Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бухоро воқеалари

Бухоро воқеалари
17 Aralık 2016 - 7:00 'да юкланди ва 1269 марта ўқилди.

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(10)

1

Бухоро воқеалари

Домла Бухорийнинг хизматларида тўлиқ бир ҳафта бўлганимдан сўнг, Бухоро тарафга равона бўлдим.

Бухородан 7-8 мил узоқликда “Когон” бекати жойлашган эди. Бекатдан шаҳаргача йўловчи улов-машиналарда кетилар эди. Бекатда тушиб пиёда жўнадим. Кечаси бир қишлоққа етиб бордим. Кечки намозни ўқиб масжидда ухлашга тайёргарлик кўра бошладим, лекин имом иккимиз ўртамизда баҳсу мунозара бошланиб кетди. Имом:

“Масжидда ухлаш макруҳ” — деяр, мен эса:

“Мусофирга масжидда ухлаш макруҳ эмас” — деяр эдим. Охири имом баҳсдан танг бўлиб:

“Фирқанинг томонидан қонун бор” — деди.

“Фирқа…” Қанақа фирқа?” — деб сўрадим.

“Эй нодон, қишлоқи! — Имом наъра уриб қичқирди. — Фирқа нималигини билмайсанми?! Коммунистик партияда” — деди.

“Коммунист Аллоҳга мункир, унинг масжид низомига нима алоқаси бор?!” — дедим.

Сен кимсан, эй нодон бола?! Ўзбек? Қирғиз? Тожик? Қозоқ ё туркманмисан?

Ўзбекман.

“Сенга бу ерга киришга ҳам рухсат йўқ, яхшиликча жўнаб қол” — деб имом зўр бериб қичқирди.

Эҳҳ…! Мусулмонлик ҳайф-э! Дилим беҳузур бўлиб масжиддан чиқдим. Кечани масжид қаршисидаги бир дарахт остида ўтказиб, бомдод намозига масжидга келдим. Афсуски масжид қулф эди. Намозни ўқиб Бухоро томон йўл олдим.

Соат саккизларда шаҳарга кириб келдим.

Ғиждувон маҳалласида хушсурат бир масжид яққол кўзга ташланиб турар эди. Ичкарига кирдим. Тўсатдан бир неча кир ювадиган аёлларга кўзим тушди. Ё алҳазар! Масжидда бир неча хонадоннинг кўчи тўпланиб турарди.

Кейин маълум бўлишича, бу яҳудий коммунистларнинг хонадони экан. Социализм ҳукумати уларга яшаш учун масжидни тақсим қилиб берибди. Ташқарига чиқдим, баногоҳ узоқдан хотин-қизлар овози эшитилиб аста-аста яқинлашиб кела бошлади. Шояд бирор намойиш бўлса керак, деб ўйладим.

Бир неча дақиқадан сўнг, кўз олдимда тўлиқ манзара намоён бўлди. Минглаб коммунистлар қатор-қатор бўлиб қизил байроқ кўтарган, ҳар бир қаторда эркагу-аёлларни аралаштириб ташланган ҳолда кўрдим.

Қизил аскарлар уларни қўриқлаб келишарди. Улар шаҳарнинг қоқ марказидаги “Девонбеги” ҳовузи олдига тўпланишди. Аслида булар “ҳаёсизлик” кунини нишонлашар эди.

Бундан бир неча йил муқаддам коммунистлар қизил аскарларнинг кўмаги билан мусулмон хотин-қизларнинг юзларидан ор-номус, ҳаё пардалари ҳисобланмиш паранжиларини ташлатиб ўтга оттиришган эди. Қайси бир аёл паранжи ташлашдан бўйин товласа, унинг оила аъзоларини ваҳшиёна азоблай бошлардилар. Бунга тоқат этолмаган аёллар паранжи ташлашга мажбур бўлган эдилар.

Ўшандан буён ҳар йили 8 март куни байрам этиб нишонланарди. Митинг охирида дини исломнинг зиддига очиқдан-очиқ разилликлар қила бошлашди ҳамда барча жомеъ масжидларга Лениннинг ҳайкалини ўрнатишга қарор қабул этилди.

Бухорода уч кун турдим-у, гўёки уч йил тургандек туюлди. Аҳвол ниҳоятда аянчли эди. Бутун Туркистон золим босқинчилар зулми исканжасида қолган эди.

Бухоро мусулмонларига қилинган зулм барча вилоятдаги зулмлардан ортиқроқ эди.

(Давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Рахмат сизларга! Бу китобни йиглаб укиганман!Биз мусулмон халк тарихимиздан мосуво булиб, улуг ота-боболаримизни хакорат килиб бу дунёдан утияпмиз!

    17/12/2016 21:23
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар