Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бўҳрондан ёруғликка йўл

Бўҳрондан ёруғликка йўл
05 Ocak 2017 - 5:00 'да юкланди ва 805 марта ўқилди.

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(8)

 

БЎҲРОНДАН ЁРУҒЛИККА ЙЎЛ

Афғонистонда кечаётган урушнинг асосий сабабини Ғарбдаги баъзи сиёсатчилар Московнинг ўйини, деб айтсалар, баъзи московлик демагоглар ёки Москов таъсиридаги ўзбекистонлик демагоглар бу урушни Ғарб давлатларининг ўйини дейдилар.

Бу демагогия Афғонистон тарихини билмасликдан ва юзаки фикрлашдан келиб чиқади. Маълумки, Афғонистон бундан бир ярим аср аввал инглиз ва рус мустамлакачилари томонидан бир томпон минтақа, регион ўлароқ яратилган эди. Бу минтақада ҳар хил қабилалар – жумладан, пуштунлар, тожиклар, ўзбеклар, хазаралар яшар эди.

Мустамлакачилар бу минтақада пуштунларга имтиёз таниди ва бу устунлик Қиролият даврида ҳам, Нажибуллонинг коммунистик режими сўнггигача давом этди. Нажибулло режими тугагач, совет армияси чиқиб кетганидан кейин, пуштун бў маган халқлар ҳокимиятга яна пуштунлар келишига қарши бўлдилар. Бу табиий бир норозилик эди. Яъни 150 йил давомида бу халқларнинг маданияти, тили, анъаналари йўқолиб кетиш таҳликаси остида қолди. Бу халқларнинг на ўз тилида мактаби, на газеталари, на-да бошқа миллий эҳтиёжларини қондириш учун воситалар бор эди.

Ва, шубҳасиз, Афғон жамиятидаги бу муаммо йиллар давомида бу давлатнинг энг заиф жойи бўлиб келди. 1979 йил декабрда бошланган совет экспансияси бу факторни иккинчи планга ўтказди. Афғонистон халқлари умумхавф – рус мустамлакаси қаршисида бирлашдилар. Бу ғалабада пуштуннинг қанча улуши бўлса, тожикнинг ҳам, ўзбекнинг ё хазаранинг ҳам шунча улуши бордир. Улар қозонган бу озодлик энди ҳаммага тенг бўлиниши лозим эди ва бу адолатли бўларди.

Озодлик демак – ўз тилига эга бўлиш озодлиги, ўз маданияти, ўз анъаналарига соҳиб чиқиш озодлигидир. Бугун Афғонистонда кетаётган урушнинг асосий сабаби ўша миллий фактордир.

Эътибор қилган бўлсангиз, Афғонистон жумҳурраиси Раббонийга қарши курашаётган кучлар айнан шу баҳонани кўрсатмоқдалар. Раббонийнинг ўз ҳокимиятига маълум этнос кишиларини кўпроқ олиб, қолганларини яқинлаштирмаётганини, ҳатто уларни йўқ қилишга интилаётганини иддао қилмоқдалар.

Бизни қўрқитаётган нарса шуки, бу ғавғо ҳалибери тинчимайди. Ва энг ёмони, бу урушда ғолиб келган томон ҳам ҳақиқий ғалабага эриша олмайди. Чунки, биз юқорида айтган миллий муаммо барибир яшайверади. Бу муаммони ечишга қодир томон Афғонистонда тинчлик ўрнатиши мумкин.

Бу муаммони ечишнинг йўли эса, битта -ўлкадаги барча халқларнинг миллий иродаларини танимоқдир. Энди Ғарб мамлакатлари ўйини ёки Москов ўйинига келайлик.

Ғарб давлатлари, Америка Қўшма Штатлари Афғонистонни собиқ совет империясига қарши бир қарта ўлароқ ўн йил давомида ҳақиқатан, ўйнади. Агар “ўйнади” таъбири жоиз бўлса. Аммо совет импермияси қулагандан кейин ўйин ҳам тамом бўлди. Бизнингча, Московнинг ҳам Афғонистонга қаратилган бир позитсияси ҳалигача шаклланмади, шаклланган бўлса ҳам бу яширин тутилмоқда. Қўпол қилиб айтганда, бугун Афғонистонда Ғарб давлатларининг ҳам, Московнинг ҳам фақат разведкачилари ишламоқда, уларнинг рапортлари ўрганилмоқда.

Нима бўлганда ҳам, Афғонистонга энг яқин қўшни бўлган биз ўзбеклар, у ерда тезроқ тинчлик ўрнатилишига тилакдошмиз. Афғонистон Ғарб ёки Московдан кўпроқ Ўзбекистон ҳукуматини қизиқтириш лозим. У ердаги қондошларимиз тақдири бизни асло бефарқ қолдира олмайди.

Бизнингча, Афғонистон халқларини бирликда ва ҳамжиҳатликда яшатадиган битта сиёсий йўл бор – бу федератссион давлатдир. Акс ҳолда Афғонистон ҳам, Осиё бўлгасидаги бир Югославияга, яъни тинимсиз уруш ва вайронагарчилик минтақасига айланиши мумкин. Эртами-кечми бу мамлакатдаги барча сиёсий гуруҳлар давлат бўҳронидан чиқиш учун бу фикрга келажаклар.

1994.Январ.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар