Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Жириновскийдан ким қўрқади?

Жириновскийдан ким қўрқади?
04 Ocak 2017 - 5:00 'да юкланди ва 1415 марта ўқилди.

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(7)

 

ЖИРИНОВСКИЙДАН КИМ ҚЎРҚАДИ?

Етмишинчи йиллар кино оламида “Виржиния Вулфдан ким қўрқади?” деган бир филм пайдо бўлиб, анча шов-шув бўлган эди.

Бугун сиёсат оламида “Жириновскийдан ким қўрқади?” деган бир спетакл яратилди ва бу томоша ҳам анча ғала-ғовурга сабаб бўлаяпти.

“Виржиния Вулфдан ким қўрқади?” филми асосан интеллектуаллар орасида машҳур бўлди: “Жириновский”спетакли эса, асосан сиёсат санъатидан унча хабари йўқ оломонга кўпроқ таъсир қилмоқда. Ўз мустақиллигини эълон қилиб, Мустақил Давлатлар Хамдустлигига қўшилган жумҳуриятларнинг баъзи лидерлари шундай оломонни эслатади.

Бу лидерларнинг ҳаммаси коммунистик тузум етиштирган арбоблардир ва улар бутун ҳаёти давомида Москов кўрсатмаси билан иш кўришга одатлангандирлар. Шу қадар одатлангандирлар-ки, ҳатто жумҳуриятларини мустақил дея эълон қилиб ҳам Москов синдромидан қутула олмаяптилар.

Бу кайфиятни яхши англаган Москов кейинги икки йил давомида ҳар хил йўллар билан бу лидерларни, улар орқали мамлакатларини, ўз таъсири остига олишга ҳаракат қилиб келаётган эди. Мана энди Московнинг бахтига Жириновски чиқиб қолди. Жириновский фактори Москов учун ҳатто Егор Гайдар ислоҳотидан ҳам муҳимроқдир. Москов дунёни Жириновский билан қўрқитиб, Русия давлатининг энг фаол дипломатияси эришолмаган ютуқларни қўлга киритишга уннай бошлади.

Русия ташқи ишлар вазири Козирев матбуотга берган интервюсида “Жириновскийнинг сайловларда ғалабасига Ғарб давлатлари айбдор, агар улар Русияга ёрдам берганда, Жириновский ғалаба қозонмас эди”, дейди.

Русия ҳукуматининг яна бир катта амалдори Шохин эса, “Энди Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига кирган давлатлар Елцин атрофида бирлашади ва Русия қўйган шартларга кўнади”, дея башорат қилмоқда. Бу иккала арбоб очиқдан-очиқ “агар бизнинг айтганимизни қилмасангиз, Жириновский келади ва у сизларни еб қўяди”, дея пўписа қилмоқда.

Аслида Русия ҳукуматининг ичида ўйлаганларини Жириновский овоз чиқариб айтаяпти, холос.

Шу йўсинда Русия Жириновский фактори билан ичкарида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини қўрқитаётган бўлса, ташқарида Ғарб давлатларини қўрқитишга ҳаракат қилаяпти.

Албатта, Жириновский каби нео-олабўжи билан Ғарб давлатларини қўрқитиш мумкин эмас, аммо Русиянинг Ҳамдўстликка кирган асаби заиф мустақил жумҳуриятлар учун маълум даражада таҳлика бор.

Бу таҳликанинг белгиларини биз Жириновский партияси сайловда ғалаба қозонган кунларида кўрдик. Ўзбекистон бу мудҳиш ғалабага ҳеч қандай муносабат билдирмади, ҳар эҳтимолга қарши сукут сақлади. Бу сукут 1991 йил, 19 августда ГКЧП ҳокимиятни олган кунлари Ўзбекистон ҳукуматининг сукунатини хотирлатди.

Сукут -ризолик аломатидир, дейди халқимиз. Янаев ёки Жириновский иродасига розилик этса, бугун биз мустақилмиз, дея ҳайқираётган лидерларнинг мустақиллиги нақадар омонат эканлигини кўрсатиб турибди.

Иккинчи томондан, Жириновский фактори дунё жамоатчилиги уйғонди, “совуқ уруш тугади”, дея зиёфат қилиб, шампан ичаётган Ғарб давлатлари қўлида қадаҳлари муаллақ қолди.

Жириновскийдан миннатдор бўлишимиз керак. У бизни анча уйғотиб қўйди. Ғарб давлатлари ва НАТО ҳам ўзларининг Шарқ стратегиясини ўзгартиришга энди шошаётганлари йўқ ва бизнингча, шошмай тўғри қиладилар.

1994. Январ

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар