Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Киссавурлар

Киссавурлар
23 Aralık 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1527 марта ўқилди.

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(12)

1

КИССАВУРЛАР

Бухородан Когон 8 мил узоқликда бўлиб, икки шаҳарнинг ўртасида кичик поезд қатнарди. Лекин шу кунларда қатнов йўқ эди. Шунинг учун пиёда боришга тўғри келди. Когонда катта темир йўл бекати жойлашган бўлиб, бу ердан Тошкент, Фарғона, Термиз, Ашхобод, Москва ва бошқа тарафларга поезд қатнарди.

Бекатга бориб билдимки, Қаршига йўловчи поезд ҳафтада бир марта бўлиб, қолган барча поездлар аскарий бўлинмалар учун топширилганди.

Бекатнинг яқинидаги тожиклар ошхонасига кириб кўк чой буюрдим. Ўрта яшар бир хизматчи келиб, чойнакни хонтахта устига қўйди-да, тожикчалаб менга эшиттириб пичирлади:

–“Эй худо, ҳар нарса ўзингдан, ўзинг барчасини сақла”.

Мен қўрқинч билан бу кишига назар солдим. У чойнакни қўйиб, қайтиб кетди. Бир оздан сўнг қайтиб келиб оҳиста:

–Ҳой тоғлик бола, форсийни биласанми?

–Оз-моз! — дедим.

–Фарғоналикмисан? Топдимми? — деди.

–Шаҳрисабз ҳам Фарғонага ўхшаш очиқ баландликда жойлашган бўлиб гуллар марказидир. Шояд шунинг учун сиз мени фарғоналик деб ўйлаётгандирсиз — деб жавобни бурдим.

Хизматчи кетиб, озгинадан сўнг “бўлка” нон кўтариб келди.

Беихтиёр: “Уларнинг нонини емайман!” — деган сўз оғзимдан чиқиб кетди.

Тўрвамдан Самарқанд кулчаларининг бўлагини чиқардим. Бу нонларни Майман қишлоғидаги домла Бухорий Самарқанддан жўнаб кетаётганимда берган эдилар.

Хизматчи кулча синиқларига диққат билан назар солди-да, уёқ-буёққа қараб олиб оҳиста:

–Бу бўлаклар қиличбозорнинг олдида ейилганга ўхшайди. Тгғри эмас-ми? — деди.

У бу сўзи билан, “сен мужоҳидларнинг дастурхонида бўлгансан” демоқчи эди. Мен ўзимни гўлликка солиб:

–“Мен форсийни ортиқча билмайман”—дедим. Шунда хизматчи кулиб деди:

–Ўғлим бу кулчалар домла Бухорийнинг дастурхонидандир. Нима у ердан олмадингми?

–Домла Бухорий ким ўзи?! У киши билан мени нима алоқам бор?

–“Самарқанднинг шимоли-шарқ томонидаги Майман қишлоғида истиқомат этувчи домла Бухорий-да! Нима сен ул зотни танимайсанми? Ҳозир Шаҳрисабзга тоғангни олдига кетмаяпсанми? — деб жилмайди.

Жилмайиши бутун чеҳрасига ёйилди. Ўйга тушиб қолдим. Бу киши ё жосус ёки мужоҳидлардан экани аниқ эди.

У кулибгина чойнакни кўтариб кетди. Беш-олти дақиқадан кейин қайтиб келиб:

–Кеча Бухорода ниҳоятда оғир кунлар бўлди, сон-саноқсиз кишиларнинг ёстиғи қуриди. Бу ҳали бошланиши, қараб тур, охири қандай бўларкин?! — деди-да, қўққисдан:

–Хуфтон намозини ўқидингми? — деб сўради.

Мен “ҳа” ишорасини қилдим.

–Бугун кечаси соат 3 да йўловчи поезд Қарши тарафга жўнайди, шунда кетаверасанми?

Унинг ҳамма гаплари ҳайратланарли эди. У гўё сафаримнинг ҳар бир воқеасидан хабардордек эди. Унга жавоб бериш ўрнига унга ер остидан разм сола бошладим. У туриб чиқиб кетди.

Бир ярим соатлардан кейин, қўлимга бир қоғоз тутқазиб деди:

–Ол буни, Қаршининг чиптаси.

Мен энди хотиржам бўлдим. Унинг мужоҳидлардан экани шубҳасиз эди. Хаёлга ғарқ бўлдим. Бухородаги таржимон ҳам мужоҳидлардан экан. Хизматчи кулча синиқларидан таниб олганидек, эҳтимол мени бирор аломатимдан билиб олгандир. Шунинг учун менга ниҳоятда бетакаллуфлик билан муомала қилди. Хаёлимда мен 11-12 йиллардан бери коммунистлар билан жиҳод этаётган мужоҳидларнинг тоғдаги қароргоҳига чиқиб кетдим. Хизматчи юзимдаги ўзгаришларга хомушлик билан термилди.

Хаёллар дунёсидан қайтиб журъат қилиб:

–Домла Бухорийнинг аҳволлари қандай? — деб сўрадим.

Хизматчи кулибгина:

–Қори Олмос дурустми? — деди.

Сўнгра босиқлик билан сўзлай бошлади:

–Қарши, Ғузор, Китоб ва Шаҳрисабз холати ҳозир яхши. Қаршида бекат яқинида бир “қизил чойхона” бор, борганингда чойхонага туш. Ўғрилардан омонда бўласан.

Патта ва чой хаққини бердим, хизматчи олаётиб: ”Бу сенинг ҳисобингдадур” — деб хайрлашиб туриб кетди.

Кечаси соат чоракам учларда бекатга етиб келдим. Бекат мусофирларга тўлиб, чиптахонанинг олдида узун қатор бўлиб туришарди.

Менинг чиптам борлиги учун кутиш жойига қараб юрдим. Дарвоза олдидаги аскар:

–Ҳужжатингни кўрсат, қаерга кетяпсан? — дея дўқ урди.

Мен ўзимни билмасликка олиб чиптамни кўрсатдим. Аллоҳ ўзи мадад қилди. Қоровул аскар текширишга тоқат қилмасдан чиптани ҳужжат деб ўйлаб киришга рухсат берди. Поезд роппа-роса соат учда етиб келиб беш дақиқа тўхтади.

Ҳар бир вагон эшигида биттадан қизил аскар милтиқ кўтариб турарди. Ҳар бир чиптага поезд рақами ёзилар экан, меники эса рақамсиз эди. Чиптам рақамсизлиги учун ҳеч бир аскар поездга минишга рухсат бермади.

Поезд ўрнидан силжиб эшиклар беркитила бошлаганида, бир аскарнинг ёнига бориб илтимос қилдим, раҳми келиб чеккага чиқиброқ турди, лип этиб ичкарига ўзимни урдим. Орқамдан олти нафар рус киссавурлари ҳам таёқчалари билан поездга осилишди.

Поезднинг юриши тезлашгандан сўнг киссавурлар ичкарига киришди. Вагонда шарқий Бухорога мансуб ҳайбатлик узунбўйли, каттабошли, бармоқлари билакларимдек семиз-семиз, узун тўн, калта салла ўраб олган уч ўзбек киши ўтирарди.

Тўсатдан киссавурлар менга ёпирилиб ҳамла қилиб, юкларимни тортиб олишди-да ўзимни ташқарига улоқтирмоқчи бўла бошлашди.

Мен ёрдам сўраб бақира бошладим, лекин ўзбеклардан бирортаси қимирлаб ҳам қўймади. Улар мени аёвсиз савалашар, мен эса қичқирардим. Киссавурларнинг олтови ҳам семиз ва бақувват жисмлик эди. Улардан бири бор кучи билан бўйнимга мушт солди. Бошим айланиб, кўзларим тиниб кетди. Беихтиёр: “Эй Аллоҳ ўзинг мадад қил” — деб бақириб юбордим.

Худонинг номини эшитиб, бадбахт киссавурлар қайтадан ташланишди. Онамни беҳаё сўзлар билан сўкиб, мени эса “Руҳоний ит” — дея устимга кетма-кет тепки ва муштларни ёғдиришарди.

Ҳаттоки, “Динингга, худоингга, Қуръонингга…” каби сўзлар билан сўкишарди.

Ҳарчанд ҳаракат қилмайин, уларга бас кела олмадим. Қўл-оёқларимдан ушлаб ташқарига улоқтирмоқчи бўлиб туришганди, қўққис қўшни вагон эшиги очилиб қўлида шам ушлаган назоратчи пайдо бўлди. Улар назоратчини кўриб қўшни вагон томон қочиб кетишди. Назоратчига воқеа тафсилотини эшиттирдим. Баданим қўрқинч ва азобу оғриқдан титрар, оғзим қонга тўлган эди.

Вагондаги кишилар мендан можаронинг сабабини сўрашди, уларга ҳам воқеани эшиттирдим. Маълум бўлишича, бу ишлар рус ўғри ва киссавурларининг кундалик одатига айланиб, талон-торож кенг ёйилган, баъзиларини талашар, баъзиларни эса поезддан улоқтирар эдилар. Дод-фарёд қилувчилар “гуноҳкор” ҳисобланар, мазлумни ҳимоя қилишга ҳеч кимда ҳиммат топилмас эди.

Вагондаги ҳамсафарлар шундай маслаҳат беришди: “Сен ўзингни комсомол қилиб кўрсат, шундай қилмасанг ўзингни айбдор этадилар”.

Мен: “Бундай қилолмайман” — дедим.

Озгина фурсат ўтиб икки аскар ва кондуктор киссавурлардан уч кишини тутиб кириб келишди. Воқеа баён қилиниб, мени руҳонийликда айблаб уларни қўйиб юборишди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар