Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Агар унда яхшилик нишонаси йўқ эрса, бизнинг ундан қутулганимиз яхшидур…”

“Агар унда яхшилик нишонаси йўқ эрса, бизнинг ундан қутулганимиз яхшидур…”
31 Aralık 2016 - 7:00 'да юкланди ва 943 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 129

(давоми)

 

Бир куни тамом аскар сувсизликда қолди. Оғиз ҳўллашга ҳам етгудек сув топилмади.

Сувсизлик, чанқоқликдан аскарга ҳалокат қўрқинчи тушди.

Баъзи бир кишиларнинг чанқоқликлари ҳаддан ошиб ўлимга етаёзганларида, туяларни сўйиб, ичак-қорни ичидаги сувни сиқиб ичишга мажбур бўлдилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ бу ҳолни кўргач, Расулуллоҳ қошларига келиб:

— Ё Расулаллоҳ, аскарлар сувсизлиқдан ўлиш ҳолига етдилар. Аллоҳ таолога дуо қилинг, бизларни сувга сероб қилиб, чанқоқлик балосидан қутқаргай, — деди.

Расулуллоҳ қўл кўтардилар. Осмонда бир парча булут ҳам йўқ эди, дарҳол тоғдек булутлар айланиб чиқиб, шариллаб ёмғир ёғишга бошлади. Хиёл ўтмай, сойлар тўлиб сув оқди. Бутун аскар сув ичиб қондилар. Бор идишларини сувга тўлдириб олдилар.

Шу сафарда яна бир неча мўжизалар юз берди:

Бир куни Расулуллоҳнинг минган туялари йўлда кетаётганда йўқолиб қолди. Бир қанча саҳобалар уни излаб тополмадилар. Аскар ичида Мадинадан бирга чиққан мунофиқлардан ҳам бир неча киши бор эди. Булар эса фақат ўлжа мол топиш учун чиқмиш эдилар.

Расулуллоҳнинг туялари йўқолгач, улардан бирови туриб:

— Муҳаммад осмондан сизларга хабар келтирур, Худо тарафидан юборилган пайғамбарман, дейдур. Бу ажаб ишдурким, ўзининг туяси йўқолиб қолса, унинг қаёққа кетганини билмайдур, — деди.

Расулуллоҳга унинг айтган сўзи ваҳий орқали аён бўлиб:

— Шу ҳозирда бир киши менинг устимдан сўз қилиб шундоғ дейдур, — деб унинг айтган сўзини бир ҳарф қолдирмай айтдилар. Сўнгра:

— Мен ҳам инсондан туғилган инсон эрурман. Худо билдирмаган ишни, ҳеч қачон ўзим била олмасман, у туянинг турган жойини Аллоҳ менга энди билдирди. Боринглар, фалон жилға ичида бир ёғочга илиниб, шу жойда тўхтаб турибдур, — дедилар.

Дарҳол шу жойга боришиб, туяни топиб келишдилар.

Улуғ саҳобалардан Абу Зар Ғифорийнинг минган туялари эрса йўлда кетаётиб чарчаб юролмай, аскар орқасида қолди. Қараса туянинг юргудек ҳоли қолмабдур. Туяни ташлаб, юкни елкага қўйиб, аскар ортидан қолмай йўлга тушди. Бу ишдан Расулуллоҳга хабар берганларида, ул зот:

— Агар унда яхшилик нишонаси бўлса, Аллоҳ уни ҳеч қачон йўлда ёлғиз қолдирмагай, ортимиздан бизга етказиб келтиргай. Агар унда яхшилик нишонаси йўқ эрса, бизнинг ундан қутулганимиз яхшидур, — дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир манзилга тушиб ўлтирган чоғларида йироқдан тоғ бошида бир кишининг қораси кўринди. Анда саҳобалар:

— Ё Расулаллоҳ, ёлғиз киши йироқдан келаётгандек кўринадур, — дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Абу Зар бўлғай, — дедилар.

Тикилиб қарасалар, бу киши Абу Зар экандур. Анда Расулуллоҳ йироқдан кўриб уни танигач:

— Абу Зарни Аллоҳ раҳмат қилсин, у ёлғиз юради, ёлғизликда ўлади, ёлғиз тирилади, — деб, бу кишининг келгусидаги ҳолини мўжиза қилиб билдирдилар.

Сўнгги кунларда Абу Зар Ғифорийнинг ҳоли, Расулуллоҳ қандай деган бўлсалар, шундай бўлди, разияллоҳу анҳу.

Табукка етмасдан бир кун илгари Расулуллоҳ айтдилар:

— Иншааллоҳ, эртага Табукка етгаймиз. Англасам унинг булоғида суви озаймишдур. Зинҳор ул сувга мендан илгари ҳеч ким қўл урмагай.

Бу тўғрида жар чақиртириб бутун аскарга англатдилар. Буни эшитиб мунофиқлардан икки киши жўрттага илгарироқ келиб, ул сувга қўл суқди. Уларнинг шум қўллари тегиши билан оз бўлса ҳам, бор суви йўқола бошлади. Бу хабар Расулуллоҳга етди эрса, билатуриб бу ишни қилган мунофиқларга лаънат айтдилар. Йўқ эса, кишига лаънат айтмоқ Расулуллоҳга одат эмас эди. Сўнгра оз бўлса ҳам сув топиб келтиринглар, деб буюрдилар. Қошиқлаб олгандек шу булоқдан бир оз сув келтиришди. Шу сувда юз қўлларини ювиб, оғиз-бурунларини чайиб, қайтариб булоққа қуйгач, булоқдан биқиллаб сув қайнаб чиқди.

Бутун қўшин от-уловлари билан шу сувдан ичиб қондилар. Шу кундан бошлаб, булоқдан сув камаймай оққали турди. Расулуллоҳ Муъоз ибн Жабалга қараб:

— Эй Муъоз, агар дунёда узоқроқ яшар бўлсанг, у чоғда кўрурсанким, бу ерларни боғ-бўстонга тўлдиргайлар.

Расулуллоҳ айтганларидек, кўп вақт ўтмай, шу булоқ атрофидаги ерлар ям-яшил боғ-бўстонликка айланиб, халққа тўлмиш эди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар