Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳаким кўздан кечирсин, сўнгра кетарсиз…

Ҳаким кўздан кечирсин, сўнгра кетарсиз…
21 Kasım 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1546 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ

(26)

5-ададдан мобаъд

Попур Ёфадан Пўрт Саидға қараб ҳаракат этди. Ғуруб яқиндур 2-даражани устиға чиқдим. Бир гуруҳ араб ва Оврупо либоси кийган араблар бор. Сажжода* солиб, асрни ўқуб, давра этиб, имомлари ваъзи сиёсий сўйлаб ўлтурубдур.

Мисрни англис ва туркларға бор муносабатидан ва туркларға яқинлашмоқни мисрийлар учун нафълигини исбот этмоқға зўр берадур. Баъзилари савол ва эътироз этар, гўё онда йигирма-ўттуз нафар аъзолик бир парламент — мажлиси миллат очилгандур.

Ман ҳам таҳорат олдим. Офтоби жаҳонтоб денгизимизға ботиб, ғарбимизни қонға бўятди. Бир араб шайхи азони Муҳаммадий ўқуди. Парахўддаги мусулмонлар азон нидоси муқобилиға: «Оллоҳ, Оллоҳ жалла жалол самъийна ва атъийна»[1], — жавоби илан фазони тўлдурарлар эди. Ҳар тарафимиз сув ва анинг бохаридан* пайдо бўлган осмондур. Мундан бошқа олам мўқ. Бу поёнсиз денгиз устинда писта пўчоғидек маркаби баҳриямиз солланадур. Бу ғуборсиз ва муаттар уфқни холиқиға ибодатға муқайяд бўлдук.

Араб шайхи важдға* келди. Намози шомни икки аввалги ракъатиға «То»дан бошлаб Қиссаи Ҳазрат Мусо ва Фиръавнни охириғача ўқуди. Намоздан сўнгра такбир ва таҳлиллар, таслиҳ* ва тардиҳлар* ўқулди. Ва олами ислом учун дуолар айтилди. Мундай важдлик бир ибодатни мундан аввал кўрганим ёдимға йўқ. Атрофимизни олойиши дунёдан поклиги, уфқимизни муаттарлиги ва шайхни руҳфизо оҳангги қироати асбоби важидан эди.

Чу хуш аст савти Қуръон зи ту дилрабо шунидан
Барахт наззора кардан сухани худо шунидан[2].

Уфқимизни зулмат босди. Осмони шабчароғлар зоҳир бўлуб, Оқ денгизнинг лотимоҳо* мавжларини кумушдек жилолантирар эди. Араб мажлиси миллати ҳануз баҳсу жидолда*, араб шайхи ҳануз сўзу гудоздадур[3].

Ҳавонинг салқинлиги оёқим оғруқини қўзғамоқчи бўлди. Лоилож, хуфтонға туролмай, З-даражани(нг) анбориға тушуб, жаноби Ҳожи Бақо бергон амонат денгиз курсиси (качалка) устига узандим. Анбор бадбўй бўлган эди. Ёнимда Ҳожи Абдуллоҳ исминда Шаҳрихоний мискин бор. Юки бир чарх ила 3 пут келатургон эски-туски, латта-лутталардан иборатдур. Чархидан бошқа барча либосу латта-путталарини бизни тўқумдўзлар 50 тийинға олиши маълум йўқ. Ўзи икки ҳаж қилғон, Ироқ, Бағдод ва Фаластинни икки дафъа жаёв кезган бир обиддур. Парахўдда ва Пўрт Саидда нимарсаларимизға қаровуллик ва ҳаммоллик этди. Обжўш келтурадур. Хулоса, мен учун бир ҳамшаҳри ва аъло бир ҳамроҳдур. Миср туфроғинда чархчилик қилиб, бироз фойда этиб, мавсумда яна Ҳажи шарифға кетар. Заррадек ғами йуқ. Икки юзи қип-қизил, тавоно*, Фақат ниҳоятда чиркин, ҳаттоки, либослари кир ила у қадар муҳр(а)ланганки, ҳабашни қаро юзидек ялтирайдур. Хулоса, бу ҳоли илан бир милйўнердан тинч ва роҳатдур…

Оқшом денгиз курсиси устинда чалқарамон ётиб уйқуға кетдим. Парахўд бир оз бешикдек тебратур. «Афандим, — турунг, фажр* қўлдан кетар. Ва ҳам Пўрт Саид кўрунди», деб Ҳожи Абдулло афанди уйғотди.

Фажрни сафоси, денгизни шаффоф мавжи, бир тарафдан шамси жаҳонтобни зиёси илан ҳаво ва фазони касб этгон латофати ва денгиз қушларини учуши ва соҳилдаги шаҳарни, денгиз мусофирларинча, чимилдиқдан чиқгон бир қиздек латофатини тамошоси тўятургон ва тавсиф қилиб битиратургон нимарсалардан эмасдур.

«Оқшомги ибодат лаззатини такрори учун араб намозгоҳиға кетдимки, намозни битирибдурлар. Ялғуз бошимға убудият этдим. Ҳар замон Мисрни ҳақиқий хўжаси англисларни зарби ва фўлоди мудҳиш парахўдлариға йўлуқармиз.

Энди Пўрт Саид жомеъларининг ҳилоллик минораси ва салиблик калисолари ва 3-4 ошёналик иморатлари ва денгиз бўйиндаги симсиз тилгироф-мухаттасининг устуни кўрунмоқға бошлади. Суэс қанолининг ишбоши муҳандиси француз Фердинанд Дулиенсни денгиз ичинда тошдан қилингон ҳайкали мусофирларға қанолни кўрсатиб тақдим қилиб турубдур.

Парахўдимизға араб дўқтури келиб, ҳаммани бирма-бир кўз ила кўрди. Карантин қайиқлариға юклар тўлуб, ўзимиз ҳам ўлтуруб, аскалаға мутаважжиҳ бўлдук. Мундаги қайиқ ва ҳаммоллар карантин идорасидандур. Қайиқ кироси, карантин пули, «начур» пуллари учун бир сўм олиб панд бердилар, 3-мавқеъға белат олганимни жазоси энди бош кўрсатди. 2-даражадаги одамлар матурлик қайиқлар ила кетдилар. Биз аларни карантиндан ўтушларини соатлар ила денгиз ичиға мунтазир қолдук. Карантинға чиқдук. Бир-бирин темур панжара ва ҳалқалардан ўтуб, табиб ва пўлис доиралариға йўлуқуб, ҳар тарафи темур панжара ила иҳота қилингон бир майдонға чиқдук. 3-даражадаги одамларни нимарсаси «начур»* бўлур эканки, яна икки соат интизор керак. Баракат берсунки, тоза чамадон ва тоза жойхобларни «начур»ға солмадилар. Чиркин кўринган ҳар нимарсани боғлуқи илан жаҳаннам мисоли «начур»тиб чиқордилар.

Бир хил мусофирлар бу замон гўё девона бўлган эди. Мани 4 қитъа нимарсамни «начур» қилмасдан тоза нимарсалар ичиға ажратдиларки, панжарани орқасидан ва узоқдан кўрар эдим. «Искандария» ўтели (дан) одми араб Алини ўтелиға бормоқчи бўлдумки, Али мани андаги сиҳҳия доираси*ға олиб борди.

Кимлигимни, поспуртсиз сўрадилар. Мисрға қайси хонау қайсй кўчада кетишим сўралди.

Дедим: «Ўтелға тушарман».

Дедилар: «Сиз 3-мавқеъ ила келибсиз, 3 кун Пўрт Саидда турарсиз, ҳаким муояна этар*, сўнгра кетарсиз…».

Ҳар на дедим, илож йўқ.

«Искандария» ўтелиға турушим ва Алини(нг) манга 3 кунғача кафиллигини пўлис ёзди. Хулоса, бандға тушдук. Агарда Мисрда махсус бир хона ва кўчасининг нўмраси ва хона эгасини оти айтулса, қўяберар эканлар. Ва Миср пўлисиға тилгироф берилиб, андаги сиҳҳия ҳакимиға 3 кун кўргузулур экан. 2-синфдагилар қачонлар Миср вагзолиға кетди.

Бошимдаги Эрон кулоҳи шафоати илан бир эроний келиб, аҳвол сўради, вуқуотни* сўйладим.

Ул деди: «Мунда “Доруссаодат” исминда ўтелим бор. Эртаға сизни Мисрға жўнатмоқ қўлимдан келур».

Яна пўлис ва сиҳҳия идорасиға бордук. Табдили макон* ва кафили ҳадидманд* қайди учун энди аввалги кафилим Али қабул қилмайдур. Лоилож беш ғуруш бадалиға Алини бандидан озод бўлуб, 2-Ҳожи Али эроний кафолатиға кирдим. Соат 8 парахўддан чиқуб эдук, энди 12 дурки, ҳоло гумрукдан чиқгонимиз йўқ.

Соат 2 да Мисрға ароба жўнайдур. 6 соат Пўрт Саидни саёҳат этиб, шу кун аср Мисрға кирмоқчи эдукки, 3-даражага келгонимиз учун ҳибсға тушдук. Гумрук(д)а нимарсаларимиз қаралди. Божилиги йўқ экан, чиқиб «Доруссаодат» ўтелиға келдик…

«Ойна» ж., 1915 йил,
6-сон, 123—126-бетлар.

(Давоми бор)

*
Сажжода – жойнамоз
Бохари – буғ
Важд – завқ-шавқ; ҳаяжон
Таслиҳ – тузатиш, яхшилаш
Тардиҳ – эзиш, майдалаш
Лотимоҳо – тиним билмас
Бахсу жидолда – тортишув, мунозара
Тавоно – бақувват
Фажр – тонг
Начур – дезинфекция
Сиҳҳия доираси – тиббий кузатув
Муояна этмоқ – кўздан кечирмоқ
Вуқуот – воқеа, вазият
Табдили макон – жой алмашинуви
Кафили ҳадидманд – ўткир кафил

[1] Таржимаси: Эй қодири Худо, бизни тингла ва тилагимизни бер.
[2] Таржимаси: Қуръон оҳангларини сен дилрабодан эшитмоқ, атрофдаги жамъи нарсага қараб  Худо сўзини эшитмоқ қандай яхши.
[3] Сўзи гудоза –гап билан овора.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар