Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мустақиллигимизга танқидий қарашлар

Мустақиллигимизга танқидий қарашлар
07 Ocak 2017 - 5:00 'да юкланди ва 1053 марта ўқилди.

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(10)

МУСТАҚИЛЛИГИМИЗГА ТАНҚИДИЙ ҚАРАШЛАР

1982 йилнинг куз кунларидан бирида биз ленинградлик шоир Виктор Соснора билан Тошкентдаги “Ленин майдони”дан ўтаётиб, баҳайбат ҳайкал ёнида тўхтадик.

Рус шоири бу ҳайкалга қараб: “Манави золимнинг йиқилишини кўрармиканмиз-а?”, деди бирдан. Бу савол мен учун кутилмаган савол эмас эди. Бу савол империясининг барча асир миллатларига таниш савол эди.

Мен ҳазиллашиб жавоб бергандим ўшанда: “Албатта бу ҳайкал йиқилади, лекин бу чўян калла гумбурлаб йиқилар экан, кошона мармарларини чил-парчин қилади, деб қўрқаяпман”.

Бу ҳазилнинг ўн йил ўтмай ҳақиқатга айланишини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Чунки, совет империяси шуқадар мустаҳкам қалъа каби кўринар эдики, уни йиқишга қодир куч дунёда йўқ эди гўё.

Зотан, Горбачев ҳам бу империяни парчалаш учун ҳокимиятга келгани йўқ эди, ҳатто Елцин ҳам бунинг учун майдонга чиқмаган эди. Аксинча, улар бу “қалъа”ни ислоҳ этиш учун, уни замонавий бир империяга айлантириш учун келган эдилар.

Шунингдек, рус шовинистлари айтгандай, бу империяни Америка ҳам йиққани йўқ. Уни йиқитган куч тарихдир. Ёхуд тарихни йўналтириб турган, инсон иродасидан ташқарида яшаётган бир темир қонун соҳибдир. Биз бу қонунни Оллоҳ иродаси деймиз.

Демоқчиманки, бугун Ўзбекистон ўзининг сиёсий мустақиллигига эришган экан, бу истиқлол учун халқимиз ҳеч кимнинг олдида қарздор эмас. Истиқлол ёлғиз Оллоҳнинг марҳаматидир ва биз фақат унинг қаршисида бурчлимиз.

Бу марҳаматга бизнинг халқимиз лойиқ эдими? Мутлақо лойиқ эди.

Бу халқ рус асоратида 135 йил яшади. Шу узун муддат ичида Туркистон миллионлаб фарзандларини озодлик учун қурбон этди, энг фидоий кишиларимиз эрк йўлида шаҳид бўлдилар.

Бу инсонлар қандай инсонлар эди?

Қўлида алмисоқдан қолган милтиқ, милтиқ топмагани калтак кўтарган бу одамлар замонавий қуроллар билан қуролланган рус империясига қарши чиқишга қандай журъат этдилар?

Журъат этдилар, чунки, уларнинг кўксида эътиқод, ватан, озодлик туйғулари ва оддий инсоний ғурур бор эди. Шунинг учун ҳам империя бу халқдаги ўша ғурурни ўлдиришга ҳаракат қилди ва бунга бир қадар эришди ҳам. Бугун ҳаётимиздаги жами маънавий, сиёсий, иқтисодий бузуқликлар остида эътиқодсизлик ва ғурурсизлик ётибди.

Мени кечиринг, аччиқ гапирмоқчиман, биз ҳозир шундай аҳволдамизки, эртага яна рус ёки бошқа бир ҳокимият келиб, зулмни қайтадан бошласа, бунга исён этадиган ижтимоий кайфият бизда йўқ. Кайфиятимиз бугундан маълум.

Бугун ҳукумат истаган қарорини чиқариб, истаган зулмини халққа ўтказиши мумкин, аммо бирор бир жамоа ўрнидан туриб, “ҳурматли ҳукумат, сиз хато қилаяпсиз!” демайди.

Бугун ҳукумат бошлиғи истаган вазирини чақириб, истаганча ҳақорат қилади, аммо бирорта вазир оғиз очиб, ўз номусини ҳимоя қилмайди, чунки, эътиқод йўқ, ғурур йўқ.

Бундай шахслардан ташкил топган миллат бошқа бир миллат зулмига чидаб яшайверади.

Жамиятимизда кузатилаётган инсон қадрининг тушкунлиги, шарафсизлик, эътиқодсизлик – рус империяси қолдирган энг чиркин меросдир. Бу “мерос”дан қутулиш пайти келди.

Энди миллатимиз ўзини дунё халқлари билан тенг бир миллат сифатида танимоғи лозим ва шунга яраша ўз ҳуқуқларини ҳар қандай ҳукуматдан талаб этишни ўрганмоғи лозим.

Оллоҳ шоҳид, бундан уч йил аввал президентимиз Каримовга “аввал Москов зулмидан қутулиб олайлик, кейин сиз зулм ўтказсангиз, сизнинг зулмингизга қарши курашаверамиз”, деган эдим. Бу гаплар ярим чин, ярим ҳазил эди.

Бугун ҳазили кетди, чини қолди. Ўзбекистонда коммунистик тузум ўзгармади ва унга аввалгидай қарши курашаяпмиз.

Биз, мухолифатдагилар, Ўзбекистон президенти шахсига душман эмасмиз. Биз президент ҳимоя қилаётган эски тузумнинг душманимиз.

Биз президент истеъфосини талаб қилаётганимиз йўқ, биз мутажовуз тузум истеъфосини талаб этаяпмиз. Бу тузум жумҳуриятимизни келажакка эмас, ўтмишга қараб судраяпти, халқимиз имкониятларининг очилишига тусиқ бўлмоқда, жамиятни ҳақсизлик, порахўрлик ботқоғига ботираяпти, иқтисодимизни чўктираяпти, инсонларимизни маънавий тубанликка ўргатаяпти.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар