Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ташқи сиёсат

Ташқи сиёсат
11 Ocak 2017 - 5:00 'да юкланди ва 1709 марта ўқилди.

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(13)

МУСТАҚИЛЛИГИМИЗГА ТАНҚИДИЙ ҚАРАШЛАР
(давоми)

Ташқи сиёсат

Кейинги икки йил ичида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири уч марта янгиланди. Бу тадбир ташқи сиёсатимизни яхшилаш учун қилиндими?

Энг сўнг ишдан олинган вазир мисолини кўрайлик: 1993 йил июн ойида миршабларми ёки КГБ ходимлари, бир ўзбек қизни Тошкент қўналғасида тутиб калтакладилар. Бу қиз АҚШ элчихонасида ишлар экан. Элчихона Ўзбекистон ҳукуматига норозилик билдиради, аммо бу норозиликка ҳеч қандай жавоб ололмади. Устига-устак, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги газетада “бу воқеа масъулиятини элчихона ўзи олиши керак”, деган билдириш берди.

Америка ҳукумати бунга жавобан АҚШга борган Олий Кенгаш раиси бошчилигидаги ўзбек депутатлари ҳайъатини мамлакатдан ҳайдаб чиқарди. Шундан кейингина Ўзбекистон ҳукукмати ҳушига келди ва АҚШ олдида ўзини оқлаш учун яқинда тайинланган ташқи ишлар вазирини ишдан олди. Аслида, вазир ҳам, қизни калтаклаган миршаб ҳам ҳукумат топшириғини бажарган эдилар, холос.

Яъни, ташқи сиёсатдаги бу муваффақиятсизликлар ички сиёсатдаги зўравонликнинг оқибати эди. Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилганда, дунё давлатлари бу ўлкага катта қизиқиш билан қарай бошлагандилар. Чунки, Ўзбекистон минтақада табиий бойликлари кўп, иқтисодий қувват заҳираси катта, тарихий ва маданий бир марказ эди.

Бу тарихий вазиятда Ўзбекистонга жуда кучли ташқи сиёсат лозим эди. Кучли ва мустақил, зийрак ва барқарор бир ташқи сиёсат керак эди бизга.

Афсуски, ҳукумат бундай сиёсатнинг уддасидан чиқолмади, чиқолмадигина эмас, ички сиёсатдаги ғайридемократик ҳаракатлари билан дунёда бор обрўсини ҳам йўқотди. Бугун дунёнинг тўрт-беш мамлакатида Ўзбекистоннинг элчихонаси бор. Бу элчихоналарнинг бирортаси ҳам дунё воқеаларига ўз муносабатини билдиришга қодир эмас. Ҳануз Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи дунё мамлакатларига нисбатан ўз позитсиясини белгилагани йўқ.

Ироқ Қувайтни босиб олди, Ўзбекистон бу агрессияга муносабат билдирмади. АҚШ давлати Ироққа бомба ташлади, Ўзбекистон кимнинг тарафида туришини билмади. Арманистон Озарбайжон тупроқларини ишғол этди, Ўзбекистон бунга ҳам муносабат билдирмади.

Бундан бир ярим йил аввал Ўзбекистон президенти катта ҳайъат билан Саудияга кетди, ҳайъат люкс меҳмонхоналарда туриб, кайфу сафо қилди ва… ҳеч вақосиз қайтиб келди – Ўзбекистон иқтисодига ёрдам бўладиган бирор шартнома тузилмади. Чунки, Ўзбекистоннинг Саудияга нисбатан аниқ фикри ва муайян сиёсати йўқ эди. Бу муваффақиятсиз сафардан аччиғи чиққан ҳукумат Ўзбекистонга келган бир гуруҳ саудияликларни юртдан ҳайдаб чиқарди, оқибатда, икки ўлка орасидаги ҳали ўрнатилмаган муносабат тамомила йўқотилди.

Бу йил май ойида президентимиз Олмонияга сафар қилди. Уни таклиф қилган “Мерседес-Бенц” ширкати илтимоси билан И.Каримовни олмон ҳукумати қабул қилди. Аммо бу қабул қувончини олмон матбуоти чил-парчин қилди: “Диктаторни кўрмоқчи бўлсанглар, Лотин Америкасига бориб юрманглар, бизнинг Штутгартга келинг, эртага бу шаҳарга Каримов келаяпти”, деб ёзди журналистлар.

Яқинда президент Каримов Ўзбекистоннинг ўттиз икки тонна олтинини Франсия банкига қўйди ва бунинг эвазига биринчи марта Ғарб давлатларидан бирида расмий меҳмон сифатида қабул қилинди. Аммо Каримовнинг ҳар бир хорижий сафари 32 тонна олтинга тушадиган бўлса, биз яқинда мутлақо олтинсиз қоламиз.

Хуллас, ўзбекситоннинг ташқи сиёсати – унинг ички сиёсатининг кўзгудаги том аксидир. “Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама”, дейди халқимиз. Бизнинг бирор бир давлатдан ўпкалашга ҳаққимиз йўқдир.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Бу бечора халк факат хозирги авлодини эмас балки келажак авлодини хам хаккини талон торож килган кимсани бошига кутариб, улгандан кейин хам Унинг кабрига ва ёдгорлигига катта катта маблаг сарфлаяпди!!! 32 тонна тиллалар Ким килади кимнинг ривожи учун сарфланибётир. Бу бобда евреейлар устаси фарангдир. Эх ок корани, дусту душмонни ажратаолмайдиган кора халк! Узингнинг аёгингга качонгача болта урасан?!!

    11/01/2017 12:38
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар