Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Иқтисодий ҳаёт

Иқтисодий ҳаёт
09 Ocak 2017 - 5:00 'да юкланди ва 711 марта ўқилди.

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(11)

МУСТАҚИЛЛИГИМИЗГА ТАНҚИДИЙ ҚАРАШЛАР
(давоми)

Иқтисодий ҳаёт 

Мулкни хусусийлаштириш ҳақида қонун чиққанига анча бўлди, аммо хусусийлаштириш ҳануз бошлангани йўқ. Икки йил олдин очилган ширкатларнинг кўпчилиги бугун ёпилди. Бозор қонуниятлари таъсирида сингани йўқ, ҳукумат томонидан ёпилди.

Товар, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам нафақат жумҳурият ташқарисида, балки, вилоятлар ўртасида ҳам эркин юра олмайди. Ваҳоланки, бозор дегани товарнинг эркин ҳаракатидир, буни “иқтисодчи” ҳукуматимиз билмайдиганга ўхшайди.

Ташқи тижорат давлат қўлида эмас, катталарнинг учар қариндошлари қўлига топширилгандир. Ташқи тижоратдан олинган даромаднинг катта қисми миллий хазина ўрнига, насаби номаълум кимсалар чўнтагига тушаяпти.

Иккита ширкат сармоясини ҳисобга олмаганда, чет эл ширкатлари Ўзбекистонга ётирим қўймаяптилар, чунки, бизда барқарор иқтисодий сиёсат йўқ, ҳукуматнинг кафолатига ишонч йўқ.

Энг қўрқинчлиси, ҳукуматнинг иқтисодий механизми ишламайди, уни порахўрлик, қариндош-уруғчилик, коррупция занги босгандир. Аммо ҳукумат чет эллик сармоядорларни чақириб, “Келинг, бизда сиёсий барқарорлик бор, сармоя келтиринг”, демоқда.

Лекин сиёсий барқарорлик “мойи” билан занг босган иқтисод машинасини қачонгача мойлаш мумкин?

Бу “мой”нинг бирданига тугаб қолмаслигига ким кафолат беради?

Куч билан тутиб турилган сиёсий барқарорлик омонатдир ва ҳукумат учун ҳам, халқ учун ҳам таҳликалидир.

Ҳақиқий барқарорлик – бу барча ижтимоий гуруҳларнинг розилигига қурилган барқарорликдир ва фақат шундай сиёсий барқарорликгина иқтисодга асос бўлиши мумкин.

“Иқтисодий либерализм ва сиёсий авторитаризимнинг уйғунлиги” даври ўтди. Янги мустақил давлатларнинг бирортаси ҳам эски модел, яъни Жанубий Қорея ёки Чили модели билан иқтисодий ривожланишга эриша олмайди.

Чунки олтмишинчи йиллар билан тўқсонинчи йиллар орасида инсоният тарихида кутилмаган бир динамикага кирди ва бу ҳолат ортиқ эски қолипларга сиғмайди.

Бу янги тарихий вазиятни ҳар бир сиёсий раҳбар, ҳар бир ҳукумат чуқур ҳис этмоғи лозим.

Бугунги сиёсий репрессиялар Ўзбекистонга порахўрлик ва коррупсиядан ҳам кучлироқ зарба бераяпти, чунки, бу вазиятда Ўзбекистонга ҳаётий зарур бўлган сармоя ва кредитлар келмаяпти.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар