Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Қиёматгача бир тоифа умматим ҳақ йўлдан адашмагай…”

“Қиёматгача бир тоифа умматим ҳақ йўлдан адашмагай…”
06 Ocak 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1500 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 131

(давоми)

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга айтдилар:

— Мендан кейин бир замон келур, мен уни кўрмайман, сизлар ҳам уни кўрманглар. У замон келди эрса, чин олим сўзини олмагайлар, улуғ одамлардан уялмагайлар, дин сўзига қулоқ солмагайлар. Мана шундоғ бўлиб, дин-дунё ишларига қаттиқчилик келган кунларда ҳар қанча қийналса ҳам, ўз динидан ажрамай юриб ўлган бир мусулмон юз шаҳиднинг савобини топгай. Қиёматгача бир тоифа умматим ҳақ йўлдан адашмагай.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган қиёматгача ҳақ йўлдан адашмайдирган шу тоифа умматларига атаб, ушбу китобни ёздим. Кўнглим тўқ, иймоним тўлиқдурким, меним бу китобимни дунё борича шулар ўқигайлар, шулар фойдалангайлар.

Эй бор Худоё, бу китобни ёзгувчи ёзуқлуқ ғариб қулингни ва ҳам ушбу китобни ўқиган, эшитган мўмин бандаларингни ҳабибинг Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаққи-ҳурматлари учун ҳақ йўлдан чиқмаган, Ислом динида жон берган ўша тоифадан қилгайсан. Омин!

Яна ўз сўзимизга келайлик. Расулуллоҳ Табукка келгач, бу жойда йигирма кунгача тўхтаб қолдилар. Бу ердан Шом шаҳрига бориш ёки Мадинага қайтиш яқинлигида тенглашур эди. У ёққа юриш тўғрисида саҳобаларга кенгаш қилдилар эрса, Ҳазрати Умар:

— Ё Расулаллоҳ, Худо томонидан нима буйруқ буюрилган бўлса, шуни қилинг, — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Агар менга буюрилган бўлса эди, ҳеч кимдан маслаҳат сўрамас эдим, — дедилар.

— Ё Расулаллоҳ, биз Мадинадан йироқлашиб, душман ерига яқинлашиб келдик. Бизга ёрдам бергудек улар ичида мусулмонлари йўқдур, душманнинг қуроллик аскари кўп бўлиб, ҳар жойда тўпланиб туришибдурлар. Бизнинг бу келишимиздан уларга қўрқинч тушиб, бутун Рум халқи қўзғалишганга ўхшайди. Эндиги бизнинг ўйлаганимиз бу йилча Мадинага қайтиб, уруш ҳозирлигини кўрсак. Келаси йили Худо хоҳлаганига қараб иш қилур эдик, — дедилар.

Бу сўз Расулуллоҳга ҳам маъқул бўлиб, шу ердан қайтмоққа қарор қилинди. Қайсар Ҳирақл Мадина устига сонсиз аскар олиб юриш қилмоқчи, деб эшитган сўзнинг аниғи билинмади.

Шу орада Айла шаҳрининг ҳокими билан Жарбо, Азрух, Майно деган шаҳарларнинг элчилари келишиб, Расулуллоҳ билан учрашдилар. Булар эрса, Шом атрофида яшаётган яҳудлардан келган кишилар эди.

Расулуллоҳнинг Табукка келганларини англашиб, аҳвол билан танишмоқ учун юқорига шаҳар халқлари буларни элчи қилиб юборишдилар. Уларни Расулуллоҳ иймонга ундаган эдилар, уни қабул қилмай, ҳар йили солиқ тўлаб туришга рози бўлишди. Бу тўғрида аҳднома ёзиб беришларини Расулуллоҳдан сўрадилар.

Жарбо аҳли ҳар йили ражаб ойида юз тилла тўламоқчи бўлди. Майноликлар ўз ерларидан чиққан меваларнинг тўртдан бирини ҳар йили бериб турмоққа ваъда бердилар. Элчиларнинг сўровларича бу тўғрилик Расулуллоҳ икки нусха аҳднома ёздилар ва уларга топширдилар.

Ўшал аҳднома нусхаларини ўқувчилар қувват олсин деб арабча ибораси билан бу ўринда ёздим. Унинг мазмунига ўқувчилар тушунмоқлари учун туркчага таржима қилдим.

Расулуллоҳ Юҳаннога берган ахдномаларининг арабчаси шулдир:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ҳазо аманатун миналлоҳи ва Муҳаммадин-набиййи ли Юҳанно ва аҳли Айлата суфунуҳум ва сайяротуҳум фил барри вал баҳри лаҳум зимматуллоҳи ва Муҳаммадин-набиййи ва ман кана мааҳум мин аҳлиш-Шоми ва аҳли Яман ва аҳлил Баҳри фаман аҳдаса минҳум ҳадасан фаиннаҳу ла я жузу малаҳу дуна нафсиҳи ва иннаҳу латаййибатун лиман ахазаҳу миннан-носи ва иннаҳу ла яҳиллу ан ямнаъу маан яридунаҳу вала тариқан юридунаҳу мин барринав баҳрин».

Маъноси: «Ушбу омон хати берилди. Аллоҳ ва унинг элчиси Муҳаммаддан Юҳаннога ва Айла аҳлига. Уларнинг денгиздаги кемалари, қуруқликда юрган карвонлари омондур. Аллоҳнинг, Муҳаммаднинг аҳд омони шуларгадир ва улар билан бирга бўлган Шом аҳли, Яман аҳли, денгиз бўйи аҳлларига ҳам ҳукм шулдур. Агар улардан бир кимарса ушбу аҳдни бузгудек бир иш қилур экан, бошларига омонлик, молларига омонсизликдур. Шарт бузгувчилардан мусулмонлар қайси йўл билан мол олсалар, ҳалолдур. Ичар сувларидан, юрар йўлларидан мусулмонларни тўсмоқ уларга ясоқдур».

Мана шу аҳдномани юқориги шаҳар аҳллари Расулуллоҳдан кейин ҳам ўзларида сақлаб келдилар. Кўп замонларгача подшолари олдида бу аҳдноманинг ҳурмати сақланмиш эди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар