Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Шаҳрисабздаги кунлар

Шаҳрисабздаги кунлар
07 Ocak 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1201 марта ўқилди.

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(17)

1

 

Шаҳрисабздаги кунлар

Келганимдан буён Шаҳрисабзда Темурбекнинг уйида истиқомат қилар эдим. Ҳолат зоҳиран яхши бўлиб қолган эди.

Бир ярим-икки ой илгари содир бўлган қотилликлар унутилиб, одамлар ўз ишлари билан машғул бўлиб қолган эдилар. Исломнинг зиддига бўлган ишлар барчаси билмасдан қилиб қўйилганга ўхшарди.

Уларнинг бир неча тажрибаси йўқ янги коммунистларни жинояткорликда айблаб қаттиқ жазо беришлари, ҳатто баъзиларини дорга осишлари содда халқни ишонтирди.

Халқ ўзларича ҳукуматни беайб ва беқусур деб билишарди. “Агар ҳукуматнинг бу ишларда қўли бўлса ўз одамларини шундай жазолайдими? дея бир-бирларини ишонтирардилар.

Авом халқни янада хотиржам этиш учун янги бир режа туздилар. Ҳар бир маҳаллада “уюшма”лар очиб уларни арабий тилда номладилар.

Кўринишда ишлари ниҳоятда олийжаноб бўлган “Асҳоби адл”, яъни адлу-инсоф эгалари маҳалла аҳлининг ўртасидаги ўзаро жанжалларни бостиришар ва уларни иттифоққа келтиришарди. Шу йўл билан улар содда халққа ўз таъсирларини кўрсатдилар. Улар ҳам ўзларини беҳад олийжаноб, адолатли, фитна- фасоддан нафратланувчи, омонатдор этиб кўрсатардилар.

Лекин уларнинг асл мақсади коммунистлар етишиб чиқиши учун замин тайёрлашдан иборат эди. Шунинг учун маҳалланинг бебош ва итоатсиз, бемаъни ёш-ялангларини “уюшма”га танлаб олишар ва “уюшма”нинг барча ҳисобот ва низоми бошқарувчи раис партия ташкилоти ва маҳаллий назоратчиларга ҳисобот бериб турарди.

Уларнинг бу найранглари ўзларининг ҳақиқий башараларини ниқоблаб, содда халқни ўз ғоялари томон етаклашга қулай бўлган эди. Бироқ кўп ўтмасдан уларнинг ниқоблари йиртилиб, одамлар бу уюшмаларга мурожаат этишдан бўйин товлай бошлашди.

Улар бунинг ҳам чорасини кўриб қўйгандилар. Партия кўрсатмасига мувофиқ маҳалладаги барча яшовчиларни рўйхатга олиб, уларни бир неча гуруҳларга тақсим қилдилар. Уламолар, мустаҳкам ақида эгалари, ўткир ақл эгалари ва ҳоказо ва ҳоказо.

Сўнгра яна тақсим этдилар. Булардан кимлар партия хизматида, кимлар партияга тўсқинлик қиляпти, кимларни зўрлик ва қўрқитиб қўлга олса бўлади, кимларни тарғиб этса бўлади, кимларни ҳеч йўл билан қўлга олиб бўлмайди ва ҳоказо.

Сўнгра одамлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни ўлчаб чиқдилар, кимларнинг дўсти, душмани бор ва у нима ҳақида ўйлайди, қандай қилиб уларнинг зиддиятини кучайтирса бўлади. “Асҳобул адл” уюшмасининг асосий вазифаларидан бири уламоларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатини кузатиб керакли маълумотларни партия ташкилоти ва назоратчиларга етказиб туриш эди. Улар бу хизматларини камолига етказиб адо этардилар. Тезда маҳалладаги ҳар бир эркагу-аёлнинг шахсий ҳолатига доир маълумотлар йиғилди. Унда ҳар бир шахснинг номи, насаби, қариндошлари номи, илм савияси, фикрлаши, ҳаттоки табиатининг қўпол-мулойимлиги ҳам битилган эди.

Буларнинг бу тадбирлари аста натижа бера бошлади. Уларнинг “уюшма”сига икки хил инсонлар жамланиб хизматга тайёр бўлди. Бир тоифаси фосиқ-фожир, беилм ва мансабпараст кишилар бўлиб, мақсадлари ўзларини бошқалардан устун қилиш ва бошқаларни ўзларига бўйсундириш эди.

Иккинчиси эса, илм даражалари паст, бефикр, йўлини йўқотиб назардан четда қолган олимлар ва баъзи сўфийлар эди. Ленининг “Машриқга мазҳаб дарвозасидан киринглар” деган кўрсатмаси уларга аъло даражада қўл келаётган эди.

Қўрқитув, қизиқтирув ёки бошқа ҳийлалар билан бир неча мазҳабий шахсларни қўлга олишган эди. Уларнинг кўплари катта- катта зоҳид, обид, сўфий ва муллалар эди. Кўринишлари нуроний, кўркам соқолли, пешоналарида сажда аломати бор кишилар эди.

Булар бир тарафдан коммунизм ва социализмни ҳимоя қилиб ояту- ҳадислар келтиришар, саҳобаларнинг ҳаётини пеш қилишар, иккинчи тарафдан социализмга қарши бўлган олимларни сармоядор бойларнинг хизматчилари, дея гап тарқатишарди.

Шу сабабли, “Бунёнун марсус”, яъни қўрғошин каби бир-бирини қувватловчи бино бўлиб, исломни ҳимоя этаётган уламолар орасига низо тушиб ажралиш юз берди. Уламоларга қараб авом халқ ҳам иккига бўлинди. Бу уларнинг диний таълим-тарбия жиҳатдан ҳаётларига етказилган катта зарар эди.

“Уюшма”нинг ҳақиқий башарасини “Яъқуб Чархий” қишлоғининг имоми билан қурган суҳбатимдан сўнг яхши англаб олдим. Бу қишлоқ Шаҳрисабздан ўн олти мил узоқ бўлиб, у қишлоқ аҳлини “Кенагас”лар дейиларди.

Мен ва уч нафар толиби илмлар шул вақтда Шаҳрисабз атрофини сайр қилгани чиқиб, Яъқуб Чархий қишлоғига етиб бордик. Имом хатиб тўйга кетган эканлар, кечга яқин қайтдилар. Ул кишини масжидда зиёрат этдик.

Бизларни жуда самимий қабул қилдилар. Ҳазрат Ҳўқандийнинг жиянлари эканимни билганларидан сўнг бу самимиятга муҳаббат ҳам қўшилди. Ул киши бўлаётган мусибатларни батафсил баён қила бошладилар:

-Ҳозирги ҳолатимизга қон йиғлаяпман, мен бундан ташқари яна тўрт масжид қавмига хизмат қиламан.

-Қандай қилиб?! — дедим ўзимни саволдан тўхтатолмай.

-Ҳозир одамлар намоз ўқимай қўйдилар. Фақат никоҳ, жаноза ва шунга ўхшаш нарсалар учун имомга муҳтож бўладилар. Коммунистлар ҳар бир имомга маош белгилаб уларни масжидга арқонсиз боғлаб қўйдилар. Лекин бу маошлари жуда озлиги учун касб қилишга эҳтиёж сезадилар.

Кеча яримлаб атроф жим-жит бўлиб қолган, онда-сонда итларнинг ҳуриши, чигирткаларнинг чириллаши бу сукунатни бузиб турарди. Дўстларим чеккароқ овуллардан келган эдилар. Уларнинг фикрлаш доиралари Шаҳрисабзгача чегараланган эди. Шунинг учун улар теварак-атрофда бўлаётган воқеаларга эътибор беришмас, суҳбатга қизиқишмас ва суҳбат уларга зерикарли туюлиб тезда ухлаб қолишди.

-Буларнинг уйқусига халал бермайлик, келинг масжид саҳнига чиқиб суҳбатлашамиз — деди имом.

Суҳбатни масжид саҳнида давом эттира бошладик.

-Чамаси икки ойлар илгари коммунистлар ҳар бир шаҳар ва қишлоқларда маҳалла қўмиталари барпо қила бошладилар. Шулар қаторида бизнинг маҳалламизда ҳам бир қўмита очилиб, унга аъзо танлай бошладилар. Бошқа қишлоқларни билмасам ҳам ўз қишлоғимни яхши биламан. Қўмитага қишлоғимиздаги фосиқ- фожир кишиларни ишга олдилар. Уларнинг бирортаси ҳам лаёқатли кишилар эмас. Бирортаси ҳам ўқиш-ёзишни билмайди. Шунинг учун барча ҳисоботни менга ёздиришади. Мен қўмитанинг аъзоси эмасман, бироқ мени шунга мажбур этдилар. Агар бирор гапни ташқарига чиқарсанг “мукофоти”ни оласан — дея огоҳлантирдилар.

-Сизга бирор нарса беришадими?

-Ҳеч нарса беришмайди, лекин ҳукумат тарафидан ҳеч қандай азият етмаслигига кафиллик беришган, яна сени “руҳоний”лар рўйхатига киргизмаймиз — дейишган.

Имом маълумотли киши экан, яна сўзлай бошлади.

-Динга янгидан-янги бидъатларни киргизяптилар. Агар бирор киши бу ишлардан қайтармоқчи бўлса, уни озод шахснинг фикрини жиловлашда айблаб, жиноятчи, муштумзўр дея ҳукумат томонидан динга киритилаётган ушбу янги ишларни ҳимоя этяптилар.

Сизга бир мисол айтай. Бизнинг қишлоқларда қабрларни юзга суртиш, мадад сўраш йўқ эди, бирон киши одат ҳам қилган эмас эди. Буни бу ерларда бошланишини эшитинг. Қишлоқ аҳлларидан бири марҳум пирини тушида кўрибди. Пири менинг қабримни юзингга суриб тавоф қилгин, депти. Эртасига чиқиб қабрни тавоф қила бошлапти. Сўнгра бир қоровул қўйиб зиёратга келган кишиларга пирнинг васиятини эшиттириб уларни ҳам дуо-тиловат ўрнига қабрга юзни суртиш, тавоф қилишга ундай бошлапти. Шу сабаблик бу нарса ҳозир бутун оммага одат бўлиб кетаяпти.

-Буёғи, ким туш кўрган экан десангиз? Қишлоқдаги бир бемаъни ва “асҳобул адл”нинг мухлис аъзоларидан бири экан. Аввалига солиҳ кишилар, уламолар қаттиқ қаршилик қилдилар. Сўнгра уларни қўмитага чақириб, дўқ-пўписа билан: “Ҳар бир кишининг ҳур фикри ва амали бордур. Ким бу нарсаларга тўсиқ бўлса ҳибсга олинади” — дея дағдаға қилдилар.

Имом чуқур “уфф…” тортиб, сўзида давом этди.

-Бу қўмитанинг барпо бўлганига икки ой ҳам бўлмасдан, мужаллад-мужаллад дафтарлар тўлдирилиб назоратчи идораларга жўнатиб юборилди. Дафтарнинг энг катта қисмини уламолар, диндорлар ва улар билан борди-келди қилувчиларнинг тўлиқ рўйхати ташкил этади. Хусусан, бу диндорлар кимларга қарши ва душман ҳамда бу душманчилигидан қандай фойдаланса бўлади қабилидаги мазмунлар жой олгандир. Мен сўзни бўлиб тоғам тўғриларида сўрадим.

-Ул кишига ўхшаган буюк зотларнинг ҳар бир ишлари ипидан-игнасигача рўйхатга олинган. Ноҳия қўмитаси ул кишини қаттиқ ва махфий назорат қилишга кўрсатма берган. Шунинг учун ул кишини “хатарли руҳоний”, дейишиб, бутун қўмита аъзоларига у киши билан учрашаётган ҳар бир кишини қаттиқ назорат қилишга буюрилган эди.

Сўнгра мен ҳам ўз кўрган-билган воқеаларимни ҳикоя қилиб бердим. Сўзимнинг охирида Саййид Жалолиддин эшоннинг бу ҳийлалардан огоҳ бўлиб, Афғонистонга қайтиб кетганини ҳикоя қилдим. Имом ҳайратда қолиб: “Жуда ажойиб иш бўлибди-ку, афғоний ҳазрат Ғозий Омонуллоҳнинг пирзодаси эканини даъво қиларди. Социализмнинг ҳимоя қилмаса-да, “Социализм инсонни дунёда “аъло-иллиййин” (жаннат) га етгизгувчи низом бўлиб кўриняпти — деяр эди.

Эртасига бизни дўстона меҳрибонлик билан кузатиб қолди. Коммунистлар мамлакатда бўлаётган ҳодисалардан уламоларнинг фикрини чалғитиш учун янги бир ўйин ўйнашарди. Аслида ихтилофли бўлган масалаларни ўртага ташлаб, уламолардан ҳал қилиб беришни сўрашарди. Баҳсу-мунозаралар кескинлашиб кетар, бу эса уламоларнинг ўзаро шахсий адоватларига сабаб бўлар, ҳамда дин учун қайғуриш эсдан чиқиб ўз шаъни учун кураш бошланар эди.

Коммунистлар тўрига илинган баъзи муллолар фаръий(иккиламчи) масалаларни бемақсад зўр бериб баён қила бошладилар. Шубҳасиз бу масалалар китобларда зикр қилинган бўлса-да, илми оз, тор фикрли муллолар бу масалаларда баҳслашишга шўнғиган эдилар.

Бироқ, узоқни кўра билган, етук, доно уламолар аралашмас, баъзи вақтлар эса бу ихтилофлар омма ва халқ орасида ҳам кенг қулоч ёзишидан тўхтатиб қолардилар. Бу баҳсларга назар солган кишининг кўз олдига мамлакати исломни ва мусулмонларни йўқотиш учун тобора сиқиб бораётган зулм панжаларини қирқиб ташлаш тўғрисида фикрлаш эмас, балки “жумъа намозидан сўнг эҳтиёти пешин ўқиш керакми ёки йўқ? Аттаҳиётда кўрсаткич бармоқ билан ишора жоизми ёки ножоиз? Мавлуд ўқилганда маҳалли қиёмда туриш зарурми ёки зарур эмасми? Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сояи мубораклари борми ёки йўқ? Росулуллоҳ алайҳиссолату васаламнинг ота-оналари кофир ҳукмидами ёки ундай эмасми?” каби масалаларда фикр этиш зарурроқ экан-да, деган мулоҳаза келарди.

Намоз ўқишга ижозат берилган масжидларда ушбу баҳслар ошкора қилинаётган эди. Уларнинг бу ўйинлари ниҳоятда яхши самара берди. Уламолар келгуси авлодга етказиб бериш зиммаларига фарз бўлган дини исломни асраш ҳақида фикрлаш ўрнига, бутун иқтидору-салоҳиятларини шу баҳсларга сарфлай бошладилар. Авом халқ эса “Асҳобул адл”нинг ҳийла- найрангларини унутиб уламолар билан овора бўлиб қолдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Давлат тўнтаришида айбланаëтган журналистнинг онаси Мирзиëевдан ëрдам сўради
Муҳаммад Солиҳ: Мустақил журналист Бобомурод Абдулла (Усмон Ҳақназар) ва Акром Маликов (Абдуллоҳ Нусрат)нинг ҳибсга олиниши ҳақда мулоҳазалар
Давлат адвокати журналист Абдуллаевнинг онасидан пул сўради
МХХ ертўласида қолаётган журналистнинг онаси Мирзиёевдан ёрдам сўради
БМТнинг диний эксперти: Мамлакатда виждон, фикр, дин ёки эътиқод эркинлиги ҳаддан зиёд тартибга солинади
Қирғизистон президентлик сайловларида Сўўрўнбай Жээнбеков ғалаба қозонди
Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси, ўғли билан кўришишга рухсат беришини сўраб терговчига ариза билан мурожаат қилган, аммо жавоб олмаган
Freedom House Ўзбек журналистини озод қилишга чақирди
Пен-клуб: Бобомурод Абдуллаевни зудлик билан озод қилинг!
Халқ артисти президентдан Бобомурод Абдуллаевни озод қилишни сўради
Ўхшаш хабарлар