Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Би-би-си: Туркиядаги қотилликларда Россия ва Ўзбекистон изи

Би-би-си: Туркиядаги қотилликларда Россия ва Ўзбекистон изи
13 Aralık 2016 - 21:30 'да юкланди ва 2388 марта ўқилди.

Сўнгги вақтлар Туркияда келиб чиқиши собиқ иттифоқ давлатларидан бўлган бир неча шахслар ўлдирилди.

Бу қотилликларни россияликлар амалга оширгани борасида баъзи далиллар бор. Ана шундай ҳолатлардан бирида қотиллик содир этилган жойда ҳатто исмлар, фотосуратлар ва USB хотира ускунаси ҳам қолдириб кетилганди. Бу эса полиция учун етарли маълумот эди.

Руслан Исрапилов руслар унинг кетидан тушишлари мумкинлигини биларди.

У Туркиянинг Илмтепа шаҳрига келган чеченистонлик қочқинлардан бири эди. Балки улар бир-бирларини ҳимоя этишга умид қилишганди.

У ўз квартирасини машинада келган шахслар кузатиб юришганини сезганди.

Кўп ўтмай 46 ёшли Руслан Исрапиловни ўз уйининг эшиги ёнида отиб кетишди.

“Ўқ овозини эшитиб ошхонадан югуриб чиқдим, ўғлим “дадажон” , деб қичқирди”, дея эслайди Русланнинг турмуш ўртоғи Патима.

“Ҳаммаёқ қон эди. Боши, кўкси, бўйнидан ўқ еганди…Эшикни очиши билан отишган. Ҳаммаси Оллоҳдан. Жазосини Парвардигор берсин”.

1990 йилларда Руслан бошқа кўплаб чечен йигитлари каби Россия қўшинларини ўз ватанларидан чиқариш йўлида курашган эди.

Кўплаб чеченлар учун бу мустақиллик учун кураш эди. Лекин Россия охир-оқибат уларни енгди ва кейинроқ улардан бири, Рамзан Қодировни республикага раҳбар этиб тайинлади.

Русланнинг Facebookдаги саҳифасидан аён бўладики, у Чеченистондаги қаршилик ҳаракати билан алоқаларини сақлаб қолган.

Бир суратда у мавжуд бўлмаган мустақил Чечен давлати томонидан берилган паспорт билан расмга тушган. Сурат Истанбул ҳаво қўналғасида олинган.

Уни айнан нима учун ўлдиришган маълум эмас. Аниғи шуки, у собиқ Иттифоқдан бўлган ва Туркияда бошпана топган ўзбек, чечен ёки тожик миллатига мансуб ўлдирилган 12 кишидан биридир.

Россиялик
Россиялик “ҳитмен”

Бу ҳодисадан 6 ойча аввал, 2015 йил 1 ноябрда яна бир чечен Абдулвоҳид Эделгириев жиянини Истанбулнинг Кейешеҳр мавзесидаги савдо марказига олиб бормоқчи эди.

Кўчада уларнинг йўлини бир машина тўсди. Ичидан бир одам чиқиб машинада ўтирган Абдувоҳидга қараб ўт очди. Лекин ўқ нишонга тегмади.

У машинадан чиқиб қочди, ҳужумчи қувди. Алал-оқибат уни ўқ билан қулатиб, устига-устак пичоқладилар ва қонга ботган ҳолда ташлаб кетишди.

Эделгириев Чеченистон мустақиллиги учун курашни давом эттирганлардан эди.

2008 йилгача у тоғларда яшириниб юрди. Бир куни портловчи ускуна қопқон-арқонига қоқилиб кетди. Портлаш оқибатида оёғи қаттиқ жароҳатланди.

Туркияда даволангач, собиқ Иттифоқдан бўлган Суриядаги бошқа кўплаб Исломий жангарилар сафига қўшилди. “Ал-Қоида” билан алоқадор “Жабҳат-ул Нусра”га аъзо бўлди.

Сурияда кўплар ҳалок бўлди. У эса Туркияга қайтиб, айтилишича Россия ҳудудида жиҳодни давом эттириш илинжида бўлган гуруҳга қўшилди.

Бу каби шахсни йўқотиш, албатта Россиянинг манфаатида бўлиши мумкин эди.

Уни Россия президенти Владимир Путинни ўлдириш режасига қўшилганликда ҳам гумон қилишганди.

2012 йили Одессадаги бир квартирада портлаш рўй берди.

Бу бомба ясовчиларнинг муваффақиятсиз тажрибаси, дея хабар берилди.

Бир неча шахс ҳибга олиниб, улардан бири телевидение орқали “изҳорида” мақсадлари Владимир Путинни ўлдириш бўлганлигини айтди. У кейинчалик бу сўзидан қайтди. Қўлга олинганлардан яна бири Эделгириевни айни режани ишлаб чиққан ва портловчи моддалар билан таъминлаган шахс сифатида тилга олди.

Путин айбловларни рад этади
Путин айбловларни рад этади

Жаноб Путин қатъий огоҳ билан чиқди.

“Уларнинг қўли менга етмади ва ҳеч қачон етмайди ҳам. Бировдан муттасил равишда қўрқиб яшасанг, бу ҳаёт эмас. Улар биздан қўрқишлари керак”, деди Россия президенти.

10 йил аввал Лондонда Александр Литвиненконинг радиоктив полоний моддасини билан заҳарлаб ўлдириш, тахмин қилинишича, Россия томонидан амалга оширилган қатллардан энг даҳшатга соладигани бўлса бордир, лекин ягонаси эмас.

2004 йили Қатарда Чеченистоннинг собиқ президенти Зелимхон Яндарбеев машинаси портлатилди. Яндарбиев ҳалок бўлди.

Қатар маҳкамаси Россия Ҳарбий Жосуслик хизматининг икки ходимини бу қотилликда айбдор, деб топди ва улар қамоқ жазосини ўташ учун Россияга юборди. Уларни Россияда учоқдан тушишлари билан қизил гиламларни поёндоз қилиб, кутиб олишди.

Прагадаги Халқаро Алоқалар Институтидан профессор Марк Галеоттининг айтишича, “Россия ўз хавфсизлик манфаати йўлида хорижда мухолифларига чора кўришга ўзини ҳақли ҳис қилувчи давлатдир”.

“Иккинчидан, ўзига қарши хавфларни бартараф этиш учун қонли йўлдан борувчи давлатдир. Одам ўлдириш муаммо кўрилмайди”.

Туркияда амалга оширилган қотилликлардан атиги бир нечасигина очилган. Лекин 2011 йили амалга оширилган учта қотиллик бораисда Би-би-си қўлга киритган полиция маълумотларига кўра, улар борасида анчагина далиллар бор.

Қурбонлар ўша йили Москванинг Домодедово аэропортида амалга оширилган портлашга алоқадор кўрилган чеченлар эди.

Ўша ҳужумда 37 киши ҳалок бўлиб, 170 киши жароҳатланганди.

Уччаласи ҳам Истанбулнинг Зайтунбурну мавзесида ўлдирилган. Қотилликлар профессионал даражада амалга оширилган бўлса ҳам, уларни амалга оширган 5 киши кирага олинган машинада қатор маълумотларни қолдиришган.

Уларнинг исмлари ва фотосуратлари ва ҳаёт тарзларидан хабар берувчи суратларга тўла USB хотира флешкаси… Унда тезюрар машиналар, ёру-дўстлар, вискихўрлик ва ҳатто нацистлар белгиси билан безалган мотоцикл расмлари бор.

Бу шахсларнинг бари Россиядан эдилар.

Биринчи гал машина кира қилишганда, оқ ёки оч рангдаги машина сўрашган. “GPS системаси йўқ бўлсин”, деб шарт қўйишган.

Лекин аён бўлишича, машинада GPS бор экан ва улар уни ўчиришни унутишган. Натижада полиция қотилликдан аввалги 2 кунда улар қаерларда бўлганларини аниқлаб, кузатув камераларидан талайгина тасвирларни топди.

Қурбонлардан уч киши, Бергхож Мусаев, Рустам Алтемиров ва Заурбек Амриевлар масжиддаги жума намозидан қайтаётган вақтлари ўлдирилганлар.

Кирага олинган 2 машина уларни кўча муюлишида кутиб турган. Белгиланган вақтда машиналардан бири муюлишдан чиқиб келган.

Ундан тушганлар 11 маротаба ўқ очишган. Шундан сўнг яна машинада қочишган ва бу россияликлар мамлакатни тарк этишган.

Мен Москвада қотилликка алоқадор кўрилган шасхалардан бири, ҳодиса ерида топилган флешканинг ва нацистлар белгиси туширилган мотоциклнинг эгаси Надим Аюповни билган шахслар билан учрашдим.

Уларга кўра, Аюпов хавфсизлик хизматидан эмас, у машина ўғрилиги билан шуғулланадиган жиноий гуруҳ аъзоси.

Профессор Марк Галеотига кўра эса, “1990 йиллардан бери хавфсизлик хизмати билан жиноий гуруҳлар ўртасида “ҳамкорлик мавжуд”.

“Ёлланган қотиллар махсус хизматлар томонидан тайёргарликдан ўтказилган ҳолатларни биламиз. Собиқ ФСБ ва КГБ зобитлари томонидан асос солинган жиноий гуруҳлар борлиги ҳақида ҳам огоҳмиз”.

Туркияда фақатгина чеченлар ўлдирилаётгани йўқ

2014 йил 10 декабр тонгида ўзбекистонлик имом Абдулло Бухорий Истанбулнинг Зайтунбурну мавзасидаги ўзи ишлайдиган мадрасага етиб келди.

Кузатув камераларида у бинога киришга ҳаракат қилаётгани туширилган. Лекин эшик ёпиқ экан. Деразани тақиллатади. Ҳеч ким йўқ. Кутишдан бошқа иложи йўқ. Йўлкада турар экан, унга бир шахс яқиналашди. Чўнтагидан тўппонча олиб имомга ўқ очади. Шу вақт кимдир мадраса эшигини очади, лекин кеч эди. Имом Бухорий касалхонада оламдан ўтди.

Туркия полициясининг собиқ ходими Алижан Элеманга кўра, бу қотилликда ҳам Москванинг қўли борлигига оид далиллар бор.

Элеманнинг айтишича, бу қотилликни амалга ошириш сўралган собиқ чечен жангариларидан бири у билан алоқага чиққан.

Элеман ва ўша чечен ўзларини гўёки “вазифани” бажаришга қизиққандек қилиб кўрсатишган ва кўпроқ маълумот олиш учун учрашув белгилашган.

Элеманнинг айтишича, қотилларни ёлламоқчи бўлган шахс Россия паспортига эга бўлган, аммо миллати ўзбек шахс эди. У Россия ФСБси томонидан тайёргарликдан ўтган ва исми Собир Шукуров эди, лақаби “Саша”.

“Учрашдик. Туркиядаги 15 кишининг исмини келтиришди. Россия Хавфсизлик Хизмати улардан 4 кишини зудлик билан ва бир вақтда ўлдиришини истаганди”, дейди Элеман.

“Бу учун ажратилган маблағ улкан эди. Ҳар бир қотиллик учун 330 минг доллар таклиф қилишди”.

Элеман ва унинг чечен дўсти нишонга олинган тўрт киши, жумладан имом Бухорийни огоҳлантиришга қарор бердилар.

Элеман ва дўсти, имом Бухорий ва ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ билан юзма-юз учрашиб, ўз билганларини айтишди. Огоҳлантиришди.

Кейин полицияга бориб, билдириш бердилар. Бу Бухорийнинг ўлимидан 6 ой аввал эди. Лекин полиция фақатгина унинг ўлимидан сўнг чора кўришга киришди.

Ҳозирда Муҳаммад Солиҳ полиция назорати остида, номаълум манзилда яшамоқда. У уйидан камдан-кам чиқади. Чиқса ҳам бир йўлдан юрмайди. Бошпана топган мамлакатидаги уйида…деярли ҳибсда яшайди.

Лекин Ўзбекистон ҳукуматининг мухолифларини ўлдиришдан Россияга нима наф?

Марк Галеотининг айтишича, “минтақадаги режимларга яқин дўст бўлиб, Россия ўз обрўсини сақлаб қолишга ҳаракат қилади”.

“ФСБ Ўзбекистондаги каби давлатлардаги ҳамкорлари билан яқин алоқада. Шунингдек, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистондагилар билан ҳам…Ўртада сиздан угина, биздан бугина қабилида иш юритилади. Бу Москванинг ўзининг минтақа учун қанчалар керакли эканлиги ҳақидаги тасаввурни сақлаб қолиш йўлларидан бири. Яъни, Москва “биз сизга “қора ишингизни қилишда ёрдам берамиз, ё ҳатто сиз учун қилиб ҳам берамиз” қабилида иш юритади”.

Шу йил март ойида савдо марказига борган вақти ўлдирилган Абдувоҳид Эделгириев ишида муҳим ўзгариш рўй берди.

Россиядан келган икки киши, Александр Смирнов ва Юрий Анисимов Истанбулга учиб келиб, аэропортда машина кира қилишди. Уларнинг ортига Туркия полицияси ва жосуслик хизмати тушди.

Бу гал ҳам руслар оқ рангдаги, автоматик бошқарув машинасини талаб қилдилар.

Уларнинг ортидан тушган ходим Би-би-си билан махфий равишда суҳбат қилди.

“Ўша одам келиб, “бу машина ичида GPS борми?”, деб сўради. Мен “йўқ”, дедим. “Худди шуни оламиз”, деди.

Улар 2011 йилги ҳужумга алоқадор кўрилганлар қандай йўл тутишга бўлса, худди шундай қилишмоқда эди.

Лекин улар мақсадларини амалга оширмай туриб, ҳибсга олиниб, Эделгириевнинг ўлимига алоқадорликда гумон қилиндилар.

Бу одамлар ҳозир ҳибсда сақланмоқдалар.

Россия жосуслик хизматидаги манбалари билан танилган Rosbalt хабар агентлиги журналисти Александр Швалевнинг айтишича, Александр Смирновнинг асл исми Валид Лурахмаевдир. У 90 йилларда Москвадаги чечен мафияси гуруҳларидан бири аъзоси бўлган ва қотилликлар бўйича “мутахассис”.

Яна бир журналист Сергей Каневнинг айтишича, Лурахмаев Қавқоздаги терроризмга қарши ФСБ гуруҳида ишлаган.

“Менинг полиция ва Ички Ишлар вазирлигидаги танишларимдан билишимча, у ҳимоя остидаги шахс. Ўта шубҳали одам”.

Лурахмаевнинг Анна Политковская иши билан боғлиқлиги:

1. Анна Политковсая Владимр Путиннинг Чеченистондаги амалиётларини ёритиб келган журналист эди.

2. 2006 йил 7 октябрида Политковская Чеченистондаги москвапараст гуруҳлар томонидан қийноқлар қўлланиши ҳақида мақола эълон қилиш арафасида эди.

3. У уйига қайтаётган вақти, даҳлизда кутиб турган одам уни отиб ўлдирган.

4. ФСБ ҳужжатларига кўра, Валид Лурахмаевнинг мобил телефони бу қотилликдан сал ўтмай шу яқин орадаги парклардан бирида бўлгани қайд этилган.

5. Полиция Лурахмаевни Политковская иши бўйича ҳеч қачон сўроққа тутмаган.

Россия ҳамиша Алесандр Литвиненко ва Зелимхон Яндарбеев дохил хориж мамлакатларидаги қотилликларга алоқаси йўқлигини айтиб келади.

Туркияда амалга оширилган қотилликлар борасида Россия президенти сўзчиси Дмитрий Песков “Бизда ҳеч қандай изоҳ йўқ ва бу ерда келтирилган ҳодисаларнинг Россия ёки президент Путин билан ҳеч қандай алоқаси йўқ”, деб айтган.

Туркия ҳукумати, ФСБ ва Ўзбекистон Хавфсизлик Хизмати ҳар қандай изоҳдан бош тортганлар.

Агарда бу қотилликлар ортида ҳақиқатан Россия турган бўлса, Туркия бу йўлда Москвага тўсиқ бўлиш учун деярли ҳеч нима қилмаган.

Смиронов/Лурахмаев ва Анисимовларнинг ҳибсга олинишлари Туркия Сурия чегарасига яқин ерда Россия учоғини уриб туширишидан сал ўтмай юз берган.

Ўшанда икки ўртадаги муносабатлар ўта совуқлашиб кетганди. Ҳозирга келиб бу муносабатлар яна яхшиланмоқда.

Агарда алоқалар яхшилигича қолса, Суриядан қайтган бир чечен жангарисига кўра, Россия яна Туркия тупроғидаги “амалиётларини” давом эттириши мумкин.

Лекин Туркияда кўпроқ инсонларни ўлдириш Россияни хавфсизроқ қиладими? Суриядаги жангларда суяги қотиб келган чеченларга кўра, “йўқ, аксинча”. Уларни Москванинг бу амаллари Россияга қарши янада қатъийроқ курашишга ундайди.

Мурад Батал Шишаний

Манба: bbc.com/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Fazliddin Yokub ;

    Men 2008 yili 20 iyunda AMERIKADA otildim . lekin bugungacha kotil topilmadi . Eski muholifatchiman . 20 yildan beri faoliyat korsatmayman . HOZIR BIKINIMDA va oyogimda ikkita ok bilan yarador holimda invalid bolib yashamokdaman . . .

    14/12/2016 05:00
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар