Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қуллик психологияси хасталиги

Қуллик психологияси хасталиги
04 Aralık 2016 - 5:00 'да юкланди ва 2114 марта ўқилди.

Эргаш Сулаймон

Шавкат Мирзиёев қиёфасига янгича қараш

(3)

Бошлади

Кўмилди дарёлар, йиқилди тоғлар,
Етимлар кўзёшин тўка бошлади.
Фоҳишадан бўлган бу ҳаромхўрлар,
Юртни бир ёниндан йиқа бошлади.

Жамоатсиз азон қуруқ бир сасдир,
Барча мулло ўқиган илм абасдир,
Қозиларнинг иши чой билан носдир,
Бузуқ бир нишона чиқа бошлади.

Эшонлари ҳар эшикда топилар,
Муллолардан йўқ ғийбатлар ёйилар,
Авлиёман, дея лўли сўпилар,
Қийқириб, осмонга боқа бошлади.

Чиқар ибо билмай қизу келини,
Оқ юзига ёпар қора телини,
Қанча азоб билан топган пулини,
Маржондек бўйнига тақа бошлади.

Махтумқули, бошга ўраб саллалар,
Оч бўридек йўртар, баъзи муллолар,
Ҳаромдан-ҳалолдан йиғиб ғаллалар,
Топганин бўғзига тиқа бошлади.

(Махтумқули)

Шавкат Мирзиёевнинг таги-туги Ўратепадан. Бу дегани, бегона эмас дегани. Ота-боболари очарчилик йилларида Зоминга келиб ерлашган. Бунга, уларнинг тўлиқ ҳаққи бор эди.

Туркистонни бир бутун ўлка, унинг ҳудудларида яшаётган халқларни қону қардош деб оладиган бўлсак, улар учун бу тупроқларнинг ҳар ери – Мулкдир, ҳар ери – Ватандир!

Кимдир, уни тожик, кимдир яна алламбалолар, деб валдирашни бошлади.

Маҳаллийчилик ва ўзлигини танимасликнинг оқибати бу.

Рус истеълоси маҳаллийчиликни авж нуқтасига кўтарди, Каримов уни иштиёқ билан давом қилдирди. Шу йўл билан душман қон-қардош халқларни бўлиб ташлади ва ер-сувларини ўзининг мулкига айлантирди, ўзларини эса жуда осонлик билан қулликка маҳкум этди.

Мустақиллик йилларида бу каби иллатларга барҳам бериш ўрнига, Ўзбекистон ҳукумати сурункали хасталикнинг илдизларини  борҳо мустаҳкамлади.

Истеълочиларнинг, “Бўлиб, ташлаб, бошқар” деган ақидаси, мустақилликнинг гизли иш юритиш услубига айланди. “Ўзбек – модели” ва фалон-пистиклар тегирмон каби, мана шу тамойилнинг ўқи атрофида ўралашиб, бир жойда, депсиниб тураверди.

Биз шу кунларда ҳам душманлар миямизга жойлаган ўша коммунистик қуллик руҳияти билан яшаяпмиз. Йигирма беш йилдан буён, бу мудҳиш юксакликдан туша олмай, оворамиз.

Умуман, ўзбек давлатчилигининг ҳам, она Туркистоннинг ҳам бошига етган бало, мана шу маҳаллийчилик ва унинг орқасида келиб чиққан – қуллик психологияси хасталиги эди.

Жаҳолат, бизни эшак этиб минганига тўрт юз йилдан ошяпди…

Ҳукумат бошига келадиган ҳар қандай одам ким бўлса, бўлсин, унинг қайси миллатга мансублиги асосий масала бўлиши керак эмас. У одам ҳақиқий инсон бўлсин, мард ва жўмард бўлсин! Таги-туги тоза, дини-диёнатли, ўзи бошқараётган халққа қайишадиган, халқаро миқёсда мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишга қодир бўлсин!

Халқнинг ишончини суистеъмол, қонунларни оёқости қилмасин!

Миллатни Озод ва Обод манзилларга етаклай, олсин!

Белгиланган муддат битгач, лаш-лушини кўтариб, Оқсарою Кўксаройлардан чиқиб кетсин!

Мамлакатнинг томоғига тош каби тиқилиб, тараққиёт ва юксалишнинг йўлини тўсмасин!

Худоланиб, миллатни азоб уқубатларга гирифтор этмасин, келажакни “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат!” деган ҳавойи шиорлар остида барбод қилмасин!

Тамом, вассалом!

Шунақа бўлса, фуқароларнинг ҳукумат бошидаги раҳбардан ортиқ талаби қолмайди.

Йўлни ҳам, шаҳарларни ҳам, завод-фабрикаларни ҳам, унинг ўзи қуради. Бутун Ўзбекистонни боғу бўстонларга буркаб ташлайди!

Унга имкон бериш – руҳиятидаги ва қўл-оёқларидаги кишанлардан уни халос этиш лозим!

Ишлаш ва ижод этиш имкони, ақалли бир марта берилса, уни қайтиб ҳеч ким тараққиёт ва новаторлик кўчасидан чекинтира олмайди.

Унга, ақалли, бир марта, бир дафа ўз тақдирини ўзи ҳал қилиш имконини бериш керак!…

Бу учун демократия, демократия қувватга кириши учун эса ҳақиқий маънодаги мухолифат лозим бўлади.

Эркин матбуот халқ минбарига айланиши керак, суд мустақил, адолатли қонунлар ҳукмрон бўлиши керак!

Ўзбек ва тожик ҳақида ҳам икки оғиз сўз: Ўзбек – Ҳасан, тожик – Ҳусан – уларнинг миллат сифатидаги бир-биридан фарқи, бу қадар, ортиқ эмас. Минг йиллар ўзбек подшо бўлса, тожик вазир бўлиб келди. Ўзбек аскару саркарда бўлса, тожик мамлакатни ҳунарпешалиги ва ҳалол меҳнати билан безади. Бири тан бўлса, бири жон бўлди. Бириси бош бўлса, бириси оёқ, бириси ёнғоқ бўлса бириси тош бўлди. Бир-бирини тўлдирди, бир-бирига эмак бўлди, не қилса қилди, Бухорийлару Фарғонийлар, Хоразмийлар каби неча-неча даҳо ўғлонларни дунёга етиштириб берди…

Нима, энди тожик бегона бўлиб қолдими?!

Эт билан тирноқни бир-биридан ажратиб бўлмагани каби, уларни ҳам бир-биридан айириб бўлмайди.

Шавкатга келадиган бўлсак, унинг туққан ота-онаси ўзбек. Боқиб, таълим-тарбия берган онаси татар. Шу татар аёли уни тарбияламаганда, у эшак ўғриси бўлармиди, Салимбой билан Гафурбойнинг итларини боқиб юрармиди, энди у ёғини Аллоҳнинг Ўзи билади…

Унинг ўзи тожик ҳам эмас, ўзбек ҳам эмас. У коммунистик руҳиятли, динсиз ва имонсиз бир совет кишиси, марҳум Каримовнинг сояси, ленинизмнинг ибтидоий кўриниши, холос.

Майли, тожик ҳам бўлсин! Биринчи раҳбарликка у лойиқ бўлса, президентлик сайлови ҳақиқий маънода демократик тамойиллар асосида ўтказилса, сайловларда мухолифат иштирок этса, у ютиб чиқиб, президент бўлаверсин, биз халқнинг иродасига қарши эмасмиз.

Биз, минг йиллар давлатдорлик қилганимизда, тожиклар ҳар доим бизга тиргак бўлиб келган, биз ҳам бир марта уларга елкамизни тутиб берсак, осмон узилиб ерга тушмайди!

Гап, Шавкатнинг миллатида эмас, унинг кимлигида.

У марҳум президент Каримовнинг ишончини қозонаман, дея халққа жуда кўп жабр-зулмлар етказди. Ўзбекистоннинг иқтисодини Каримов, шахсан Шавкатнинг қўли билан хонавайрон этди.

Ҳозир ҳам, уй-жой қуриб бераман, дея халқни аврашни бошларкан, унинг кўзларига президентлик курсисидан бошқа ҳеч нарса кўринаётгани йўқ.

Президент уй қуриб, қурувчи эмас, президент меъмор ҳам, деҳқон ҳам эмас.

У биринчи галда, қонунлар ва фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларининг кафолати бўлиши керак.

Қисқаси, у бу ишларни тушунмайди, у яккаҳокимликдан бошқасини уддалай олмайди.

Яна, унинг ўтмишдаги қилмишларига бир назар: Биз, балки бу кабилардан хулоса чиқарармиз, балки бизнинг ақлимиз кириб қолар.

Чунки, бизнинг – фуқаронинг ақли кирмаса, ҳеч замон юқоридагилар ҳушини йиғиштирмайди, мансабни суистеъмол қилишдан, мамлакатни талон-тарож қилишдан бир дақиқа ҳам тийилмайди…

Биргал, Ўктам Исмоиловдан кейин Сирдарё вилоятига ҳоким бўлган тип Шавкатнинг олдига илтимос билан келади.

Ўшанда, Сирдарё вилоятининг амалдаги ҳокими муштумзўрлиги билан халқ орасида, “боксёр” номини орттирган Ўктам Исмоилов эди.

Илтимос билан келган шахс, унинг ўрнига ҳоким бўлмоқчи эди.

Бошқалар бу ўринга фалон доллар пора берган бўлса, у уч ҳисса кўп бермоқчи бўлади.

Ваъданинг осмонлигини кўрган Шавкат, уни вилоят ҳокимлигига кўтариш учун имкон излай бошлайди. Аммо, ҳарчанд чиранмасин, йўлини тополмайди. Зелимхонникига ўттиз иккиннинг мокисидек совға-салом кўтариб югурмасин, у ялмоғиз кенайи (Татяна)нинг бу гал қўлидан иш келмаётганини айтиб, уни орқасига қуруқ қайтаради.

Шайтон чалса, эчки қассобхонага ўз оёғи билан юриб келади, деганларидек, шундай кунларнинг бирида, Ўктам Исмоилов ўзи унинг ҳузирига маслаҳат сўраб келиб қолади.

Қони қочган, ранггида ранг қолмаган бемуроднинг қўллари, шалвираб, елкалари қаноти синган қарғаникидек, шалпайиб қолганди.

Эмишки, яқинда, Сирдарё вилоятига президент ташриф буюраркан. У бир замонлар вилоятга келганда, ҳокимнинг арчазорига ўзининг “муборак қўллари” билан бир туп арча ўтқазган экан. Минглаган арчалар барқ уриб яшнаб турган бир пайтда, ўша президент ўтқазган бир туп арча қуриб-қовжираб, сарғайип қолипти, экан.

“Президент ҳар дафа келганда, бориб, ўз қўллари билан ўтқазган арчаси – ўша арзандани кўради. Энди, нима қиламан?” дейди Ўктам Исмолов, кўзлари жовдираб.

У Шавкатнинг риёкор ва ҳийлагарлигини, баробарида унинг бошига одам боласининг хаёлига келмайдиган ечимлар келиши мумкинлигини яхши биларди.

“Бунинг йўли осон, ғам еманг, дейди Шавкат. Уч-тўртта рассомни чақиртирингда, арчани обдон яшил бўёққа, бўяб, кейин лаклатинг. Ўша, хашаги чиққан хунаса, от тепган хўтикдек бўлади, кўрасиз. Нима, президент билиб ўтирипдими?”…

Иложи топилганини эшитган Ўктам Исмоилов, орқасига қуш бўлиб учиб кетади Бориб, арчани яшилга бўятиб, устидан лаклатади.

Кўп ўтмай президентнинг ташрифи бошланади.

У ташрифни ҳар сафаргидек ўз қўллари билан эккан арчани зиёрат этишдан бошлайди.

Не кўз билан кўрсинки, минглаган арчаларнинг ичида у эккан арча ўзгача бир чирой очиб, файзи-тароватдан ям-яшил бўлиб, кўрк тўкиб алоҳида ажралиб турипди.

Кўриб, юраги кўксига сиғмай, гуппиллаб уриб кетган президент, барчасини, ичида ўзининг оддий одам эмаслигига йўяди. “Мен ҳам Фиръавн каби худо бўлсам, керак… Бўлмаса, нима учун менинг қўлим теккан нарса, барқ уриб яшнаб кетади”, деб ўйлайди.

Чоптирган ерига қирқ йил экин кўкармаслигини яхши билса ҳам, у бандалигига бориб, худоланади.

“Ўктам”, дейди, у вилоят ҳокимига, атай ўзини хокисор ва бир қадар камтарроқ кўрсатишга уриниб. “Нима учун мен эккан арчага алоҳида, бошқаларига алоҳида эътибор беряпсан. Боқ, бу арча яшнаб, боғ-боғ очилиб турипди. Қолган минглаганлари рангига чанг урган одамга ўхшаб, сўлғин. Бугундан бошлаб, барчасини бир хил парвариш қил! Қонун олдида, ҳамма тенг. Биз шу жиҳатимиз билан дунё халқлари олдида ажралиб турамиз. Адолат мезони бузилмасин!”

“Хўп бўлади, дейди ҳоким, унинг кўнглига йўл қидира туриб. Боғбонларимиз бутун арчазорни яхшилаб парваришлаяптилар. Сиз эккан арчага ҳеч қанақа алоҳида эътибор йўқ. Аммо, у ўз-ўзидан яшнаб, кун-кундан чирой очиб кетяпди. Бунга мен ҳам, боғбонларимиз ҳам лолу ҳайронмиз…”

Эшитиб, худолигига тўлиқ иқрор бўлган президент ич-ичидан масрур бўлса ҳам, қовоқ уяди.

“Йиғиштир, бунақа гапларни”, дейди у. “Сен ҳали ёшсан, ўйлаб, гапир. Сен, мен эккан арчага алоҳида эътибор бергансан. Бу, бариси, менга бўлган чуқур меҳр-муҳаббатингдан эканини мен яхши тушунаман. Аммо одамлар масаласида, бундай қилиб бўлмайди. Ҳар бир одам билан мен қўл олиб кўришиб, ҳар бирини бағримга боса олмайман. Мен битта ўзим, халқ ўттиз милёндан ошиб кетяпди. Шу учун ҳар бир одамни, мени бағрига босган деб ҳисоблаб, ҳар бир одам билан яқин муомилада, бўл, ҳар бир одамга мана шу мен эккан арчага бўлган каби яхши муносабатда, бўл. Ҳар бир одам менинг давру давронимда, ана шу арча каби яйраб, кўрки-тароватдан яшнаб турсин”…

Президент билан ҳоким ўртасида бўлиб ўтган бу мулоқотни телевизор орқали бутун республика аҳли кўради. Кўриб, шундай адолатли, девор бўлмаса кўчанинг нари юзини кўрадиган президент замонида яшаётганидан баъзи бирлар, шукроналар айтишга тушадилар. Анвар қорига ўхшаганларнинг меҳри ийиб, йиғлаб ваража тутиб, сочларини юлади. “Схема”дан ва тендирдан пора бериб ютиб, ҳаромдан пулдор бўлган янги ўзбек бойлари қурбонликлар сўйиб, “президентимизга кўз тегмасин”, деб бутун гузарларда тиловати Қуръон туширтирадилар. Кўриб, кўнгли жўш уриб кетган президент “лазги”га чалдириб, рақсга тушиб кетади. Телевизордан барчасини кузатиб турган Шавкат, “эпладим”, “эпладим” дея хиргойи қилиб, қарсиллатиб, қарсак чалади…

Мулоқотни журналистлар “Ўзбек – модели”нинг янги мувафаққияти сифатида, жаҳон матбуоти саҳифаларидан бутун дунёга кўш-кўш этадилар…

Уч кун ўтиб, президентнинг олдига етим боладай бўлиб елкасини қисиб кирган Шавкат, уни Ўктам Исмоиловнинг чув тушурганини айтади. Шунда, қўлтиғидан тарвузи тушган президент, худо нари турсин, ўзининг оддий бир одамча ҳам фаҳм-фаросати йўқлигини англаб қолади. Тутқаноғи қўзиб, Ўктам Исмоиловни Тошкентга чақиртирадида, тўйгунча тепалаб, ишдан олиб ташлайди. Шавкатнинг одами, унинг ўрнига ўтиради…

Лўппи-лўппи бўлиб очилган чаноқларни далалардан битта-битталаб, йиғдириб келтиртириб,  МХХ ходимлари назорати остида, мактаб ўқувчиларига қип-яланғоч ғўзаларга чаноқ ёпиштириб чиқишни буюрган ҳам, Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ўзлари бўладилар.

Лўттибоз устозини ҳар сана шийпонларда маст булбулдек, ясама пахтазорга қаратиб сайратган ҳам, шу кишининг ўзлари…

Бу ишларнинг барчасидан халқ хабардор, у бу бедодликларни ҳар кун эшитиб, ҳар кун ўз кўзи билан кўриб турипди…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар