Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Агар бизга ундан яхшилик еткулик бўлса, ҳеч қачон биздан ажраб қолмагай…”

“Агар бизга ундан яхшилик еткулик бўлса, ҳеч қачон биздан ажраб қолмагай…”
28 Aralık 2016 - 6:00 'да юкланди ва 1051 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 128

(давоми)

Қуръон ҳукми бўйинча Ислом подшоси томонидан агар жиҳодга чиқарилса, ёш-қари демай, урушга ярагудек ҳар бир мусулмон дарҳол Ислом туғи тагига йиғилишлари фарз эди.

Бунга қарамай, қабила аъробийларидан бир қанчалари ёлғон узрлар кўрсатишиб, бу сафардан қолишга Расулуллоҳдан рухсат сўрадилар.

Буларни кўриб Мадина мунофиқларининг раиси Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ҳам ўзига қарашлик кишиларни ажратиб, аскарликдан бош тортди. Йўқ эса ўз олдига дастлаб аскар тизиб, шаҳар ташқарисига чиққан эди.

Йироқ-яқиндан келган барча аскарлар йиғилишиб, энди юрадиган чоғда, бўлмаган баҳоналар билан бузилиб, у мунофиқ аскарларини олиб қайтди. Бундан мақсади бошқаларни ҳам бузиб, бу ишга зарба етказиш эди. Лекин аскар ичида унга эргашувчилар бўлмади. Халқ ичига бузуқчилик солиб:

— Муҳаммад эрса Рум подшоси Қайсар билан урушмоқчи бўлибдур. Бу эса ўйин иш эмас. Рум билан урушмоқни араб урушларидек чоғлаган бўлгай. Бу яқинда эшитиб қолурмиз, қўл-оёқлари боғланиб, душманларига асир тушиб кетгайлар. Қасам қилурманким, буларнинг шундай бўлиши менинг кўз олдимга келиб туради.

Анинг шунчалик бузуқчилик қилаётганини Расулуллоҳ билиб турган бўлсалар ҳам, парво қилмай, ўз ишларида давом этдилар.

Яна бошқа саҳобалардан — Каъб ибн Молик, Ҳилол ибн Умайя, Мирора ибн Рабеъ, Абу Ҳайсама тўртовлари ихлосли киши бўлсалар ҳам нима учундир бу муборак сафардан бенасиб бўлдилар. Саҳобалар қаерда бўлса, қолганлар устидан сўз қилишиб:

— Ё Расулаллоҳ, фалон киши қолди, — десалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:

— Қўйинглар уни, агар бизга ундан яхшилик еткулик бўлса, ҳеч қачон биздан ажраб қолмагай, ортимиздан бўлса ҳам етишиб келгай. Йўқ эрса, Аллоҳ ундан бизни қутқармишдур, унинг келмагани яхшидур, — дер эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлга чиқишлари олдида, биринчи куни аскарга туғ байроқ топширдилар. Ўзларининг улуғ туғларини Ҳазрати Абу Бакр Сиддиққа бердилар. Бунинг байроғини Ҳазрати Зубайр кўтарди.

Ансор саҳобалар эрса, Авс, Ҳазраж аталиб, икки чўнг уруғга бўлинадилар. Авс байроғини Усайд ибн Ҳузайрга, Ҳазраж байроғини Ҳубоб ибн Мунзирга топширдилар.

Қолмиш барча қабилаларга бошчилар сайланиб, уларга туғ байроқ берилди. Шунинг билан бирга бу улуғ Ислом қўшини Расулуллоҳ қарамоғи остида йўлга чиқдилар. Кундан-кун ўтиб, ярим ой чамасида Табук тупроғига тушдилар.

Баҳона қилиб сафардан қолган саҳобаларнинг бири Абу Ҳайсама Расулуллоҳ йўлга чиққанларидан бир неча кун ўтгач, боғига кириб қараса, икки хотуни икки чайлани салқин қилиб ўлтиришибдур. У жойга сувлар сепилиб, ўринлар солинган, таом тайёрланган эди.

Буни кўргач, у киши:

— Расулуллоҳ бўлса шундоқ кун иссиғида сафар меҳнати билан йўл кетиб борадур. Абу Ҳайсама эрса хотинлари олдида салқин жой, қалин тўшак устида қандоқ ўлтирур?! Бу иш инсофдан йироқдур. Расулуллоҳга етмагунча ҳеч қайсингни уйингга кирмасман. Сафар озуғини тайёр қилинглар, — деб уларга буюрди.

Сўнгра қилич-найзасини тақиниб, туясини миниб йўлга тушди. Шу юрганича аскар изидан ажрамай юриб-ўлтириб, Табук ерига яқинлашди. Шу чоғда Расулуллоҳ бир жойга тушиб дам олмоқда эдилар. Йироқдан бир неча туялик кишилар қораси кўринди. Расулуллоҳ у ёққа қараб туриб:

— Бу келаётган Абу Ҳайсама бўлғайму? — дедилар.

Бошқалар ҳам:

— Абу Ҳайсама экан, Ё Расулуллоҳ, — дейишди.

Шу орада унинг ўзи ҳам етиб келиб, туясидан тушди. Салом бергандан сўнгра ўлтирмай туриб, бирга чиқмай қилган хатосига Расулуллоҳдан авф қилишларини ўтинди. Унга танбеҳ бўлгудек бир оз сўз айтгандан кейин хатосини кечирдилар.

У ердан юриб Қуръонда қиссаси бор Солиҳ пайғамбар ўтган Ҳижр деган жойга келдилар. Солиҳ алайҳиссаломнинг мўжиза туясини ўлдирган Самуд қавми шу ерда ҳалок бўлмиш эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч ким бу ернинг сувидан ичмасин ва таҳорат қилмасин, деб буюрдилар. Чопонларини бошларига буркаб олиб, ҳеч ёққа қарамай, шу юрганларича Солиҳ алайҳиссаломнинг мўжиза туяси сув ичган қудуқ устига келиб тушдилар. Самуд қавмига бўлган азобни эслаб:

— Ундан ибрат олинглар ва бу кеча қаттиқ бўрон бўлғай, от-уловларингизни маҳкам боғлаб, уларни яхши сақланглар. Ҳеч бир киши бу кеча ёлғиз юрмасин. Агар ҳожати тушса, йўлдоши бирга чиқсин, — дедилар.

Шундай бўлиб, у кеча бир кишининг туяси бўшаб кетган эди. Туяни излаб у киши ёлғиз чиқиб эрди.

 Расулуллоҳ айтганларидек, қаттиқ бўрон уни учириб Той тоғига элтиб ташлади. Иккинчи бир киши ўз ҳожати учун ташқарига ёлғиз чиқиб эди, уни жин бўғиб қўйди. Бу ишдан Расулуллоҳга хабар бердилар.

 Устига келиб дуо қилганларидан сўнгра шифо топди. Той тоғига ташланган кишини эрса, Расулуллоҳ кейин Мадинага юбордилар.

Бу сафарда Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқни намоз учун бутун аскарга имом қилмиш эдилар. Ҳазрати Ибод ибн Баширни бутун аскар устидан юриб соқчилик қилмоққа буюрдилар. У киши эрса бирдек айланиб юриб, кеча-кундуз аскар ҳолини Расулуллоҳга билдириб турар эди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар