Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Янги “ота”

Янги “ота”
03 Aralık 2016 - 9:00 'да юкланди ва 2948 марта ўқилди.

Эргаш Сулаймон

Шавкат Мирзиёев қиёфасига янгича қараш

(2)

Янги “ота”

Муваққат президент лавозимини ноқонуний эгаллаган Шавкат Мирзиёев Жиззах ва Самарқанд ҳокими бўлиб ишлаган йилларда, ақл бовар қилмас жиноятларни амалга оширди.

Бир гал, у қўйларини пахта даласига қочирган ўспиринни отиб ташлашни буюради. Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳар қанча ўдағайламасин, участка нозири бу қалтис ишга юрак бетлаб кириша олмайди. Унинг каловланганини кўрган вилоят ҳокими участка нозирининг қўлидан тўппончани, шарт юлиб олиб, ўспиринни ўзи, ўз қўллари билан отиб ташлайди.

Одамлар йиғилади.

Ўспириннинг яқинлари Шавкат Мирзиёевни балчиққа булғаб, ўласи қилиб уради.

Қўшимча кучлар етиб келиб, ҳушидан кетиб қолган ҳокимни аламзадаларнинг қўлидан базўр қутқариб қоладилар.

Бир соат ўтмасдан, содир этилган жиноят тафсилотлари хабари президент Каримовга етиб боради.

Президент, “Бу – сиёсат! Баъзида, минглаган кишилар ҳаётини сақлаб қолиш учун бир-икки киши қурбон берилса, ҳеч нима қилмайди”, дейди…

Асосий фожеа, давлат бошида турган биринчи раҳбарнинг адолат ва раҳм-шафқат нелигини, сиёсатнинг мамлакатни ҳаракатга келтириб турувчи жон томири эканлигини англамаслиги, ўз вазифасига шунчаки бир ўйин деб қараши эди…

Ҳар кимса, не топса, феълидан топар, деган гап бор.

Марҳум президент сиёсатни юксак лавозимларни эгаллаб туриш учун шунчаки бир қурол, жамиятни ўйин манбайи деб, қаради. Халқ ҳаётига беписанд ва беътиборлик, ўз-ўзига маҳлиё бўлиш уни аввал бошдан тамоман мавҳ этди.

Оқибатда, билимсизлик ва жаҳолат уни Мирзиёевга ўхшаган тўрт-беш ғаламиснинг “ҳийла ва найранглар билан мақсадга етиш” қуролига, ўйин майдонига айлантирди.

У айланиб-дўланиб, оқибатда ўзи қурган тузоққа тушди.

Вазифасига жиддий ёндашганда эди, у ҳеч қачон ўзи қабул қилдирган қонунларни бузмасди. Ҳар бир қадамини миллат ва мамлакат манфаатидан келиб чиқиб, борлаб, минг бир истеъҳола билан босарди. Икки муддат туриб, ўрнини муносиб бир кимсага бўшатиб берар, сайловларнинг ҳаққоний ва очиқ ўтишига бор куч-қувватини сарфларди.

Тўғри йўл уни фароғатли турмушга, оиласи поракандалигига сабабчи бўлмасликка, хайрли ўлимга, миллатнинг “ҳақиқий ота”си деган шарафга эриштирарди. У мамлакат ҳаётида ёрқин бир шахс сифатида абадий қоларди.

Албатта, унинг номи мамлакат ҳаётида, миллат шуурида абадий қолади. Фарқи, у яхшилик ва ифтихор билан эмас, ёмон ва ёқимсиз хотиралар билан эсланади.

У миллатга ўғил бўлиш шарафига эришиш учун эмас, “ота” бўлиш учун 25 йил иймонли ва эътиқодли қатламга муттасил зулм қилди. Динга, миллий манфаатларга очиқчасига уруш очди.

Фаробий, Беруний, Имом Бухорий, Амир Темур, Шайбоний, Соғуний каби не, не буюк зотлар ҳам тирикликларида ҳеч қачон миллатга “ота”лик қилиш даъвоси билан яшамаганлар. Бу аҳмоқона фикр, уларнинг етти ухлаб тушларига ҳам кирмаган.

Улар не қилмасинлар, ҳар бир ишни Аллоҳнинг розилиги ва башарнинг истиқболи учун амалга оширганлар.

Ҳа, охир оқибат улар дунё ҳаётидан узилиб, ўзлари мансуб халқларнинг “маънавий ота”си мақомига кўтарилдилар.

“Амаллар ниятларга кўра” деб шуни айтсалар керак.

“Ниятлар амалларга кўра” дегувчилар ҳам бор.

Уларни холислик ва самимият, Аллоҳ хизматига бел боғлаб, бандаларнинг бахт-саодати учун кечган кураш – икки дунё соадатига эриштирган бўлса, не ажаб…

Ота бўлишдан олдин, ўғил бўлишни ўрганмоқ лозим. Ўғил бўлмасдан, ота бўлишнинг иложи йўқ-ку! Яна, насил-насабинг бетайин бўлса, ота-онангни ҳеч ким танимаса. Бирор марта “отам”, “онам” деб оғзингни тўлдириб, айтмаган бўлсанг, биров отанг, онанг ҳақида сўзлаганингни эшитмаган бўлмаса…

Бу, мусулмон бўлмасдан, бевафо дунёнинг имтиҳонларидан минг бир машаққат билан кечиб ўтмасдан, жаннатни орзу қилишдек бир гап-ку, ахир!

Пировардида, нима бўлди?

Марҳум президент 27 йил давомида юргизган жаҳолатга ботган тузум, унинг тупроғи совумасдан ўзининг аччиқ меваларини бера бошлади.

Барчасига унинг фожеали ва сирли ўлими сабаб бўлди.

Албатта, бу аянчли ҳодиса кутилган эди. Бошқача бўлиши, мумкин ҳам эмасди.

Энди, Мустақилликнинг – яъни Ўзбек моделининг иккинчи, якуний ва янада шармандали қисми бошланмоқда.

Ўзбек жамиятининг ўз овқатига ўзи қўшган оғуни емасдан, еб, яна қайтариб қусмасдан бошқа иложи йўқ.

У шундан бошқасига ярамайди.

Уни, 25 йил шу иш учун ҳозирладилар. Урдилар, сўкдилар, хорладилар, қамоқларга ташладилар, ўлдирдилар. Бир сўз билан айтганда, ҳақ-ҳуқуқларини – инсонийлик шаънини ер билан яксон қилдилар.

Бу ишлар орқасида, буюк давлатлар ўйин ўйнади.

Ношуд ва сотқин раҳбарлар мансаб курсиларини ўйлаб, барча ёмонликларга ичкарига эшик очиб қўйдилар. Зиёлилик даъвосини қилгувчи ўзбекнинг “орифлари”, нафси ҳавога  учиб, юқоридагиларнинг ҳар қанақа бемаъни қарорларини ҳозиржавоблик билан қўллаб-қувватлаб, маъқуллаб турдилар.  

Ўзбек ёппасига қонуний қулга айлантирилди…

Ҳа, бир соат ўтмасдан, содир этилган жиноят тафсилотлари хабари президент Каримовга етиб боради…

Бир ўспиринни арзимаган иш учун отиб ташлаб, ҳоким одамларни қанақа таҳликадан қутқарди, буни соғлом бир ақл билан тушуниш жуда қийин, албатта.

Президент Каримов фикрини англаш учун Қуддус Аъзамга ўхшаган сиёсий шарҳловчилардан “дарс” олиш лозим. Қуддус Аъзамга ўхшаган ялоқхўрлар, президентнинг ҳар қанақанги бетутриқ важ-карсонларига “маъно-мазмун” юклашга “уста” бўлиб кетганлар. Жиноятни адолат устиворлигига, ақлсизликни президентнинг оқиллигига чевириш – улар учун чикора.

“Отамгўй”лар оталари ўлмасидан, оталарини унутиб бўлдилар.

Янги “ота” учун аёвсиз кураш бошланмоқда. Кураш қуроли – мунофиқлик, фосиқлик, тубанлик ва бетамизлик…

Яна, “янги ота” бўлиши кутилаётган шахс қилмишидан бир ҳикоят:

Дадахон Ёқубов билан қалин “дўст” тутинган Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокими бўлиб ишлаган замонларда, “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатуви муаллифига икки дунёга татигулик бир “яхшилик” қилади. У қўшмачи “дўсти” бўлмиш Дадахон Ёқубовга Ўзбекистондаги энг гўзал ва энг ёш бир қизни топиб келишни буюради. Оғзига сиққан пулини беришини айтаркан, қиз ўзига ёқиб тушадиган бўлса, у Тошкентдан унга квартира сотиб олиб беришдан ҳам тоймаслигини урғулайди.

Кўп йиллардан буён ҳокимнинг қўшмачиси бўлиб умргузаронлик қилиб келаётган Дадахон Ёқубов, бу гал қармоғига жуда ҳам “катта балиқ” илинтиришига қаттиқ ишониб, Тошкентга қайтиб бориб, бир ёш раққосани уй олиб бериш ваъдаси билан Шавкатга учраштиради.

Овқатни бўкиб еб, қорни тўйиб танбал бўлгач, “овқатнинг бир қайнов ками қолипди”, деган ғаламис хўранда каби Шавкат Мирзиёев ишини битиргач, “Бу қиз бўлмади, ел қўйворар экан. Бошқасини топиб келинг, ўртоқ”, дейди Дадахон Ёқубовга.

Уй ваъда қилган Дадахон Ёқубов раққосадан балога қолади. Уй олиб беришни талаб қилган раққоса, унинг остонасига бориб, эшиги тагида ётиб олади. Ваъдаси устидан чиқмаса, маҳалла-кўйда шарманда қилиш тугул, президентга арз этишини айтиб, унинг ўтакасини ёради. Президентнинг муштлари зарбини кўп бора татиб кўрган Дадахон Ёқубовнинг боши қотади.

Хуллас, у қарз-қавала қилиб, охири раққосага квартира сотиб олиб бериб қутулади.

Аммо кўп ўтмасдан, уни қарздорлари безовита қила бошлайди. Боши берк кўчага кириб қолган Дадахон Ёқубов пирвардида, одамларни хорижга жўнатиб, пул ишламоқчи бўлади. У қарзларидан бир амаллаб, қутуладию, аммо бирор кимсани хорижга ишлаш учун жўната олмайди. Чув тушган одамлар, унинг устидан маҳкамага арз қиладилар. Энди, у уйини сотувга қўяди. Бироқ бу билан у муаммо гирдобидан ўзини қутқара олмайди. Қамалиши муқаррар бўлгач, у қочади. Орқасидан қидирув эълон қилинади…

Дадахон Ёқубов Шавкат Мирзиёевнинг устози, марҳум президент Ислом Каримовни яхши биларди-ку!

Шавкатнинг устозидан бешбаттарлиги ҳам унга аён эди!

Оғзи куйган одам қаттиқни ҳам, “пуф”лаб ичади деган халқимизда бир гап бор. У Каримов билан сўнгги марта учрашганини эслаганида, Шавкатнинг қармоғига илинмасди.

Ўшанда…

Ангреннинг Жигаристон қишлоғида содир бўлган ер кўчкиси оқибатида, одамлар гаражда қамалиб қолгандилар. Ҳукумат томонидан масъул бош вазир, Исмоил Жўрабеков уларнинг инграганларини эшитиб туриб, кавлаб олишга изн бермайди.

Барчасини кўриб билиб турган Дадахон Ёқубов Тошкентга дарҳол қайтиб, президентга кириб, унинг устидан арз қилади.

Эшитиб, ғазаби қўзиб қутуриб кетган президент унинг ўзини тепкилаб ташлайди, бошидан мушт ёғдиради.

Дадахон Ёқубовнинг иш бошида ким турганига фаҳми етганда, ҳаммасига кеч бўлган бўлади.

Ўрнидан туришга ҳоли келмаган журналистни судраб, олиб чиқиб, кўчага отадилар…

Бугун, Жигаристондаги ўша жой кавланса, ер тишлаб ётган жабрдийдаларнинг суяклари чиқади!

Менинг нафсим балодир, ўтга, сувга соладир деб шуни айтсалар керак-да…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар