Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистонга визасиз кириш кечиктирилди

Ўзбекистонга визасиз кириш кечиктирилди
09 Ocak 2017 - 21:42 'да юкланди ва 1254 марта ўқилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев янги фармони билан 27 мамлакат фуқароларига Ўзбекистонга визасиз киришга рухсат бериш борасидаги ўзининг аввалги фармонини бекор қилди.

Расмий маълумотга кўра, визанинг бекор қилиниши 2021 йил баҳоригача кечиктирилади.

Президент Мирзиёев ўтган декабрда қабул қилган фармонига биноан жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб 15 мамлакат, ҳамда яна 12 мамлакатнинг ёши 55дан ошган фуқаролари Ўзбекистонга визасиз сафар қилишлари йўлга қўйилиши керак эди.

Янги фармонда айтилишича, визасиз режимни кечиктириш қарорига Ўзбекистондаги туристик соҳани моддий ва техник жиҳатдан ривожлантириш, хорижий сайёҳлар ва мамлакат фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш, ҳамда хорижий давлатлар билан ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш мақсадлари сабаб бўлган.

2021 йилгача Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч аэропортларида хорижий сайёҳлар учун очилиши мўлжалланган “яшил даҳлизлар” ва электрон визаларни тадбиқ қилиш қарорлари ҳам кечиктирилади.

Президентнинг аввалги қарорига биноан, 1 апрелидан эътиборан Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония фуқаролари Ўзбекистонга бир ой муддатга визасиз кела олиши кўзда тутилганди.

Шунингдек, Бельгия, Индонезия, Хитой, Малайзия, АҚШ, Франция, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехия фуқаролари агар 55 ёшга тўлган бўлишса, виза олмасдан Ўзбекистонга сафар қила олишига йўл очилиши керак эди.

Манба: bbc.com/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар