Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ёлғиз шу хутбанинг ўзи икки дунёда бизга раҳбарлик учун етарлик бўлур эди…

Ёлғиз шу хутбанинг ўзи икки дунёда бизга раҳбарлик учун етарлик бўлур эди…
09 Ocak 2017 - 8:00 'да юкланди ва 983 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 132

(давоми)

 

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукда турган кунларида Холид ибн Валидни тўрт юз кишига бош қилиб, Дувматул Жандал ўлкасини фатҳ қилмоққа юбордилар. Бу эрса, Шом шаҳридан туя юришида олти кунлик йироқликда бўлган қалъалик бир шаҳар эди.

Арабистоннинг Шом тупроғига туташган ерларининг бирисидур. Бу ўлкадаги ерлик араблар устига Рум подшоси Қайсар Ҳирақл Укайдир ибн Абдулмалик номли бир арабни ўз динига киргизиб подшо қилмиш эди. Бу ерларда насоро арабларидан Бани Кинда қабиласи яшамоқда эдилар. Расулуллоҳдан буйруқ олиб Холид ибн Валид шу юрганича подшо қалъаси кўринадургон жойга тушди. Шу кечаси ойнинг тўлган туни эди.

Акидар хотини билан қаср саройи устида ётмиш экан, Саҳро овларидан буғу — марал, кийиклар келиб, подшо саройининг қопқасига (дарвозасига) сурканишиб турганин кўрди. Анда хотини:

— Бу ажаб ишдурким, ов кийиклари эшик олдимизга келибдур. Бундоқ ишни ҳеч кўрганинг борми, ўзи келган овни қайси киши овламай қолур? — деди.

Хотинидан бу сўзни англаб, бундай овни қўлдан кетказиш яхши эмасдур, деб дарҳол отларини эгарлади. Ов жабдуқларини олишиб, кийиклар кейинидан аскарлари билан қувлашиб келаётганида Холид ибн Валидга қарши келди.

Дастлаб орада бир оз чорпишма бўлиб, Укайдирнинг иниси шу урушда ўлдирилди. Сўнгра хиёл ўтказмай қолганларини асир олдилар. Ўлдирилган кишини кимхоб кийимлари билан Расулуллоҳга воқеани билдириш учун чопарчи юбордилар. Бунинг бахти қайтиб экан, тахт устида ўлтирган киши бир нафасда қўлга тушиб, тахтага тортилди. У бахтиқаро кийикларни овламоққа чиққан эди. Расулуллоҳ овчиларига йўлиқиб, ўзи ов бўлди. Шунинг билан Холид ибн Валид асирларни олиб, Расулуллоҳ олдиларига келди. Улар билан кўришгач, Расулуллоҳ яхши муомалада бўлиб динга даъват қилдилар.

Қайсар динидан чиқар бўлсам подшолигимдан ажраб қолгайман, деган хаёлни қилиб қабул қилмади. Ислом шариатида эрса динга зўрлаб киргизиш йўқдур. Шунинг учун Расулуллоҳ улар билан келишиб, ҳар йили солиқ тўлаб туриш шарти билан ўз юртига қайтмоққа рухсат бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка тушган кунларида бутун аскарга қарата бир хутба ўқидиларким, бу ўқиган хутбада инсонлар учун дунё ва охиратлик энг керакли сўзлар келтирилган эди. Агар биз мусулмонларга шу хутбадан бошқа ҳеч сўз Расулуллоҳдан қолмаган тақдирда ҳам, ёлғиз шу хутбанинг ўзи икки дунёда бизга раҳбарлик учун етарлик бўлур эди. Бу қутлуғ хутбани ҳадис олимларининг алломаларидан бир неча зотлар ўз китобларида келтирмишдурлар.

Мен фақир китоб ёзувчиси бу хутбанинг асли арабчасини Ислом оламининг алломаси Ибн Қаййим Жавзийянинг «Зодулмаъод» деган китобидан кўчириб ёздим. Буни ўқиганлар тушуниб, унинг мазмунидан фойдалансинлар, деб ўз тилимизга таржима қилдим. Бу хутбанинг арабчаси ушбудир:

«Амма баъду фаинна асдақолҳадиси китобуллоҳи таоло. Ва авсақул уро калиматут-тақва ва хойрул милали миллату Иброҳима. Ва хойрус-сунани суннату Муҳаммадин. Ва ашрафул ҳадиси зикруллоҳи. Ва аҳсанул қасаси ҳазал Қуръону. Ва хойрул умури авазимуха ва шаррул умури муҳдасотуҳо. Ва аҳсанул ҳадйи ҳадюл анбияи. Ва ашрафул мавти қатлушшуҳадаи. Ва аъмал аъма аззалолату баъдал ҳуда. Ва ҳойрул илми ма нафаъа, ва шарруламо амюл қалби, валядул уля ҳойрун миналядис-суфла ва ма қалла ва кафа хойрун мимма касуро ваалҳа. Ва шаррул маъзирати ҳийна яҳзурул мавту ва шаррун-надамати явмал қиямати. Ва минан-наси малло яътис-салота илла дубуран, ва минҳум манла язкуруллоҳа таала илла ҳужран ва аъзамул хатоя аллисонул казубу. Ва хойрул ғина ғинаннафси ва хайруз-зодиттақва. Ва раъсул ҳикмати махофатуллоҳи ва хойру ма вуққиро фил қулубил яқину, валиртиябу куфрун ван-нияҳату мин амалил жаҳилийяти. Валғулулу мин жусо жаҳаннама вал канзу кайюн мин-нанари. Ваш-шеъру мим Мазомийри иблис. Вал-хомру жам-маулисми, ван-нисоу ҳибола туш-шайтони, ваш-шабобу шўбатун минал жунуни. Ва шаррул макосиби касбур риба ва шаррул маокили аклу малилятими. Вас-саъйиду ман вуъиза биғойриҳи ваш-шақийю ман шақия фи батни уммиҳи. Ва иннама ясийру аҳадукум ила мавзиъи арбаъати азруъин, валмру биахириҳи ва малокул амали ховатимуҳу, ва шаррур-руъя руъял казби. Ва куллу ма ҳува атин Қорибун, ва сибабул мўмини фисқун ва қитолуҳу Куфрун ва аклу лаҳмиҳи мим маъсиятиллоҳи, ва ҳурмату малиҳи каҳурмати дамиҳи ва ман ятаалло алаллоҳи юказзибуҳу, ман яғфир юғфарлаҳу. Ва ман яъфу яъфуллоҳу анҳу ва ман якзимил ғайза яъжурҳуллоҳу. Ва ман ясбир алар-разийяти юъаввизуҳуллоҳу ва ман ятбаъис-сумъата юсаммиуллоҳу биҳи. Ва ман ятасаббар юзаъъифуллоҳу лаҳу ва ман яъсиллоҳа юъазибҳу, суммастағфара салосан».

Хутбанинг таржимаси қуйидагича:

«Ҳамд-санодан сўнгра айтадурманки, сўзларнинг энг тўғриси Қуръон сўзидир. Инсоннинг энг ишончлик нарсаси унинг иймонидур. Динларнинг яхшиси Иброҳим Ҳалилуллоҳ тутган Ислом динидур. Йўлларнинг яхшиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлидур. Сўзларнинг шарофатлиги Аллоҳнинг зикридур.

Эргашмоққа энг лойиқ нарса шу Қуръондур. Дин ишларининг улуғи фарзларидур, энг ёмони анинг қўшимчаларидур. Равишларнинг яхшиси пайғамбар равишларидур. Ўлимларнинг яхшиси шаҳидлар ўлимидур. Кўрларнинг кўри Ислом динидан чиқишдур. Илмнинг яхшиси, охиратда фойдалигидир. Бошлашнинг яхшиси эргашилганидур. Кўрликнинг энг ёмони дил кўрлигидир. Устинги қўл остинги қўлдан яхшидур. Оз бўлиб етарлик бўлса, оздирган кўпдан яхшидур. Узрларнинг энг ёмони ўлим етганда айтилганидур.

Пушаймонлар ёмони охират пушаймонидур. Баъзи бир ихлоси йўқ киши, намозга кеч келур. Қайси бирлари ёлғондан Аллоҳ зикрини тилида қилур. Тил ёлғони гуноҳларнинг зўридир.

Бойликнинг энг яхшиси кўнгил бойлигидур. Озуқларнинг энг яхшиси тақво ибодатдур. Барча яхшилик боши Худодан қўрқмоқдур. Кўнгил сақлаган нарсаларнинг энг яхшиси Аллоҳга ишонмоқдур. Дин ишларида гумон қилмоқ куфрдур. Ёқа йиртиб, соч юлиб йиғламоқ, жоҳилият одатларидир. Яширин хиёнатлар тамуғ тошларидур. Закотсиз йиғилган олтин-кумушлар дўзах тамғасидур. Ёмон қўшиқлар айтиш шайтон сурнайидур.

Чағир (ароқ) ичиш барча бузуқлик онасидур. Хотунлар (ёмонлари) шайтон тузоғидур. Ёшлик телбаликнинг бир бутоғидур. Касбларнинг энг ёмони судхўрликдур. Шаққий  (ёмон) онасидан туғилгандаёқ шаққий туғилур. Ҳар бир кишининг борар жойи тўрт газ ердур. Ҳар ишга охирида баҳо берилур. Барча ишнинг асоси туганчисидур. Тушларнинг ёмони ёлғончининг тушидур. Ҳар келгувчи бизга яқиндур. Мусулмонни сўкмоқ гуноҳдир, унга қурол кўтармоқ куфрдур, уни ғийбат қилмоқ улуғ ёзуқдир (гуноҳдир).

Мўминнинг қони ҳаромдур. Шунга ўхшаш анинг моли ҳам ҳаромдур. Бир ишни қилурман деб қасам ичганлар уни қилолмайдилар, Аллоҳ уни ёлғончи қилур. Киши хатосини кечирганни Аллоҳ кечирур, уни афв қилганни Аллоҳ афв қилур. Аччиғини ютган кишиларга Аллоҳ улуғ ажр берур. Мусибат кўриб сабр этгувчиларни ўрнини тўлдирур. Риё қилгувчи кишиларга Аллоҳ ҳам риё қилур. Кўплаб сабр қилгувчиларга савоб қатма-қат бўлур.

Амрини тутмаганларни Аллоҳ азоб қилур. Эй бор Худоё, менинг ва умматларимнинг гуноҳини кечиргил», деб уч марта айтдилар. Сўнгра халққа қараб:

— Ўзим учун, сизлар учун Аллоҳдан афв ўтинаман,— деб сўзни тўхтатдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар