Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Жиҳод ва иждиҳод

Жиҳод ва иждиҳод
16 Kasım 2016 - 11:00 'да юкланди ва 4473 марта ўқилди.

Эргаш Сулаймон

Фитратга мактуб ёхуд руҳ билан суҳбат

Биринчи боб

(32)

Бир минг тўрт юз йилдан буён айтилиб келинаётганидек, исломда бир-биридан айрилган диний салтанату дунёвий салтанат бўлмайди ва бу бошқарув инсондан юксак диний, ахлоқий, ақлий ҳамда бошқа сифатларга эга бўлишни талаб қилади. Давлат раҳбари ёки имом юксак шахсий фазилатлар соҳиби бўлиши билан бирга жиҳод ва ижтиҳод заруратини ҳамиша юракдан чуқур ҳис этмоғи даркор.

Ҳар бир тирик мавжудод каби ислом Аллоҳнинг жонли муждасидир.

Унда тириклик суви мавжуд бўлмаганда, ўликларга (жоҳилларга маърифат, йўлсизларга йўл, тушкунларга кўтаринкилик, мазлумларга бахтиёрлик…) улашмасди.

Исломнинг умуртқаси – адолатдан, ҳусну жамоли – маърифатдан, қалб қўрғони – муҳаббатдан бунёд қилингандир.
Унинг ислоҳотларни муттасил амалга ошириб турадиган қурол-аслаҳаси – жиҳод ва ижтиҳоддир.

Навбати етиб, ҳар қанақа тирик жон фонийдан бақога кўчади.
Ислом то Қиёматга қадар бандаларига яхши хулқ улашиб, уларни мардлик ва жўмардликка – Яратганнинг ризолигини қозонишга даъват этаверади.

Уни бу йўлдан на шоҳу султонлар, на-да ғарибу ғураболар қайтара оладилар. Унинг аҳкомларига на мустабид Каримов ва Мирзиёевлар, на-да Жаҳонгир Маматов ва Мўътабар Тожибаевалар нуқсон етказа олади…

Оддий одамларнинг фикру ўйларини ёлғон-яшриқ ва қуллуқбозликлар билан чувалантириб, исломга заррача зиён етказишнинг имкони йўқ. Ёки исломни асос қилиб олиб, бировни жазолаш ҳам осон иш эмас.

Нега-ки, ислом на ёрдамга, на-да ҳимояга муҳтож.

Уни туширган Зот уни, ҳизбу ҳимоясида асрашини айтиб қўйган.
Жоҳил бир гуруҳнинг жамиятнинг бир кичик бўлагини зулмга аср этиб, уларнинг умру жонларини беҳуда орзу ҳавасларга қурбон қилганлари қолади, холос.

Жиҳод ислом терминалогиясида кишининг ер юзида энг олижаноб мақсад сари бор кучини сарф этиб, интилиши маъносини англатади.

Мусулмон учун Тангри иродасига буткул бўйсуниб, Унинг марҳаматига етишдан ортиқ хайрли иш йўқ.

Бунинг учун инсон узоқ ва изчил ички курашни бошдан кечирмоғи, унинг ички дунёсини эгаллашга интилувчи сохта худолардан, (Мизиёевлардан) уни тўғри йўл, яъни эзгулик ва ҳалолликдан чалғитувчи майлу рағбат, ҳою ҳаваслардан халос бўлмоғи зарур.

Ана шу даражага етгач, у яқинлари ҳаётини яхшилаш ва ўзини ўраб турган дунёда адолатли салтанатни барпо этиш учун ўзини масъул ҳисоблайди.

Бу ҳам диёнат, ҳам зарурат, негаки, киши нопок бир муҳитда яшаркан, ҳатто тор, шахсий муносабатлар доирасида ҳам Тангри таолога садоқатли бўлиши даргумон бўлиб қолади.

Бу сўнгги ҳолат Қуръони каримда фитна деб аталади ва у офат, исён, хиёнат, гуноҳ, васваса, бузуқчилик, бир сўз билан айтганда, ҳар нечук фалокат маъносини билдиради.

Муҳаммад Солиҳ жиҳод тўғрисида нима деяётган бўлса, мана шуларни назарда тутиб, миллатга мурожаат қиляпти.

У беҳуда гапирмаётганини яхши билиб турипди. Мамлакат ичида, аксар кимсаларнинг ўзини кўзи тўрт бўлиб кутаётганидан ҳам у хабардор. Мансаб ёхуд молу дунё учун эмас, у нима деётган бўлса, миллатнинг корига яраш учун, балою қазоларга балогардон бўлиш учун айтяпди. Жоиз бўлса, қарийиб, ўттиз йилдан ошиқ у халқнинг дардига дармон бўлиш учун – оғирини енгил этиш учун куйиб-пишяпти, ўзини ўтга ҳам чўғга ҳам уряпди.

Аммо, мамлакат ва миллатни қийин аҳволдан чиқариш ва уни тараққиёт манзиллари сари етаклаш учун ҳам мамлакат президентлиги учун исталса-исталмаса курашилади.

Бу бутун дунёда нормал қабул қилинган бир ҳолат.

Васила Иноятова, Жаҳонгир Маматов, Камолиддин Раббимов, Мирраҳмат Мўминовлар биринчи навбатда, ботинан динга тиш-тирноқлари билан қарши инсонлар.

Уларнинг, бу ҳаммаси ёлғон, биз мусулмонмиз, дейишлари тайин.

Улар мусулмон бўлсалар, исломга қарши бўлмасалар, нима учун ислом ақидалари ва Аллоҳ тўғридан-тўғри туширган амрларга қарши курашади, деган ҳар қандай кимсада ҳақли савол туғилади.

Муҳаммад Солиҳни ёмон кўриш учун, ёки Шавкат Мирзиёевга яхши кўриниш учун ислом ақидаларига қарши чиқиш шарт эмас-ку!

Булар истайдими, йўқ, бу дунёда мавжуд бўлган ҳамма нарса – ҳайвонлар, ўсимликлар ва маъданлар Тангри таоло олдида бош эгади ва унинг иродасига бўйсунади, Мирзиёнов ва Каримовга эмас. Қуръони каримда дейилади:

“… Осмонлару Ердаги барча зотлар (фаришталар, инсу жинлар) хоҳ ихтиёрий, хоҳ мажбурий Унга бўйсунурлар ва унинг ҳузурига қайтарлар” (3:83).

“Эй Муҳаммад, Осмонлардаги ва Ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар ва барча жониворлар ҳамда кўплаб инсонларнинг Тангрига сажда қилишини кўрмадингизми? Уларнинг кўплари жазога лойиқдирлар” (22:18).

Аммо буларнинг инсон фаолияти, унинг хатти-ҳаракатларига алоқаси йўқ. Яратилган ҳар не мавжудот борким, табиатнинг ўзгармас қонунларига бўйсунади. Аввалданоқ белгилаб қўйилган туғилиш, ўсиш ва сўлиш жараёнларини бошдан кечиради.

Мусулмонлар устувор этиши лозим бўлган қонунларни эса бу дунёга Пайғамбарлар келтиришган. То дунё тургунча уларга қаршилик кўрсатишади. Уларнинг йўлини тўсиб, рад этувчи кучлар Ер юзида ҳамиша топилади.

Шу сабабли жиҳод – инсон ҳаётининг узвий, муқаррар қисмидир. У турли шаклларга эга бўлиши мумкин. Улардан бири, энг юксаги – инсониятни ҳақ ва ҳақсизлик масаласида даҳрийликка итариб, ғоят хатарли маънавий курашлар гирдобига солувчи қабоҳат кучларини синдириш.

Жиҳодда иштирок этувчи инсон учун фақат ислом таълимоти, мусулмон урф-одатларини билишнинг ўзи етарли эмас. У даҳрийлик фалсафаси, унинг расму русумларидан ҳам хабардор бўлиши, улар қайси қиёфада намоён бўлмасин, дарҳол таниб олиши лозим.

Халифа Умар ибн-ал Хаттоб айтган эди:

“Мен бир нарсадан қўрқаман: исломда тарбия топган киши, агар у мажусийликдан бехабар бўлса, исломни хароб қилади”.

Албатта, ҳар бир мусулмон мажусийликни чуқур билиши даргумон, аммо ислом давлати тепасида турганлар бу офатдан ҳар томонлама хабардор бўлишлари шарт.

Бизнинг бир қисмимиз, Каримов зулмидан Ғарбга қочиб чиқиб, Демократияни қурол қилиб олиб, шу ҳолатга тушаётган эканмиз, мусулмонмиз деб, исломга туҳмат қилаётганимизни англаймизми?

Ёхуд бизнинг ниятимиз, “демократ” ниқоби остида Шавкат Мирзиёев ишончини қозониб, мамлакатга кириб олгач, шон-шуҳрат ва бойликларга бурканишми?

Шунақа бўладиган бўлса, тўғридан-тўғри, очиқдан-очиқ МХХ бошлиғи Рустам Иноятовга мурожаат қилавериш керак.

Хавфсизлик раиси бунақа кимсаларни жуда яхши тушунади.
Айбсизга айб тақиб, золимларнинг зулмидан шундай ҳам бели қайшиб кетган халқни тўғри йўлдан чалғитишнинг нима кераги бор?

Мусулмон раҳбарлар имкон борича куч-қудрат йиғишлари, душманларнинг ҳар турли қутқу ва найрангларига жавоб бериш учун ҳамиша ҳозир-нозир бўлиб туришлари зарур. Бу Тангри таолонинг доимий амалдаги амри:

“Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз. Бу билан Тангрининг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Тангри биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз. Тангрининг йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга (унинг савоби) зулм қилинмаган ҳолингизда тўла-тўкис берилур” (8:60).

Ижтиҳод эса – ўзгариб турувчи ҳаёт талабларини бажо этиш қобилияти демакдир. Бунинг учун ислом моҳиятини чуқур англаш ва ислом ҳуқуқшунослиги асосий принсипларини мукаммал билиш талаб этилади.

Ижтиҳод табиат бойликларидан ислом йўлида истифода этишни ҳам ўз ичига олади, токи улар даҳрий материалистлар қўлига тушмасин ва Ер юзида манманлик ва фалокатнинг ёйилишига хизмат қилмасин.

Аммо, афсуски, Ўзбекистон давлати бошида турган кимсаларда бундай сифатлар ҳеч қачон бўлмаган. Уларда мусулмон раҳбари учун вожиб бўлган ахлоқий ва диний қамровлар йўқ. Улар мажусий майлу иштиёқлар ва жоҳилиятга хос расму одатларни енгиб ўтишга қодир эмаслар.

Ўрта Осиё раҳбарлари ичида, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевдан бошқасининг бирортаси ислом талабларига тўла мос-мувофиқ келмайди.

Шунинг натижаси ўлароқ, Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ислом диний-сиёсий тузумида дин ва давлат ўртасида бўлиниш юз берди. Каримов режими дину диёнатда фойда кўрмай, унинг пинҳоний душманига айланди, диний раҳнамоликни бир четга суриб, нуқул сафсатабозлик билан машғул бўлди.

Диний масалаларда муаммо чиқиб қолгудек бўлса, барчасини қама-қамалар билан ҳал этишга уринди.

Дину диёнат таъсири камайиши билан ўзбек мусулмонларининг ахлоқий, маънавий сифатлари ҳам пасайиб кетди. Қуръони каримнинг “Яхшиликка интилинг, ёмонликдан сақланинг” шиори ўзининг амалий аҳамиятини деярли йўқотди, чунки у давлатнинг қўллаб-қувватлашига суяниши зарур эди.

Ана шу таянч янада сусайиши билан исломга қарши тамойиллар қўзғалиб, халқнинг имон, эътиқодини емира бошлади.

Васила Иноятова, Жаҳонгир Маматов, Камолиддин Раббимов, Мирраҳмат Мўминовлар, аслида Муҳаммад Солиҳга эмас, Ўзбекистондаги ислом ривожига қарши. Улар ҳукуматнинг динга бўлган муносабатини билганларичи учун, шу усулни қўллаб, муваққат президент Шавкат Мирзиёевнинг кўнглига қўл солиб кўраяптилар.

Мирзиёев ҳам анойилардан эмас, у ҳеч қачон ўзига алоқаси бўлмаган кимсаларни ёнига йўлатмайди.

(давоми бор)

Муаллифнинг Facebook.com ижтимоий тармоғидаги саҳифасидан олинди

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар