Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Термиздаги мудҳиш ҳодиса

Термиздаги мудҳиш ҳодиса
26 Aralık 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1823 марта ўқилди.

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(13)

1

ТЕРМИЗДАГИ МУДҲИШ ҲОДИСА

Субҳидамда Қарши бекатига тушиб, шаҳарга кетишда икки нафар қозоқ кишига ҳамроҳ бўлдим.

Улар қозоқ “ҳуррият”чиларидан бўлиб, Қозоғистон халқини коммунистлар чангалидан озод қилиш учун тузилган махфий фирқанинг ишончли вакиллари экан.

Бошимдан кечирган қиссамни эшитиб менга ниҳоятда меҳр-шафқат билан муомала қилиб ўзлари билан шаҳардаги “қизил чойхона” (ресторан) томон олиб кетишди.

Ўша куни соат 5 ларда темир йўл майдонида Қаршининг машҳур олимларидан бирини ҳарбий суд қилиш учун шаҳарнинг барча аҳли тўплансин, дея жар солинди. Катта оломон тўпланди.

У мард ва жасур зот аскарлар қуршовида олиб келинди.

Суд бошланиб уни “руҳоният” ни ёйиши ва коммунизмни танқид этиб қоралашда айблашди.

Уларнинг даъволарига домла Қарший шундай деб жавоб берди:

–Менинг айбим динга даъват этишдаги фарзни адо этиш бўлса, мен бу даъватимда динга шубҳа қилувчиларни далиллар билан хотиржам қилишга ҳаракат қилдим ва тоинки тирик эканман шу ишни давом эттираман!

–Сен фарз деяётган нарсанг хилофи қонун ва боғийликдур. Руҳониятни тарқатиш қонунан тақиқланади — деди ҳарбий суд аъзоси.

–Дин барҳақдур. Халқнинг аксари Аллоҳга, унинг росулларига, китобларига, фаришталарига, ўлгандан сўнг қайта тирилишга, ҳисоб-китобга, тақдирнинг яхши-ёмонига иймон келтиради. Коммунистлар эса ярим фоиздан ҳам камдур. Мулкнинг аксар халқи ўз динини тарк этмайди.

Бундай ҳақ сўзларни эшитишга уларнинг тоқати етмас эди. Ул жасур мужоҳид ўз сўзларини тугатмаган ҳам эди-ки, унга ўқ ёғдириб шаҳид этишди.

Бутун халқ аскарларнинг қуршовида эди.

Ҳеч кимда бирор қурол-аслаҳа йўқ бўлиб, буткул ҳимоясиз эдилар.

Лекин ул мужоҳид олимнинг қулаганини кўрган халқ кўзларидан қонлар тўкиб майдонда наъралар ура бошлашди.

Қўрқиб кетган коммунистлар пулемётларни ишга солиб, халқ устига ўқ ёғдира бошлади. Баъзи баҳодир йигитлар жонларини хавф остига қўйиб аскарларга ташланиб милтиқ ва пулемётларни тортиб олдилар.

Майдонда юзма-юз уруш бошланиб кетди.

Темир йўл бекати, ўрта шаҳар ва бекат омборхоналари атрофига қароргоҳ қилган қўшимча аскарлар дарров ёрдамга етиб келишди.

Бир ярим соатлар чамасидан сўнг бутун шаҳарга қўрқинчлик сукунат чўмган эди.

Майдон бўшагандан кейин яширинган еримдан аста чиқиб яширинча чойхонага етиб келдим.

Мендан хавотирда турган икки биродаримнинг юзлари мени кўриб ёришиб кетди.

Ул ваҳший аскарларнинг беаёв ёғдирган ўқларидан қанчалаб кишиларнинг ёстиғи қуриганини айтиш мушкул эди.

Шаҳарда хар-ҳил сўзлар юрар, хуллас юзларча кишилар ҳаётдан кўз юмдилар. Қаршида уч кун турганимиздан сўнг тўртинчи куни Шаҳрисабзга йўл олдик. Ҳамроҳим:

–Ҳозир Шаҳрисабзда тинчлик, лекин қачонгача бўлар экан, билмадим? Қаршини мукаммал қўлга киритиб, ундан кейин у ерда ҳам шу қонли воқеалар ўйналади — деди.

Бирор рус газеталари бу хунрезлик тўғрисида оғиз очмаганига қарамасдан, бу аламли воқеа бутун атрофга таралди. Мусулмонларнинг қонлари жўш уриб норозилик ва қаршиликларини изҳор этишарди.

Ғузор тарафга сафар қилганимда коммунистлар шаҳарни қуршов қилиш билан овора эдилар.

Қаршидан Ғузорга, сўнгра Шаҳрисабзга кириб бордим. Шаҳрисабз Қаршидан тахминан 72 мил узоқда эди. Темир йўл бекати эса шаҳарнинг марказий дарвозасидан 7 мил узоқликда жойлашган эди.

Бу ерда мен чор девор билан ўралган масжидда истиқомат қилдим. Масжид жуда катта сарой (зал) эди. Унинг саҳнидан оқиб ўтган анҳорнинг бўйларида кўмкўк дарахтлар яшнаб турар, савлат тўкиб турган ҳаммомнинг қарши томонида боғ жой олган бўлиб, саройнинг ичига тахминан 500 киши сиғар, унинг икки тарафига жимжимадор ҳужралар солинган, масжид ғоят кўнгилочар ва чиройли эди.

Шаҳаргача извошда етиб келиб бир баққолдан “Ҳазрат Хўқандий”, яъни тоғажонимнинг манзилгоҳларини сўрадим. У менга бироз диққат билан разм солдида, извошга йўл ҳаққини бериб, юкларимни кўтариб дўконнинг болохонасига олиб чиқди. Мени жойлаштириб ўзи қаймоқчой тайёрлай бошлади.

Туркистонликлар ўз азиз меҳмонларини қаймоқчой билан иззатлашарди. Қаймоқчой — сут, сариёғ, писта, бодом ва ёнғоқ каби мағизлар, ярим қадоқ кўкчой ва бир чўмич сувдан тайёрланиб ёғли нон билан меҳмонга тақдим қилинарди. Чойдан сўнг дўкондор:

–Сиз ҳазратнинг қариндошлариданмисиз? — дея гап бошлади.

–Қандай билдингиз?

–Шаклу-сурат, хулқ-атворингиздан.

–Ҳазрат Ҳўқандий менинг тоғам бўладилар.

–Аввал ҳам келганмисиз?

–Йўқ, бирор марта ҳам келмаганман, ҳатто тоғамни ҳам кўрмаганман.

–Тўғри уйдан келяпсизми? Ёки йўлда ушланиб қолдингизми?

–Уйдан чиққанимга 3 ой бўлди. Қўқон, Самарқанд, Бухоро, Когон, Қарши, Ғузорда бўлиб, сўнгра бу ерга етиб келдим.

–Қаршидан қачон чиқдингиз?

–Кеча кечаси.

–Кечаси билан дам олмабсиз. Ҳозир бу ерда дам олинг. Мен келгунча ташқарига чиқа кўрманг.

–Ушла-ушлами?

–Шаҳарда кечадан бери қизил аскарлар изғиб юришибди. Ҳўқандий ҳазратни қалъа ичида қўриқлаб туришипти. Менинг исмим Темурбек, Ҳўқандий ҳазратнинг ходимлариданман.

–Бу ишлар нима учун бўлаяпти?

–Бухорода қаттиқ зулм қилишди. Қаршида буюк олим муфтий Холмурод домлани отиб ўлдиришди. Ҳозир мусулмонлар ўзларини ҳимоя қилишдан бутунлай маҳрум бўлиб, қизиллар уларнинг уйларини тинтув қилиб юришипти. Фақат ҳозир саҳро ва даштлар уларнинг зулмларидан омондадур. Бу ерда бир буюк олим ва пир Саййид Жалолуддин Афғоний эшон борлар.

–Сиз ул кишини танийсизми? — дея гапни кесиб сўрадим.

–Ҳа, ул зот ҳозир Ғузорда яшайди. Ҳўқандий ҳазрат билан яқин алоқалари бор. Ҳар ҳафта 25-30 чоғлик басавлат муридлари билан ҳазратнинг зиёратларига келишади. Икки-уч кунлаб ҳазратнинг илтифотларидан баҳраманд бўлишади, магар … у шундай одамки… — деб дўкондор жимиб қолди.

–Қандай одам? — дея гапни давом эттириш учун сўрадим.

Темурбекнинг пешонасида ранжиш аломати пайдо бўлди. Гўё мен ундан ниҳоятда кўнгилсиз нарсани сўрагандек эдим.

Сўнгра у менга қараб:

–Тўразода, бу саволга эртага жавоб бераман. Ҳозир ҳазратнинг қалъаси томон кетяпман. Иложи бўлса сизнинг келганингиз хабарини етказаман — деб чиқиб кетди.

Мен эса сўрига чиқиб чўзилдим. Бир неча кунлардан бери йиғилган чарчоқ ва паришонликлардан сўнг бу осудаликда ётибоқ кўзим юмилиб кетди. Кечга яқин Темурбек қайтиб келди ва мени туртиб уйғотди. Сўзига қараганда ҳазратни ҳам уй қамоғига ҳукм қилишипти. Шаҳар ва қишлоқлардаги бирорта мусулмон ишга чиққани йўқ, дўконлар қулфланган, қизил аскарлар қутурган ит каби изғиб юришибди.

–Сизнинг ҳозир у ерга боришингиз хавотирлидир. Катта бир масжидда ётиш-туришингизни интизомини қилиб қўйдим. Масжиднинг имом-мударриси ҳазратнинг дўсти бўлади. Бир гап, у ерда бирортаси келишингиз сабабини сўраса, мутаваллий соҳибнинг ходимиман, Ғузордаги ерларни тасарруф қиламан, деб айтинг. Қолган гапни ўзимга қўйиб беринг.

Темурбек тоғамнинг яқин одамларидан экан ва ул киши тарафларидан масжиднинг интизомий ишларини бошқариб турар экан.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Рахмат! Бу тарихни халкимиз билмайди.Афсуски жуда кеч булди, лекин кеч булсада хечдир!!!Илтимос бу китобни архифингизга куйингизлар харким Осон очиб укисин?

    26/12/2016 11:46
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар