Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Миллий қаҳрамоннинг” иқтисод соҳасидаги найранглари

“Миллий қаҳрамоннинг” иқтисод соҳасидаги найранглари
15 Kasım 2016 - 21:18 'да юкланди ва 2587 марта ўқилди.

(“Гап Каримов ҳақида эмас” мақоласининг давоми.)

Каримов бутун фаолияти давомида мамлакатни иқтисодий ривожлантириш ҳақида қайғурмади, лекин, ана шу йўлда қайғураётган миллий қаҳрамон даражасидаги раҳбар ролини қойилмақом қилиб ўйнади.

Каримов мамлакатни қандай қилиб иқтисодий ривожлантириш йўлини билмади деганлар янглишади. У буни жуда яхши билгани ҳолда, тараққиёт тарафдори, ўзбек халқининг миллий қаҳрамони ниқоби остида Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига қарши курашди.

Каримов бу ишни ўз чўнтагини ва атрофидаги бир ҳовуч ҳаромҳўрларнинг чўнтагини қаппайтириш учун қилди. Чунки унинг учун халқ ғамидан кўра чўнтак ғами доимо муҳим бўлган.

Спектаклларнинг ёзилмаган cценарийларига кўра парламентда ўтирган миллат вакиллари ҳам, Каримов билан бирга ишлайдиган ҳукумат аъзолари ҳам ёзилмаган бу сценарийларнинг мақсадини ҳушёрлик билан сезишлари, бу мақсадни амалга оширишга ўз ҳиссаларини қўшишлари шарт эди.

Роллар катта маҳорат билан ижро этилгани сабаб спектакллардаги ёлғонлар жуда ишонарли чиқар, уни тамоша қилаётган “халқ” эса, таьсирланиб, кўзда ёш билан Каримовнинг” миллий қаҳрамон”имиз эканига, унинг атрофидагилар эса иқтисодий тараққиёт душмани эканига ишониб алданадилар.

Агар Каримов чиндан ҳам ривожланиш тарафдори бўлса, нега унинг раҳбарлиги остида Ўзбекистон иқтисодий ривожланмай, аксинча, дунёни мардикорлар ва фоҳишалар билан таьминлаётган қолоқ бир мамлакатга айланди?!

Ёки, чиндан ҳам бу фожеанинг сабабчиси Каримовнинг атрофдагиларми?! Спектаклларда ҳар ким ўз ролини маҳорат билан ижро этгани сабаб, унинг тагидаги ёлғонларни фош этадиган мисоллар келтириш мушкул иш.

Лекин, “касални яширсанг иситмаси ошкор этади” деган нақлга амал қилиб изланиш оқибатида муҳолифат нашрлари архивидан кўплаб мисоллар топдим.

Бу мисолларнинг энг яққоли, “ЭРК” газетасининг 1999-йил, 127-сонида чоп этилган Озодбек Туронзоданинг “Афандининг мушуги” номли мақоласидаги бир лавҳа бўлди. Бу лавҳанинг қисқача мазмуни шундай:

Ўзбекистон Парламентининг 1998-йиллик ҳисобот мажлисида Каримов эҳтирос билан нутқ сўзламоқда: “Ҳой барака топгурлар! Яхши биласизларку, ер ҳусусийлаштирилмагунича Ўзбекистонда иқтисодий тараққиёт бўлмаслигини. Бу ерларнинг асил эгалари деҳқонларку! Биз қачон берамиз ахир ерни ҳақиқий ўз эгаларига?! Бундай зарур ишни қачонгача пайсалга соламиз, барака топгурлар?!…”

Каримовнинг бундай эҳтиросли сўзларини эшитган ҳар қандай одам, у иқтисодий ривожланиш учун ерни ҳусусийлаштириш тарафдори, парламентдаги бюрократлар эса бунга тиш-тирноғи билан қарши экан, деган ҳулосага келмай иложи йўқ.

Аслида эса, ҳусусийлаштиришга тиш-тирноғи билан қарши одам Каримовнинг ўзи.

Бу ўринда эса у “халқ”ни навбатдаги ёлғонларга ишонтириш учун миллий қаҳрамон ролини ўйнаяпти ҳолос.

Ёзилмаган сценарийга кўра, навбатдаги сўзга чиқувчилар ҳушёрлик билан ўз вазифаларини англаб, ҳусусийлаштиришга қарши одамлар ролини ўрнига қўйиб ижро этишлари керак эди.

Лекин, телевидениа орқали тўғридан-тўғри мажлислар залидан олиб кўрсатилаётган бу мажлисда бир миллат вакили “қовун тушириб қўйди”.

Каримов сўзларидан таъсирланиб кетган бу миллат вакил навбат кутмай, минбар томон йўналиб, ҳаяжон билан Каримовни “қўллаб-қувватлаб” -деди:

-“Президентимиз жуда долзарб, мутлақо пайсалга солиб бўлмайдиган муҳим масалани кўтардилар. Келинглар, бу долзарб масалани ҳозироқ, мана шу мажлисдаёқ ҳал қилиб, ерни ҳусусийлаштириш ҳақида қарор қабул қилайлик!..”

Каримов вахшийларча бўкириб ўрнидан турди. Қўлини бигиз қилиб, бу ўз вазифасини англамаган “калтафаҳм” миллат вакилини аввал минбардан, кейин миллатвакилликдан, кейин эса мамлакатдан ҳайдаш учун у томон шиддатла юрар экан, деди: ” Ҳой!!!… Ҳой!!!… мен бу масалани ҳозир, шу топда ҳал қилайлик деганим йўқ! Палапартишлик билан ҳозир ҳал қилинса биласизларми нима бўлади?!

Эртага бўлиб берилган ерни талашиб, ака-укани, бола-отани ўлдиради!!!…

Биз бу масалани бирданига эмас, қаттиқ назорат остида, босқичма-босқич амалга оширишимиз керак”.

Кўриб турибмизки орадан 18 йил ўтса ҳамки, бу масала амалга ошгани йўқ.

Чунки бу каби спектакллар ерни ҳусусийлаштириш, мамлакат иқтисодини ривожлантириш учун эмас, халқни алдаш учун эди.

“Халқ” алданди.

Кейинчалик эса парламент “қовун тушириб қўядиган”лардан тозаланди.

“Халқ”нинг ҳақиқатни илғаш имконияти торайиб, Каримовнинг миллий қаҳрамон ролини муваффақиятли ўйнаш имкони кенгайди.

(Давоми бор)

Шоакбар Шораҳимов

Манба: facebook.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар