Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қаёққа кетяпмиз?!

Қаёққа кетяпмиз?!
20 Aralık 2016 - 14:40 'да юкланди ва 2073 марта ўқилди.

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

(“Нафсимга ўгитлар” туркумидан.)

Ушбу воқеани шайх Алоуддин Мансур маърузаларидан бирида эшитган эдим. Айтишларича, бўлган воқеа экан:

Қайсидир замонда бир шаҳарда таровиҳ намози устида тортишув чиқибди. Бунақа тортишувлар ҳар рамазон кирганида бўлиб турар экан-у, ўша йилги рамазонда вазият кескинлашибди.

Бир гуруҳ таровиҳни 20 ракат ўқишни бидъат дебди. 8 ракат ўқиш суннат дебди. 8 (саккиз) ракат ўқишимиз керак деб оёқ тираб туриб олибди.

Иккинчи гуруҳ 20 ракат ўқишни ҳам суннат дебди. 20 (йигирма) ракат ўқишимиз керак деб оёқ тираб туриб олибди.

Тортишув узоқ давом этибди. Томонлар ҳеч бир-бирига ён босай демабди.

Охири жанжалга айланибди. Ҳатто ўртада қон тўкилиши хавфи юзага келибди.

Хайрият, ораларида эсини еб қўймаган одамлар ҳам бор экан.

‒ Фалон жойда тақволи олим зот бор. Келинглар, икки томондан ҳам вакиллар борайлик, масаламизни ҳал этиб берсин, ‒ дебди.

Келишишибди. Боришибди.

Тақволи олим зот ҳар икки томоннинг ҳам даъвосини эшитибди.

‒ Модам мени ҳакамликка танлаб келибсизлар, қандай ҳукм чиқарсам ҳам, сўзсиз итоат этасизларми? ‒ деб сўрабди.

‒ Итоат этамиз! ‒ деб сўз беришибди вакиллар.

‒ Унда қулоқ солинглар: бугундан бошлаб таровиҳ намози йўқ! Тамом! ‒ дебди.

Икки томон ҳам фатво ўз фойдасига чиқишидан умид қилган экан, тамоман бошқача ҳукмни эшитиб саросимага тушишибди. Шовқин бошланаётган экан, тақволи, олим зот уларни босибди:

‒ Итоат этамиз деб қасам ичдиларинг, энди сўзларингда туринглар! ‒ дебди овозини юксалтиб. Сўнгра англатибди: ‒ Таровиҳ намози нафл амал, мўминлар биродарлиги эса ‒ фарз! Оллоҳ таоло мўминларни ўзаро биродар бўлишга буюрган, аммо таровиҳ намозига буюрмаган! Бир нафл устида тортишиб фарзни тарк қиляпсизлар! Фарз амали таҳлика остида қолганида нафлдан воз кечилади. Тамом, бугундан бошлаб таровиҳ намозини ўқимайсизлар!..

У замоннинг мўминлари тақволи олим зотларнинг гапини оларкан. Ҳукмдан рози бўлиб, маконларига қайтишибди…

* * *

Эй мўминлар! Эй ака-укалар! Бугун бизга нима бўлди?!

Биз ҳатто нафл амал бўлмаган нарсалар устида жанжаллашяпмиз!

Мўминнинг обрўйи мўминга ҳаром! Биз ҳеч жирканмай ҳаромга киряпмиз ‒ бир-биримизнинг обрўйимизни тўкяпмиз!

Бўйнимиздаги Оллоҳ буюрган энг муҳим фарзлардан бирини ‒ ўзаро биродар эканимизни унутиб… фарз эмас, вожиб эмас, суннат эмас, ҳатто нафл ҳам эмас, балки одоб ё урф даражасидаги майда “масалалар” устида бир-биримиз билан душманлашиб кетяпмиз!

Ўзимизни бир текшириб олайлик: биз қаёққа кетяпмиз?!

Манба: nmr-yondaftari.blogspot.com.tr

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар