Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Уларда ҳеч армон йўқдур

Уларда ҳеч армон йўқдур
03 Ocak 2017 - 7:00 'да юкланди ва 1052 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 130

(давоми)

Яна бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу Табук сафарида бош оқшомдан саҳар вақтигача йўл юрдилар.

Туя устида уйқу элтиб, мудроқ босди. Бир оз юргач, туя устидан ёнтойғали турдилар (оғиб кета бошладилар). Ёнларида Абу Қатода разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ ҳолатларини пайқаб келаётган эди. Яна туя устидан тушиб кетмасинлар, деб секингина келиб бир қанча ергача суяб борди. Тун қоронғусида, Расулуллоҳ уйғонгач, бошларини кўтариб:

— Сен ким эдинг? — дедилар.

— Ё Расулаллоҳ, Абу Қатода эрурман. Туядан йиқилиб кетгайсизму деб қўрққанимдан бу кеча ёнингиздан жилмадим, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Эй Абу Қатода, бу туни мени сақламишсан, сени Аллоҳ сақласин, — деб дуо қилдилар.

Сўнгра йўл четига чиқиб, туядин тушдилар. У чоғда саҳар вақти етиб, тонг яқинлашган эди. Эрталабки намозимизни яхши сақлагайсиз, сергак бўлинглар деб, Расулуллоҳ уйқуга ётдилар. Узун туни билан туя устида бўлганликдан барчалари чарчамиш эдилар. Намоз вақти ўтди эса, яна ҳеч ким уйқудан уйғонмади.

Расулуллоҳ уйғониб, унлик тасбеҳ айтдилар. Кишилар унларини эшитгач, чўчиб уйғониб қарасалар, кун чиқмиш эди.

Расулуллоҳнинг буйруқларича туяларига минишиб, йўлга чиққудек вақтда қуёш кўтарилди. Абу Қатоданинг чармдан ясалмиш сув идиши бор эди. Уни келтириб Расулуллоҳ таҳорат олганларидан кейин, шу куни эрталаб қолган намозни ўқишдилар. Таҳорат идишида озроқ сув қолмиш эди. Расулуллоҳ Қатодага қараб:

— Бу сувни яхши сақлагил, бунинг устида улуғ бир воқеа кўргайсиз, — дедилар.

Ўтган кеча Расулуллоҳни уйқу босиб кейин қолганларида, йўл босиб ўтган қўшин анчагина ўзиб кетган эди. Йўл устидаги сувли жойларга тушмасдан хабарсиз ўтишиб кетдилар.

Иккинчи сувга етгунчалик орадаги узун чўлдан ўтиш керак эди. Кун қоқ туш вақти бўлганда, қуёшнинг иссиғига чидаёлмай қўшин юришдан тўхтади. Сувсиз чўл ичидаги кун иссиғидан бутун аскар чанқоқликда қолиб, от-туялар юролмай йиқила бошлади. Бу туяларни бўғизлаб, ичидан чиққан сувни, ўлар ҳолатига етган чанқоқ кишилар талашиб ичдилар. Бунинг устига Расулуллоҳ келиб, бу оғир ҳолни кўргач, Абу Қатодани чақириб:

— Ўтган манзилда таҳоратимдан қолган сувни дарҳол келтиргил, — дедилар.

— Мана, Ё Расулаллоҳ, — деб ул сувни келтирди.

Муборак қўлларини шу идиш ичидаги сувга солиб, Худо хоҳлаганича дуо қилгандан сўнгра, Тангрининг улуғ қудрати ила бармоқ ораларидан оппоқ тиниқ сув отилиб чиқиб, оққали турди. Бу мўжизани кўзлари билан кўрган саҳобалардан шундай ривоят бўлмишдурким, Расулуллоҳнинг бармоқлари ораларини сув ёриб чиқар чоғида ҳавода бир парча ҳам булут йўқ эди. Шундай бўлатуриб, чақмоқ чақилиб, яшин тушгандек бир қаттиқ товуш билан чиқди. Бутун қўшин бу сувдан тўйиб ичиб, от-уловларни суғордилар.

Борлиқ идишларини сувга тўлдирдилар. Бу қўшинда ўн икки минг от, ўн беш минг туя, эллик минг аскар бор эди. Баъзи ривоятда етмиш минг дебдурлар.

Худонинг қудрати билан Расулуллоҳнинг шу мўжизаларини йиғилган кўпчилик халқ кўзлари билан кўриб турдилар. Шундоқ бўлса ҳам иймондин улуш олмаган кишилар қараб туриб, яна иймон келтирмадилар. Бундан илгари ҳам шу сафарда икки йўл шундай мўжиза кўрилганлиги юқорида айтилиб ўтди.

Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ Зул Бижодайн деган киши шу Табук сафарида вафот топди. Сафарга чиқиш олдида бу киши Расулуллоҳга келиб:

— Бу ғазотда Аллоҳ таоло менга шаҳидлик бергай, деб дуо талаб қилган эди. Анда Расулуллоҳ шу ерда ўсган бир ёғочни кўрсатиб: «Унинг қобуғидан келтургин», дедилар.

Уни келтирди эрса, олиб бу кишининг билагига боғлаб туриб:

— Эй бор Худоё, бунинг қонини тўкмоқни кофирларга ҳаром қилгайсан, — деб уни дуо қилдилар.

Анда ул:

— Ё Расулаллоҳ, меним тилагим бу эмас эрди, балки қоним тўкилиб, Худо йўлида шаҳид бўлишни сўраган эдим, — деди.

Расулуллоҳ айтдилар:

— Эй Абдуллоҳ, агар безгак касалига йўлиқиб, шу билан вафот бўлсанг, албатта шаҳид мақомини топгайсан.

Айтганларидек, Табукка келиб бир неча кун ўтгандан сўнгра шу иллат билан бир кечада вафот этди. Расулуллоҳ унинг устида ҳозир эдилар. Саҳобалар чироқ ёруғида қабр қазиб тайёрлашгандан сўнгра, лаҳад ичига Расулуллоҳ ўзлари тушдилар. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар ўликни кўтаришиб, гўр ичига туширишиб берди.

Расулуллоҳ уни кўтариб ўрнига қўяр чоғда: «Эй бор Худоё, мен бундан рози эдим, энди Сен ҳам бундан рози бўлғайсан, деб дуо қилдилар. Расулуллоҳнинг хос хизматчиси Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳам шу ерда эди. Шу сўзни англагач, кошки бу чуқур эгаси мен бўлур эрсам на бўлғай эди, деб йиғлади. Бошқалар ҳам бунинг ўрнида биз бўлсак эрдик, деб йиғлашди.

Энди бу китобни ёзувчи Алихон Соғуний шу сўзни устига келганимда, мунглик кўнглимдан қўзғалган қайғуларим қайнар сувидек бўлиб икки кўзимдан оққани турди. У киши эрса, Расулуллоҳнинг муборак юзларини кўрмиш, кўп йиллар суҳбатларида бўлиб, шу давлат узра ажали етган эди, яна уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қутлуғ қўллари билан тупроққа топшириб қабрга қўйиб, ундан ризо бўлганлигини билдирдилар ва унинг учун Аллоҳдан ризолик сўрадилар. Энди бундоқ кишининг ва йиллар бўйича Расулуллоҳнинг муборак юзларига қараб ўлтириб суҳбатларини топишган бутун саҳобаларнинг нима армонлари бордур? Уларда ҳеч армон йўқдур. Бутун армон қилғудек ишлар шу замондаги унинг умматлари — биз ғариб мўминларнинг бошига келмишдур. Чунки биз ғариб умматлари бир минг уч юз саксон йил у зотдан кейин қолиб, фисқ-фасод, бузуқчилик, динсизлик қоплаган энг охирги замон ичида турамиз. Бу даврнинг ахлоқсиз маданияти остида инсонлардан фаришталик, яъни яхшилик сифатлари йўқолди. Ҳайвоний, шайтоний сифатлари ривож олганликдан унинг таъсири ўтмаган ҳеч киши қолмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган қиёмат аломатлари эрса ер юзида зоҳир бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: «Қиёмат кунининг аломатларидан бири шулдурким, бир киши ўлган бир кишининг қабри олдидан ўтаётганида, шу қабрга қараб: «Кошки сенинг ўрнингда мен бўлсам эди, дегай. У эса тирик юрганидан ўлганини ортиқ кўргай», деган эдилар.

Энди бу кишига нега бундоқ дейдур? Бу тўғрида келган ҳадислар мазмунича, у замон кишиларига ҳар ёқлама бало ва офатлар ёғилиб, дунё ҳокимияти ҳар жойда даҳрийлар, динсизлар қўлида бўлгай. У кундаги мусулмонлар эрса гуноҳ ишларини ошкора қилгайлар.

Улар олдида ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмагай. Шу билан динлари барбод бўлгай, исломият ахлоқ-одобларидан ажрагайлар, шариат ҳукми ўртадан бутунлай кўтарилгай. Зулм-хиёнат ишлари барча халқни қоплагай. Еб-ичиб кийганлари, топган-терган моллари бутунлай ҳаром-харишдан бўлгай. Шунинг учун қилган дуолари қабул бўлмагай. Расулуллоҳ пайғамбарлар ноиби деган олимлардан ҳеч ким қолмагай, улар ўрнига алдамчи, ёлғончи, чала мулла — динбузарлар қолгайлар. Пайғамбаримиз уларни ўша замоннинг энг ёмон одамларидур, дердилар. Фуқаро халқнинг ўз бошлари, оилалари, мол-дунёлари устидан у замон ҳукуматлари ихтиёрсиз, ноҳақ ҳукмлар юргизгайлар, ҳеч кимда ҳурмат-обрў қолмагай. Кишиларнинг кўпчилиги хор-зорликда қолиб, барака кўтарилгай.

Инсонлар шу ҳолга етганда тирик юриб қийналгандан ўлишни афзал кўргайлар. Юқоридаги ҳадисни шарҳини кўриб, қисқача таржимасини ёздим.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар