Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“ЭРК” демократик партиясининг тўртинчи қурултойига сўнгсўз

“ЭРК” демократик партиясининг тўртинчи қурултойига сўнгсўз
28 Aralık 2016 - 5:00 'да юкланди ва 1154 марта ўқилди.

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(1)

“ЭРК” ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ ТЎРТИНЧИ ҚУРУЛТОЙИГА СЎНГСЎЗ

“Эрк”нинг тўртинчи қурултойи ҳаммамиз умид қилганимиздек, гўзал бир жипслик ва биродарлик руҳида ўтди.

“Эрк” партияси бир сиёсий ҳаракат ўлароқ, ўз эътиқодида мустаҳкам турганини бутун дунёга намойиш этди. “Эрк”чилар яна бир марта инсон ҳурриятини танладилар ва рақиблар “Эрк” партиясининг яна бир марта зулм билан ҳеч қачон келиша олмаслигини кўрдилар. “Эрк”нинг қиёфасини ўзгартириб, уни қўғирчоқ партияга айлантиришни режалаган кимсалар орзуси парчаланди. Қурултойни онгсиз бир оломон тасаввур этиб, уни ўз ноғорасига ўйнатиш учун ясаниб келган тўралар қурултойдан хомуш қайтдилар.

Энг муҳими, бу қурултойда “Эрк”чи ўзининг мустақил бир шахс эканини, унинг хоҳиш-иродаси ўз қўлида эканини яна бир марта чуқур ҳис этди. Бу қурултой биз учун ёлғиз сиёсий ғалаба эмас, руҳий ғалаба ҳам эди.

Шунча тазйиқ-таъқиб, дўқ-пўписа остида ўз эътиқодидан қайтмаслик учун маълум ирода керак бўлади, қурултой қатнашчилари шундай иродани намойиш этдилар.

Демак, шундай партия бор. Мол-мулки тортиб олинган, биносидан қувилган ва сурункасига исканжа ва террор остида яшаётган, аммо ҳануз ўз ғояларидан воз кечмаган бир партия бор Ўзбекистонда. Бу “Эрк” Демократик партиясидир.

Агар қурултойда қатнашган газетчилар ҳақиқатни ёзганларида эди, шундай деб ёзган бўлардилар.

Лекин, кутганимиздек, буни ёзолмадилар, тўғрироғи, ёзишга рухсат бермадилар.

Зотан, ҳукумат одамлари ҳам, газетчилар ҳам қурултойга мутлақо бошқа мақсадда келган эдилар. Қурултой ҳукуматга тобе одамни “Эрк” бошига келтиради ва бу партия ҳам ҳукумат партиясига айланади, деган умид билан келган эдилар.

Қаламлар бу ҳақда хабар бериш учун чархланган эди. Чунончи, “Ўзбекистон овози” газети қурултойдан уч кун олдин эълон қилган “Ким ўғри” сарлавҳали туҳмат мақоласи ҳам “Эрк” раҳбариятини ўзгартиришга бўлган ташвиқот эди.

Тасаввур қилинг, “Эрк” партиясининг қурултойи фалон саройда, фалон соатда бошланади, деб бонг урган газетлар нега
бугун қурултойнинг нима билан тугагани ҳақида бир сатр ҳам ёзмайди? Бу кулгили эмасми? Одамлар нима дейди?

Йўқ, бу кулгили эмас. Бу аянчлидир. Бу аянчли, чунки, ҳар қандай тоталитар ҳокимият ҳам, ҳеч бўмаганда, халқ олдида ўзини ҳақиқатга яқин олишга кўрсатишга интилади, баъзи тўғри сўзни айтиш кераклигини сезади, баъзан, ҳатто бу ҳукумат уялиши ҳам мумкин. Лекин Ўзбекистоннинг ҳокимият тизимларида бундай фазилатлардан асар ҳам йўқ.

Энди бу қурултойнинг қандай тайёрланганлиги ҳақида бир оғиз сўз.

Бу қурултойга ҳамма ҳозирлик кўрди.

Фақат “Эрк” раҳбарлари ва аъзолари эмас, балки, ҳукумат ҳам тайёрланди. Ҳатто айтиш мумкинки, ҳукумат бу мажлис ҳозирлигини “Эрк”чилардан анча олдин бошлаб юборди.

Май ойининг йигирма бешинчи кунида “Туркистон” газети “Эрк” Демократик партиясининг Марказий Кенгаши мажлиси бўлиб ўтганлиги ҳақида хабар берди. Бу хабар ҳукумат газетида ёзилиши кўпларни ҳайрон қолдирди, чунки “Эрк” партияси газетини таъқиқлаган ҳукумат бирданига “Эрк” ҳақида ўзи ёза бошлади.

Бу мўъжизанинг сири шунда эдики, май ойининг бошларидаёқ “Эрк” партияси бошқарувидаги масъул одам Солижон Йигиталиев президент саройига чақирилиб “ишлов”дан ўтган эди. Унга ҳамкор қилиб ҳукумат “Эрк”партияси ҳайъат аъзоси Шоди Каримовни танлади. Бу иккита биз ишонган профессорлар ҳукумат тарафга тўла ўтишди ва “партияни радикаллардан, яъни “Эрк” раҳбариятидан қутқариш” учун жавлон ура бошладилар.

“Эрк” Марказий Кенгаши 16 майда чақирилди. Бу мажлисда “Эрк” раҳбариятининг ёмон ишлагани ҳақида гап бўлди.

Мажлисни бошқараётган раҳбар Йигиталиев буни эшитмагандай жим ўтирди, ваҳоланки, кейинги “Эрк” раҳбарияти нақадар кучли исканжа остида ишлаганини Йигиталиев ўз кўзи билан кўрган эди.

Мажлисда “Эрк” қурултойи чақирилиши лозимлиги айтилди, қурултой 20 августга белгиланди. Ҳукуматнинг режаси бўйича, қурултойда “Эрк” раиси ва унинг тарафдорлари фаолиятдан четлаштирилиши керак эди.

Буни амалга ошириш учун ҳукумат ўзининг иккита гумаштаси орқали “Эрк”чиларга ширин ваъдалар ёки ваъда таъсир қилмаса, дўқ-пўписалар йўллай бошладилар.

Масалан, “Эрк” ўз раисидан воз кечса, унга бутун мол-мулки қайтариб берилади, газети чиқарилади ва ҳ.к. каби ваъдалар.

Ёки “Муҳаммад Солиҳни раисликдан олмасанглар, уни Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарамиз” деган дўқ-пўписалар.

Бу ширин ваъдалар ва аччиқ пўписаларни халтасига солиб, иккита миссионер – С.Йигиталиев ва Ш.Каримовлар – вилоятларга чиқиб кетишди. Бу одамларни бирор вилоятга партия топшириғи билан жўнатиш биз учун доим амримаҳол бўлган, аммо бу сафар улар июн, июл ойлари ичида ҳамма вилоятларга бош уриб, партияни унинг раисидан қутқариш кераклигини уқтиришди.

Аммо қурултой 20 августга чақирилмади, чунки “Эрк” раҳбарияти қаршилик кўрсатди. Қурултой 25 сентябрга белгиланди.

Бу орада ҳукумат “Эрк” раҳбариятини партиядан четлаштириш учун фақат ўз миссионерларини эмас, матбуотни, телевидение-радиони ҳам ишга солди.

16 августда “Халқ сўзи” газетида босилган “Олий суддан” мақоласи ва ўша пайтда телевидениедан эълон қилинган “Элликқалъада йўқолган қадимий танга” ҳақидаги хабар ва 22 сентябрда “Ўзбекистон овози”да босилган “Ким ўғри? ” мақоласи – булар қурултой олдидан ҳукуматнинг ташвиқоти эди.

Диққат этинг, биринчи мақолада 11 августдан, яъни, белгиланган, аммо ўтказилмаган қурултойдан 9 кун олдин, иккинчи мақола эса, ўтиши керак бўлган қурултойдан уч кун олдин, 22 сентябрда босилди.

Ҳукумат тадбирлар билан чекланиб қолмади. Президент аппарати ишга солинди. Президент маслаҳатчилари қурултой арафасида вилоятларга сим қоқа бошладилар. Қурултойга вилоятдан келадиган “Эрк”чиларни ишловдан ўтказишга кўрсатма бердилар. Уларга қурултойда кимни сайлаш кераклигини тушунтириш, тушунишни истамаганларни эса, вилоятдан чиқармаслик буюрилди. Ҳақиқатан ҳам, вилоятлардан делегатларнинг ўнтаси чиқарилмади.

Бу иш Тошкентда ҳам олиб борилди. Қурултойда таҳликали ҳаракат қилиши мумкин бўлган фаоллар, жумладан, “Эрк” котиби Ҳамидулла Нурмуҳаммадга ўхшаган фаоллар қурултойга яқин йўлатилмади, улар ўз уйларида ўтиришга мажбур қилинди.

Қурултой арафасида вилоятдаги делегатларимизга ҳокимият бироз юмшоқ муносабатда бўлди. Ҳатто баъзи вилоят ҳокимлари Тошкентга келаётган делегатлар машина учун бензин ҳам қуйиб беришди.

Лекин шу нарса аниқ-ки, агар ҳокимият қурултой нима билан тугашини билганда эди, “бензин топиб бериш” у ёқда турсин, бирорта “Эрк”чи бирор вилоятдан ташқарига чиқолмаган бўлар эди. Демоқчиманки, “Эрк”чиларнинг қурултой арафасида тутган тактикаси мутлақо тўғри бўлган.

Хўш, қурултойдан кейин нима бўлди?

Қурултойдан кейин нима бўлишини биз олдиндан билар эдик ва шунга руҳан тайёр эдик. Бирор бир “Эрк”чи қурултойдан кейин вазият яхшиланишини кутмаган эди, аксинча, тазйиқ-таъқиб янада кучайишини билар ва шунга ўзини тайёрлар эди.

Қурултойдан кейин Бухорода уйига қайтган делегатларнинг бир қанчаси ўн беш кунга қамалдилар. Қурултойдан кейин уйига қайтган “Эрк”нинг Сурхондарё вилояти котиби Намоз Нормўмин дарҳол ишдан бўшатилиб, вилоятдан сургун қилинди.

Қурултойдан кейин “Эрк” партиясининг янги сайланган бош котиби Самад Мурод ваҳшийларча калтакланди, майиб қилинди. Қурултойдан кейин “Эрк” партияси биноси сохта баҳоналар билан ёпиб ташланди. “Эрк” фаоллари изидан юрган айғоқчилар сони кўпайтирилди ва ҳоказо.

Бир сўз билан айтганда қурултойдан кейин ҳукумат тамоман қутурди. Дунё олдида йўқотган обрўси аччиғини яна мухолифатдан ола бошлади. Иқтисоддаги уқувсизлиги, бошқарувдаги қобилиятсизлиги, порахўрлик ва коррупсия қаршисидаги ожизлиги, ички ва ташқи сиёсатда барча мағлубиятлари учун яна ўчини мухолифатдан ола бошлади.

Ҳукумат ўз сиёсатини фожеали шаклда тубанга кетаётганини кўриб туриб ҳам, ўз йўлининг хато эканлигини тан олишни истамаяпти. Бу жоҳил қайсарлик оқибатида халқимизнинг аҳволи тобора оғирлашмоқда. Энди фақат қишлоқ аҳолисигина эмас, шаҳарда яшовчи ижтимоий гуруҳларнинг ҳам моддий турмуши ниҳоятда ночордир.

Янги давлат ўлароқ, Ўзбекистон ҳам чет эл ётиримларига, кредит ва технологиясига муҳтождир. Аммо бирор бир Ғарб давлати бугун ёрдам беришни истамаяпти. Ҳатто бизга қон-қардош бўлган Туркия ҳам Ўзбекистонга ёрдам бериш керакми-йўқми, иккиланиб қолмоқда. Бунинг ёлғиз сабаби – Ўзбекистон ҳокимиятининг аксилинсоний сиёсатидир.

Ўзбекистон президенти бугун “Бизга Американинг ёрдами керак эмас, биз Русия ва Қирғизистонга ўхшаб Ғарбга ялинмаймиз”, демоқда. Бу коммунистик сафсата халққа қарши жиноятдир, чунки президент ва унинг гумашталарининг қорни тўқ, халқ эса оч-яланғочдир.

Русия ҳам, Қирғизистон ҳам ҳеч кимга ялинаётгани йўқ, бу давлатлар ўз халқларини уайлаяптилар, холос, яъни уларнинг сиёсати нормал бир сиёсатдир.

Биз, мухолифатдагилар, Ўзбекистонда ҳам шундай нормал сиёсат юритилишини талаб қилаяпмиз.

1993. Октябр.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар