Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Эътиқоднинг чорраҳаси бўлмайди

Эътиқоднинг чорраҳаси бўлмайди
03 Ocak 2017 - 5:00 'да юкланди ва 849 марта ўқилди.

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(6)

 

ЭЪТИҚОДНИНГ ЧОРРАҲАСИ БЎЛМАЙДИ

Баъзан “Эрк” партиясига бўлаётган ҳужумларга жавоб беришдан бир уят сезаман. Эҳтимол, бу уятни бошқа “Эрк”чилар
ҳам сезаётгандир.

Чунки, уч йил тинимсиз таъқиб, тазйиқда сиёсат билан эмас, сиёсий шаллақилик билан курашиш шарафсиз бир ишдир.

Ҳукумат аввалига мухолифатга қарши бир қадар жиддий, сиёсий курашга лойиқ айблар қўйишга интилди. Масалан, давлат тўнтариши, ватанга хиёнат моддасига тўғри келадиган “Миллий Мажлис”, қип-қизил туҳмат бўлишига қарамай, анчагина салобатли айб эди.

Аммо ҳукумат бу айбни исбот қилолмади, мухолифатга қўйилган навбатдаги айблар борган сари тубанлаша бошлади. “Ким ўғри” мақоласи бунинг ёрқин далилидир. Бу ёлғон ҳам таъсир қилмагач, ҳукумат “Эрк” партиясининг Қурултойини қўлга олиб, бу партияга ўз одамларини келтирмоқчи бўлди.

Аммо бунинг ҳам устидан чиқолмади ва аччиғидан “Эрк”нинг янги сайланган Бош Котибини калтаклади, бошқа бир вилоят котибини вилоятдан сургун қилди, “Эрк”нинг идорасини тортиб олди.

“Эрк” қурултой мажлисига раислик қилгани учун Олий Кенгаш депутати, “Эрк” Демократик партияси котиби, Насрулло Сайид депутатликдан чақириб олинди. “Эрк”чи депутат Имом Файзи ҳам депутатликдан чақириб, унга сохта жиноий иш очилди, икки йил мажбурий хизматга маҳкум этилди.

Бу “тадбирлар” ҳам “Эрк”нинг позисиясига таъсир қилмагач, ҳукумат энг тубан йўлни танлади: қурултойда “Эрк” партиясига раҳбар бўлишни истаб, бунга эришолмаган бир шўрлик одамни топиб, унга қалам тутқаздилар. Бу шўрлик одам қаламни эплаб тутганда ҳам майлиэди. Лекин ҳукумат бошқасини тополмади ва бу одамга идеологик вазифа топширди.

Бу собиқ “Эрк”чи – Шоди Каримов деган одам 1993 йил 27 октябрда “Халқ сўзи” газетида “Эътиқод чорраҳалари” рубрикаси остида бир бет тўла мақола эълон қилди. Мақолага “Мен “Эрк” партиясини тарк этдим”, дея катта ҳарфлар билан сарлавҳа қўйилган. Гўё бу одамнинг “Эрк” партиясидан чиққани оламшумул воқеадай. Ва бу воқеанинг сабабини тушунтираман деб бир бет тўлдиради, аммо тушунтирмайди.

Ваҳоланки, сабаби битта эди: бу одам қурултойдан шарманда бўлиб кетган эди. “Эрк”чилар уни минбардан ҳайдаб туширган эдилар. У партия раҳбариятига сайланолмади, лекин унинг мақоласи ўз шармандалигини оқлаш учун эмас (бу одам шармандаликдан қўрқмайдиган одам) ҳукуматнинг шармандалигини оқлаш учун ёзилгандир. Чунки, ҳукумат бу одамга ишониб, “Эрк” раҳбариятини ўзгартиришдай муҳим вазифа топширган эди. Ва “Эрк” қурултойи Ш.Каримовни шарманда этар экан, ҳукумат фитнасини ҳам бир пул қилди.

Ш.Каримовнинг мақоласи шу мағлубиятни оқлаш учун ёзилгандир. Фақат, ҳукумат бу вазифани яна Ш.Каримовга топшириб иккинчи марта хато қилди. Унинг хатоси мафкурага эмас, тутуруқсиз кимсалар сўкинчига ўхшайди ва Шоди аканинг оғзидан шоди кириб, боди чиқибди бу мақолада.

1991 йил декабр ойида “Правда Востока” газети “Эрк” партияси ичида маданиятсиз одамлар бор, улардан бири – профессор Ш. Каримовдир”, деб ёзган эди. Биз роса аччиқланган эдик газетдан. У пайтда ҳукумат Ш.Каримовни бизга қарши қурол сифатида ишлатган эди, “маданиятсиз” дея.

Бугун бу одамни яна қурол сифатида ишлатмоқдалар, бу сафар у маданиятли одам сифатида “Эрк”ни тарк этаётган эмиш. Бу мантиқдан одамнинг кулгиси қистайди.

Лекин биз Ш.Каримов ёки И.Каримовларга қарши курашаётганимиз йўқ. Бу тажовузкор тузумга қарши курашаяпмиз.

Менинг бу мақолам ҳам асло Ш.Каримов каби ғариб кимсага қаратилмаган. Аксинча, мен бундай ғариблар ҳаётини аянчли ва қуллар ҳаётига айлантираётган ўша тузумга қарши ёзаяпман.

Бу ғариблар бугун “эътиқод чорраҳаларида” гарангсиб, қайси йўллардан юришларини билмай туришибди. Булар кеча коммунист, бугун “Эрк”чи эдилар, энди эртага яна ким бўлсам экан, дея ҳукуматга мўлтираб турибдилар. Булар эътиқоднинг чорраҳаси бўлмаслигини, унинг ёлғиз ва тим-тик бир йўл эканини англамайдилар. Лекин улардан хафа бўлиш худди майиб одамнинг майиблиги учун хафа бўлгандек гап. Бу одамлар коммунизм деган бир заҳарли ғоянинг қурбонидирлар ва улар асло нафратга эмас, аянчга лойиқдирлар.

Ва шунинг учун ҳам Ш.Каримов ёки умуман каримовларни мен ҳеч қачон сотқин ёки хиёнаткор деб айтмаганман. Чунки, сотқинлик ва хиёнат тушунчалари сизга яқин бўлиб, кейин сизга хиёнат қилган одамга ишлатилади.

Каримовлар эса, менга ҳеч қачон яқин бўлмаган, улар билан менинг алоқам фақат иш юзасидан бўлган.

Ш.Каримов кеча бизнинг партияда эди, бугун бошқа партияда -бу унинг иши. У мақола ёзибди, унинг мақоласига моддама-модда жавоб беришни истайман, чунки, бу мақола эмас, алаҳсирашдир. Унга жавоб бериш учун мен ҳам алаҳсирашим керак. Лекин бу қобилият менда йўқдир, шу сабаб гапнинг пўсткалласини айтмоқчиман.

Ҳукумат газети Ш.Каримовнинг бу алаҳсирашини нега эълон қилди?

Агар Ш.Каримов айтгандай, “Эрк” партияси фаоллари ҳайъат мажлисига келмай қўйган бўлсалар, партия чуқур бўҳронни бошдан кечираётган бўлса, нега ҳукумат бундай бир “заиф” партияга қарши ўз газети саҳифаларидан тинимсиз ўқ отаяпти?

Битта “Эрк” аъзосининг “Эрк” партиясидан чиққани ҳукуматга катта бир воқеа бўлиб кўринаётган экан, бунга қувонган ҳукумат ўз қувончини расмий газетларда эълон қилаётган экан, бундай партиянинг келажаги порлоқдир.

Бу партияга қарши курашар экан, ҳукуматнинг кураш усуллари нега бу қадар тубанлашди?

Ш.Каримовнинг мақоласини ўқиган, ҳатто, ҳукумат тарафдорлари ҳам “ҳукуматимиз шундан тузукроғини тополмабди-да”, деб афсусланмоқдалар.

Ҳамма гап шундаки, ҳукумат бундан буёғига Ш.Каримовдан “тузукроғини” тополмайди. Чунки, тузук одамлар бундай мақолани ёзишдан ор қиладилар. Ҳатто ҳукумат буюрганда ҳам, тузук одамлар бу қадар шармсиз ёлғон ёзолмайди.

Ҳукумат бугун идеологик курашда “каримовлар”га суянишга маҳкумдир. Бу заъфарон маҳкумлик ҳукумат сиёсатидаги инқироз кун сайин чуқурлашаётганини кўрсатиб турибди.

1993. Декабр.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар