Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Кимки бу уч сўзга амал этса ғафлатда қолмайди…

Кимки бу уч сўзга амал этса ғафлатда қолмайди…
23 Kasım 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1535 марта ўқилди.

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(2)

1

Муаллиф борасида қисқача таништириш

1971 йили Карочи дорулфунунига алоқаси бўлган улуғ шахсият Аъзам Ҳошимий билан мулоқот этиб қолдим. Ул зот менинг марҳум волиди муҳтарамим Покистон Муфтий Аъзами ҳазрат муфтий Муҳаммад Шафиъ (роҳимаҳуллоҳ) соҳибнинг ҳузурларига бир неча йилдан буён келиб турар экан. Лекин бу менинг у зот билан бўлган аввалги мулоқотим эди.

Менинг бутун аъзоларимни жунбушга келтириб юборган, 1970 йили Лоҳурда чоп этилган “Самарқанду Бухоронинг қонлик кечмишлари” номли китоб шу зотнинг кечинмалари эканлиги маълум бўлгандан кейин, тасаввур этиб бўлмайдиган даражадаги қалбий боғланишнинг пайдо бўлиши Аллоҳ томонидан бўлган ғайриоддий бир ҳолдир.

Бу боғланиш бир неча бор мулоқотимизга боис бўлди. Охирги мулоқотимиз тақрибан 1972 йилларнинг охирида бўлган эди. Шу яқин орада эшитишимизга қараганда, ул зотнинг вафот этганига бир қанча йил бўлибди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ул зотнинг фарзандларидан баъзиси Карочида, баъзиси Исломободда ва баъзилари Саудия Арабистонида истиқомат этмоқдалар.

Ўзбекистон совет босқинчиларидан озод бўлгандан буён совет босқинчилиги даврида бехабар қолдирилган бу қонли достонни у ернинг янги униб келаётган фарзандлари хабардор бўлсинлар учун ушбу китобни ўзбек тилига таржима этилишини дилдан хоҳлаб юрар эдим.

Карочи “Дорул-улум” жомеъасининг истеъдодли навниҳол толиби Абу Ҳафс менинг таклифимга кўра ушбу китобни жони дили билан таржима этди.

Аллоҳ таоло бу китобни ҳамма учун манфаатли, таржимон учун эса охират захираси этиб ўз даргоҳида мақбул этсин.

Аллоҳ ёрдам сўралувчи зотдир.

Муҳаммад Рафиъ Усмоний
21.04.1420 ҳижрий-қамарий,
04.08.1999 йил (мелодий)

* * *

Ҳижрат

У кеча менинг ёдимдан ўла-ўлгунимча унутилмайди. Ўша воқеага ҳам 38 йил ўтиб кетибди.

Ҳозиргача ўша кечанинг ҳар бир лаҳзаси хотирамга нақш каби ўрнашиб қолгандир. Минглаб кеча- кундузларни ўтиши ҳам у кечанинг ёрқин хотираларидан бирон нарсани камайтирмайди. Баъзи вақтлар шундай ҳолатни ҳис этаманки, гўёки ҳозир ҳам онам ўша тунда деворнинг ёнида туриб мени кузатаётгандек ва “Ўғлим! Аллоҳ сени сақлагувчидур! Менинг насиҳатларимни унутма! Агар унутсанг, мен сендан рози эмасман” — деяётгандек туюлади.

Бу воқеа 1931 йилнинг тақрибан февралнинг охири ёки мартнинг бошларидаги ҳодисалар хотирасидир.

Мен ўзимнинг кроватимда ухлаб ётар эдим. Онажоним мени оҳиста овоз билан уйғотди. Мен уйғониб кўзларимни ишқалаб ўтирдим. Тезда ҳамма нарсага тушундим. Она-бола бир неча кунлардан бери қилиб юрган маслаҳатимизнинг амалга ошиш вақти етган эди.

– Тур, ўғлим таҳорат қил — дедилар онам ва кўзага сув тўлдира бошладилар.

Туриб таҳорат олдим. Сўнгра она-бола икковимиз даргоҳи илоҳийга эгилиб икки ракаатдан намоз ўқидик.

Онам аврод ва вазоиф (махсус оят ва дуолар) ўқиб дам солдилар. Кейин ошхона тарафга кетиб ўн беш-йигирма дақиқалардан сўнг дастурхон кўтариб кириб келдилар, бир қўлларида сихлик кабоб бор эди. Кабобни ўз қўллари билан едирдилар.

Таомдан сўнг онам:

– Жигаргўшам тур! Бегуноҳ ука ва сингилларингнинг дийдорларига охирги марта тўйиб ол — дедилар.

Аста юриб уларнинг кроватларига яқинлашдим. У маъсум “фаришта”лар дунёи жаҳондан бехабар ухлашарди. Беғубор покизалик уларнинг чеҳраларида ярқираб барқ урарди. Мен қайта-қайта уларнинг пешонасига қўлимни қўйиб уларнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан хайру-офият тиладим.

Бу менинг сабримни имтиҳон этилиш вақти эди. Муҳаббат ва меҳри-шафқат сарчашмалари юракларимда қайнай бошлади. Эҳтимол мен бундан сўнг уларни қайта кўра олмасман. Ўйлаган сари кўз ёшларим қуйила бошлади. Лекин кўз ёшларимни киприкларимда қуритишга тиришардим. Онам 65 ёшларда эди, лекин ҳимматлари навқирон йигитлардан ҳам зиёда эди.

Онам бир зум менга қараб туриб: “буёққа юр, ўғлим!” — дедилар. Овозларида озгина титроқ бор эди. Онамнинг бу ҳолатларидан ўз туйғуларини яширмоқчи эканлари сезиларди. Кичикроқ тугунчани кўтариб ҳовли томон юрдилар. Ҳужрадан чиқиб ҳовли саҳнига етдик. Дарвозани очдим, ҳовли саҳнидан боғча тарафга ўтдик. Она бола мусаффо осмон остида хилма-хил мевалар ўртасида турардик.

Онажоним пешонамдан ўпиб: “Ўғлим! Сен ҳамма орзу-умидларим таянчисан. Лекин кўриб турганингдек, азиз ватанимизда яшаб, сидқидил мусулмон ҳолатингда менга хизмат қилолмайсан. Шунинг учун сенга бу азиз ватанингда иймонсизлик таъсир этмасидан аввал, бошқа бир дину диёнатлик озод мамлакатга ҳижрат қилишингга ижозат бераман. Аммо бир шартим бор, мумкин қадар дунё мусулмонларига Туркистон мусулмонларининг қувватсизлиги ва дини исломнинг оёқ-ости қилиниб, хорланаётганини етказасан. Ўғлим, мен сени бирор марта ҳам бетаҳорат эмизмадим. Агар бу сўзларни унутсанг, мен сендан ҳеч қачон рози бўлмайман. Ваъдага вафо этиш ва собитқадамлик инсоннинг шарофати ва улуғлик белгисидур” — деб, қўлларидаги ёстиқсимон кичкина тугунни бериб:

– Буни яхшилаб сақла, хусусан бунинг ичидаги Қуръони каримни ўз руҳингнинг бир ҳиссаси қилиб ол. Мақсад этган манзилингга етгандан сўнг, ҳозирги жилдини ўз қўлинг билан кўчириб, янги муқова қилгин. Эски муқовани ўз қўлинг билан кўчир-да, сўнгра уни ёқиб кулини бирон дарё ёки қудуққа ташлаб юбор — дедилар.

Ушбу сўзларни алоҳида таъкидладилар:

– Огоҳ бўл! Сени она ватанингдаги бирон нарса ғафлатда қолдирмасин. Ҳамдардларга ҳамдардлик қилишни унутма! Аллоҳнинг душманлари ва мулкни зўравонлик ила тортиб олгувчи босқинчилар сенга ҳеч қачон дўст ва хайрихоҳ бўла олмайдилар.

– “Қўрқоқ инсон ўз мақсадига ета олмайди”,

– “Иймондан ортиқ улуғроқ неъмат йўқдур”,

– “Йигит ўз сўзидан қайтмас”.

Кимки бу уч сўзга амал этса ғафлатда қолмайди… Онам узоқ насиҳат қилдилар.

Бу ваҳимали кечанинг охирги қисмида гоҳ-гоҳида хўрозларнинг овози эшитилар эди. Ой ёришиб, дарахтларнинг сояси ёйилиб қолганди. Боғчадан чиқиб деворнинг қуйи томонидаги қисмига етдик. Онам қўл кўтариб дуо қилдилар. Сўнгра қўллари билан бошимни силаб, елкамга қоқиб:

– Қани, жўна ўғлим! Аллоҳ сен билан, ўзи сенга мададкордир — дедилар.

Мен охирги марта уй ва боғимизга назар солдим. Бу боғдаги қанчадан-қанча ниҳолларни ўз қўлим билан ўтқазиб, парвариш этиб ўз меҳнатим ва пешона терларим билан суғорган эдим.

Ушбу уйда туғилдим, униб-ўсдим, улғайдим. Хонадонимиз бизларнинг аждодий тарихимиз гувоҳи эди. Ҳаттоки, ҳар бир тошлари ўтмишнинг достонлари ва менинг болалик хотираларим пайвастаси эди.

Буларни эслаб, чуқур нафас олиб хўрсиндим. Онажоним билан хайрлашиб девордан ошиб кўчага чиқдим. Боғимиз ва катта кўчанинг ўртасида қабристон бор эди. Қабристонга сукунат чўккан, мен эса бузилган қабрларни ва тупроқлардан бунёд қилинган паст-баланд гумбазларни кўриб қалбимга қўрқинч тушди. Ўзимни қўлга олиб қабристонга кирдим. Қўлимда онам берган тугунча бор эди. Бир неча қадам босган ҳам эдимки, боғимиз тарафдан онамнинг ғайритабиий қичқирган овози келди. Тезда бурилиб боққа қайтдим. Ногаҳон, онамни девор остида беҳуш бўлиб ётганини кўрдим. Оғзиларига сув томчилатган эдим кўзларини очдилар ва мени кўриб:

— Сен нимага қайтиб келдинг? Ўз манзилингга етишда беҳимматлик қилма! Бизнинг ҳимоячимиз ҳар нарсага қодир зотдур, унинг мавжудлигига иймон келтириш ҳар бир ақллик илм эгасининг ҳаёт сармоясидир! — дедилар.

Онамни шу ҳолда ташлаб, номаълум манзил тарафга равона бўлдим.

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар