Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Саййид Жалолиддиннинг кўзи очилди

Саййид Жалолиддиннинг кўзи очилди
04 Ocak 2017 - 7:00 'да юкланди ва 1068 марта ўқилди.

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(16)

1

 

Саййид Жалолиддиннинг кўзи очилди

Саййид Жалолиддин тоғамнинг ҳузурларидан беҳад паришон ҳолда чиқиб кетаётганларида:

— Мен Бухорога бормоқчиман, тирик бўлсак қайтишда дийдорлашармиз — дедилар.

Орадан бир ярим ойлар чамаси ўтиб, қайтиб келдилар.

Ул киши бутун ҳолатларни кўриш учун узун сафар қилибдилар.

Шаҳрисабздан Китобга, Китобдан тоғлик ноҳияларга сафар қилиб, дарёи Амунинг соҳилларида жойлашган “Дарвоз” гача етиб борибдилар. Ҳисор, Лангар ота ва Ғузорда бўлиб, сўнгра Қаршига тушиптилар.

Қаерга борсалар Исломга нисбатан қилинаётган турлик-туман душманчиликларга шоҳид бўлганлар.

Бухорога сафар қилмоқчи эканлар, ҳукумат рухсат бермапти.

Ул киши эса Бухородан ўзига яқин бир ишончли биродарини чақириб у ернинг ҳам достонларидан огоҳ бўлибдилар. Бир ярим ойлик сафардан сўнг кўзлари янада равшан очилибди.

Коммунистлар ул кишини “Социализм ва коммунизм бир иқтисодий низомдир. Дин ва мазҳабга душманчилиги йўқдир, фақат кишиларни иқтисодий инқироздан қутқарадиган ва сармоядорликни бартараф қиладиган бир йўлдир” — дея ишонтиришган эди.

Саййид Жалолиддин эшон эса уларнинг бу алдов тўрларига илиниб қолиб, социализм ва коммунизм ҳақида сўраган кишиларга “Уларнинг мақсади фақат мол ва давлатни баробар тақсимлашдан иборат” — деб жавоб берардилар. Ҳақиқатни ўз кўзлари билан кўрганларидан сўнг, уларнинг макру-ҳийлаларига ғазаб қонлари қайнаб кетди.

Маркснинг назариясига кўра “Худо ва мазҳабнинг тасаввури бир беҳуда нарса, балки инсон учун афюннинг ўзгинасидур. Уни томиридан суғуриб ташлаш партиянинг аввалги бурчидур” дейилган. Лекин ғишт қолипдан кўчганди.

Коммунистлар ул кишининг ёрдами билан бутун Туркистон исломий миллатини ўз чангалига илинтирганди, энди эса ул кишига ўз мулки — Афғонистоннинг фикр ва ташвиши тушиб қолганди.

Коммунистлар гумашталари эса у киши номини сотиб ўз ишларини давом эттиришарди.

Ул киши Афғонистон мусулмонларини коммунистларнинг макру-ҳийласидан огоҳ этиш учун Афғонистонга кетишга қарор қилди.

Кетиш олдидан тоғамнинг ҳузурларида ҳозир бўлиб барча кўрган воқеаларни батафсил сўзлай бошлади. Мусулмонларнинг заифлиги ва дини ислом мададсиз қолганини зикр этаётиб овози қалтираб кетди ва: “Ҳазрат, ҳижрат фарзи айн бўлди, сиз ҳам сафар тадоригини қилиб мен билан бирга кетсангиз. Ҳозиргача сиз мени риоя этиб келдингиз, энди мен сизнинг хизматингизни қиламан” — деди.

Тоғам ул кишининг сўзларини вазминлик билан тинглаб, сўнг: “Туркистон уламолари ҳижрат қилмасликка, халқни ташлаб кетмасликка ва охирги қон қатралари қолгунча улар билан бирга бўлишга қарор қилганлар” — дедилар.

Жалолиддин эшон тоғамнинг қўлларини олиб йиғлаб туриб: “Энди мен ўз ҳаётимни мусулмон мамлакатларини бу фитнадан огоҳ этишга сарф этаман. Саломуллоҳи алайкум” — дея йўлга равона бўлдилар.

Осмон ажиб бир кўринишда, ғамгин эди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар