Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Аллоҳнинг ёрдами мусулмонларга етишди…

Аллоҳнинг ёрдами мусулмонларга етишди…
04 Aralık 2016 - 8:00 'да юкланди ва 1358 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 120

(давоми)

Макка билан Тойиф шаҳри оралиғи баланд тоғлиқ бўлганидан Ҳунайн деган жойга келганда пистирма бўлиб ётган душман томонидан тўсатдан ҳужум бошланди. Чунки бу ерлар бир-бирига туташган қалин тоғлиқ жойлар эди.

Жилға, қўлтиқ-қулотга ўхшаш тоғ ичидаги пана ўринларга аскар баҳодирларидан бирмунча кишиларни пистирма қўйишган эдилар. Ислом аскарининг олдинги оровул бўлуги икки ёғи эгиз (баланд) қисилган тор йўлда келаётиб тўсатдан буларга уриниб қолди. Бўхтирмачилар дастлаб ҳа дегандаёқ буларни ўққа тутдилар.

Тор ерда отлиқ аскарларнинг ўққа қарши чидаб турмоғи уларнинг ажалга тўғри келмаги демакдир. Ночор от жиловини буришиб, оровул бўлуги орқага чекинди. Орқада чўзилиб келаётган аскарлар буларни кўриб, нима эканини билмай қочгали туришди. Шунинг билан тоғ ичида келаётган ўн икки минг қўшин бир-биридан ҳуркишиб ҳаммалари қочишга бошлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу куни эрса хачирларига миниб, уруш қуролларини бутунлай тақинган эдилар. Сел қоплагандек оломон аскарининг қочгани Расулуллоҳга қилчалик таъсир қилмади. Шу турган жойларидан бир қадам орқага чекинмадилар. Ҳой кишилар, меним ёнимга йиғилинглар, деб қичқирур эдилар. Лекин ҳурккан халқнинг кўплигидан Расулуллоҳнинг товушлари эшитилган бўлса ҳам, қайтишга ҳеч кимарса йўл топа олмас эрди.  

Расулуллоҳни ўрталарига олиб ўраб келаётган саҳобаларнинг кўпчилиги бу тўполончиликда тарқалишиб кетди. Бу ерда бир неча саноқлик кишилар билан Расулуллоҳ ўзларигина қолдилар. Амакилари Ҳазрати Аббос жиловларини тутган эди. Яна амакизодаларидан Абу Суфён, Робиа, Муаттиб — булар эрса ҳар икки ён узангиларини ушлашиб Расулуллоҳни душмандан сақламоқда эдилар.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар, Ҳазрати Али, Фазл ибн Аббос — булар душманни яқин келтирмасдан Расулуллоҳни қўриқлаб уриб турдилар. Буларнинг қаттиқ зарбидан Расулуллоҳга душманлардан ҳеч кимарса яқинлаша олмади. Лекин кутилмаган улуғ ҳодиса бирданига пайдо бўлиши билан, кўп кишилар шошиб қолдилар.  

Катта саҳобалардан Ҳазрати Қатода:

— Ҳай, бу қандоқ ишдур? Бу мусулмонларга нима бўлди? — деганида, Ҳазрати Умар ҳам ҳайронликда қолиб:

— Нима бўлсин, Аллоҳнинг ишидур, — деди.

Булар айтганларидек бундоқ даҳшатли воқеа ҳеч бўлмаган, одатдан ташқари бир иш эди.

Буни кўрган маккалик янги мусулмонлардан, ҳали иймон келтирмаган юзга яқин Қурайш мушрикларидан ҳар хил сўзлар чиққали турди. Кўнгилларидаги яширин, ёмон сирларни сақлаб туролмасдан суюниб кетиб, тилларига чиқардилар. Булардан энг биринчи бошлаб, ёмон тили чиққан киши Абу Суфён эди. Бунинг тили мусулмон эрса ҳам, дили шаклик бўлиб, мушриклар одатича тўлга ўқларини ўқдонга солғон, ўзи билан бирга келтурган эди. Бу киши суюнганидан чидаб туролмай, бу сўзни айтди:

— Қасам қилурман, Ҳавозин халқи Муҳаммадни енгди, энди бу қочган мусулмонлар денгизга етмагунча тўхтаёлмагайлар.

Бунинг сўзини Сафвон ибн Умайя англади эрса:

— Ҳой, оғзингга тупроқ тўлсин! Ҳавозиндан чиққан бир кишига бўйсунганимиздан Қурайшнинг бир кишисига бўйсунганимиз ортиқроқдур, — деди.

Тағин бириси туриб:

— Энди араблар ота-бобосининг динига қайтажакдур.

Яна бири туриб:

— Мана бугунги кунда сеҳр бузилди, — дедилар.

Бу киши эрса, юқориги Сафвонинг қариндоши эди. У кунда Сафвон ўзи иймон келтирмаган бўлса ҳам бу сўзни айтган инисига:

— Сўзламай тинч ўлтир, оғзингни Аллоҳ йиртсун. Қурайшдан бир киши бизга эга бўлгани яхшироқдир, Ҳавозиннинг эга бўлганидан, — деди.

Яна бир одам келиб:

— Эй Сафвон, суюнчи бер, Муҳаммад енгилди, иккинчи ўнгланмас бўлди, — демиш эди, Сафвоннинг ғазаби келиб:

— Эй аҳмоқ, кўчманчи араблар енгади деб қандай суюнасан? Аъробийларга бўйсунганимдан кўра, Қурайшнинг бир кишисига қараганим яхшироқдир, — деди.

Яна Абу Жаҳл ўғли Икрима:

— Банданинг барча иши Аллоҳ эркидадур, Муҳаммадда на ихтиёр бордур? Бугун иш унинг зарарига айланмиш эрса, балки эртага анинг фойдасига бўлиб чиқар, — деди.

Шундоқ бўлиб, қочган кишиларнинг олди Маккагача етиб борди. Аскар иши шу ҳолга келган бўлса ҳам Расулуллоҳ ўз ўринларидан ҳеч қимирламадилар. Амакилари Аббос ўткир товушлик киши эди. Унга буюрдилар: «Ё маъшарал ансор, Ё ашоба байъатир-ризвон» деб қичқиргил!

Ҳазрат Аббос қаттиқ товуш билан юқориги саҳобаларни қичқириб эди, бунинг товушини бутун аскар эшитдилар ва алар ҳар ёқдан қичқиришиб келгани туришди. Лекин душман аскари ҳам сел қоплагандек мусулмонлар устига тўкилмиш эди. Мана шу чоғда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ердан бир ҳовуч тупроқ олиб: «Юзлари қора бўлсин!», деб ҳужум қилиб келаётган қалин душманга қараб отдилар.

Аллоҳ амри билан бир чангал тупроқ бутун душман аскарининг оғиз-кўзларини тўлдирди. Илоҳий куч билан отилмиш бир сиқим тупроққа қарши туролмай, селдек келаётган душман аскари орқа ўгириб қочдилар.

Расулуллоҳ эрсалар бу ҳолни кўргач: «Мен Абдулмутталиб ўғли, шаксиз Аллоҳнинг пайғамбариман», деган сўзларни айтиб, аскарни урушга қиздирдилар.

Ҳазрати Аббос қичқириғини, айниқса, Расулуллоҳ товушларини эшитган фидоий саҳобалар арслондек душман томонига отилур эрсалар ҳам, боши бузуқ оломон қочган аъробийларнинг кўплигидан йўллар тўсилиб, Расулуллоҳга етишмак мумкин эмас эди. От устида, туя устида юриб Расулуллоҳга етмак имкониятини топмаган баҳодирлар отулоқларини ташлаб, қурол-яроғларини ушлаб олға югуришдилар.

Мусулмонларнинг вақтинча чекинишлари эрса, ички-ташқи бир неча сабаблардан вужудга келмиш эди. Буларнинг дастлабда енгилгандек бўлиб кўринишлари душманларини бек қувонтириб, уларнинг руҳи кўтарилган эди. Душманнинг ҳужумчи аскарлари олдида қизил туя минган, қора байроқ кўтарган туғ бегиси бўлиб, туғлик найзасини қўлида тўғри келган кишига санчиб, соғ қўймас эди.

Бу ҳолни кўрган Ҳазрати Али унинг қасдига тушиб, орқасидан пиёда келди ва туянинг кейинги оёғига қилич солди. Туя йиқилиши билан ансор саҳобалардан бирови туя устидаги туғ бегини чопди. Тиззадан пастки оёғи қирқилиб, у ерга йиқилиб тушди. У тутган туғи ерга тушиши билан иш ўзгариб, Аллоҳнинг ёрдами мусулмонларга етишди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар