Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Мухолифат тўғрисида яна икки оғиз сўз

Мухолифат тўғрисида яна икки оғиз сўз
12 Ocak 2017 - 5:00 'да юкланди ва 1129 марта ўқилди.

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(14)

МУСТАҚИЛЛИГИМИЗГА ТАНҚИДИЙ ҚАРАШЛАР
(давоми)

Мухолифат тўғрисида яна икки оғиз сўз

Юқорида айтилган танқидни ўқиган киши “бу қанақа одам ўзи, нуқул қоралайди, наҳотки, бугунги ҳукумат тўрт ярим йил ичида бирор иш қилмаган бўлса?”, деб ўйлаши мумкин.

Ҳақиқатан ҳам, бугунги ҳукумат ўз фаолиятининг дастлабки босқичида яхши ишларга бел боғлаган эди. Унинг халқ тинчлиги, осойишталигига йўналтирилган ҳаракатларини биз доим қўллаб-қувватлаган эдик. Чунки, сиёсий барқарорлик бўлсагина, мамлакатда ислоҳотларни тез ва қурбонсиз ўтказиш мумкин эди.

Шунинг учун ҳам биз, сиёсий мухолифатдагилар, бугун ҳамма гапираётган “миллий бирлик” шиорини ҳаммадан олдинроқ кўтариб чиққан эдик.

Мухолифат ичида ҳукуматга бирор бир хайрихоҳ партия бўлса, бу “Эрк” партияси эди. Чунки “Эрк” партиясининг ўзагини радикал инқилобчилар эмас, синовдан ўтган миллиятчилар ташкил қилади. “Эрк” партияси, агар ҳукумат миллат манфаати йўлида фаолият кўрсатса, бундай ҳукуматни қўллашини очиқ айтган эди.

Лекин ҳукумат ваъда қилган ислоҳотлар амалга ошмади, у ўз сиёсатини ҳақсизлик ва зўравонлик устига қура бошлади.

Қуръон-ла қасам ичиб, қасамни бузди. Халқига озодлик ваъда қилиб, қулликни тутқазди.

Ҳатто шундай вазиятда ҳам биз курашни қонун доирасида олиб бордик, муроса йўлини ахтардик, аммо бу йўлни ҳам беркитди.

Ҳукумат андишанинг отини қўрқоқ қўйди. Ҳақоратли жойи шуки, у ўзбек халқини қўймижоз бир халқ, у хақлни қанча эзсанг, шунча ювош бўлади, деб ўйлай бошлади. Ҳатто президент унинг демократияга тайёр эмаслигини, тайёр ҳам бўлолмаслигини очиқ гапира бошлади. Ўзбек халқи табиатига озодлик эмас, қуллик кўпроқ мос тушади, деган қарорга келди, шекилли.

Унинг сўнгги икки йил ичида олиб борган сиёсати шу хулосанинг заҳарли меваларидир.

Ўзбек халқи бу даҳшатли назария билан ҳач қачон келиша олмайди. Ва бу халқнинг кичик бир парчаси бўлмиш сиёсий мухолифат ҳам бундай қарашни бутун борлиғи билан рад қилади.

Биз, мухолифат ўлароқ, ўзбек халқи ҳам бошқа халқлар каби озодликка лойиқ эканини исбот қилиш учун курашамиз.

Бу Ватан бир тўда коммунистлар ватанигина эмас, бу Ватан тарихи шон-шавкатга тўла буюк миллат – ўзбекларнинг ҳам ватани эканлигини исбот қилиш учун курашамиз.

Баъзан хайрихоҳ дўстлар бизга қараб: “Бу режим билан курашмоқ телбаликдир, унинг қўлида армия бор, КГБ бор, миршаблар бор, “Эрк”чилар унга нимани қарши қўя оладилар?”, дейдилар. Биринчидан, бу режимга битта “Эрк” партияси эмас, минглаб ҳур фикрли партиясиз инсонлар қарши курашаяпти. Бу курашаётганлар фақат зиёлилар ичида эмас, балки, улар давлат маъмурлари ичида ҳам, ишчи-деҳқонлар орасида ҳам, ҳатто КГБ ходимлари, миршаблар ва ҳарбийлар ичида ҳам мавжуддир.

“Эрк” партиясига келсак, режимга қарши унинг ҳам учта қуроли бор: биринчиси – бу ИЙМОН, иккинчиси – ВАТАНГА МУҲАББАТ, учинчиси – бизнинг МИЛЛАТИМИЗдир.

Бу қуроллардан бирортаси ҳам Режимда йўқ, шунинг учун ҳам у енгилишга маҳкумдир.

1994. Январ.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар