Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳеч ерда мундай разолатни кўрмадим…

Ҳеч ерда мундай разолатни кўрмадим…
18 Kasım 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1598 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(25)

4-ададдан мобаъд

Ёфа шаҳри Оқ денгизнинг Шом соҳилинда ва Қуддуси шарифнинг аскаласидур*. 15 мингдан зиёда халқи бўлуб, аксари мусулмон ва бошқаси яҳуд ва насоро бўлуб, барчасининг тили арабидур. Атрофи боғча ва баракатлик бўлуб узум, лиму, тарбуз, шафтолу, хулоса, ҳар нав мевасидан Оврупо ва Мисрға ҳар сана милйўн сўмлар ила сотар. Соҳилиға лимон — парахўд турадургон сунъий ҳавзи йўқ. Вақтида ҳар ойнинг аввал-охири бир ҳафта қаттиғ фўртанаси бор. Ёзда бир озгина денгиз мавжи бўлуб, аммо қўрқунч эмасдур. Ушбу сана Оврупойи бир ширкат уч санада тамом қилмоқ шарти ила рехтим* ва ҳавз қилмоқ учун Туркия давлатидан рухсат олгани сўйланурди.

Шаҳар денгиз бўйинда узунча тушуб, баъзи иморатлари денгизға муттасил, узоғи 20-30 газдур. Қадим кўчалари ифлос ва тор бўлуб, охиран ҳукумат 4-5 оврупойи катта йўллар очибдурки, тарафайни 4-5 табақағача тошдан овруповорий иморат бўлуб, лукс ланпалар ила танвир* қилингон. Ва тижорати яхши бўлуб, ер юзиндаги бутун мусулмон, яҳудий ва насороларни(нг) зиёратгоҳи Қуддуси шариф ҳожиларни(нг) ўтадургон еридур.

Шаҳарға муттасил ва денгиз бўйинда ҳамда темур йўли мухтатаси* ҳамсоялигиндаги баъзан зироатлик ва баъзан қумзор ерларни Туркия давлати рухсати илан яҳудий милйўнчиларидан иборат бир ширкат—кампония халқдан аввалан йўқ баҳосиға олиб, кичик бир шаҳар бино этиб, яҳудий муҳожирлариға керакли иморатларни қилиб, 10-20, ҳатто, 50 сана муҳлат ила берарлар ва беш мингдан зиёда яҳудий муҳожирлари дунёни ҳар тарафидан мунда жам бўлубдурлар. Овруповорий тош иморатлар, ибодатхона, дорулфунундек катта мактабхоналар, «артизан» — сув бергувчи қудуқлар, нўмралар. Хулоса, йигирманчи аср тириклигиға ва яҳудий маишатиға керакли мукаммал иморатлар бино этибдурлар. Ўз ароларинда иттифоқлари том бўлуб, бу яҳудий шаҳринда содалавҳ ва фикрсиз турк давлатидан на пўлис бор, на мудир.

Яҳуд миллати ва ҳар бир кўзи очиқ миллат манфаатлик ишға пулни қизғонмайдур. Бу иш учун биргина Рўтшилд бой 4 милйўн сўм берибдур. Масалан, бир яҳудий дунёни бир учидан анда ҳижратни қарор бериб хатлашса, ўшал ширкат анга керак ҳавлини муҳожир планича бино этиб, 50 саналик берар ва ҳар сана ижросини ярми қадар пул бериб, ҳавлиға эга бўлур.

Ушбу яҳуд шаҳрининг ерини ўн сана муқаддам бир кишиға мажоний берса, олмас экан. Ва яҳудийлар бошлаб иморат қилганидан сўнгра атрофни бир мураббаъ гази бир ғуруш—7,5 тийин экан. Ал-он гази минг ғурушдан фазладур*. Яна қиммат бўлуб тараққий этар. Азбаски, дунёға яҳуд халқини(нг) мустақил шаҳри йўқ. Ва Ёфанинг бир тарафи чўл бўлуб, бу чўл бора-бора Туркиянинг ҳуррият ва ҳимояти ва ёинки содалавҳлиги соясинда дунёмизда бирдан-бир яҳуд шахри бўлур. Яҳудийларни ҳозирги дорилфунун мактаблари ва идораи баладийалари турклар назоратидан озод, на унга турк инспектур — муфаттиш илмияси ва на пўлиси қарайдур.

Ефа яҳудий шаҳрининг кўзға кўрунмас идораси ўзлари учун марка бостурубдурларки, яҳудийлар бу маркани сотиб олиб, хатнинг ичиға ёпуштурарлар. Албатта, бир кун келурки, бу маркалар лиғофани устиға чиқар. Оре, умид лозимдур. Дунёға ҳар ким умид ила яшайдур. Аммо умидға иш қўшулса, натижа берар. Ёфада ўн минг қадар мусулмон ва 6—7 минг қадар яҳуд ва насоро бор. Аммо катта савдолар ва катта магазинлар, синаматоғраф ва катта мактаблар ҳамма(си) яҳуд ва насоро қўлиндадур. Мукаммал франсуз-ферар мактаби мунда мавжуд бўлуб, Франса мисйўнерлари тарафидан яхши бир ерда бино қилингон ва боғчасиндаги кўшкдан қаралса, бутун Ёфа боғчалари оёқ остинда кўрунур.

Туркларнинг бир султоний ва бир неча ибтидоийя мактаблари бўлуб, Ёфанинг ўн минг мусулмонлари бизни Самарқанднинг 80 минг мусулмонидан ўқимоқ тўғрисинда аълодур. Азбаски, султонийда юз қадар талаба бўлуб, арабий, туркий, франсавий ўқийдур. Франсуз мисйўнер мактабиға ҳам мусулмондан 20 қадар талаба бор. Самарқанддаги ҳукумат мактабида нуфуси Самарқанддан ўннинг ярми қадар ҳам мусулмон боласи йўқдур. Мундан маълум бўлурки, Ёфанинг у чиркин араблари бизни бу озода мусулмонлардан кўра тараққийдадурлар. Ҳолбуки, аларни(нг) бу тараққийси яҳуд ва насороға қарагонда ҳечдур. Ёфада насоролар тарафидан уч жарида араб тилинда ва яҳудийлар тарафидан бир жарида араб тилинда ва бир жарида иброний тил ва хатинда чиқиб, аммо бечора мусулмон тарафидан бир дона ҳам йўқдур.

Шаҳар ўртасиндаги жомеъда бордим. Бир мударрис бир неча талабаға тафсир ва ҳадис дарс бериб турибдурки, бир оз қулоқ осдим. Фикри ва тадриси* яхши бўлуб, бизни Бухоро ва Туркистондан аълодур. Ҳамшаҳримиз садаф тожири жаноб Ҳожи Мир афандини (нг) уч ўғли борки, онаси арабдур. Каттаси ҳукуматнинг султонийсини тамом этиб, франсуз-ферарини ҳам шу сана тамом этибдурки, тавзеи мукофот* куни ферар идораси тарафидан бизға ҳам даъватнома ва белат келди. Бордим. Тошдан бино қилингон икки табақалик мадрасадек катта бир мактаб… Туркия ва Франсия байроқ ва аломатлари илан зийнат берилган.

Бир тарафда султон ва Туркия ҳам Франсия акобирларининг тасвири осилгандур. Юздан зиёда насоро, яҳуд ва мусулмон боласи синф-синф чиқиб франсузча, арабча ва яҳудча абётлар ва нутқ ўқудилар. Мактаб боғинда тўрт юз қадар мухталиф* халқ бор. Мукофот учун берилатургон китоб ва албўмларни(нг) устиға болани нўмраси илан исм ва кунияси ёзилган ва келтуруб мактаб попослари* тарафидан ҳар болани яқин одамиға берилур. Бола келиб сафларни ичидаги ақрабосини қўлидан бахшишни* олар. Саҳнадаги баланд ерға чиқиб, таъзим этар.

Араб муаллимлари араб либосиға, яҳуд муаллимлари яҳуд қиёфасиға, франсуз муаллимлари тамоман руҳоний (пўп) қиёфатинда бўлуб, бўюнлариға салиб осилгандур. Пўпларни оёқларинда масиҳи ва этик-да йўқ. Балки арабдек аёқ ялангдур. Расми мукофот тамом бўлди. Араб талабалар тағйири қиёфа* этиб, арабча тарихий ва муҳорабалар суратинда бир фожеа театр кўрсатдилар. Араби шеър ва қасидалар ўқуб, андаги ҳар синф, халойиқ тарафидан мазҳари тақдир бўлиндилар. Шом соҳили француз нуфузида дерлар.

Дарвоқе, французлар Порисдан қопчуқлар ила олтун келтуруб, мусулмон ва араб болаларини мажоний ўқутуб ва ҳатто, у чиркин, иштонсиз араблар боласиға либослар бериб, ҳаллдор китоблар бахшиш этиб, устиға нон ҳам бериб, яна ҳар сана дунё жаннати ҳисобланган Порисға мажоний саёҳатлар қилдуруб, ҳамда, франсуз пули илан араб ва турк еринда очилгон мактабға араби ва ҳатто, араб динини пул бериб араб муллосидан ўқутдурса ва андан чиқгон болаларни восита илан ва минг йўл илан Туркиянинг давлат маҳкамаларига маъмур қилиб сўқса, албатта, Сурия ва Фаластин халқини(нг) Франсузпараст бўлуши лозим келур. Бизни(нг) Туркистон ва Бухоро халқидан кўра араблар қобил ва мустаиди маданиятдурлар.

Арабларда либос, сочу сақол, қадим ва жадид, театр ва мусиқи масалаларининг ҳаром ва ҳалоллиги қачонлар ҳал бўлуб кетгандур. Бизға энди бошлайдур. Биз Русияға тобеъ бўлуб туруб, Туркистонни ҳеч бир шаҳриндаги бир ҳукумат мактабиға ўн нафар мусулмон талабамиз йўқ, мусулмон тили ва мусулмон дини ўқитмоқ нари турсун…

Ҳожи Мурбақонинг Миср ўтелидаман. Бир неча кун муқаддам Бухоро шайхулисломи жаноблари ҳам шунда турган эканлар. Қуддус, Ёфа ва Халил ар-Раҳмондаги шайх ва мискинларға кўп-кўп ҳадялар бериб, бир неча қурбонлар сўюб, халқға тарқатибдурларки, ҳар ким мадҳ этар.

Ёфада ҳамроҳлари илан маъан ва ҳам танҳоли суратларини олдуруб эканлар. Муборак сийратларини Шоми шарифда бориб кўруб эдим. Бизларда баъзан таассуб йўқ. Агарда тотор шайхулисломи бўлса эди, балки суратни гуноҳ биларди. «Шўро» мажалласиға сурат қўймоқ гуноҳ деб тотор муллолари бир неча вақт мубоҳаса этиб эдилар…

Миср ўтели олдидан бир мусулмон жанозаси ўтди. Мардбонсиз бир тобут. Тобутни(нг) бош тарафинда бир газ қадар яғоч ўтқурулгон. Агарда маит* эр бўлса, устиға аммома* ва аёл бўлса, рўймол ўрайдурлар. Тобут қамош ила ўртгон бўлур. Тобут кўтарганлар ва ақраболар ва орқадан кетатургонлар дод-фиғон ўрниға «Ло илоҳо иллоллоҳ, ло илоҳо иллоллоҳ»ни якбора ва баланд овоз ила айтиб кетмоқдадурлар. Ман ҳам нўмрадан тушуб, орқаларидан кетдим. 200 қадамдан сўнгра қабристонға кирдук. Ки шаҳарни(нг) марказиға бўлуб, икки тарифида бозорға қараб катта дўконлар бино қилинибдур. Бир тарафи маҳалла йўли ва бир тарафи ҳавлилар бўлуб, ораси бир неча таноблик қабристони мусилминдур.

Ўлук кўмулуб, Қуръон ўқилди. Йиртиш йўқ. Қабристонни(нг) икки тарафиндаги икки катта йўлдан, эшиги ва орасидан пиёдагузар* йўли бор. Қабристонни(нг) бир тарафиндаги ҳавлиларнн(нг) ҳар биридан қабристонда бир эшик ва тиризалари* бор. Ҳар нав кишилар, ҳатто, Ёфа олдида тургон икки англис ҳарбий парахўдини(нг) сарбозлари даста-даста мазкур ҳавлиларға кириб чиқмоқдадурлар. Ҳайрон-ҳайрон ман-да эшикларини биринда яқин бордим. На кўрайин, оврупойи ва яҳудий ва араб фоҳиша хотунлари тўла ва ҳар бири муштарий* тортмоқ учун изҳори жилва этмоқдадурлар. Тукларим урпайди, Субҳоноллоҳ, бу на расволик. Мунда мусулмон борми? Ҳукумат борми? Во, осафо, ҳар бири бор.

Аммо маънан ҳақиқийси ила ҳеч бири йўқ. Бу фисқхоналарнинг олдиға муттасил қабрлар кўпдур. Яъни бу хоналарни(нг) девори, хона ичиндагилар ила қабрлар орасинда ялғуз воситадур. Мунда киратургон ҳабислар қабрларни устидан ўтуб кирар.

Ҳожи Мир жаноблари мани зиёфатға таклиф этиб эди. Қабристондан чиқиб, денгиз бўйиндаги саодатхоналариға бордим. Шаҳар мўътабаронларидан* бир неча турк ва араб бордур. Фавран қабристон ҳолатидан сўз очдим. Узр мақоминда дедиларки: «Ундаги корхонадорлар ажнабий табааси яҳуд ва насоролардур. Биз бир неча дафъа аларни кўчурмоқ учун ҳаракат этдук, қўнсуллар мудохала* этди. Ҳукуматимиз заъф* кўрсатди. Баладия* ҳам аларға тараф бўлди. Тўғриси, оқча кучлук этди. Ҳоло иш юқори маҳкамаларға кетган. Жавоб келган йўқ».

Дедим: «Ҳеч ерда мундай разолат ва зиллатни* кўрмадим. Дунёда муқаддас қабристонни бу қадар таҳқир этган бир шаҳар бўлмаса керак. Бизни Туркистон қабристониға ит ва эшшак ётар… Боболаримиз устиға от чопамиз, бузуб йўл қиламиз… Аммо қабристонда расмий фоҳишахона қилганимиз йўқ. Бу қўнсулларни(нг) айби эмас. Сиз мусулмонларни(нг) ва ҳар нимарсаға бепарво ҳукуматингизни(нг) айбидур. Бизни(нг) Туркистонда расмий мусулмон фоҳишахоналари ҳар шаҳарда кўп эди. Аммо мусулмонларни(нг) саналар ила талаб ва рижосини Русия ҳукумати диққатға олиб, ушбу сана барчасини беркитди. Айб бўлсун, сиз мусулмонларға…»

Ҳожи Мир Самарқандийни(нг) уч ўғли бор. Бири бу сана Истанбул ва ёинки Оврупо дорулфунуниға юборилур. Иккиси ҳукуматнинг султоний мактабига ўқийдур. Ёзгон ва ўқугон дарслари, чизгон расм ва пилонларини болалар кўрсатди. Ниҳоятда қувондим. «Ойна»лардан ва «Туркистон харитаси»дан бердим. Падарларини ватани Самарқандни харитаға кўруб суюнарлар. Оллоҳ ривож берсун. Кошки, ҳар бир муҳожир Ҳожи Мир афандидек ҳаракати маданиятға бўлинса эди.

Зиёфатдан чиқиб, Бухорий Ҳожи Мирзо ал-Бақо афанди хонасиға бордук. Грамўфўнда Туркистон ва Бухоронинг машҳур хонандалари лавҳасининг қўюб, мамлакатча бир мажлис этдук. Ҳожи Мирзо ал-Бақо афанди Ёфада икки ҳожихона ва бир Миср ўтелини тутар. Қуддус зиёратиға боратургон ҳар ҳожи 11 сўм берса, Ёфадаги парахўддан қайиқға ва андан ҳожихонада ва ондан вагзолға ва темур йўл ила Қуддусға ва Қуддус вагзолидан ар(о)ба ила Қуддус ҳожихонасинда ва андан Халил ар-Раҳмон ва Байтуллаҳмға ароба ила яна Қуддусдан ароба ила вагзолға ва темир йўл ила Ёфаға ва Ёфадан қайиқ ила парахўдға масорифсиз юруб чиқарки, бул ҳожиларға нйҳоятда фойдаликдур.

Ёфа ва Қуддусға бир ой турса ҳам ҳожихонаға ижара ва сув учун оқча бермайдур. Хулоса, на ҳаммол ва

на қайиқ ва на темур йўл ва на аробаға бир пул бер майдур. Далилларни(нг) назру рўзини таоми бошқадур. Ҳожи Бақо ушбу хизматиға темур йўл ва парахўд идорасининг ҳар биридан ҳар ҳожи бошиға ярим сўм қадар комписса[1] олурки; агарда ҳар сана беш минг зиёратчи мусулмон Қуддусға ўтса, тўрт-беш минг сўм комписса ҳақи бўлиб, икки ҳожихона, Ёфа ва Қуддусдаги йигирма қадар вакил ва хизматкору котиб ва югурдаклариға шу оқчадан вазифа берур.

Ушбу машъум муҳораба ул ходими миллатга кўп зарарлар этди. Ҳожиларни ўз ҳолиға қўйса, бу 11 сўм эвазиға 20-30 сўм, балки зиёда масраф этарлар. Ҳожи Мирзо ал-Бақо афанди бу ишни кўп ҳаракат ва тадбирлар ила қўлға кирғузубдурки, узун бўлмаса ёзардук.

Тўрт кеча-тўрт кундузни Ёфада ўткармоқ кўп гарон* эди. Маа фийҳи, ҳамшаҳарийларни навозишлари соясинда хафа бўлмадук ва бу бекорликда саёҳатнома мактубларидан бир нечасини ёзиб, «Ойна»ға юбордук. Чоҳоршанба Ёфаға келиб эдук. Душанба аср парахўдни 3-даражасиға белат олиб кирдук. 2-белати тамом бўлгон, биринчиға кўз қиймади. Аммо 3-синфға ўлтургонимизға жазо чекканимизни Пўрт Саидға кўрарсиз.

Парахўдимиз шомға яқин ҳаракат этди. Иншооллоҳ, эрта соат 8.00 Мисрнинг Пўрт Саид шаҳриға чиқар миз.

(Бақияси бор)

«Ойна» ж., 1915 йил,
5-сон, 98-105-бетлар.

(Давоми бор)

*
Аскаласи – пристан, порт
Рехтим – жой маъносида
Танвир – ёритиш
Мухтата – бекат
Фазла – кўп, ортиқча
Тадрис – дарс бериш
Тавзеи мукофот – мукофот тақсими
Мухталиф – хилма-хил
Попос – поп
Бахшиш – садақа, ҳадя
Тағйири қиёфа – қиёфани ўзгартириш
Маит – ўлик
Аммома – салла
Пиёдагузар – пиёдаўтар йўл
Тириза – дераза
Муштарий – харидор, жазман
Мўътабаронлар – улуғлар
Мудохала этмоқ – аралашмоқ
Заъф – ожизлик, заифлик
Баладия – шаҳар ҳокимлиги
Зиллат – тубанлик
Гарон – оғир

[1] Комписса – компенсация демоқчи.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Давлат тўнтаришида айбланаëтган журналистнинг онаси Мирзиëевдан ëрдам сўради
Муҳаммад Солиҳ: Мустақил журналист Бобомурод Абдулла (Усмон Ҳақназар) ва Акром Маликов (Абдуллоҳ Нусрат)нинг ҳибсга олиниши ҳақда мулоҳазалар
Давлат адвокати журналист Абдуллаевнинг онасидан пул сўради
МХХ ертўласида қолаётган журналистнинг онаси Мирзиёевдан ёрдам сўради
БМТнинг диний эксперти: Мамлакатда виждон, фикр, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳаддан зиёд тартибга солинади
Қирғизистон президентлик сайловларида Сўўрўнбай Жээнбеков ғалаба қозонди
Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси, ўғли билан кўришишга рухсат беришини сўраб терговчига ариза билан мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган
Freedom House Ўзбек журналистини озод қилишга чақирди
Пен-клуб: Бобомурод Абдуллаевни зудлик билан озод қилинг!
Халқ артисти президентдан Бобомурод Абдуллаевни озод қилишни сўради
Ўхшаш хабарлар