Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Самарқандга кетишга қарор қилдим…

Самарқандга кетишга қарор қилдим…
11 Aralık 2016 - 7:00 'de eklendi ve 1346 kez görüntülendi.

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(8)

1

Тўрахон домлага “Шарҳи ақоиди насафийя” китобини ўқиш ниятим борлигини билдирдим.

Домла: Бизга ҳозир “Фиқҳ акбар”, “Қасидаи амалийя”га ўхшаш китобларни ўқитиш даркордур, тоинки авомни исломнинг бунёдий ақоидларидан огоҳ қилиб, коммунистларнинг моддапарастлик усулларини ҳам рад қилайлик. Ҳозирги кунда юнонларнинг фалсафасидан бирор иш чиқмайди, унга вақтни зоеъ қилмаслик керак” — дедилар.

Мен: ”Сиз нимани ихтиёр қилсангиз, фақир шунга розидур” — дедим.

— “Хуфтондан кейин ғарибхонамизга келиб туринг” — дедилар.

Иршодларига мувофиқ хизматларига ҳозир бўла бошладим. Йигирма бир кунлик тарбияларидан сўнг дўппи бозоридаги масжидга имом қилиб тайинладилар. У ерда яҳудийлар ва арманлар яшар, бундан ташқари коммунистларнинг идораси ҳам жойлашган эди. Бомдод намозидан сўнг Қуръон каримдан дарс берардим ва халққа исломнинг бунёдий ақидаларидан ҳам баён қила бошладим.

Дарс ва баёнотларнинг фойдалик ва таъсирчан бўлаётгани коммунистларни ғуссага солди. Уларнинг ишорасига биноан маҳаллада шундай сўзлар пайдо бўла бошлади: 

“Имом домла балоғатга етганми?! Соқол-мўйлаби чиқмабди-ку!”

Тўрахон домланинг ҳузурларига бориб ҳамма воқеани сўйлаб бердим. 

Домла: “Имоматга бирор кишини ўтказиб ўзинг дарсни давом эттиравер” — дедилар. 

Устознинг маслаҳатига кўра иш тутдим, бир неча кун хотиржамликда ўтди. Шу орада маҳалладан ёш болалар ҳам кела бошлади. Натижада кичкинагина мактаб ҳам очилди. Шундан кейин менинг фуқаролик ижозатномам масаласи қўзғалди. (Маълум бўлсинки, социалистлар ҳукуматни ўз қўлларига олганларидан кейин, бир жойдан бошқа жойга бориш учун паспорт системасини жорий қилишган эди). 

Коммунистлардан бири ўзи ижозатномамни тўғрилаб берди. Коммунистлар исломни бебурд қилиш учун уламолар билан ҳужжат талашиб баҳслашишар, динни масхара ва мазах қилишиб, Аллоҳ таолонинг вужуди ҳақида телба-тескари баҳслар юритишарди.

Мадрасаи “Бек”нинг раиси Муҳйиддин Махдумнинг ваъз-насиҳатлари ҳам ниҳоятда таъсирчан бўлар, сўзлаш давомида одамларнинг қалбларида илиқлик пайдо бўларди.

Коммунистларнинг ноўрин ҳаракатлари уламоларнинг ғафлат кўзини очди. Улар динни етказиш борасида дастурлар тузиб динни тарғиб этиш ва тарқатиш ишларини бошлаб юборишди. Бу ҳаракатларга бардош этолмаган коммунистлар яна ҳибсга олиш ва дорга осиш ишларини кучайтирдилар.

Ҳақгўй уламолар кечалари ғойиб бўла бошлади. “Махфий назорат” ходимлари (НКВД) ярим кечаси келиб керакли одамларни ёпиқ машинага солиб кетишар, уй аҳлларини эса “тўрт-беш кундан кейин келади”—деб тинчлантиришарди.

Бир-икки ҳафтадан сўнг унинг сургун қилингани хабари келарди. Сургун бу Сибирнинг заҳарли совуқ ўлкаларига жўнатиш эди.

Шунга қарамасдан, дўппи бозоридаги масжидда таълим-тарбия ишлари тартибли жорий бўлиб турди. Шу орада коммунистлар менга ҳам иғво этишга қарор қилибдилар. Кечаси бир навжувон йигит келиб мени бу қарорларидан огоҳлантирди.

Бу йигит комсомол аъзоларидан бўлиб, кўринишидан бешафқат коммунист бўлса-да, лекин мусулмонларнинг ҳозирги аҳволига чин дилдан ниҳоятда ғам-андуҳга тушиб қолганди. Мен билан жуда қалин дўст бўлиб қолди, ҳатто у орқали ижозатномамни ҳам ҳал этган эдим. Ўша мажлисдан сўнг мени қочиб кетмаслигим учун кузата бошлашди.

Кунларнинг бирида ўша комсомол дўстимнинг тоғаси эрталаб келиб фиқҳий масалаларни қўзғаб савол қила бошлади. Исми Мир Аюбхон эди. 

Соат ўн бирлар чамасида дўстим келиб, эшикни оҳиста тақиллатди. Туриб дарвозани очдим, тоғаси ўтирганини кўриб, секин ташқарига имлади, чиқсам у: ”Коммунистлар бугун қайсидир вақтда сизни ҳибсга олиш учун қарор қилди, тоғам сизни улар келгунча чалғитиб туриш учун жўнатилган. Тезлик билан бу ердан жўнанг!” — дея маслаҳат берди.

Дўстимни жўнатиб ҳужрага кирдим. 

Айюбхон: ”Келган ким экан?” — деди.

Мен: “Маҳалладаги бадбахт комсомоллардан бири” — деб жавоб бердим.

Сўнгра онажоним берган тугунчани олиб, аста чиқиб, мадраси “Хоштан”га бордим. Мадрасанинг устози қори Абдулмалик менинг қалин дўстим эди. Ўзи Андижондан 3 фарсах (1 фарсах — 4 км.) узоқликдаги Пойтуқ шаҳридан эди.

Мени бир ҳофизи каломуллоҳ билан таништирди. У Тожикистон тоғларида коммунистларга қарши жиҳод этаётган мужоҳидларнинг одами экан. Ўзи ёш болаларга Қуръони каримни ҳифз эттирсада, асл мақсади ёш йигитларни коммунистларга қарши фикрий аслаҳа билан қуроллантириш эди. Унинг ваъзу-насиҳатлари жуда таъсирчан ва диний андозада эди. 

Бу ерда бир ҳафтага яқин турдим. Қўқонда кучлик қўрқинчли воқеалар юз бера бошлади, юзлаб уламолар сургун қилиниб, мингларча мусулмонлар шаҳид қилинди.

Мусулмонларнинг жавоби ҳам қаттиқ бўлди. Ўн мингдан ошиқ рус аскари ва коммунистлар жаҳаннамга равона қилинди.

Бу кунларда Қўқонда ўлим жуда ҳам арзон эди. Мусулмонлар ё коммунистларни тугатишга ёки ўзлари шаҳид бўлишга қарор қилдилар. 

Коммунистларнинг қисуви тобора кучайиб борарди. Мен Самарқандга кетишга қарор қилдим. 

Йўлга чиқиш олдидан қори Абдулмалик 20 килоча гуруч бериб: 

“Самарқанд бозорида сотиб ўз ҳаражатларингга ишлат” — деб тайинлаб ўзининг бир таниши манзилини ҳам айтиб берди.

(Давоми бор)

Etiketler :
HABER HAKKINDA GÖRÜŞ BELİRT

Сўнгги хабарлар
İLGİLİ HABERLER