофирлик
Ҳафзан – ёддан
Арзи мавъуд – орзу қилинган ер, жаннатмонанд жой
Рафоқат – рафиқлик, дўстлик
Маафиҳи – шундай вазиятда, шунга қарамай
Попур – пароход
Аммома – салла
Муслиҳлик – қуролли
Мутаваттун – ватан тутган
Муътамад – эътимодли, ишончли
Зуҳурот – кутилмаган воқеа
Фавт – йўқотиш

[1] Маслуби мужассам – Исонинг чормих қилиниши тасвири кўзда тутилмоқда.
[2] Ҳуббул ватани мин ал иймон – Ватанни севмоқ иймондандур.
[3] Боязид Бистомий – 874 йилда вафот этган машҳур мутасаввиф.
[4] Ўчиб кетган.
[5] Таржимаси:
Насроний ва жуҳуд ибодатхонасига бордим.
Насроний ва жуҳуд қаршингда юзма-юз ўтирардилар.
Ёдинг висоли билан бутхонада бўлдум,
Қўлимда тасбиҳ ишқингда замзама қиларди.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар