Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ит билан хўтикка қанча қилманг тарбият

Ит билан хўтикка қанча қилманг тарбият
02 Aralık 2016 - 10:40 'да юкланди ва 2499 марта ўқилди.

Эргаш Сулаймон

Шавкат Мирзиёев қиёфасига янгича қараш

(1)

Ит билан хўтикка қанча қилманг тарбият

Ўй-хаёллар тўзғитгач, хотирасида Совет йилларидан муҳрланиб қолган манзаралар жонланди.

Ўша дамлар, қанчалар яхши экан, деб ўйлади, у.

Амир Темур ҳайкали ўрнида, ўша замонлардаги Карл Маркснинг салобатли бюстини кўзлари олдига келтириб, унга нисбатан адолатсизлик қилгани учун, ичида ўз-ўзидан хафа бўлди. Иложини топса, уни ўрнидан ҳеч қачон олиб ташламаган бўлишини ўйлаб, эвазига бутун бошли пойтахтдаги энг гўзал ва қадим хиёбонни вайрон этиб, кўнгли таскин топган кунларга, пичирлаб, тасаннолар ўқиди.

Ўзини бу жиноятларга руҳлантирган Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг у бир қарорга келгунича, хиёбондаги бутун чинорларни кесилмасдан туриб, казо-казолар учун мебел ясайдиган усталарга олтин баҳосида пуллаганидан эса, унинг хабари йўқ эди.

Орадан ярим соат ўтмасдан ҳайкалтарошни бошини ерга тиркаган эчки каби туртиб-тортқилаб, унинг олдига олиб келдилар.

– Ҳаёт ҳайкалтарош, сиз билан биз тарошдаги тош! – деди, ҳамиша бировларнинг фикрини ўғирлаб, ўзининг зукколигини намойиш этишни хуш кўрадиган президент. – Менга яқинроқ келиб, тўғрига боқинг-чи, аллома, кўзингиз нималарни илғар экан.

Ҳайкалтарош ойнадан олис-олисларга боқди:

– Биноларни ва бевақт хазон бўлган забардаст чинорларнинг қон йиғлаётган тўнкаларини кўряпман, – деди унинг нима учун бу нарсаларни сўраётганига ҳайрон. – Яна, қирилиб кетган қавмининг оҳ-воҳига дош бера олмасдан, қадди дуто бўлган ёш ниҳолларни ва бир замонлар жаннатийлиги билан одамлар кўзини яшнатиб, мусаффолиги билан кўнгилларни яйратадиган файзи-тароват мулкларини топтаган хосиятсиз бир замонни кўряпман. Дарахтлар кесилгач, юзага қалққан сизот сувларини, Анжуманлар Саройи пойдеворини емиришни бошлаган захни кўряпман…

Ҳайкалтарошни тинглаётган президент, ич-ичида чакки эмас, деб ўйлади.

Унга Анжуманлар Саройи пойдеворини зах емираётганини ва янги қурилган Навоий кутубхонасининг ертўласини сув босиб, қанчадан-қанча китобларнинг чириб кетгани ҳақидаги хабарларни, ўз вақтида етказган эдилар. У ўз олдига қўйган мақсадига оғишмай амал қилиб, улкан мувафаққиятларга эришаётганидан чексиз мамнун бўлган эди.

Умуман, унинг даврида қурилган иншоатларнинг аксарияти яроқсиз ҳолатга келиб қолганди. У бу қурилишларнинг қурилмасдан олдин тендерга қўйилишини, тендерга қўйилган ҳар бир иншоатни қуриш ҳуқуқини пора эвазига сотиб олиш мумкинлигини яхши биларди. Қўлига ҳужжатларни киритгунча, қурулишнинг умумий суммасидан ўн фоизни пора сифатида сарфлаган ташкилотнинг мақсади ҳам, бир сўмни шу йўл билан ўн сўм қилиб олишдан иборат эди. Қурулиш битгунича, умумий сумманинг эллик фоизига қурилган ҳар қандай иншоатнинг ўн йил ўтмасдан пойдевори чўкиб, табиий равишда деворлари ёрилиб кетиши, ўз-ўзидан бутун ўзбекистонликларга маълум эди.

Шартномада кўрсатилиши мумкин бўлган сумманинг юз фоизига иншоатни қураман, деган ташкилот иншоатни қуриш ҳуқуқини қўлга киритмасдан олдин инқирозга учраб, охир-оқибатда, ташкилот раҳбари “Ўзбек модели” услубиятини ўзлаштира олмаганлиги учун қамалиб кетарди.

“Ўзбек модели”нинг бу ўзига хос усулидан президент ҳамиша, ўзида йўқ фахрланарди. У ҳозир ўзи турган Анжуманлар Саройининг ҳам италияликларнинг маблағларига қурилганини, ҳалигача олинган пулларнинг қайтарилмаганини ҳам яхши биларди.

Қизи Гугушанинг ўша пайтдаги ўйнаши ва тижорий шериги, Гафур Рахимовнинг проектларини амалга оширадиган Одил Жалолов – “Зеромакс”нинг бу иш бошида турганини, италяликлардан олинган пулларнинг эллик фоизи ҳали хорижда, бошқа ҳисоб рақамларга ўтиб кетгани ҳам унга маълум эди.

Одилбойнинг Анжуманлар Саройи қурулаётган ўша паллаларда – Гугушанинг рухсати билан ҳар нарсага бурнини тиқаверадиган Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг қулоқ-чакасига шапалоқ тортиб, кетига хумордан чиққунча тепгани ҳам бор гап.

Гугуша ўшанда отаси ўлиб, Шавкатнинг муваққат президент бўлишини билганида эди, чуқур кавлатиб, уни тириклайин кўмдиришдан ҳам тоймасди.

Доғ армон, замон чаппа айланди, ҳамма нарсанинг ўрни алмашди. Энди, у НВДнинг орқасидаги уйи – жиннихонда ётиб, жонини сақлаб қолишни ўйлаяпти.

Одилнинг тепасида эса, граф турарди. Ўшанда Ўзбекистонга оёқ босмай қўйган графдан президент чўчиб яшагани боис ҳам, унинг оиласи ва республика ҳудудларидаги кўчмас мулкларини гаровда ушлаб турарди. Графнинг оиласини қўлидан чиқазса, граф унинг қизлари ва невараларини бир кун ичида, ер юзидан супириб ташлаб, бутун нафратини унинг ўзига қаратарди.

Бевафо дунё экан. У ўлиб, унинг энг ишонган кишиси бўлмиш Шавкат Мирзиёев граф деб аталмиш Гафурнинг елкасидан бутун жиноятларни олиб ташлаб, уни Ўзбекистонга чақиряпди. Энди, Гафурбой билан Салимбой Ислом Каримовга ўзбек халқининг жиловини ушлатиш учун қандай хизмат қилган бўлса, Шавкат Мирзиёевга ҳам худди шундай хизмат қилади. Миллий хавфсизлик хизмати соясида миллат ичидаги юрагида ўти бор йигитларни қўйдай бўғизлаб, халқ орасидан лидерлар етишиб чиқмаслиги учун қурби етган барча ишни амалга оширади. Эвазига, мамлакат иқтисодининг энг сердаромад соҳаларини орқада туриб, бошқариш ҳуқуқини олади…

 Бу каби кимса билмас ўйинлар, президент Каримовнинг тахтни ноқонуний эгаллаган кунидан буён давом этиб келади. МХХнинг бошлиғи Рустам Иноятов бутун хавфсизлик кучлари ихтиёрини қўлга олгунча, унинг бош жаллоди ва Ички ишлар вазири бўлган Алиматов, у билан графнинг ўртасида келиштирувчи мақомда эди. Алиматов Путин ёрдамида обрўсизлантирилиб, “миясида ўсмаси” бор деган уйдирма иддао билан лавозимидан олиб ташлангач, президент графдан ўзини олиб қоча бошлади. Ўлмас Кашшей каби ҳайвоний бир ҳис билан жони Рустам Иноятов қўлига ўтганини билгач, у гиёҳванд моддалар олиб келаётган миён-милён долларлардан юз ўгиришга мажбур бўлди. Ўғрини қароқчи урди…

У узоқ хаёлга чўмди. Бир замон бошини кўтариб, ўзига боқиб турган ҳайкалтарошни кўрди.

– Яна, нималарни кўряпсиз, аллома? – деди, нима хусусида гап кетаётганини эслагач.

– Бошқа ҳеч нимани кўрмаяпман! – дея жавоб қайтарди, уни тушунмаётган ҳайкалтарош.

– От минган қонхўрни кўрмаямсизми?

– Йўқ!

– Отнинг устидаги ким бўлмаса?

– У киши буюк саркарда, давлат ва жамоат арбоби Амир Темур бобомиз бўладилар!

– Амир Темур, сизнинг бобонгиз бўладими?

– У киши бутун миллатимизнинг улуғларидан бири, ҳаммамизнинг ҳам бобомиз. Дунёдаги энг буюк салтанатларнинг бирини бунёд қилган шахс эканликларини ўзингиз ҳам яхши биласиз-ку!

– Унда, мен кимман?

– Сиз халқимизни Гидлян билан Иванов зулмидан қутқарган мустақиллик йилларидаги янги қаҳрамонсиз!

– Мен Гидлян билан Ивановнинг истибдодидан халқни қутқардимми, ёки халқ ичидан чиққан ўғри ва каззобларни? Сиз ижодкор кишисиз. Ҳақиқий ижодкорга ёлғон гапириш, ялтоқланиш ярашмайди. Кўриб турганингиздек, атай, атрофимдаги кўппакларни ҳайдаб юбордим. Бу ерда сиз билан мендан бошқа биров қолмади. Мустақиллик байрами арафасида холи қолиб, бир очилиб-сочилиб суҳбатлашгим келяпти.

– Нима, десам эка-ан!

– Кўнглингизда нима бўлса, ўйлаб ўтирмасдан айтаверинг. Мен шундай ҳам барчасини биламан. Ўтган чорак асрлик ҳукмдорлигим даврида, ақалли бир марта ҳукуматга алоқаси бўлмаган бир ақлли-ҳушли одамдан асл ҳақиқатни эшитгим келяпти. Ёки, бунга менинг ҳаққим йўқми?

– Нимага! Ҳаққингиз бор?

– Қани, бўлмаса бошланг!

– Нимадан бошласам, экан!

– Бояги, саволдан!

– Тўғриси, сиз қутқарган кимсалар коммунистларнинг ўзингиз каби халқнинг ичидаги кўзи ва қулоғи эди. Улар халқнинг бурнини ерга ишқаб ишлатиб, тузумга хизмат қилар эдилар. Асносида, зимдан жиноятлар содир этиб, ҳакалак отган нафсларини қондирардилар. Туққан халқига вафоси йўқ кимсаларнинг тузумга ҳам вафоси йўқлигини ҳамма яхши билади. Бир сўз билан айтганда, ўғрини қароқчи урди, халос. Сиз Ошкоралик берган имкониятдан фойдаланиб, чаққонлик қилиб отга ўтириб олдингиз. Менинг билганим, мана шу…

– Шунинг ўзи, етади, – деди ҳайкалтарошнинг сўзини оғзидан олган президент. – Яширин давраларда, мен ҳақимда зиёлиларнинг айтадиган фикрларидан бир-иккисини баён этсангиз?

– Масалан?

– Масалан, мен ҳақимда, Озод Шарафиддинов тор давраларда, нима деб вайсарди?

– Жони чиққур, муҳтарам юртбошимиз, ўта жоҳил ва бориб турган саводсиз. Умрида қўлига китоб олиб, бирорта китобни қунт билан ўқимаган. У билан ўчакишиб бўлмайди. Лўлининг эшагини суғориб, пулини олинглар, дерди.

– Давом этинг!

– Бегали Қосимов, ўша мараз ва риёкор билан замондош бўлганимдан, бир ҳаводан нафас олаётганимдан, нафратланаман. Унинг ҳийла ва найрангларини кафтимдагидек кўриб турганим учун бу дунёда, мендан кўра бахтсизроқ ва ғамгинроқ бошқа бирор кимса бўлмаса керак. Тезроқ, Аллоҳ ё уни ё мени олсин, дерди. Хабарингиз бор, боёқиш ўлиб қутулди.

– Халқ орасида, мен ҳаққимдаги ҳукумат вакилларининг ҳам сўзларини айтиб юрадиганлар топиладими?

– Жуда кўп!

– Масалан,

– Масалан, Бош вазирингиз Шавкат Мирзиёевнинг, президентимиз одам бўлган кун, менинг кафтимга жун чиқади, деган сўзлари жуда оммабом. Молия вазири Рустам Азимовнинг сизни қанақа алдашлари хусусида, юзлаган латифалар тўқилган. Сиз бутун халқни алдаганнингиз каби, сизни бутун ҳукуматдагиларнинг алдашини ҳамма билади.

– Нима, дейсиз? Навоий ҳам мен ҳаққимда, бирор-бир гап айтиб кетмаганмикин?

– Айтган!

– Ажабо, нима деган экан?!

– Сўзма-сўз айтолмайман!

– Маъносини айтаверинг. Шеър қилиб айтсангиз, барибир ҳам тушунмайман!

– Ит билан хўтикка қанча қилманг тарбият, ит бўлур, хўтик бўлур, асло бўлмас одамий, деган эканлар адашмасам.

– Бу шеърни, Абдулла ёзмаганми?

– Йўқ, Ҳазрати Навоий ёзганлар. Аммо бу шеър Абдуллага ҳам тегишли!

– Қойил! Гўё, бу шеър бир умр ёнимда юрган кимса томонидан атайлаб, менга бағишлаб махсус ёзилганга ўхшайди. Аммо, мен билан Шавкат орасида, жуда катта масофа бор. У билан қиёслашадиган бўлса, мен унинг ёнида, Навоий бўлиб қоламан.

– Образли айтадиган бўлсак, сиз собиқ СССР, у мустақил Ўзбекистон. Мустақил Ўзбекистон СССРнинг оқоваси бўлгани сингари у ҳам сизнинг руҳсиз танангиз кабидир. Демоқчиман-ки, сиз бош бўлсангиз, у гавда. Сиз ўлгач ҳам, у “Бошсиз чавандоз” каби одамларни кўп балоларга гирифтор этади, ваҳимага солиб қанчаларнинг ўтакасини ёриб ўлдиради.

– Ўзи, шу Навоий деганлари нима учун туғилган экан, ўлай агар ҳеч нимага ақлим етмайди. У туғилмаганда, мен бу халқнинг икки йилда “чумо”сини чиқарган бўлардим. Ўша, палакатнинг даҳоси икки йилда амалга оширишим мумкин бўлган ишларни чорак аср орқага суриб юборди. У ҳалигача, йўлимга тўғаноқ бўлади. У ва унга ўхшаган ўзбекнинг қаланғи-қасанғилари бўлмаганда, мен бу халқни аллақачон, юр юзидан супириб ташлаб, бутун Ўрта Осиёда ўзимизнинг миллий давлатимизни барпо этардим. Яқин Шарқ ҳам, ўрта Шарқ ҳам шу билан тинчирди. Абама билан Путин ҳам тўшагида жони ором олиб ухларди… Майли, энди асосий муаммога ўтайлик. Ҳў-ў, отнинг икки чоти орасини кўриб турипсиз-а?!

– Ҳа, кўриб турипман!

– Ўша нарсанинг нима эканлигини айтолмайсизми?

– Айтиб, нима қилдим?! Ўзингиз ҳам кўриб билиб турипсиз-ку!

– Ўша нарсани текистлаб, думининг тагига тиқиб қўйишингизга тўғри келади. Қандай қилиб бу қўпол хатога йўл қўйгансиз, ақл бовар қилмайди!

– Бу ҳеч қанақа хато эмас. Амир Темурни урғочи отга миндириб қўйсак, бутун дунё устимиздан кулмайдими?

– Ажабо-о! Мен ҳар ерда аёллармизга ҳайкаллар ўрнатиб, кулгули ишларни амалга оширган эканман-да? Мен ҳам уни урғочи отнинг устига миндириб қўйинг, деётганим йўқ. Мен айтгандек қилинса, от хуноса бўлади. Шунда, ҳар бир кимса ўзининг руҳий ҳолатидан келиб чиқиб, хоҳласа уни урғочи, ҳоҳласа эркак деб, тассавур қилаверади.

– Бу, шармандалик-ку!

– Демак, мен бутун бошли халқни хуносага айлантириб, шармандали иш қилипман экан-да?! Бутун дунёга сувараклардай сочилиб кетган халқимизга биров, шармандасан, уялмайсанми, деётгани йўқ-ку?! Хорижга иш излаб чиқиб кетган йигиту қизларимиз ҳам, бу эркакнинг ё аёлнинг вазифаси дея, қўл қовуштириб ўтирмасдан тўғри келган ишни қилиб, мамлакатимизга  пахтанинг дароматига қараганда, тўрт баробар кўп фойда олиб киряпти. Улар хуноса қилинмаганларида, менинг бедодликларимга чидамаган бўлардилар. Мустабид ҳукуматга қарши бош кўтариб, мусаффо осмонимизни қон рангидаги қип-қизил шафақ билан бўяган бўлардилар. Бу қон, бу ажал дегани бўлади. Тушуняпсизми, ахир?!

– Барибир, ундай қилолмайман! – деди ҳайкалтарош.

– Нима, биз бутун бошли ҳукумат, Олий Мажлис ва Сенатдагилар бундан кейин Анжуманлар Саройига Амир Темурнинг отининг чоти орасидагиларни томоша қилгани келар эканмизда?

– Шунча йилдан буён турган нарса, тураверса, бўлмайдими?

– Бўлмайди! Шунча йиллар, унга ҳеч ким эътибор бермаган. Шавкат кўриб қолмаганда, ҳали ҳам юраверардик. Энди, ҳамма билиб қолиб, бу ерга мана шу зормандани томоша қилишга келади. Улар кўравериб, ўзларининг бир замонлар эркак бўлиб туғулганларини эслаб қолсалар, нима бўлади, биласизми?! Исён, исён кўтарадилар…

Хуллас, ҳайкалтарош бу ишга рози бўлмагач, президент дўқ-пўписа қилиб, саройдан уни ҳайдатиб юборди. Сўнгра, атрофига бир қур назар солиб чиққач, ҳеч кимнинг йўқлигига амин бўлди…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар