Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Эрк” партиясининг кадрлар сиёсатига қарашлари

“Эрк” партиясининг кадрлар сиёсатига қарашлари
01 Ocak 2017 - 5:00 'да юкланди ва 972 марта ўқилди.

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(4)

ОЙДИНЛИК САРИ
(давоми)

“Эрк” партиясининг кадрлар сиёсатига қарашлари

“Эрк” партияси янги давлат қурилишида кадрлар муҳим рол ўйнаяжагини таъкидлайди. Бу жабҳада бизда анъанавий хасталик бор, бу хасталик – маҳаллийчиликдир. Бизнинг раҳбарларимиз халққа унинг бўлинмас бир миллат эканини англатиш ўрнига, ўзлари айричилик сиёсатини юргизиб келдилар, маҳаллийчилик ботқоғига ботдилар. Бу сиёсат миллатимиз онгини чуқур заҳарлади, бу заҳарни чиқариб ташлаш учун фидоий меҳнат талаб қилинади. “Эрк” партияси биринчи навбатда шу фидокорликни бўйнига олади ва айричилик сиёсатини таг томири билан қўпориб ташлайди.

Кадрлар, авваламбор, лаёқатига қараб танланади, кейин давлат манфаати учун ишлайдими, шунга қараб танланади. Уларга ўз вазифаси доирасида мустақил фаолият кўрсатиш ва ишига ижодий ёндошиш учун имконият яратилади. Яъни, фуқаролар арзимаган иш учун бугунгидай президентдан рухсат сўраб юрмайдилар, уларнинг муаммосини мустақил ва фаросатли маъмурлар “тепа нима дер экан”, дея ҳадиксирамай, ўзлари ҳал қилаверадилар.

Ҳар бир маъмур давлатда ўз мартабаси даражасида қадр-қиммат топади, ўз меҳнати ва фидоийлиги даражасида тақдирланади. Маъмурлар ўз бошлиқлари томонидан ҳақорат қилинишига йўл қўйилмайди, уларнинг шахсий ҳаётидаги камчиликлари идорада муҳокама қилинмайди.

Уларга эркин ва тўқ ҳаёт кечиришлари учун етарли даражада маош тўланади, уларга истеъфога кетганда ҳам нормал яшаши учун бутун имкониятлар яратилади.

Оддий маъмур бўлсин, депутат бўлсин, университет ўқитувчиси ёки шифокор бўлсин, ҳаммаси “мен давлатга керакман”, деган туйғу билан яшайдилар ва давлат бу тушунчани амалда рағбатлантириб туради.

Албатта, давлат ўз навбатида маъмурларидан қатъий масъулият талаб этади. Маъмур идорада экан, давлат манфаати ва обрўсини биринчи ҳадаф сифатида билмоғи шарт бўлади.

Маъмурлар устидан тушган ҳар бир кичик шикоят ҳам давлат томонидан чуқур ўрганилади ва уларга шунга яраша чора кўрилади.

Порахўрлик қилган маъмур давлатнинг шафқатсиз жазосини олади. Бунга давлатнинг нафақат қонуний, маънавий ҳуқуқи ҳам бўлади, чунки давлат ўз маъмурини порага муҳтож бўлмайдиган, қонунни бузишга эҳтиёж сезмайдиган даражада маош ва имтиёзлар билан таъминлаган бўлади.

Энг оғир жазо миллат ва давлат манфаатларини сотган маъмурларга берилади.

Шу шаклда давлат ўз маъмурларини ҳимоя қилиш ва таъминлашдан қанча фойда кўрса, маъмурлар ҳам ўз давлатига астойдил хизмат қилишдан шунчалик мафаатдор бўлади. “Эрк” партиясининг мафкуравий шиори қисқадир: МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ, МУСТАҚИЛ ДАВЛАТ.

Бу мафкура ўрнакларини “Эрк” партияси раҳбарларининг брошюрасидан эмас, миллатимизнинг бой тарихидан олади. Асримиз бошида бошланган жадидлар ҳаракати янги миллий мафкурамизнинг туғилиши эди. Бу ҳаракат ўша замондаги хонлик ёки губернаторлик томонидан эмас, балки, халқ ичидаги сиёсий-маърифий гуруҳлар томонидан, ҳурфикрли мунавварлар томонидан йўналтирилган эди. Бу жамоат ташкилотлари халқнинг орзу-умидларини, дардини англагани учун ҳам халқнинг идеалини аниқ ва лўнда ўртага қўя олди.

Бугун бундай ташкилотлар маданий-маърифий, тарихий, ижтимоий, адабий, тил ёки газетачилик жамиятлари шаклида бўлиши мумкин. Шундай ташкилотлар бундан икки йил аввал қурила бошлаган эди, аммо тезда ёпиб ташланди.

Ёзувчилар юшмаси ҳам шундай ташкилот эди, афсуски, юшма энди иккига бўлинган ва обрў талашиш, мукофот тақсимлаш билан овора бўлиб қолди.

Давлат бундай ташкилотларни ёпиши керак эмас, аксинча, қўллаб-қувватлаши керак. Давлат ўз мафкурасини шундай ташкилотлар тамалида яратмоғи лозим. Шундагина янги давлат халқ ичида ишонч қозона олади. Бу ишонч қозонилар экан, давлатнинг яна бир қиладиган иши бор: У яратилаётган мафкура учун иқтисодий-сиёсий замин ҳозирламоғи лозим. Яъни, биз юқорида айтган ислоҳотларсиз ҳар қандай чиройли сўз ёки жимжимадор ғоя таъсирсиз қолаверади.

Давлат миллатни ўз мафкурасига эргаштириши учун унга сиёсий ва иқтисодий озодлик бериши лозим. Зотан, фикри занжирбанд одам ўз миллатини сева олмайди, унинг учун фидокорлик кўрсатолмайди.

Қашшоқ одам ҳам шундай.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар