Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Кофирларни қолдириб, мусулмонларни ўлдиргайлар…”

“Кофирларни қолдириб, мусулмонларни ўлдиргайлар…”
16 Aralık 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1300 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 124

(давоми)

Яна ўз сўзимизга келайлик. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлжа молларининг барини бир ерга йиғдилар. Яёв аскарга бир ҳисса, отлиқ аскарга икки ҳиссадан тақсим қилиб бердилар. Бу ишнинг устида мунофиқлардан бир киши қараб туриб эди. Ул айтди:

— Эй Муҳаммад, бу қилган тақсимингда адолат қилмадинг. Бу сўздан Расулуллоҳнинг муборак юзлари ўзгариб, қаттиқ ғазаблари келди. Менгзалари анор доналаридек қизариб айтдилар:

— Ҳой одам, агар мен адолат қила олмасам, энди дунёда ким адолат қила олгай? Биродарим Мусони Аллоҳ раҳмат қилсун. У эса мендан ҳам ортиқроқ озорланиб, яна сабр қилган эди. Мен ҳам бунга сабр қилишим керак.

Анда Ҳазрати Умар туриб:

— Ё Расулаллоҳ, рухсат қилинг, бу мунофиқнинг бошини кесиб ташлайин, — деб эди, рухсат этмадилар.

Яна Ҳазрати Холид келиб:

— Ё Расулаллоҳ, буни албатта ўлдириш керакдур,— деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Балки бу намоз ўқур бўлса, уни қандай ўлдиргали бўлур? — деганларида, Ҳазрати Холид:

— Кўп намоз ўқувчилар бордурким, тилларида айтурлар, лекин у нарса дилларида йўқдур, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Мени Аллоҳ таоло кишиларнинг дилини ахтармоққа, уларнинг кўнгилидагини билмоққа буюрмади. Тиллари билан калимани келтириб, Қуръон ҳукмига бўйсунсалар, шунга қаноат қилурман, дилларини Аллоҳга топширурман, — деб уни ўлдиришга рухсат бермадилар.

Сўнгра:

— Бунинг наслидан шу яқинда бир тоифа кишилар пайдо бўлгайким, умматларим ичра кўп фитна-фасод солгайлар. Кофирларни қолдириб, мусулмонларни ўлдиргайлар. Оғизларида Қуръон тиловатлари бордур, кўнгилларида эса ундан заррачалик баҳралари йўқдур, — дедилар.

Бу эса Расулуллоҳнинг ғойибдан хабар мўжизалари эди. Ул зот деганларидек, Ҳазрати Алининг халифалик даврларида хавориж тоифаси пайдо бўлди. Расулуллоҳга адабсизлик қилган шу кишини ўзларига раис сайламиш эдилар. Ислом диннинг офати хавориж фирқасидан бошлаб тарқалди. Аларнинг аломатини Расулуллоҳ Ҳазрати Алига айтмиш эдилар:

— Эй Али, мендан сўнгра бир фирқа кишилари сенга қарши чиқиб уруш қилгайлар, сен уларга ғолиб келиб, зафар топгайсан. Раисларининг билаги бошида аёлларнинг кўкракларидек дўмбайиб чиққан белгиси бордур.

Расулуллоҳнинг айтганларидек, хаворижлардан тўрт мингдан ортиқ киши Ҳазрати Алига қарши чиқиб урушмоқчи бўлишди. Орада қон тўкилмаслиги учун, уларга кўп насиҳат қилдилар, фойда бермади. Бошқа илож йўқлигидан урушмоққа мажбур бўлгач, Расулуллоҳ айтганларидек, хаворижлар устидан ғалаба қилди. Тўрт минг кишидан тўққиз киши қочиб қутулди, қолганлари эса бутунлай қиличдан ўтказилди. Қўли устида кўкрак каби дўмбайиб турган белгиси бор раислари ҳам шу урушда ўлдирилди. Ўликлар ичидан ахтаришиб юриб, уни топдилар. Ўттиз йил илгари бу воқеадан хабар бериб, Расулуллоҳ айтган сўзлари тўғри чиққач, Ҳазрати Али бошлиқ бутун аскар такбир айтишиб, Пайғамбаримизга саловот ўқишдилар.

Мана шу кундан бошлаб хавориж фирқаси мусулмонлар ичида кўпайиб, Ислом халифаларига қарши ҳар ерда қўзғолон кўтардилар. Ҳазрати Алини шаҳид қилган Абдураҳмон ибн Мулжам деган киши ҳам шулардан эди.

Расулуллоҳдан:

— Эй Али, илгариги умматлардан чиққан энг ёмон одам Солиҳ пайғамбарнинг туясини ўлдирган кишидур. Кейингилардан чиққан энг ёмон одам, сени ўлдирган Ибн Мулжамдур, — деган сўз ривоят қилинмишдур.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар