Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Усмон Ҳақназаров: Мирзиёев ва МХХ ўртасидаги ўсиб бораётган зиддиятлар ҳақида

Усмон Ҳақназаров: Мирзиёев ва МХХ ўртасидаги ўсиб бораётган зиддиятлар ҳақида
10 Ocak 2017 - 16:53 'да юкланди ва 7358 марта ўқилди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Рустам Иноятов бошчилигидаги Миллий Хавфсизлик Хизмати ўртасидаги муносабатлар манфий тарзда ривожланиб бормоқда. Буни англаш учун Ўзбекистон раҳбари ва махсус хизмат раиси ўртасида сўнгги ой давомида бўлиб ўтган суҳбатлар мазмуни ва хронологиясига назар ташлаш етарли. Шундай қилиб…

Президентнинг ПХХ хизматларини рад қилиши, ёки хаммаси нимадан бошланган эди?

Мамлакат Сенати Мирзиёевни вақтинча Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи сифатида тайинлаганидан сўнг, давлатнинг вақтинчалик раҳбари зудлик билан, ходимларининг кўпчилик қисми Республика МХХсига бўйсунувчи “Қалқон” қуролли бирликларининг аскарлари бўлган, Президент Хавфсизлиги Хизмати (ПХХ) хизматларидан воз кечди. Бундан бир ойча ўтиб эса, аниқроғи ўтган йилнинг октябр ойи ўртасида Мирзиёев ПХХдан 200 кишини ишдан бўшатди. Тошкент қўғирчоқ театри олдидаги ва президент девони ҳудудида жойлашган ПХХ казармалари сезиларли даражада бўшаб қолди.

Ўзбекистон Президентлигига сайланганидан сўнг Шавкат Мирзиёев аввалгиларини эгаллаб турган лавозимларидан олиб янги вилоят ҳокимларини тайинлаш учун мамлакатнинг турли ҳудудларига ташриф буюра бошлади. Ушбу ташрифлар бошланишидан аввал МХХ раиси Рустам Иноятов Мирзиёевга, Ислом Каримов замонидагидек, Тошкент аэропортида икки куч ишлатар идоралари (МХХ ва ИИВ) бошлиқлари иштирокида президентни жамоатчилик олдида сафарга кузатувини ташкил қилишни таклиф қилган. Аммо амалдаги президент бундай хизматдан воз кечган ва ушбу идоралар раҳбарларига “яхшиси ўз оффисларида ўтириб, ўзларининг бевосита мажбуриятлари билан шуғулланишларини” айтган. Президентнинг бундай жавоби махсус хизмат бошлиғи учун умуман кутилмаган бўлган.

Иккинчи кутилмаган ҳолат амалдаги президентнинг МХХ раҳбарияти билан учрашуви давомида, президентнинг Миллий Хавфсизлик Хизматида хизмат гувоҳномаларини бекор қилиб, унинг ўрнига хизмат жетонларини жорий қилиш таклифи бўлган. “Бу жетонлар фақат фавқулодда ҳолатларда фақат прокуратура ходмларигагина кўрсатилиши мумкин бўлади”,- дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев. Ушбу мажлисда Мирзиёев, МХХнинг баъзи виждонсиз ходимлари ўз амалларини суистеъмол қилишини, натижада идоранинг обрўсини тушиб кетишини ва одамларда унинг ходимларига нисбатан нафрат уйғонганини айтиб, жудаям ғазабланган.

“Кечирасизлар-ку, лекин оҳирги пайтларда МХХ ходимлари ўз гувоҳномаларини кўчадаги пистафурушларга ҳам кўрсата бошлашди. Мен ҳали кичик ва ўрта тадбиркорликка қилинаётган дўқ-пўписалар, қўрқитилаётган тадбиркорлар ҳақида гапирмаяпман, шундай ишлар натижасида тадбиркорлар СНБни (русчада Служба Национальной Безопасности) Служба Наезда на Богачей (Бойларга ҳужум хизмати) деб атай бошлашган”, деган Мирзиёев. Янги давлат раҳбарининг ҳаяжонли аммо адолатли танқиди, мажлисга “контора”дан келган қатнашчиларга албатта ёқмаган.

Ўтган йилнинг декабр ойи ўртасида эса Мирзиёев ўз фармони билан МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармасидан 150 кишини ишдан бўшатган. Айнан ушбу ҳодиса МХХ раҳбарияти ва ходимлари учун янги президент ушбу тузилмани тубдан ислоҳ қилишга қарор қилгани ҳақидаги сўнгги огоҳлантириш эди. Шундай сўнг махсус хизматнинг қудратли бошлиғи “контора” позициясини ҳимоя қилиш боросида ҳаракатларини бошлашга қарор қилди.

Иноятовнинг эски “қўрқинчли эртаклари” – мавжуд бўлмаган террорчилар билан қўрқитиш

Ўзини президент хавфсизлиги борасида қаттиқ қайғурадиган одам сифатида кўрсатмоқчи бўлган Рустам Иноятов, Мирзиёевга “очиқлик сиёсатини бошлашга ва махсус хизматлардан воз кечишга ҳали вақтли” эканлиги ҳақида ишора қила бошлади. Бу ерда Иноятиовга ҳорижий оммавий ахборот воситаларининг Истанбул тунги клубларидан биридаги терактни Ўзбекистон фуқароси Абдуқодир Машарипов уюштиргани, АҚШда яна мамлакатнинг бир неча фуқаролари ИШИД билан ҳамкорликда айбланиб қўлга олинганлиги ҳақидаги хабарлари қўл келди. Шундан сўнг Мирзиёев ўз қароргоҳи ва ҳар кунги қатнов йўналиши хавфсизлигини кучайтирди.

Кейин Рустам Иноятов Мирзиёев билан суҳбатида, гўёки “агарда 27 мамлакатга бирданига виза режими бекор қилинса, Ўзбекистонга саёҳатчилар кўринишида ИШИД аъзолари кириб олишлари мумкин” деган гапи билан қўрқита олган. Ушбу кўндириш ва “қўрқинчли эртаклар” натижасида Шавкат Мирзиёев 22 декабр куни ўзининг 2016 йил 2 декабр кунги, 2017 йилнинг 1 апрелидан 27 мамлакат фуқароларига нисбатан сайёҳлик визаларини бекор қилиш кўзда тутилган фармонига ўзгартириш киритган. Энди ушбу муддат 2021 йилнинг 1 январ кунига кўчирилган.

Охирги воқеалар, Ўзбекистон МХХ раҳбари ва унинг “контора”си Мирзиёевни ўзбек халқи кўз ўнгида қанчалик обрўсизлантиришга уринаётганини, янги президентни ўз қўғирирчоғига айлантирмоқчи эканлигини, у тарафидан бошланган кенг миқёсдаги ислоҳотлар йўлига тўсиқ яратмоқчи бўлишаётганини кўрсатмоқда. “Иштаҳаси очилган ислоҳотчини” жиловлаш бўйича Иноятов ва “контора”нинг режалари фақатгина оғзаки кўрдиришлар ва “қўрқинчли эртаклар” билан чегараланиб қолмайди…

Вилоят марказларидан бирида бўлиши керак бўлган “автоҳалокат” ҳақида

Шу кунларда Рустам Иноятовнинг ўринбосарларидан бири “Маст такси ҳайдовчиси” амалиётини ишлаб чиқишни ва амалга ошириш ишларини ҳозирлашга бошлаган. Унга кўра Шавкат Мирзиёев вилоят марказларидан бирига ташриф буюрган вақтида “автомобил тўқнашуви” амалга оширилиши кўзда тутилган. Амалиёт давомида соҳта такси ҳайдовчисига ўз машинасида Шавкат Мирзиёев автомобилига ёки автокортежига келиб урулиш вазифаси юклатилган бўлади.

Иноятовнинг режасига кўра, ушбу автоҳалокат янги президентнинг ўз хавфсизлиги масаласига бўлган назарини тубдан ўзгартириши керак бўлади. Таҳмин қилинишича, қатор шу каби “ҳалокатлар” ва “ҳодисалар”дан сўнг Мирзиёев ишдан бўшатилган ПХХ ходимларини қайтаришга мажбур бўлади ва ҳатто, кўпчилик қисми МХХга бўйсунган, аввалги президентни қўриқлаш хизматига мурожаат қилади.

Биз ушбу режа ва амалиётларнинг муваффақиятли амалга оширилишига шубҳа қилмаймиз. Чунки, Иноятовда шу каби “тадбирларни” уюштириш борасида катта тажриба бор: 1999 йил ва бошқа йиллар давомида“теракт” деб номланувчи шундай “тадбир”лар ёрдамида у, шундай ҳам қўрқоқ одам бўлган, аввалги президент Ислом Каримовни тўлиқ бошқариб келди. Шундай қилиб…

Хулоса

Президент Мирзиёев ва МХХ раиси Иноятов ўртасидаги зиддиятларнинг ўсиб бориши шуни қўрсатмоқдаки, янги президент ҳали Ўзбекистонда мутлақ ҳокимиятга эга эмас. Сўнгги воқеалар яна шуни қўрсатмоқдаки, куч ишлатар тизимлар, айниқса Каримов даврида мамлакатда ўзига хос сурбетлик лицензиясига эга бўлган МХХ, Шавкат Мирзиёевнинг куч ишлатар тизимларни жиловлаш бўйича ислоҳотларидан жудаям норози.

Шунинг учун Мирзиёев ўзининг “ислоҳотлар йўлини” давом этадими ёки ундан воз кечиб Каримовнинг “тинчлик ва барқарорликни сақлаш” йўлига қайтиб, Ислом Каримов каби ёпиқ, қўрқоқ ва бошқариладиган раҳбарга айланадими ҳали номаълум.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,
Сиёсатшунос
10.01.2017

Рус тилидан ЎХҲ таҳририяти таржимаси

Рус тилидаги мақола манзили – uzxalqharakati.com/ru

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар