Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мирзиёев илк чет эл зиёратини Россияга қилишга қарор берди, нега?

Мирзиёев илк чет эл зиёратини Россияга қилишга қарор берди, нега?
07 Aralık 2016 - 14:41 'да юкланди ва 2350 марта ўқилди.

«Известия» газетасининг 7 декабр куни Ўзбекистон ҳукуматидаги манбасига таянган ҳолда хабар беришича, Ўзбекистоннинг янги сайланган Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг биринчи расмий ташрифини Россияга амалга оширади. 

Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков газетанинг ушбу хабарига муносабат билдириб, «Кремл ушбу хабарга ижобий ёндашади» деган. 

Шунингдек Ўзбекистон Президенти ташрифини Россия парламентида ҳам кутишмоқда. МДҲ ишлари бўйича давлат Думаси қўмитаси раиси Леонид Калашниковнинг «Известия» газетасига айтишича, мамлакат раҳбарларининг биринчи ташрифи шунчаки рамзий характерга эга бўлмайди, аксинча бу давлатлараро алоқаларнинг ривожланиш устуворлигини таъминлайди.

– Мен аминманки, биринчи ташриф Россияга бўлади. Бу иқтисодий, геосиёсий ва ҳарбий нуқтаи назардан мантиққа тўғри келади. Биз иттифоқчи ва ҳамкорлармиз. Ўзбекистоннинг янги Президенти – Россия ва барча собиқ иттифоқ мамлакатларини тушунадиган одам. У Ислом Каримов жамоасида эди, демак у бизнинг алоқаларимизни қўллаб-қувватлаш ва уларни янги фикрлар билан тўлдиришга тайёр, – дейди Леонид Калашников”, деб ёзилган “Известия” газетаси хабарида.

Эсингизда бўлса Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва ЭРК демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ўзининг 6 ноябр кунги «Энди бироз ёмон бўлайлик» деб номланган мурожаатида шундай ёзган эди: 

«Русия раҳбари Путин Самарқандга Каримов қабрига гулдаста қўйиш учун келмади, у Мирзиёевдан Москвага садоқатда ваъда олиш учун келди ва ўз истагига тўла эришди.

Аслида, Мирзиёев бу тайёргарликларни Каримов ўлим тўшагига ётган ондаёқ бошлаган эди. Ўзбекистон халқини кутаётган бу муҳтамал фожианинг қисқача ҳикояси шундай:

Владимир Путин 30 август ва 1 сентябр кунлари орасида Шавкат Мирзиёевнинг назоратли сайловлар орқали Президентлик курсисига муаммосиз ўтиришини таъминлаш мақсадида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимларидан иборат 300 кишилик гуруҳ юборди Ўзбекистонга.

Бу гуруҳга қуролли амалиётлар устаси булган ҳарбий гуруҳ илова қилинди ва улар Тошкент ва бошқа катта шаҳарларга жойлаштирилди.

Бу ишлар Бош Вазир Мирзиёевнинг талаби ва розилиги билан амалга оширилди.

Каримов қабрининг фонида олинган суратга қарасангиз, Путин ва Мирзиёевнинг юзларидаги севинчни кўзойнаксиз ҳам кўришингиз мумкин. Шу қадар аниқ севинч!

Путиннинг 2016 йил 6 сентябр куни Самарқандда ўзбек диктаторининг мозорига қўйган гулчамбари, аслида, бир ўлка Мустақиллиги мозорига қўйилган гулчамбардир.

Бу муболаға эмас, бунинг муболаға эмаслигини куни кеча “Царьград ТВ” дан чиққан рус шовинисти “авроосиёчи” Дугин тасдиқ этди. У “Ўзбекистон Каримовдан кейин Москвасиз ўз мустақиллигини сақлай олмайди” дея баралла баёнот берди. (https://www.youtube.com/watch?v=cMq9tfB2k3E)»

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, агарда Ўзбекистон шу йўналишда давом этса, аввалига иқтисодий ва шу каби бошқа ташкилотларга, сўнгра Россия бошчилигидаги ҳарбий блокларга ҳам аъзо бўлиш эҳтимоли жуда юқори. Натижада эса Ўзбекистон Муҳаммад Солиҳ қўрққанидек Росиянинг вассалига айланиши мумкин.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар