Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тўрт юз йиллик аросат

Тўрт юз йиллик аросат
03 Aralık 2016 - 8:00 'да юкланди ва 1375 марта ўқилди.

Сафо Урганжи

ТАНАЗЗУЛ
(Тўрт юз олтмиш еттинчи камерадаги маҳбус хотиралари)

ХаЗиНА КаБи
ҚўРиҚлАйДиЛАр
ЧўЧқА КаБио
БоҚаДиЛАр
ИТ КаБи
таҲқирлАйДиЛаР 

ТУЗОҚ

Биринчи китоб

(Роман муаллиф бевосита бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларга асосланади)

 Қўрқоқлик хорликка, мардлик олдинга бошлайди.
Иккиланиш (ҳафсаласизлик) тақдир  ҳукмидан олиб қололмайди.
Муҳаммад (с.а.в)нинг қиличига ўйиб ёзилган ҳикмат 

(38-қисм)

Баҳром, ҳар сафар қовурғалари лорсиллаб оғриганда, Мусурмонни эсларди. У Тоштурмага кирганидан буён Мусурмон маҳбусларнинг тилидан тушмасди. Унинг тутқунларга берган жабр-зулмлари маҳбуслар орасида афсонага айланаёзганди. У туман ҳибсхонасида бир ёш йигитни уриб ўлдиргани сабаб уни ва Фарҳодни ҳомийлари шаҳар бошқармасига тортгандилар. Ишлари бости-бости бўлгач, у туманига қайтарди. Мишмишларга кўра, у катта ҳалқа йўли атрофида жойлашган Лимонарияда турарди. Қинғир қилмишлари учун уни отаси оқ қилганди.

Саҳар соат тўртдан бошлаб кечки ўн саккиз-ўн тўққизгача бўтқабоқар тўрт марта даҳлизда аравасини суриб, камераларга бўтқа тарқатарди. Бўтқани ортиқча нарсалардан тозалаб, сувда ювмаса, оғизга олиб бўлмасди. Ювганда, лойқа ёғни кўрган одамнинг кўнгли айниб, қусгиси келарди. Бирпасдан сўнг эса, кўзини юмиб, кўнгли тусамаган нарсасини ейишга мажбур бўларди. Нон киши бошига биттадан тарқатиларди. Cаҳарда ош қошиқ билан ҳар кимга бир ош қошиқда бир марта шакар бериларди. Шакарни ва нонни тарқатадиган маҳбус бўтқабоқардан алоҳида эди.

Тушгача ўн-ўн беш дақиқага маҳбуслар сайрга чиқардилар. Маҳбуслар тилида “маймунхона” деб аталадиган “сайргоҳ” бино томида жойлашган бўлиб, сайр хоналари камералар сингари каталакларга бўлинганди.

Якшанба кун бўлгани учун миршаблар сийраклашиб қолганди. 4-бино маъмури Илҳом бугун масъул эди. Сайрга чиққан олти маҳбус икки қат панжарани кесиб ўтганда, чап томондаги соқчилар хонасида у соқчилар бошлиғи билан овқатланётганди.

Очиқ ҳавога чиқиб қайтганда, Баҳромнинг ўз-ўзидан баҳри дили очилиб кетди. Уч кунлик машаққатлардан сўнгра бу жойларда уззукун тик оёқда туриш ҳам роҳат эди. Одамзот феъли ўзи шунақа. У қанча қийинчилик тортса, азобларга шунчалик кўникади, шарт-шароит қанча енгиллашса, шунчалик нозиклашаверади. Шу боис мўътадил қонунлар ҳукумронлиги инсон учун нисбатан қулай муҳитни вужудга келтиради. Демократиянинг афзаллиги фуқароларнинг  хоҳиш-истаклари доирасида жамиятни идора эта билишда кўринади. Рисоладаги жамият учун рисоладаги қонунлар қанчалар зарурат бўлса, уларга амал қилиш шунчалар яхши яшамак деганидир.

Қонунлар қабул қилиш барча ҳукуматларнинг қўлидан келади. Чиқарган қонунларига амал қилиш камдан-кам ҳукуматларга насиб этади…

Йигирма учинчи боб

Баҳром Жалолнинг шарофати билан ғанимлар назаридан ўчирилиб, нисбатан тинч камерага жойлаштирилди. Дақиқалар ўтган сайин бунинг таъсири яққол намоён бўлаётганди. У хатоларини обдан ўйлаб, тушган тузоғидан қутулиш учун тафаккур қилишга имкон туғилди. Бунақанги истаб-исталмаган шароит инсон ҳаётида камдан-кам ҳолларда пайдо бўлади. Шу кунгача кўрган кўргуликлари ва амалга оширган ишлари хусусида у шу пайтгача ўйлаб кўришга ҳаракат этиб кўрмаган эди. Миршаблар кўзидан яшириниш, бола-чақанинг ғам-ташвиши хоҳлаганида ҳам унга имкон бермасди. Авваллари эса миллатга хос майда-чуйдалар ва кераксиз нарсалар билан ўралашиш унинг ҳам умри мазмунига айланган эди. Мақсадсиз ва режасиз яшаш тўрт юз йиллик аросатдан унга ҳам мерос қолганди. Тўрт девор ичида ўтириб, бола-чақасини минг ўйласин, энди унинг қўлидан бир иш келмасди.

Миршаблардан қочишга ҳожат қолмади. Уларнинг ўзлари, шам атрофидаги парвоналардек, уни кеча-кундуз асраб-авайлайдилар. Ухлаганида ҳам, устидан қуш учиб ўтмасин дея наззорадан мўралайдилар. Уларнинг “меҳрибонлик”ларини суъистимол этиш ношукрлик бўлади. Миршаблар кўксида ураётган юраги сингари унга яқин бўлиб қолдилар. Энди унинг хотири жам, асаблари жойида.

Дарҳақиқат, хаёл кенгликларида – кечиб ўтилган йўллардан орқага қараб юрадиган лаҳзалар етди. Айни чоқда, у қирқ олти йиллик умрнинг чанг босган ва хотирадан тамоман ўчган саҳифаларини титкилаш билан келажак сари ташланадиган қадамларга пойдевор қўядиган йўллар бошида турипди. Ҳаётнинг ўзи азалда сабоқ учун дастурлангач, не учун қийноқлардан, таҳқирлар ва зулмлардан ҳикмат қидирмаслик керак? Нима учун инсон депсинган ҳар бир тошидан хатоси ёзилган саҳифаларни варақламаслиги керак?!

14 май, душанба. Тонг қушларнинг Яратганга ҳамд-санолар айтиб чуғурлашлари билан ҳамоҳанг оқарди. Одатдагидай, нонуштадан сўнг йўқлама бошланди. Йўқламадан ўтгач, маҳбуслар шконкаларга ўтириб, кечаги воқеаларни қайта-бошдан гапира бошладилар. Умуман олганда, камерадаги ҳаёт – битта кино филмни қайта-қайта сийқаси чиққунча томоша этишдай бир гап эди.

Баҳром учун янгилик бугун хотини ва ўғиллари орқасидан озиқ-овқат ва зарурий буюмларни киритгани бўлди.

Камерадошлари бузуқ пластинкага ўхшаб бир жойда айланаверсинлар, у энди режа бўйича ҳаракатланади. Мақсад сари йўлида собит қадамлайди. Улар билан давра қуриб, кўзларига боқиб турса ҳам, уларнинг сийқаси чиққан сўзларини қулоқлари эшитмайди, тутуриқсиз ҳаракатларини кўзлари кўрмайди, у улар учун жисман мавжуд эса-да, руҳан йўқ энди. Шундай қилмаса, у ўзини тафтиш қила олмайди, гуноҳлари ва хатоларини илғамайди. Пушаймон бўлмайди, тавба-таззару этмайди, дунёга қуруқ қўл билан келиб, қуруқ қўл билан кетади…

Унинг бу ҳолати 31 май, пайшанбагача давом этди. Адвокати Шамшод Сангинов уни йўқлаб, Тоштурмага келган кунгача у ўзи билан ўзи олишди, ўзи билан ўзи уришди. Гоҳ қўли баланд келса, гоҳ енгилди, гоҳ қоқилса, гоҳ чув тушди. Шундай қилмаса, камерадошлари каби берилган имкониятни кўкка совурарди. Яратган олдида, миллат олдида у ўзини ҳеч қачон кечира олмасди…

2009 йил. Тошкент. 

Биринчи китоб тугади.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар