Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
20 Kasım 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1722 марта ўқилди.

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(1)

1

Таржимондан

Аввало Аллоҳга чексиз ҳамду сано айтамиз. Сўнгра Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга салот ва салом йўллаймиз. Аммо баъд:

Муҳтарам китобхоннинг эътиборига ҳавола этилаётган бу китобча яқин ўтмишимизнинг ёрқин тарихлари жумласидандир. Бу тарих нафақат Самарқанду Бухоро, балки бутун Ўрта Осиё тарихидир.

Ушбу китобчада ҳикоя қилинадиган ҳодисалар босқинчи рус коммунистлари азиз ватанимизга дўстлик, халқпарварлик ниқоби остида бостириб кириб келганларидан сўнг қилган қонхўрликларининг бир намунасидир.

Она ватанимизни босиб олганларидан сўнг ўз дини, шарафи ва ватани ҳимояси учун оёққа турган боболаримизни кейинги авлодга “босмачилар” деб таништириб, ёш авлодни ўз аждодларига нисбатан нафрат руҳида тарбиялай бошлашди. Ҳақиқий тарихимиз бутунлай ўзгартириб талқин этила бошланди.

Мактаб, институт, бошқа ўқув ва таълим-тарбия масканларида тарбияланувчиларнинг зеҳнлари заҳарлаб ташланди. Ҳар бир ёш авлодда ўз ўтмишига нисбатан жирканиш туйғуларини уйғотдилар.

Аллоҳ таолонинг фазлу-карами билан бу босқинчи қора кучлар парчаланиб кетганидан сўнг баъзи бир тарихчи ва ёзувчиларимиз тарихимизни қўлларидан келганча ёритиб беришга ҳаракат этишди. Лекин улар ҳам бир тарафлама фақат миллий ва қавмий жиҳатдан ёндашиб қалам тебратдилар.

Ҳаётимизнинг асл мақсади бўлган дини исломни ҳимоя этиш вазифасини назардан четда қолдирдилар. Китобхоннинг назарида боболаримиз гўёки фақатгина ватан озодлиги учун кураш олиб боргандек туюлади. Ҳақиқатда эса уларнинг асосий мақсадлари ислом динини муҳофаза этиш ҳамда мусулмонларнинг иззат-ҳурматларини сақлаш ва ватанимизни ”Мусулмонлар ўлкаси” ҳолида сақлаб қолишдан иборат эди. Улар ушбу мақсад йўлида ўз молу дунёларини, ватанларини, азиз фарзандларини ва ҳатто ўз жонларини ҳам қурбон этдилар. Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин ва уларни ҳам рози қилсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа мўмин биродари учун ҳам яхши кўрган киши мукаммал мўминдир, — деган мазмундаги марҳаматларига кўра, ушбу китобчани сиз азизларга тақдим этишни хоҳладик. Токи кўз ўнгимизда ҳақиқий ҳолат намоён бўлиб динимиз қадри, уламоларимиз ва боболаримизнинг сиймолари гавдаланиб, керакли хулоса чиқариб олсак.

Китобнинг муаллифи билан китобни ўқиш мобайнида танишиб оласизлар. Бу китоб ҳозирги тарихларимиздек, у китобдан бу китобга кўчирилган эмас, балки шу воқеаларнинг ичида бўлиб айни шоҳид бўлган шахснинг ҳаётидир. Китобни мутолаа қилганимиздан сўнг муаллиф тўғрисида маълумот ҳосил қилишга киришдик.

Марҳум муаллиф Афғонистонга, кейинчалик Ҳиндистон ва Покистон томонларга ҳижрат этиб охирги ҳаётини Покистонда Қарочи шаҳрида давом эттиради. Шу ерда уйли жойли бўлиб бир неча фарзандли бўлади. Онасининг васиятига биноан, бошидан кечирган ва ўзи шоҳид бўлган Туркистон фожиаларини жуда кўп инсонларга ҳикоя қилиб беради.

Кейинчалик баъзи дўстларининг қистови билан ўз кўрган-кечирганларини қоғозга туширади. Аввало газеталарда чоп этилиб, 1970 йил Лоҳур шаҳрида китоб шаклида босмадан чиқади. Муаллиф тақрибан 1973 йилларда вафот қилади.

Азиз китобхонлар!

Аллоҳ таоло биз бандаларни ўтмишдан ибрат олиб, ундаги хатоларни такрорламасликка ундаб шундай марҳамат қилади:

2

“Бас ибрат олингиз, эй ақл эгалари”

Аллоҳ ҳақ ва рост сўзлагувчидир. Ҳар бир оқил инсон ўз тарихи билан танишгандан сўнг албатта ундан тўғри хулоса чиқариб ибрат олади ва ўзининг яшаш турмушини ўтганлар ҳаётига таққослаб уларнинг ҳалокатига олиб борган ишлардан узоқлашишга тиришади ҳамда ғафлатдан уйғониб мулоҳаза билан фикрлай бошлайди.

Китобда уламоларимизнинг бири ўз айбларига иқрор этиб шундай деганига гувоҳ бўламиз: “Бизга келаётган бу балоофатлар (яъни рус босқинчиларнинг тажовузи) ўзимизнинг ношукрлигимиз ва Парвардигорнинг амрини тўғри адо этмаётганимиздандир. Бу гуноҳларимизнинг каффорати қачонгача давом этаркин?!”.

Азизлар! Бизлар ким эдику ва кимларга ўхшаб қолдик? Кўзимизни ёғ босиб атрофимизда бўлаётган воқеаларни ўнг-терсини ажратолмай қолдик. Фарзандларимиз бутунлай тизгинсиз бўлиб қолдилар, ҳалол-ҳаромни ажратмай қўйдилар. Диний ибодатларга юзаки тақлид этиш оммага одат бўла бошлади. Ислом руҳи ўртадан кўтарилди. Мусулмон билан кофирнинг фарқи билинмай қолди. Агар ҳаётимиз шундай давом этса бошимизга қандай фалокатлар келишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Модомики, биз ўз ҳаётимизни ва нафсимизни ўзгартирмас эканмиз ҳеч қачон ҳаётимиз ўз-ўзидан яхши тарафга ўзгармайди. Бас, шундай экан устимиздаги вазифани ҳис этайлик. Бизгача омонат тарзида етиб келган динимиз ва қадриятларимизни тўла-тўкис келгуси авлодга етказайлик ва Аллоҳ ҳузурига ёруғ юз билан қайтайлик.

Шунинг учун биз адабиётдан узоқроқ бўлишимизга қарамасдан ушбу тарихимиз намунасини сиз азизларга етказишни ўз вазифамиз деб ҳис этдик. Халқимиз “Сўзчи ҳолига боқма, сўз ҳолига боқ” — деганидек китобнинг ёзилиши эмас, балки хулосасидан ибратланмоғингизни умид этиб, ушбу ишга бел боғладик.

Аллоҳ таоло бир ояти каримада:

3

“Бас эслатинг, албатта эслатмоқ, ёдга солмоқ мўминларга манфаатликдир” — дея марҳамат этади.

Биз фақирлар ҳам халқимизнинг ўтмишини ёдларига солмоқдамиз ва ишониб айтамизки, албатта бундан мўминлар манфаат ҳосил этадилар. Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсинки, ўзининг лутфу-марҳамати ва мадади билан сиз азизларга ушбу китобни тақдим этмоқдамиз. Сизлардан умидимиз биз, фақирларни ҳам муборак дуоларингизда ёдга олиб дуо этсангизлар.

Китобнинг таржимасига боис бўлган устозимиз, Қарочидаги “Дорул улум” жомеъасининг раиси ҳазрат мавлоно муфтий Муҳаммад Рафиъ Усмоний ҳазратларига ўзим ва халқимиз номидан чуқур миннатдорчилик изҳор этаман. Ул кишининг динимиз ва Мовароуннаҳр мусулмонлари ҳақидаги ғамхўрликлари учун Аллоҳ таолодан ажру азийм беришини тилаб қоламан.

Абу Ҳафс Туркистоний.
22.04.1420 ҳижрий-қамарий
05.08.1999 йил (мелодий)

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар