Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Сўзнинг яхшиси энг тўғри сўздур”

“Сўзнинг яхшиси энг тўғри сўздур”
22 Aralık 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1290 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 126

(давоми)

 

Бу урушда душман йиғилгандан сўнгра орқа сафларга қўйилган хотин ва болалардан бир қанчалари асир олинган эди. Улар ичида Шаймў деган бир хотин аскарларга қасам қилиб:

— Мен Муҳаммаднинг эмакдоши эрурман, ёшлигида уни эмизган Ҳалима хотиннинг қизидурман, — деди.

Анда саҳобалар унинг сўзига ишонмай, Расулуллоҳ олдиларига олиб келдилар. Орадан кўп вақт ўтганлигидан Расулуллоҳ уни танимадилар ва:

— Агар бу айтган сўзинг тўғри бўлса, сенинг баданингда мендан қолган бир белги бўлиши керак, — дедилар.

Анда ул хотин дарҳол қўлини очди. Билаги устида оқариб турган очиқ бир доғни кўрсатиб:

— Сизни кўтариб юрганимда тишлаган жойингиз мана, Ё Расулаллоҳ, — деди.

Бу аломатни кўриб танидилар. Дарҳол ўринларидан туриб, елкаларидаги ридоларини солиб, устига ўлтирғиздилар. Бу хотин Расулуллоҳни эмизган Ҳалиманинг қизи эканлиги аниқлангач, уни бек ҳурматладилар. Ота-оналарини сўраб, уларнинг ўлганликларини эшитгач, муборак кўзларидан ёш тўкилди. Сўнгра унга қараб:

— Эй Шаймў, мендан нима сўрасанг берурман, нима десанг қабул қилурман, — дедилар.

Бу хотин Расулуллоҳга келмасдан олдин қабила раислари унга тушунтириб:

— Эй Шаймў, Муҳаммад сенинг сут эмишган қариндошинг бўлур. Агар у билан кўришиб қолур бўлсанг, аввал ўз қавмингни тилаб ол, — дейишган эди. Бу сўзни эслаб:

— Ё Расулуллоҳ, бу урушдан қўлга тушган барча асирларни мен учун озод қилишингиз сўрайман, — деди.

Хотун Бани Саъд қабиласидан бўлса ҳам, унинг ҳурматига бутун қабилалардан тушган асирларни бўшатдилар. Бундоқ улуғ шарафга араб тупроғида ҳеч ким эга бўлмаган эди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Эй Шаймў, агар хоҳлар экансан, сени ўз олдимда қолдирурман. Оилам ичига қўйиб, кўп ҳурмат қилурман. Агар йўқ десанг, иззатинг билан ўз элингга қайтарурман, — дедилар.

Анда ул хотун:

— Ё Расулаллоҳ, рухсат қилсангиз ўз еримга қайтганим яхшидур, — деди.

Унинг хоҳлаганича ҳар уруғ чорва молларидан бериб, хизматига қул-чўрилар қўшиб, ўз элига узатдилар. Буни кўриб, Ҳавозин қабиласи ўн тўрт кишини элчи қилиб Расулуллоҳга юборишди. Буларнинг раислари эса Зуҳайр ибн Сард деган киши эди. У келиб Расулуллоҳ билан кўришгач, барчалари мусулмон бўлдилар. Сўнгра:

— Ё Расулаллоҳ, мен эрсам сизнинг сут отангиз Абу Кабшанинг қариндоши эрурман. Биз Ҳавозин халқи сизнинг сут онангиз Ҳалима хотиннинг қабиласидурмиз. Молдан, бошдан ажралиб бу оғир кунга қолганлар эрса, барчаси сизга қариндош, эмакдош бўлурлар. Ёшлигингизда биздан сут эмган эдингиз. Шунинг ҳурматини юзимизга парда қилиб келдик, ўлжага тушиб, тақсим топиб кетган мол-бошларимизни ҳам қайтариб беришингиз сўраймиз, — дедилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Сўзнинг яхшиси энг тўғри сўздур. Тойифдан қайтиб келганимдан бери сизларни кўп кутдим. Эндиги маслаҳат шулки, икки ишдан бирини ихтиёр қилинглар. Ё мол сўранглар, ёки жон. Қайси бирини хоҳлар экансиз, шунинг чорасини қилурмиз, — дедилар.

Анда улар:

— Ё Расулаллоҳ, мол қолса ҳам, бош асирларимизни қайтарилса, унга ҳам кўп рози бўлурмиз, — дейишиб эди, ўзларига қарашлик асирларни Расулуллоҳ қайтардилар.

Буни кўргач, бошқалар ҳам қайтаришди. Шундай бўлиб молдан ташқари барча асирлар Расулуллоҳнинг сут оналари Ҳалима хотин ҳурмати учун озод бўлдилар. Сўнгра Расулуллоҳ Ҳавозин элчиларидан душман аскарининг бошлиғи Молик ибн Авфни сўраб:

— Агар ул Исломни қабул қилса, оиласи бошлиқ бутун мол-жонларини ўзига қайтариб, яна юз туя инъом қилурман, унга хабар қилинг, — дедилар.

У эрса Тойиф шаҳрининг қалъасида қамалмиш эди. Қўрқиб ётган киши бу сўзни эшитгач, кўнгли Исломга мойил бўлди. Шундай бўлса ҳам, буни бошқалардан яширин тутиши лозим эди.

Бир куни пайт пойлаб, яширинча қалъа ташқарисига чиқди. Қараса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уруш жойидан кўчиб, Макка томонидаги Жиърона деган жойга қўнмиш эканлар. Буни англаб, у шу жой келди. Сўнгра ҳижолатлик билан Расулуллоҳ олдиларига кириб кўришиб эди, унга қилган хуш қилиқларини, дўстлардек муомалани кўргач, ҳайрон қолди. Дарҳол иймон келтириб:

— Ё Расулаллоҳ, Аллоҳдан ва унинг пайғамбаридан афв ўтинурман, — деди.

Бунинг келганига Расулуллоҳ бек суюндилар. Оиласи билан ўлжага қолдирган бутун молу дунёсини ваъдаларича ўзига қайтариб бердилар. Расулуллоҳга қарши уруш очган Ҳавозин қабиласидан булар енгилгандан кейин бир қанча киши Исломга кирмиш эди.

Молик ибн Авфни буларга бошчи қилиб, қолган қабилаларни ҳам динга ундашга буюрдилар. Бу киши эрса бир неча кун илгари куфр аскарига бошчи бўлиб, Расулуллоҳ билан уруш қилган эди. Худо қудрати билан Расулуллоҳнинг отган бир ҳовуч тупроғига шунча минг душман аскари чидаб туролмай қочдилар. Шундай улуғ мўжизани ўз кўзи билан кўриб ўтказди. Иккинчидан эса, бу урушда араб тупроғига Ислом киргандан бери бўлиб ўтган урушларнинг энг қаттиғи эди. Шунинг учун бу уруш тўғрисида Аллоҳдан шу оят келди:

«Ва ма ромайта из ромайта ва лакин-наллоҳа рома».

Маъноси: «(Эй Муҳаммад), шу бир ҳовуч тупроқни зоҳирдан сен отган бўлсанг ҳам, эй Муҳаммад, ҳақиқатда уни сен отмадинг, уни Аллоҳ отди», демакдур.

Албатта, уни Аллоҳ отгандур, бўлмаса Расулуллоҳнинг отган бир ҳовуч тупроғи шунча минг душман аскарининг кўзларига қайдан кирар эди. Бу урушда қанчалик кўп халқнинг мол-жонлари чиқим бўлишига, хотин-болалари ўлжа сифатида асир олиниб, бошқа араблар олдида номусга қолишларига шу раислари сабаб бўлмиш эди. Шундоғ бўлса ҳам Расулуллоҳ уни авф этиб, қабиласининг мусулмонларига раис қилдилар. Шундай олий ахлоқни кўриб, умид этмаган ишига эга бўлгач, жон-дили билан Расулуллоҳга берилиб, Исломнинг чин хизматчиларидан бўлди.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу тушган жойлари — Жиърона деган ердан умра ибодатини адо қилмоқ учун эҳром боғлаб Маккага кирдилар. Бу билан Макканинг оралиғи олти чақирим чамасида келур.

Ҳарам ташқарисидан Умра қилиш қасдида эҳром боғлаган киши келиб, Байтуллоҳни етти маротаба айланиб тавоф қилгандан кейин, икки ракат тавоф намози ўқиса, у ердан чиқиб Сафо, Марва тоғлари орасида етти қайта юргандан кейин сочини олдирса, шу билан «умра» ибодатини ўтаган бўлур. Шу тартибда уч умра қилган киши бир ҳаж қилганнинг савобини топгай.

Расулуллоҳ умра ибодатларини тамомлагач, Маккада ётмай, шу кеча қайтиб Жиъронага келдилар. Аскарнинг олди-орқаси йиғилиб келгунча бу жойда ўн уч кун туриб қолдилар. Тойиф сафарига чиққанларида Макка шаҳрига Итоб ибн Усайд деган киши амир қўйилмиш эди. Уни ўз ўрнида қолдирдилар. Саҳобалардан Муъоз ибн Жабал, Абу Мусо Ашъарий — бу икковларини Макка халқига Қуръон ўқитмоқ, Ислом хукмларини ўргатмоқ учун тайин қилдилар.

Шунинг билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан чиқиб, ҳижратнинг саккизинчи йили зулқаъда ойидан олти кун қолганда Мадинага келдилар. Бу сафардан қайтгунларича саксон кундан кўпроқ ўтибдур. Ғазот сафарлари ичида энг узуни шул эди.

Тарих олимлари айтдилар, Расулуллоҳнинг араб тупроғида қилган ғазотларининг биринчиси Бадр ғазоти эди. Энг охиргиси эса шу Ҳунайн ғазоти бўлди. Ҳар икковида ҳам мусулмонлар ғалаба қозондилар. Жоҳилият ўтлари ўчирилиб, Ислом чироғи ёндирилди. Бунинг натижасида Арабистон ўлкасидан куфр қоронғулиги бутунлай кўтарилди.

Наср сурасидаги Худо тарафидан қилинган ваъдалар юзага чиқди. Яъни, Макка фатҳ бўлиши билан араб халқи тўп-тўпи билан, қабила-қабиласи билан келишиб, Ислом динига киргали турдилар.

Яқиндагилари ўзлари келишди, йироқдагилари элчилар юборишиб, иймон келтиришди. Шундай бўлиб, бутун араблар Ислом динига бўйсундилар ва булар орқали Арабистон чўлларида сочилиб, тарқоқ яшаётган бутун қабилалар бирлашиб, Ислом туғи остига йиғилдилар.

Демак, бир-бирлари билан бирлашмоқдан давлат кучи туғилиб, Ислом ҳукумати қурилди. Мана шу кундан бошлаб, Ислом дини бутун дунёга тарқалгали турди. Энди Ислом дини эрса инсонлар учун Аллоҳ томонидан сайлаб чиқарилган илоҳий бир қонундир. Бу диннинг қонунномаси бўлган Қуръон китобини Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло юбормишдур. Ундаги айтилмиш сўзларнинг аниқлигида ҳеч қандай шубҳа йўқдур.

Лекин начорадурки, биз, мусулмон аталмиш кишилар шундайин муборак китобдан керагича фойдаланмадик. Бизни кўриб бошқалар ҳам эски чупракка ўралмиш гавҳарни таниёлмасдан, орқаларига отиб ташладилар. Шунинг билан бутун олам қоронғуликка келиб, босган қадамларини қаёққа қўйишини билмай, дунёнинг энг билимдон сиёсатчилари ҳам ҳайронликда қолдилар. Ҳозирча кема тешилиб, сув бошдан ошди. Энди ишнинг орти қандай бўлур, Аллоҳ ўзи англамаса, бошқа чораси йўқдур.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар