Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мирзиёев МХХни гувоҳномалардан жетонларга ўтказишни кўзлаяпти

Мирзиёев МХХни гувоҳномалардан жетонларга ўтказишни кўзлаяпти
10 Ocak 2017 - 8:46 'да юкланди ва 2850 марта ўқилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил ичида республика Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) да хизмат гувоҳномаларини бекор қилиб, унинг ўрнига хизмат жетонларини жорий қилишни режалаштирмоқда, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) нинг ҳукуматдаги манбалари.

Уларга кўра, Мирзиёев бу ҳақида ўтган ҳафта охирида МХХ раҳбарияти иштирокида ўтказилган махсус йиғилишда айтиб ўтган. “МХХда хизмат гувоҳномаларини бекор қилиб, ўрнига хизмат жетонларини жорий қилиш пайти келди. Бу жетонлар фақат фавқулодда ҳолатларда фақат ҳарбий прокуратура ёки прокуратура ходмларигагина кўрсатилиши мумкин бўлади. Бошқа одамларга уни кўрсатиш Хизматнинг ички қоидалари билан жазоланиши керак бўлади”, дея таъкидлаган Ш. Мирзиёев.

Президентга кўра, “хизмат жетонлари тизимга ўтиш МХХ ходимлари орасида авжига чиққан бир ёмон одат – гувоҳномаларни ҳар кимга кўрсатиб, фуқароларга таҳдид қилиш, уларнинг иш фаолияти ва ҳаётига ноқонуний аралишиш иллатига барҳам беришдаги илк қадамлардан бири бўлади”.

МХХ раҳбарияти иштирокида ўтказилган учрашувда Ш. Мирзиёев: “Кечирасизлар-ку, лекин оҳирги пайтларда МХХ ходимлари ўз гувоҳномаларини кўчадаги пистафурушларга ҳам кўрсата бошлашди”, деган. Бундан ташқари, мамлакат президенти МХХда ҳам виртуал ҳамда реал қабулхона очилиши лозимлигини айтиб, “оддий фуқароларга, айниқса, тадбиркорларга жетонларини кўрсатган мххчилар устидан шикоят қилиш учун халқимизга имконият яратиш лозим”лигини таъкидлаб ўтган.

Тошкентдаги манбаларимизнинг хабар беришича, Мирзиёевнинг МХХда жетон тизимни жорий қилишдан кўзлаган асосий мақсади ушбу идора ходимларини ҳақиқий маҳфийлик ва кўринмаслик тамойилларига қайтариб, хизматнинг бевосита асосий вазифаси – миллий хавфсизликни таъминлаш – билан шуғулланишига эришишдир.

Ҳукуматдаги манбаларимизнинг билдиришича, Шавкат Мирзиёевнинг ушбу режа ва фикрлари мажлисда иштирок қилган МХХ вакилларига унчалик ёқмаган. “Хизматда жетон тизими жорий қилиниш мумкинлиги ҳақидаги хабар “чекистлар”ни саросимага солиб қўйган. Бу янгилик уларнинг Каримов пайтидаги олтин даврига нуқта қўйиши мумкинлигидан “конторачилар” қаттиқ ҳавотирдалар”, – дейишмоқда Тошкентдаги манбаларимиз.

ЎХҲ ахборот бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар