Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўз жигаримнинг менга деганлари: “Нега шунақасиз? Нега бунчалар ёмонсиз, холажон? Нима учун ҳамиша тузини еб, тузлиғига тупирасиз?!”

Ўз жигаримнинг менга деганлари: “Нега шунақасиз? Нега бунчалар ёмонсиз, холажон? Нима учун ҳамиша тузини еб, тузлиғига тупирасиз?!”
01 Aralık 2016 - 6:30 'да юкланди ва 1631 марта ўқилди.

img_20161118_142729(Илтимосим, буни биргина менинг, журналист Малоҳат Эшонқулованинг кўргуликлари деб ўқимасангиз…. Буларни халқнинг, ўзбекнинг кўргуликлари, ўзбекнинг шўри, миллатнинг қаро қисмати деб қарасангиз дегандим…. Мен бу ерда шунчаки “тажриба қуёнчаси”ман холос…. Халқнинг, одамларнинг кўргуликларини ўз танамда, ўз ҳаётимда синовдан ўтказмоқдаман холос….)

Шунақа деди менга.

Яна ким денг?

Ўз жияним.

Ҳа, ўша, ўзим билан “посудамойчик” бўлиб ишлайдиган қиз мендан норози бўлганча “Юзингда кўзинг борми?” демасдан шундай деди: “Нега бунчалар ёмонсиз? Сизни бу қадар ёмонлигингизни билмас эканман! Нега тузини еб тузлиғига тупирасиз? Ўша, ТВда ҳам шундай қилгансиз? Ризқ еб, тузини ичиб, тупиргансиз. Ана шунга сизни ишдан ҳайдашган. Боп қилишган! Биламиз, сизга пул керакмас. Аммо бизга керак. Ўзингизни ўйламасангиз, лоақал бизни ўйланг. Олдимиз қоронғи қиш. Бу ерга тўрт сўмлик бўлайлик, мактабга қатнайдиган болаларимизнинг эгнини бут, қорнини тўқ қилайлик деб келганмиз. Сизнинг бу ердаги дардларни достон қилганингиздан кейин бизни ишда олиб қолишармиди? Сизга қўшиб бизнинг ҳам кетимизга тепишади-ку?! Менга деса, нажасини қора қозонда қайнатиб, бўтқа қилиб ошатишмайдими-я-а хўрандаларга, сизга нима-а, сизга нима? Бир марта ишдан тепилганингиз дарс бўлмадими? Жим юришни ўрганмадингизми? Қараб туринг, ўзингизга қўшиб бизниям хароб қиласиз, бизниям жувонмарг қиласиз ҳали!…”….

Мабодо, ресторандаги одамларнинг ўз пешобига ликопчасини чайиб таом тортишдек иллатни ошкор этганим “нонкўрлик” бўладиган бўлса, ҳа, мен ўшаман: “Тузини еб, тузлиғига тупирадиган нонкўрман”.

Ана, энди ўзингиз ўйланг, мен ўзим “қўли пул кўрсин, рўзғори бут бўлсин, тўрт танга топсин” дея қишлоқдан чақиртирган тўртта жиянимнинг эртасини ўйлашим керакми, ё 31 миллионлик халқимни, халойиқни ўйлашим, кўпнинг саломатлиги ҳақида қайғуришим керакми? Ўз жигарларимга ҳам ачинаман, мени деб ишсиз қолишларини истамайман, албатта, бироқ, бу менга кўрган билганларимни айтишимга халал бера олмайди. Мен ўлсам ҳам ҳақни айтиб жон беришим керак. Тўппа-тўғри, ЎзМТРКдан ҳам худди мана шундай бад феълим учун ишдан қувилганман. Айтиш мумкин бўлмаган ҳақиқатларни айтиб қўйганман. Шунинг учун….. Аммо не қилайки, бунингдек қаро қисмат менга сабоқ бўла олмади-да… Айтишади-ку, “Сут билан кирган жон билан чиқади” деб… Онам раҳматлик гоҳида “Отангга ўхшамай кетгин сен….” дердилар оҳистагина эркалаган оҳангда…. Отамга ўхшадим мен. Отамни Хўжам деса ҳеч ким танимасди. Исмининг қаватига “ўрис” лақабини танғимасангиз бўлмасди, таний олишмасди. Отам раҳматликни албатта “Хўжам ўрис” дейиш керак эди, шарт эди…. Ҳақиқатпарварлиги, ҳалоллиги учун шундай лақаб танғишганди отамга…. Бу ерда ўрисларнинг давлати, ўрисларнинг ҳукумат бошқаруви ҳақида гап кетмаяпти… Ўрисларнинг феъли, тик сўзлиги ҳақида сўз бормоқда…. Ҳарҳолда… Ўрисларнинг феъли ўзгача… Бетингда кўзинг бор демайди… Ҳаққини талаб қилишни қўймайди…. Истайсизми, йўқми, ўрисларнинг феъли бўлакча…. Отамга ўхшадим мен, нима қилай? Қонимда бор менинг ўрлик, ўжарлик….

Хуллас, “Шерхон” чойхонасидан қадамимиз тийилгач, интернетдан ўзимизга муносиб иш қидирдик. Қарасак, “Лаззат макон” фаррошликка таклиф қилади. Кунлик маош 30 минг сўм” деган мазмундаги эълонда манзилларини кўрсатиб қўйишибди. Оёғимизни қўлимизга олиб чопдик. Борсак, идиш-товоқ ювишга одам излаб илҳақ ўтиришган экан. Бир эмас, тўртта “посудамойчик” керак экан. Бу “қароргоҳ” ҳам Учтепа туманида, “Кўкча-Оқтепа” маҳалласида жойлашган. “Лаззат макон” ресторани уч қаватли бўлиб, биринчи қават – “подвал” – ертўла “Кафе-бар”, иккинчи қават – ресторан, учинчи қавати – чойхонадан иборат эди.

“Посудамойчик”ларнинг хонасини кўриб, кўнглим ёришди: Ҳайҳотдек хона, ёп-ёруғ, иссиққина, “утеплённий” пол, “посуда мойчик”ларга учта раквина – турли русмлардаги рюмкалар, чойнак пиёлалар ёғзис бўлганлиги сабабли, уларга алоҳида раквина, қошиқ-санчқичу, шашлик сихларини, тамакидон, туздон, “соус”ларни соладиган идишларни, “салфетница” идишларини ювиш учун алоҳида раквина, 8, 9 – рақамли ликопчаларни, турли ош лаганларни ювишга алоҳида раквина қўйилганди. Учта раквинага учта “посудамойчик” керак экан. Бундан ташқари, “подвал”даги “кафе бар” да ҳам “посудамойчик” учун алоҳида хонача бўлиб, битта бўлса-да алоҳида раквина қўйилганди. Мана, бу бошқа гап: бунингдек шароитда ҳарқанча ишласанг, арзийди. Шароитлар муҳайё. Иссиқ-совуқ сув тайёр. Бироқ бу ерга битта эмас, бира йўла тўртта идиш-товоқ ювадиган ходима керак экан. Дарҳол қишлоқдан болаларини боқишга қийналаётган иккита бева жиянимни чақритирдим. Ҳар куни 30 минг сўмдан, ойига 900 минг сўм иш ҳақи. Ичини оғритадими? Қишлоқда бир йил пахтада ишлаб ҳам қўли бунингдек пулни кўрмайди-ку!

img_20161118_173705041

“Лаззат макон”га боришга отлангандим, қизим “Ойи, олий маълумотли тажрибали, иқтидорли журналист идиш-товоқлар орасида ўралашиб юришга уялмайсизми? Шу иш сизга тўғри келадими? Касбингизга ярашадиган ишни қилсангизчи?” деди норози тўнғиллаб.

– Нима қипти? Ўзи аёлнинг асл касби “посудамойчик”лик-ку? Шусиз ҳам оилада 4 кишига “посудамойчик”ман. Иш кўламини кенгайтириб, шу хизматни 4 кишига эмас, 400 кишига қилсам, осмон узилиб ерга тушармиди? Касбнинг яхши-ёмони бор эканми? “Посудамойчик” одам эмасми? Мен танлаган касбдан ор қилмай қўя қолинг. Бу – айни менбоп иш. Ҳеч кимга тилим-жағим тегмайди. Тинчгина ишлайман. Сайлов олди ҳарқанақа сиёсатидан йироқроқ бўламан, – дедим дангал. Дедиму, ишга шунғидим….

Хуллас, тўрт хола-жиян “Лаззат макон”нинг “посудамойка”сини “ишғол” қилдик.

Очиғи, шу чоққача мен “Одамларда пул йўқ. Улар рўзғорини тебратишга зўрға сармоя топишади. Овқатланиш шаҳобчаларига кириб, тамадди қилишларига йўл бўлсин” деган ўйда юрарканман. Қайда, ҳар куни “Лаззат макон” ресторани тўла одамммм! Азборойи идиш-товоқларнинг сероблигидан “Эй, бу одамларнинг бошпанаси, рўзғори, уйида қозони, қора қозонини қайнатадиган завжаси йўқмикин-а?”деб юборасан киши гоҳида! Лекин нима бўлгандаям “клент” кўпайса, “тилло топган тентак”дек суюнамиз: “Маошимизни кечиктирмай беришади!”. Негаки, бу ерда ҳамма жойдаги каби кунлик иш ҳақингизни кунда эмас, ҳар шанба куни тунги соат 24.00 ларда улашишаркан. Яхши-да, кўлингиз “дўржи”гина пул кўради!

Лоф эмас, бир кунда бу ресторан йўқ деганда, ўлдим деганда 20 миллион касса ёпаркан, тўғриси.

Завқ билан иш бошлагандик. “Бу ерда ҳамма шароитлар муҳайё экан, демак, “Шерхон”даги туалет сувини тўкишдек расвогарчилик бу ерда бўлмаса керак” деган хаёлда эдим. Хомтама бўлган эканман. Қайда. Ишнинг биринчи куниданоқ 17 ёшли фаррош қизалоқ – Севара ва Зарнигор (катта қизимнинг исмидан экан. Шу сабабми, бу қизалоққа меҳрим тушди) пол ва ҳожатхона ювган сувини биз-уч хола-жиян идиш-товоқ ювадиган раквинага ағдаришни бошлади: қоп-қора балчиқ: соч, қил, қоғоз, тиш кавлагичлар… Қум заррачаларига ўхшаш лойқа нарсалар…. Кўрснагиз, кўнгилларингиз айниб кетади. Кўзингиз тушгудек бўлса, ўлдиришса ҳам пул тўлаб бунингдек ресторандан танаввул қилмаган бўлардингиз. Менинг хаёлимга келган илк фикр нима бўлди, биласизми?: “Бойвачча хўрандалар пулларига юқимли ва бедаво дардларни сотиб олиб кетишмоқда! Шуни ўзлари билишармикин?!”. Ишимнинг илк кунлари ўзим билан қошиқ ва пиёламни кўтариб юришимга тўғри келди. Негаки, ҳожатхона сувига ювилган идишларда танаввул қилишни кўнглим тортмасди…. Йўқ, сиз ўйламанг, “Лаззат макон”нинг ҳожатхоналари АҚШ элчихонасининг ҳожатхонаси каби (ҳарҳолда ҳорижда бўлмаганман, биргина элчихоналарнинг ҳожатхоналаринигина кўрганман, холос) “унитаз”идан сув олиб ичадиган даражада тоза, озода, қарасангиз, аксингиз кўринадиган – ойнага қараб, сочини тарайдиган даражада ялтироқ, кўз оладиган эмас-да! Ҳамма гап мана шунда. Яхшиямки, “Шерхон” чойхонасининг ҳожатхонасига иккита аёл фаррош, битта салатчи ва битта аёл “завзал” билан қўшиб ҳисоблаганда, бор-йўғи тўрт-бештагина аёл кирарди. Қолган мижозларнинг бари, номи чойхона эмасми, эркаклар. Тикка туриб, “ушлаб-чоптирадиганлар”, чоптириб, чор-атрофга сачратадиганлар! Бунингдек очиқлигим, беҳаёлигим учун ўқувчилар кечирсинлар мени! Лекин, на илож, “Шерхон” чойхонасида эркакларнинг пешобини ювиб, пешоб олут лойқа сувларини раквинамда ликопчаларимнинг устига ағдаришарди…. “Лаззат макон”да эса… Кечирпасиз-у… аксарият мижозлар аёллар…. Аёллар бўлаганида ҳам “сидримгина” аёллар эмас, ҳижобли хонимлар! Хўш, ҳижобли хонимлар қош-кўзини бўяб, сочини селкиллатиб юрадиган хотинлар-қизлардан нимаси билан фарқ қилади? Шуниси билан фарқ қиладики: аввал, тушунтириш ишларини ҳожатхона қурилишидан бошласам дегандим: “Лаззат макон”нинг “дама”лар учун мўлжалланган иккита ҳожатхонаси мавжуд бўлиб, уларнинг иккисига ҳам айнан мана бунақанги унитаз ўрнатилган:

izdelie-s-otdelnoy-polochkoy

Бироқ, минг афсуски, ҳижоблилар, номозхонлар учун таҳоратхона ва ё ерга ўрнатилган (қандай тушунтирсам экан?), ўзимизнинг одми ҳожатхоналар каби, унитазни ерга ўрнатишади-ю, биласизми, чўккалаб ўтирадиган… айнан шунақанги, айнан мана бундай ҳожатхоналар ўрнатилмаган.

images

Яъни, хуллас, ҳожатхона қуришаётган маҳалида мижозларнинг эҳтиёжлари ҳечам ҳисобга олинмаган. Алал-оқибат бизнинг ҳижобли аёл мижозларимиз ҳожатхонадан фойдаланишаётганларида нима қилишади денг: улар мана бунақанги қилиб, президент Путин каби “унитаз”ларга ўлиб қолишса кетларини қўйиб ўтиришмайди:

3dd5286-duty

na-snimke-unitaz-fayansovyy-tarelchatyy-s-tselnootlitoy-polochkoy-takaya-forma-chashi-menee-prakti

Бизнинг номозхон мусулмонларга ҳамма кетини қўйиб ўтиришга мўлжалланмаган, сидиримгина, ўзбекона( беҳазил айтаяпман) мана бунақанги ҳожатхоналар керак:

images

Тинчгина, чўккалаб ўтирса бўладиган ҳожатхоналар зарур…. Бунақалари эса йўқ. Нима қилиш керак. Заҳар қисталанг қилган бир пайтда бизнинг ўзбек аёллари “Бор-э!” дейдида

izdelie-s-otdelnoy-polochkoy

кетингизни қўйиб ўтирадиган унитазнинг устига икки оёқлақ чиқиб олиб “чоптиришади”. Қарабсизки: чор-атроф пешоб”! Шунчаки, қуруққина пешоб бўлсаям гўрга-ёв! Қонталаш пешоб бўлсачи?! Ортидан кирган киши ҳожатхонадан фойданалиб чиқан аёл ҳайз кўрганми, йўқми, бемалол, “диогноз” қўйиши мумкин бўлади. Бир ой ишлаб бирор маротаба ҳожатхонага кирган аёл (айнан ҳижобли) мижозларнинг “тешигини тешигига” тўғрилаб ўтирганларининг гувоҳи бўлмадим-да ҳайтовур…. Яна “унитаз”нинг устига чиқиб олиб “бакалажка”даги сувда таҳорат олишларига ўласизми?…. Ана сизга томоша!…. Ҳожатхона ювишга масъул 17 ёшлик фаррош қиз шўрлик 15 соат аёлларнинг пешобини, пешоб бўлгандаям қонталаш пешобини артиб-суртишга мажбур… Шунчаки… мажбургина эмас… Бу қонталаш пешоболут сувни биз идиш-товоқ юваётган раквинага шариллатиб тўкканига нима дейсиз?! Яна, устига-устак туалит раквинасини артиб-суртган латтасини “пасуда” ювишга мўлжалланган раквинага ювишиничи?

Вой дод! Бунингдек ҳолатларнинг гувоҳи бўларканман, ногоҳон кўз олдимга шу йиллар давомида “Ғиждувон”, “Зиё нур”, “Қашқадарё миллий тамолари”, “Будур” каби кафе-ошхоналарда жиз, шашлик, табака каби турфа таомларни танаввул қилганларим кўз олдимга келиб, қўнглим айниб кетади. Қусгим келди. Қайт қилиш учун яна ўша “машҳур” ҳожатҳонага югургилайман!…. Шу йиллар давомида соққамга нима сотиб олиб истеъмол қилганимни тасаввур қиламану… хуноб бўламан… Аттанг қиламан… Ҳали шунақамиди?! Беш дақиқаси кам замон талабларига жавоб берадиган уч қаватлик пойтахтнинг машҳур “Лаззат макон” ретсоранида аҳвол шу бўлса, қолган “ҳашаки” овқатланиш шаҳобчаларининг ҳоли қандоқ экан? Тасаввурларимга сиғдира олмайман! Ҳалакман!

Йўқ, мен қизим тенги 17-18 ёшли фаррош қизчаларни – Зарнигор ва Севарани устма-уст уч кун огоҳлантирдим: “Қизалоғим, бу ердан одамлар танаввул қилишади. Ҳожатхона ва полларни артган сувларни идиш-товоқ ювадиган раквинага тўкиш, туалет ювган латтангни ликопча-қошиқ ювадиган раквинада ювишинг гигиенага тўғри келмайди. Бу ишинг хўрандаларни ажалидан беш кун бурун ўлдиради. Болам, илтимос, нотоза сувларингни бу ерга тўкмагин, бориб туалетнинг унитазига тўккин. Ёки ташқарига чиқариб ташлагин” деб минг бор айтдим, такрорладим, талаб қилдим. Кошки фойдаси бўласа!….

– Онахон, гел билан тозалаб ювиб ташлайсиз, бўлди. Бунинг нимаси қийин экан, тоза бўлади-қолади, – жавоб қилишади масхаратомуз….

-Э, онасини эмсин бу тўрт томонга қўйиб қўйилган кузатув камераларини! Наҳотки ҳожатхона сувини ликопча юваётган раквинага тўкаётганингни кузатув камерасида кўришмаса! – дейман, хуноб бўламан, – Бу ўлгур камера фақат идиш-тавоқни синдириб қўйганларнигина суратга оладими дейман! – ғазабланаман.

Охири “Лаззат макон” ресторанининг бошлиғи Ҳикматулломиди…. Ҳа, эсладим, Раҳматулло эди! Ўша одамнинг олдига чиқиб арз қилишга қарор қилдим. Фаррошларга иш бошқарувчи бир қиз бўларди, Самарқанднинг, адашмасам, Пахтачи туманидан, исми Нигора. Унга дедим: “Раҳматулло ака қаерда ўтиради? Бунингдек расвогарчиликлардан хабари борми-йўқми, ахборот бериб қўйишим керак? Мени унинг олдига бошлаб боринг? Ҳатто танимайман ҳам?”

– Вой, Раҳматжон акага бунақа гаплар ҳақида гапира кўрманг. У киши жудаям жаҳлдор. Бир деганда бу қизларни ишдан ҳайдаб юборади. “Нимага?”, “Нима учун?” деб сўраб ўтирмайди! Шунчаки, ишдан ҳайдайди, тамом-вассалом. Бу қизларнинг бири – Зранигор – 1997 йилди туғилган. Сирдарёдан. Отаси 8 йилга қамалиб кетган. Онаси Россияда. Оила шу қизчанинг – фаррошнинг зиммасида. Ишсиз қолса, укаларига жабр бўлади. Қизларга раҳмингиз келсин….., – деди Нигора ваҳима аралаш, – Бу ҳақда Раҳматжон акага айта кўрманг-а?!….

Мен ҳам одамман. Мендаям юрак бор. Шу сабаб ортиқ Раҳматжон деганларини қидирмадим. Ҳар куни эрталаб ходимларнинг келиш-кетишларини назорат қилиб ўтирадиган қария – Раҳматжон аканинг оталари “дода” бор “Лаззат макон”да. Исмлари билан қизиқмаганман. Шунчаки “дода”.

Ҳожатхона сувларини раквинамга тўкишлари ҳиқилдоғимга келгач, учинчи куни “дода”нинг олдига арз қилиб бордим: “Дода, ҳаммамизам Худо деган одамлармиз. Мени оилада тоззаликка ўргатишган. Фаррош қизларингиз буғизимга келтиришди. Ҳожатхона ва полларни ювган сувларини мен идиш-тавоқ ювазидан раквинага тўкавериб хароб қилди. Энди идишларнинг ҳалоллиги қолдими? Санэпстанция буни эшитса бир деганда ресторанни печатлаб кетмайдими? Бундан хўрандалар хабар топишса нима дейишади? Илтимос, биз идиш-товоқ ювадиган раквинага фаррош қизларингиз харом сувларини тўкмасинлар. Бунақа сувларни ҳожатхонанинг унитазига тўкишсин, биров бир нарса демайди. Пол ва унитазларни артган латталарини марҳамат қилиб ҳожатхонанинг раквинасига ювишсин, ғинг демайман. Лекин идиш-тавоқ ювадиган раквинага туалет ювадиган фаррошларингиз яқинлашмасин, илтимос, уларга тайнилаб қўйсангиз, – дедим, арз қилдим.

– Қани, ким ўша, раквинага расво сув тўкадиганлар? Мени ёнимга чақиринг? – оташин бўлди ота.

Шу-шу менинг кўз олдимда фаррош қизлар идиш-тавоқ ювадиган раквинага харом сувларни тўкишдан тийилишди.

Шу гапдан кейин бир маҳал фаррош қизларнинг ошиқ офитсантларидан бири ёнимга тарафкашлик қилиш учун келса денг:

– Тушунмадим, кампиршоҳ, сиз қизларни хафа қилаётган эмишсизми? – деди беписанд овозда.

Мен қизишган эмасман. Унга чиройлик қилиб тушунтириб бердим: Бу ресторан умумий уйимиз. Умримизнинг, кунимизнинг тўртдан уч ярим қисми шу даргоҳда ўтади. Шу ерда нафақат хўрандалар, ўзимиз ҳам кун бўйи тамадди қиламиз. Аёлларнинг ҳайз кўрган қон олут пешоби артилган латта чайилган сувда ювилган ликопчада таом танаввул қилиш сизга хуш келадими?

-Э-ййй, гапирманг-э!Овқатланигим келмай қолаяпти бу ресторандан! Кўнгилларим айнаб кетапти, бўлди қилинг!, – нари кетди ошиқ йигит….

“Дода”нинг маҳобатларидан сўнг очиқ-ошкора идиш-товоқ ювадиган раквинага ҳожатхона ювилган сувларни тўкиш барҳам топгандек бўлди… Бироқ… Биз кундуз куни соат 10.30 да ишга келардик. Фаррошлар эса саҳарда… Бир кун ишга келсак, ликопчалар ювиладиган раквина тўла балчиқ, лойқа сув. Соч, қил (билмадим, у ниманинг қили, Худо билади) Қум, тупроқ…. Балчиқ… Лиқ тўла. Раквина тортмай қолган. Шундан билдимки, пол ювган сувларини идиш-товоқ ювишга мўлжалланган раквинага очиқча-ошкора тўкишга чўчиган фаррошлар биз йўқлигимизда, барибир ўз “ишларини аъло даражада уддалашган”.

Салатчилар хонасидан сув торитшга кўмаклашадиган мосламани келтириб, зўрға раквинани ишга туширдим. Кейин яна фаррош қизларга дағдағамни бошлаб қолдим: “Афтидан, қария дея сизлар “Дода”нинг буйруғини писанд қилмаяпсанлар! Бўлди, бас! Модомики, отасини назар қилмас экансизлар, ўз билганларингдан қолмас экансизлар, ўғлига, Раҳматуллонинг шахсан ўзига арз қиламан! Тунги кузатув камерасини кўздан кечиришларини талаб қиламан ва бугун ликопча ювишга мўлжалланган раквинамга ким туалет сувини тўкканига аниқлик киритаман. Сизларни тарбиялаб бўлмайдиганга ўхшайди!” дедим оташин бўлиб.

Ўшандагина билдимки, раҳбар ходимига, ҳар бир ишчисига виждон бўлолмайди. Одамнинг ўзида вижод бўлиши керак экан. Уйғоқ виждон. Токи кишининг виждони бўлмас экан, бошлиқ ходимини кеча-ю кундуз, 24 соат давомида кузатиб, ишчисига кўз-қулоқ бўлиб тура олмайди, бу мумкин ҳам эмас. Одамнинг виждони бўлмаса, барчаси бекор…. Фаррош: “Тозаликка мен масъулман. Хўрандаларнинг ҳалол танаввулига жавобгарман. Саломатлигига поспонман. Тоза ишлаётганимни раҳбарлар кўрмаса-да, хўрандалар хабардор бўлмаса-да, Худо гувоҳ бўлиб турибди” демаса, Яратгандан қўрқмаса, барчаси бекор, ҳаромхўрлик бардавом бўлаверар экан…Токи ишчиларнинг, “посудамойчик”у, фаррошларнинг ўзига инсоф бермас экан, ходимларнинг ўзида инсоф бўлмас экан, пойтахтга маълум ва машхур бўлган гавжум “Лаззат макон” ресторанининг бошқарувчиси Раҳматулло, унинг отаси “дода”, укаси Олимларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигига амин бўлдим….

Янаям аниқроғи, ресторан раҳбарияти истаса, бунингдек бемазагарчиликларга барҳам берса бўлади… Бунинг учун шунчаки, қулоқларига телефон аппарати клейланиб қолган, алпанг-жалпанг қиладиган, учиб-қўнадиган 17-18 ёшли қизалоқларнинг меҳнатидан воз кечиш керак холос…. Уларнинг ўрнига ҳаётнинг аччиқ-чучугини тортган, рўзғор нима, турмуш аравасини тортиш машаққати не биладиган, ҳалол нима, харом нима, фарқлай оладиган, кўпни кўрган, ўзини босиб олган ўрта ёшли аёлларни ишга ёллаш керак холос. Бу эса у қадар мушкул ҳам эмас…. Бироқ буни ресторан раҳбарияти истамасачи? Ўртаёшли, юзлари ажин аёллар “клент” чақирсамачи? Бозорларини касод қилсачи? Мана, гап қаерда?…

Тўғри, “дода”га арз қилганимдан кейин, гарчи, ишчи-хизматчиларга қора қарғадек кўринган бўлсам-да, менинг кўз ўнгимда идиш-товоқ ювиладиган раквиналарга ифлос сувлар тўкилишига барҳам берилди… Бироқ, бу иш мен йўқ вақтларимда хуфёна давом этаётганлигини раквиналар тагида силқиб қолган қум заррачаларидан, лойқаланиб қолган қиллар, соч толаларидан илғаб олишим мушкул эмасди… Билардиму, ожиз эдим, қўлидман ҳеч нарса келмаслигидан оғринардим…

Кунлардан бир куни жияним Феруза патсга, “подвал”га – ертўлага чақириб қолди: “70 кишилик “банкет” бўлмоқда. Идиш-товоқларни ювишда кўмаклашинг” деди. Тушдим…. Тушдиму, фаррош Зарнигор ҳожатхона супирадиган супирги ва ҳокандозини, поллатталарини Феруза рюмкалар, ликопчалар ювадиган раквинада қўлида бир марталик қўлқоп ила ҳафсала билан юваётганлигига гувоҳ бўлдим…..

Ҳайратдан қотдим:

– Феруза, сенда ҳалиям ўша расвогарчиликлар бардавом-ку? Нега бу қизалоқ ҳожатхона супиргиси, ҳокандози, поллаттасини сен рюмка, ликопча ювадиган раквинага ювмоқда? Нега бунга қаршилик кўрсатмаяпсан? Ахир ўзинг ҳам шу идишларда овқталанмайсанми? – хитоб қилдим ғазабнок.

– Йўқ, мен сизга ўхшамайман. Мен сиз эмасман, хола! Бу ерда бугун борман, эртага йўқман! Сизга ўхшаб ҳамманинг кўзига ола мушикдек кўринишни истамайман. Менинг мақсадим, ҳақиқатни гапириш эмас, муддаом битта: шу бугун ишимни уддаласам, пулимни олсам, бўлди. Бошқаси билан менинг неча пуллик ишим бор?! Ўлиб кетмайдими бари?! Поллатталарини идиш ювадиган раквинамда чаяётган шу қизалоқ “дода” билан Раҳматулло аканинг “эркатаойи”, “агент”и бўлади. Бу қизалоққа қарши гапирганлар, қарши кетганлар ишсиз қолади. Менга шу керакми? Йўқ, менга пул керак, ортиқча бош оғриқ эмас. Илтимос, мени йўлдан урманг! Мен сиз эмасман. Сиз бўлолмайман ҳам! Бошимни ортиқ оғритманг! Ўша хўрандаларингиз нажасига чайилган овқатни емаса, заҳарни емайдими, менга демаса! Менга нима?!!!! НЕГА ШУНАҚАСИЗ? НЕГА БУНЧАЛАР ЁМОНСИЗ, ХОЛАЖОН? НИМА УЧУН ҲАМИША ТУЗИНИ ЕБ, ТУЗЛИҒИГА ТУПИРАСИЗ?! ТЎРТ ТАНГА ТОПИШИМИЗГА ҚЎЙИБ БЕРИНГ, ХОЛА. НЕГА БИЗНИ ТУШУНМАЙСИЗ?!!!! – ЖИЯНИМНИНГ КЎЗЛАРИДА НОРОЗИЛИК ҚОРИШИЛГАН НАФРАТ ЎТИ ЧАҚНАБ КЕТДИ…..

(Ҳали мен 15 соатлик тик туриб ишлаш азобларини, 15 соатлик машаққатлар эвазига 8 соатлик иш соатига ҳақ олиш изтиробларини…. набирангиз қатори болаларнинг – бошлиқчаларнинг ҳақоратомуз камситишлари ҳақида гапириб ўтирмадим…. Бу ҳақдаги ҳангомаларнинг давомини насиб этган бўлса эртага ўқийсиз…)

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
Мустақил журналист, ҳуқуқбон

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар