Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳеч кимнинг кўнглида кири қолмай ўртадаги ғубор кўтарилди…

Ҳеч кимнинг кўнглида кири қолмай ўртадаги ғубор кўтарилди…
19 Aralık 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1210 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 125

(давоми)

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу урушдан ўлжа тушган молларни Қуръон қонунича бутун аскарга тақсим қилдилар.

Юқорида ёзилганича, Қурайш раисларига, булардан бошқа қабила раисларига неча юзлаб туя инъом қилдилар. Аммо шунча кўп қилган инъомларидан мадиналик ансор саҳобаларга ҳеч нарса бермадилар.

Инсончилик юзасидан бу иш уларга оғир келди. Ўз юртларида ҳар хил сўз кўпайди. Кўпчилик ичида яхши-ёмон сўзлагувчилар бўлди.

Қайси бирлари айтур эди:

— Қаттиқчилик кунлари келса бизларни чақирур, ўлжа олган моллар бўлса, қараб турган тамошабинларга берур.

Қайси бири эса:

— Бу ажаб қизиқ ишдур, қиличимиздан қон оқизиб топган молларимиз юзлаб-минглаб душманларимизга тақсим қилинмоқдадур. Қурайш қонидан қуролларимизни ҳали артганимиз йўқ эди.  Урушда қон тўккан биз қолиб, улар ўлжалик бўлдилар. Бу иш Аллоҳдан келмиш ваҳий орқали бўлса, у чоғда бўйсунмоқдан бошқа чора йўқдур. Агар Расулуллоҳ ўз фикрича қилмиш экан, унда бу тўғрилик сўз қилишга бизнинг ҳам ҳаққимиз бор, — деди.

Ансор саҳобаларнинг раисларидан Ҳазрати Саъд ибн Убода бу ҳолни кўргач, бундан бир фитна қўзғалиб қолмасин деб дарҳол Расулуллоҳга келиб;

— Ё Расулаллоҳ, ансор саҳобалар бу ишдан норози бўлмишлар. Ўз қавми Қурайш раисларига улуғ инъомлар берди, шунчалик кўп моллардан бизларни қуруқ қолдирди, бошқалар қаторида ҳам кўрмади, дейдурлар, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй Саъд, бу сўзга ўзинг қандай қарадинг? — деганларида:

— Ё Расулаллоҳ, мен ҳам шулар ичидан чиқолмадим, — деди.

— Андоғ эрса, бутун ансор саҳобалар бир жойга йиғилишсин, — деб буюрдилар.

Ҳазрати Саъд уларни бир ерга йиққандан сўнгра Расулуллоҳга хабар берди, алар узрасига Расулуллоҳ келдилар. Сўнгра ансор саҳобаларга қараб:

— Агар ичингларда бошқа уруғлардан киши бор эрса айтинглар, ўз қўшига қайтсин, — дедилар.

— Ё Расулаллоҳ, орамизда ёт киши йўқдур. Ўз жиянларимиздан бир киши бордур, — деганларида, ул зот:

— Жиян тоғадан бўлгай, — дедилар.

«Жиян тоғага тортар» деган эл оғзидаги сўзнинг асли шу бўлиши керак. Шу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансор саҳобаларга қараб бир сўз қилмоқчи бўлиб, Аллоҳга ҳамду сано айтгандин сўнгра уларга дедилар:

— Эй ансор халқи, меним устимдан айтган сўзларингизни англадим. Меним қилган ишимни ёқтирмай, норози бўлибсизлар, деб эшитдим. Бу нима ишдур? Мен сизларга келмасдан илгари адашган эдинглар, йўл топдинглар. Бўлак-бўлак эдинглар, бирлашдингизлар. Камбағал эдинглар, бой бўлдинглар. Бу ишларга Аллоҳ мени сабабчи қилди. Аллоҳдан бу яхшиликларни кўра туриб, нега бундай сўз чиқардинглар, қани гапиринглар-чи?

Анда ансорлар:

— Ё Расулаллоҳ нимани айтурмиз? Сиз деганингиз эрса, ҳаммаси ростдур. Миннатдормиз Аллоҳга ва унинг Расулига. Қоронғуликда эдик, сиз келгач ёруғликка чиқдик. Адашган эдик, тўғри йўл топдик. Тамуғ (дўзах) четини босмиш эдик, сиз келиб ундан қутулдик. Аллоҳ Раббимиз, Ислом динимиз, Муҳаммад Пайғамбаримиздур. Нима иш қилар экансиз, ихтиёрингиздадур, биз розимиз, — дедилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Андоғ эрса, сизлар ҳам шундоғ дейишга ҳаққингиз бордур: «Ўз қавмингиз сизга ишонмай ёлғончи дедилар. Бизлар сизга ишониб, рост айтур, дедик. Бошқалар эрса сиздан қочдилар, биз бош бериб, сизга эргашдик. Ерингизга сиғмай қочиб келдингиз, жонимиз билан сизга жой бердик. Кишилар душман бўлишиб, сизга қасд қилдилар, бизлар жонимизни аямай ёрдамингизда бўлдик. Чоғай эдингиз, бой қилдик». Агар хоҳлар экансиз, сизлар ҳам шу сўзларни айтишга ҳаққингиз бор. Тўғриси ҳам шулдур, — дедилар.

Анда ансорларнинг улуғ ёшликлари:

— Ё Расулуллоҳ, бизлардан бул тўғрида ҳеч қандай сўз чиққани йўқдур. Лекин ёшялангларимиз Расулуллоҳни Аллоҳ авф қилсин, ўз уруғи Қурайш раисларига бек улуғ ҳадялар қилди, бизни ёдидан чиқариб қуруққа қолдирди, қонларидан қиличимиз бўялмиш душманлар молга эга бўлди дейишди, — дедилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй ансор халқи, улар эрса янгидан Исломга кирган кишилардур. Буларнинг иймонларига кўп ишонч йўқдур. Кўнгилларини Исломга мойил қилиш учун шу бақосиз моллардан уларга бериб, дилларини шод қилдим. Сизларнинг иймонингиз кучлик бўлганига ишониб, дунё моли учун қайғурмаслар деб ўйлаб, сизларга мол бермадим. Эй ансор халқи! Бошқа кишилар қўй-эчки, туя олишиб уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳни олиб қайтмоққа рози эмасмисиз? Худо ҳаққи қасам қилурман, агар Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб бормаган бўлсам эди, ансорлардан бир киши бўлиб яшар эдим. Агар бу кишилар барчаси бир йўлга киришиб, ансорлар бир йўлга кирмоқчи бўлсалар, Худо ҳаққи, мен Ансорлар кирган йўлга кирар эдим. Эй бор Худоё, ансорларни ва ҳам уларнинг авлодларини раҳмат қилгин, — деб дуо қилдилар.

Расулуллоҳдан шундоқ ўткир, ҳаяжонлик ваъз эшитгач, ҳаммалари йиғлашиб, кўз ёшларидан соқоллари сув бўлиб, кўксилари ҳўл бўлди.

— Барча халқ ўлжа олишиб уйларига қайтсинлар, биз бўлсак, Расулуллоҳни олиб қайтмоққа рози эрурмиз, — дейишиб, шодлик билан тарқашдилар.

Расулуллоҳнинг бу муборак нутқлари натижасида ҳеч кимнинг кўнглида кири қолмай ўртадаги ғубор кўтарилди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар