Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бузуқни тузук қилгувчи ёлғон сўзлар, тузукни бузгувчи чин сўздан албатта яхшидур…

Бузуқни тузук қилгувчи ёлғон сўзлар, тузукни бузгувчи чин сўздан албатта яхшидур…
25 Aralık 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1206 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 127

(давоми)

ТАБУК ҒАЗОТИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан келиб, саккиз ойлик тинчлик билан Мадинада турдилар.

Сўнгра Рум подшоси Қайсар Ҳирақл сонсиз кўп аскар йиғиб Мадина устига юриш қилмоқчи бўлибдур, яна насоро арабларидан Лаҳм, Жузом, Ғассон қабилалари ҳам уларга қўшилиб, буларнинг олдинги аскари Балқў шаҳрига келиб қолмиш, деган хабарлар Расулуллоҳга етди. Ва бу хабарлар халқ ўртасида ҳам кенг тарқалди.

Расулуллоҳнинг одатлари эрса, Аллоҳдан ваҳий келмаган ишларда саҳобалар билан маслаҳат қилур эдилар. Агар душман устига сафар қилмоқчи бўлсалар, йўлларини яшириб, кун чиқиш эрса кун ботишга, деб халққа билдурур эдилар.

Бир қабила устига юриш бўлар экан, унинг тескари томонидаги иккинчи қабилани англатур эдилар.

Расулуллоҳнинг бундай қилишлари ўз умматлари учун йўл кўрсатиш эди.

Ислом шариатида ёлғон гапириш, алдаш халқаро муомала ишларида ҳаром қилинган бўлса ҳам, уруш кунларида ўрни келар экан ҳийла ишлатиш пайғамбаримизнинг сиёсий суннатларидан ҳисобланур.

Бузуқни тузук қилгувчи ёлғон сўзлар, тузукни бузгувчи чин сўздан албатта яхшидур.

Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сафарда у одатларини қўйиб, қайси ёққа кимлар устига боришларини халқ ичида очиқ айтдилар. Анинг учунким, йўл йироқ, ҳаво иссиқ, душман кучлик эди. Сафар жамалғасини шунга қараб қилиш керак эди.

Ҳар томонга жарчилар юбориб, бутун қабилаларни қурол остига чақирдилар. Бойлар эса чоғайларни таъмин қилишга, бор кишилар йўқларга ёрдам қилишга, сафарнинг керак яроғини, йўлнинг озиқ-овқатини тўлиқламакка буюрдилар.

Бу йўлни бой кишиларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари юриб ташвиқот қилдилар. Чунки бу ғазотлари пайғамбарлик даври — йигирма уч йил ичида бўлиб ўтган ғазотларнинг энг оғири эди.

Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг тўрт минг тангага етарлик бойликлари бор экан, ҳаммасини Расулуллоҳ олдиларига келтириб қўйганларида:

— Оиланг учун қанча қолдирдинг? — деб сўраб эдилар:

— Аллоҳни, Аллоҳнинг пайғамбарини қолдирдим,— дедилар.

Ҳазрати Умар эрса борлик бойлигини тенг ярмини келтирди.

— Уйингда нима қолди? — дедилар.

— Шул келтурганимнинг ярмини қўйдим, Ё Расулаллоҳ, — дедилар.

Саҳобалар ичида Ҳазрати Усмондан ошган бой киши йўқ эди. Ул тўққиз юз туя, юз от, ўн минг танга олтин ақча ёрдамга келтирди. От-туяларни бутун саймон-жабдуқларигача тайёрлаган эдилар. Буни кўриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Эй боро Худоё, мен Усмондан рози бўлдим, сен ундан рози бўлгайсан, — деб дуо қилдилар.

Яна ансор саҳобалардан Осим ибн Адий деган киши етмиш туяга юк бўлгулик хурмо келтирди.

Муҳожир саҳобалардан Абдурраҳмон ибн Авф юз уқия кумуш ёрдам қилди. Булардан бўлак ансор-муҳожирларнинг бой кишиларидан ёрдам қилмаган ҳеч ким қолмади.

Бу улуғ эҳсондан хотинлар ҳам қуруқ қолгилари келмай, осинган-тақинган олтин-кумуш зийнатларидан кўп нарсаларини ёрдамга бердилар. Шу билан аскарнинг олди-орқаси йиғилиб сафар саймони тугалланди.

Бу сафарги қўшиннинг сон-саноғи ҳақида ривоятлар турликча бўлса ҳам, ҳар ҳолда эллик мингдан кам эмас эди. Буларнинг ўн мингдан ортиқроғи отлиқ эдилар. Борлиқ аскарни бошқариб, кўрик ўтказгандан кейин, йўлга тушдилар.

Бу гал Ҳазрати Алини ўз ўринларида Мадинага волий қилиб қолдирмоқчи бўлдилар. Ул киши эрса, бундан илгари ҳеч бир ғазотда Расулуллоҳдан ажраб қолмаган эди. Энди мундоғ улуғ жиҳод сафарида Расулуллоҳ суҳбатларидан йироқ қолишни бек оғир олди.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Эй Али, Ҳорун алайҳиссалом Мусо пайғамбарга қандай бўлса, сен ҳам менга шундоғ бўлишга рози эмасмисан? Мусо алайҳиссалом Худога муножот қилмоқ учун Тур тоғига кетганида, акаси Ҳорун алайҳиссаломни ўз ўрнида халифа қўйиб кетган эди. Мен ҳам сени Мадинада қолганлар устига ўз ўрнимда халифа қўйдим, — дедилар.

Бу сўзни англагач, иложсиз бўлиб розилик билдирдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар