Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Ваҳҳобий” қонини ювган Паша

“Ваҳҳобий” қонини ювган Паша
29 Kasım 2016 - 8:00 'да юкланди ва 1606 марта ўқилди.

Сафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.
Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(36-қисм)

Йигирма иккинчи боб

13 май тонги. Якшанба. Соқчиларнинг даҳлиз бўйлаб “уйғон”, “уйғон” деган қийқириқлари тонги соат олти бўлганини англатди. Туман ва шаҳар ҳибсхонасида тартиб бошқача. Тартиб кучайиши қамоқхоналар тобора яқинлашаётганидан дарак берарди.

Баҳром кеча тунда ёстиққа бош қўйганидан кейин, тонгача алаҳсираб чиқди. У ухладими ёки туш кўрдими, ўзи ҳам билмайди. Уч кун ичида бошидан кечганлари қозонида қайнади. Қийноқларга тутиниш хавфи бутун шуурини емириб, уйқусида ҳам қутқу солиб турди. Уч кун мобайнида эшитган мудҳиш мишмишлари руҳини синдириб, юрагини илондек чақди. Хайрият, уни тунда ҳеч ким безовта этмади. Бу лахмачлар ва чақимчилар бўлмаган камерага тушганидан дарак берарди. Уларсиз ҳам таҳқирларни, руҳий ва жисмоний азобларни қайта бошдан кечирмоқлик осон кечмади. Аммо, ҳар нима бўлганда ҳам, камерада лахмач билан чақимчи бўлмагани қувонарли эди. Бошқа барча қийинчиликларга чидаса бўларди.

Тўрт кун ўзига қарашга имкон топмаган Баҳром, ҳибсхонада ювиниб, биринчи бор соқолини қиртишлади.

Шотахта атрофида уч маҳбус овқатланарди. Улар орасида Баҳром ҳам бор эди. Олти кимса бир вақтда шотахта атрофига сиғмагани боис, улар иккига бўлинардилар.

Қайнатиб, ёғга аралаштирилган макаронни еса бўларди. Йигирма саккиз кундан буён ётган Иршоднинг сўзига қараганда, овқатлар сифати сўнгги ҳафтада бир оз яхшиланипди. Илгари улар оғизга олишга ижирғанадиган даражада дабдала бўлган экан. “Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ташкилотлар ташрифи аҳволни ўзгартирди”, дейишарди маҳбуслар. Бу каби гап-сўзлар шаҳар ва туман ҳибсхонасидаги гап-сўзларга ўхшарди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мустақил ташкилотлар билан Қизил хоч ва Қизил ярим ой жамиятини кўпчилик чалкаштирарди. Халқаро ташкилотлар қанча пайтдан буён “Андижон фожеалари” бўйича мустақил сўров ўтказишни талаб қилиб келади. Ҳукумат қайсарлик билан бунга рухсат бермаяпти. Сабаби, президент ҳали ўз қўли билан ўзига гўр кавлайдиган даражада  ақлдан озмаган. Қизил хоч ва Қизил ярим ой жамиятиларини қамоқхоналарга киритишнинг бош мезони улардан ҳукумат бир нима ундириш пайида эди. Шу боис халқ орасида “Бизникилар Қизил хочга пора берипдимиш” деган мишмишлар тарқалганди. Ҳукумат тўқиган бу уйдирма Қизил хочнинг халқ орасидаги обрўсига путур етказишга уриниш эди. Аммо бир нарса ҳақиқат эди: Қизил хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари вакиллари қамоқхоналарга минг марта кириб-чиққанларида ҳам, аянчли аҳвол зиғирча ўзгармасди. Хайриялар маҳкумларгача етиб бормасдан, уларни ҳукумат вакиллари еб битирардилар.

Овқатланиб бўлиб, шконкада ўтириб, ширинчой ичаётган Иршод:

– Қизил хочнинг Тоштурмага келиши бор гап! – деди. –  Ўтган кун тарбиячи Воҳид улар олдида ўзимизни қандай тутишимиз, саволларга нима деб жавоб беришимиз хусусида бизларни машқ қилдирди. Аммо ҳалигача улардан дарак йўқ.

Қайнатгични қайнаётган кружкадан олаётган Ташан:

– Кечирипсиз, ока! – деди лабларини иккига бўлинган шафтолидек лорсиллатиб. – Ахборотингиз учун, улар ўтган кун кириб-чиқди.

Ғаши келган Иршод:

– Турма бошлиғининг ёрдамчисига ўхшаб гапирасан-а! – деди. – Ўзинг бизга ўхшаган бир маҳбус бўлсанг, тўрт девор ичида ўтириб, бу ахборотларни қаердан оласан, ақлим етмайди?!

Иршод атайлаб илмоқли гапирди. У “қулоқ эмасмисан, мабодо” деган шамани қилаётганди.

– Ока, камерага кирганимдаёқ, ушбу бино ертўласидаги жаҳаннамдан чиқдим дея сизларни огоҳлантирдим! – деди жаҳли чиққач Ташан ҳам. – Икки ойдан буён бошимдан кечирганларимни ўзингизга сўзлаб бердим-ку. Халқаро ташкилот вакиллари келиб-кетганини лахмачлардан эшитганимни ҳам сизга айтгандим. Била-кўра, тағин қичиқ қиляпсиз!

Унинг бўғилиб кетаётганини кўрган Иршод:

– Ўзингни бос, ука! – деди. – Эрта бир кун бу жойлардан қутулиб чиқсанг асабларинг керак бўлади. Гапларинг тўғри, бироқ Қизил хоч ҳақдаги гапингни англамасдан қолипман. Ёки ўзинг хаёлингда айлантиргансан-у, бизга айтиш эсингдан чиққан.

Бу гапларни тинглаб, нонушта қилаётган Паша:

– Сиз ноўрин гапиряпсиз, Иршод ака! – деди унга бурилиб. – Ташан барчасини айтганди. Аксинча, ўзингизнинг хаёлингиз бошқа жойда бўлган.

Номерини ўтказа олмаган Иршод:

– Вой-бўй, шунга шунчами? – деди. – Келиб кетса, келиб кетипди-да, бизга иссиқ-совуғи йўқ. Бизникилар ўшаларнинг чўнтагига ҳам ул-бул тиқиб, ўзларига оғдирадилар барибир.

 Баҳром кеча тунда, йўқламага яқин камерага ташланган бўлса, Паша билан Ташан ўтган кун ушбу бино ертўласидан олиб чиқилган эдилар. Улар ҳам аслида бир неча кун бурун шаҳар  ҳибсхонасида эдилар. Элакдан ўтказиш учун уларни тезкор гуруҳ вакиллари бошиданоқ лахмачларга рўпара этгандилар. Уларнинг лахмачлар томонидан обдан суви сиқилиб, қуруқ пўчоғи қолганди.

Уларнинг иқрорига кўра, бино ертўласи ўнг ва чап қанотга бўлинарди. Битта қанот ички ишларга, иккинчиси миллий хавфсизликка қарашли эди. Нафақат 4-бино ертўласи, Тоштурмадаги тўртта бино ертўласи ҳам қийноқларга мослаштирилган. Уларда ички ишлар билан миллий хавфсизлик ҳамкорликда иш юритади. Икки ташкилот номи ҳар хил бўлгани билан вазифалари ва мақсад-чегаралари бир хил эди. Иш услубида ҳам тафовут йўқ. Маҳбуслар фикрича, ҳибсхона бошлиғи ички ишлар вакили бўлса, унинг биринчи ўринбосари миллий хавфсизликка ишларди.

 Ташан етмиш икки кун ертўлада ётди. Унинг ёруғлик кўрмаган афт-ангори арвоҳники сингари оппоқ эди. Сўзларига қараганда, “Андижон фожеалари” етакчилари деб кўрилган акромийлар ҳам 4-бино ертўласида сақланаётипдилар. У ётган камера лахмачлар йиғилишиб турадиган марказ бўлгани боис, Ташан кўп нарсанинг гувоҳи бўлганди. Акромийлар йўлбошчиси Акрам Йўлдошни “Андижон фожеалари” ортидан хорижга қочган ҳаммаслакларига мурожаат қилишга мажбурлаган эдилар. Ташаннинг сўзича, ҳукумат талаб этган мурожаатномани у лахмачларнинг аёвсиз қийноқлари остида, ўз қўли билан кўчириб ёзганди. Зўравонлик билан ёздирилган ушбу сохта ҳужжат дунё жамоатчилигини чалғитишга хизмат этиши лозим эди. Кейин Акрам Йўлдош дунё оммавий ахборат воситалари ходимлари олдида жиноятига иқрор этиларди. Бу кичик ишга йиллар бўйи катта тайёргарлик кўриларди. Қийин-қистоқлар натижасида қачонлардир Муҳаммад Солиҳга қарши кўрсатма берган маҳкум Зайниддин Асқаров “хато”сини Акрам Йўлдош такрорламаслиги зарур эди. Миллий хавфсизлик ходими ҳожатга чиққанида аввалги айтганларидан тонган Зайниддин Асқаров тўғрисини сўзлаб ҳукуматни дунё кўзи ўнгида шарманда этгани хавфсизлик ташкилотига улкан сабоқ бўлган эди. Чув тушмаслик учун Халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ниқоби остидаги бир неча маҳаллий журналистлар, “Андижон фожеаси” ва йўлбошчиси иштирокида ўндан ортиқ кўрсатувлар тайёрлаган эдилар. Кимнинг кимлигини фарқлай олмайдиган бечоралар саволларга хавфсизлик ташкилотлари ўқитганидай қилиб жавоб қайтарардилар. Аслида, ҳеч қанақанги “акромийчилар” деган ташкилотнинг ўзи йўқ эди. Ҳукумат хунрезликлар изини йўқотиш учун бир гуруҳ ишбилармонларни бадном этишга тиришарди.

 Пашанинг “шифт”га кўтарилмасдан бир кун илгариги рўй берган воқеа ҳақидаги ҳикояси Ташанникидан ўтиб тушарди.

…Ваҳҳобийликда айбланган диндорни одамхўр бир маҳбус камерасига ташлашипди. Карис миллатига мансуб у одамхўр қурбонларини қандай бўлакларга бўлганини, қайси аъзоларини хуш кўриб ейишини айтиб, мақтанаверипди. Камерада ойлаб ёлғиз ўтирган одамхўрнинг дард айтиб юрагини бўшатгиси келипди. Руҳий хаста ёки шунақанги ёвузлар камерасига ваҳҳобийлар ёхуд ҳизбу таҳрирчиларни ташлаб азоблаш аслида олдиндан режалаштирилган тадбир эди. 159-модда билан қамалган маҳбусларга ҳукуматнинг ғазаби хавфсизлик ташкилотларидан ҳар хил жазо усуллари ўйлаб топишни тақозо этарди. Буни маҳбуслар ва маҳкумлар жуда яхши биладилар.

Чунончи, одамхўр билан бир камерада ўтиришни хоҳламаган “ваҳҳобий” бир неча марта эшикни қоқиб, бошқа камерага чиқиш учун ялиниб-ёлворади. Одамхўрни ўлдириб қўйиши мумкинлигини айтиб, гуноҳни бўйнидан соқит этади.

Буни шунчаки дўқ-пўписа деб ўйлаган миршаблар унинг истагини инобатга олмайдилар. Аксинча, унинг руҳий азоб тортаётганидан ҳузурланиб, ўзини масхаралайдилар. Иш чиқмаслигига кўзи етган “ваҳҳобий” одамхўрнинг бошини деворга уриб ўлдиради ва эшикни тақиллатиб, “Мурдани олиб чиқиб кетинглар энди”, дейди.

Ғазаб отига минган тезкор вакил соқчиларга “ваҳоббий”ни даҳлизга судратиб олиб чиқартиради, ечинтириб, устидан муздай сув қуйдиради. Шолкалтак билан уради, тепалайди, ҳақоратлайди, таҳқирлайди. “Ваҳҳобий”, “Тангрим, сабр бер”, дея учта сўзни такрорлайверади. Тезкор вакил “Тангри” номини эшитгани сайин фиғони фалакка чиқади. “Ваҳҳобий” аёвсиз калтаклардан ўлар ҳолатга келганда ҳам, “Тангрим, сабр бер”, дея такрорлайверди. Тезкор вакил ва учта соқчининг тўхтовсиз калтакларидан унинг бир кўзи оқиб тушиб, тишлари тўкилди, аммо ҳалиги уч сўзни айтишдан тўхтамайди. Охири оғзи-бурнидан қон отилиб, ҳушидан кетади…

“Ваҳҳобий” қонини ювган Паша:

– Ертўла даҳлизида худди мол сўйилгандек ҳар куни эрталаблари қон оқиб ётади! – дейди.

 Унинг сўзларидан Баҳром чуқур хўрсинди. Иршод, “бу ерда ҳар кун юзлаган бунақанги ҳодисаларни эшитасан, ўзингни йиғиштир” дегандек, унга назар солди. Шунда даҳлиз бўйлаб миршабларнинг:

– Йўқламага тайёрланинглар, йўқламага! – деган овозлари янгради.

4-бино маъмури Илҳом ва тезкор вакил Муродали учта соқчи билан саф олдида турарди.

Бино маъмури, сариқдан келган, ўрта бўйли, ёш бўлишига қарамасдан, қорни осилган бир зобит эди. Бу кимсанинг овқатни хуш кўриши уйқуси ўчмаган чақалоқники сингари кўпчиган юзларидан билиниб турарди. Эрталаб туриб, юз-қўлини ювишга улгурмагани ҳам кир илашган киприкларида ёзилганди. Танбал бўла туриб овқатни хуш кўриши ҳисобга олинса, унинг яқин йиллар ичида чўчқадай семириш эҳтимоли бор эди. Бошқа ёқдан, ҳаракатсизлик уни касалга чалинтириб, чўпдай оздириши ҳам мумкин эди. Турмуш тарзидаги нуқсонли одатларини ўзгартирмаса, ҳар икки ҳолатда ҳам унинг ҳаёти фожеали тугарди.

Аллан бу гал ҳам, русчалаб:

– 67-камера, камерада олти маҳбус бор. Ариза ва шикоятлар йўқ! – дея ҳисобот берди.

Тезкор вакил ҳисобатни эшитгач, жун босган муштини тугиб:

– Муштларим болғадан қаттиқ, камерадан “тиқ” этган товуш чиқса, бир уриб, миянгизнинг қатиғини чиқараман, киринглар! – деди.

Билакларини қалин жун босган йигирма беш ёшлардаги бу йигит Баҳромнинг кўзларига масхарабозга ўхшаб туюлди. Тузумнинг жиддий одамларни ёқтирмаслиги – шоғоллар армияси сафларида хизмат этиш учун масхарабозликка даъват этарди. Масхарабозлик қўлидан келмаган кимса жамоада масхара бўларди. Бу томонларини Баҳром ҳали англамасди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар