Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бундоқ ишларнинг тубига инсон ақли етишдан ожиз…

Бундоқ ишларнинг тубига инсон ақли етишдан ожиз…
12 Ocak 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1455 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 133

(давоми)

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукда йигирма кун турганларидан кейин кўпчилик саҳобаларнинг маслаҳатлари билан Мадинага қайтмоқчи бўлдилар. Қайтишлари эрса тоғ йўли билан довон ошиб ўтишга тўғри келди. Аскар ичидаги мунофиқлардан ўн икки киши яширинча:

— Қачон Муҳаммад тоғ тепасига чиқди эрса, довоннинг энг учма ерига келганида уни ушлаб, тоғдан қулатиб юборайлик. Тун қоронғусида бу ишни бажармоқ биз учун бек қулайдур. Яна биздан ҳеч ким гумон қилмайди, — дейишиб ўзаро қаттиқ аҳд қилишдилар.

Лекин бу хиёнатлари ваҳий орқали Расулуллоҳга маълум бўлиб қолди. Кун иссиғидан сақланиб, ўзлари бир нечагина саҳобалар билан кеча салқинида довон ошмоқчи бўлдилар. Бошқа кўпчилик аскарларни эса, тоғ тагидаги кенг йўл билан юришга буюрдилар. Улуғ саҳобалардан Аммор ибн Ёсир, Ҳузайфа ибн Ямонлар эрса, доим Расулуллоҳ билан бирга эдилар.

Минган туяларини шу кечаси бировлари ҳайдаб, бировлари етакладилар. Ул кечалари ой қоронғуси бўлганликдан киши ўз қўлини ҳам кўролмас эди. У мунофиқлар эса Худо хоҳламаган ишни қилмоқчи бўлишиб, аскар йўлидан юришмай Расулуллоҳ кетидан булар ҳам довон йўлига юришди. Ўзларини танитмаслик учун қоронғулик устига яна ўзларини ўраб олишган эди. Мўлжал жойга яқин келганда, ёмон ният билан бирданига от қўйишди. Расулуллоҳ бундан хабардор эдилар.

— Дарҳол буларнинг олдини тўсгил, яқин келтирмагил, — деб Ҳузайфага буюрдилар.

Ҳузайфа қўлига қамчи олиб, келаётганларнинг от-уловларини бош-кўзига қарамай савалашга турди. Лекин уларнинг ким эканликларини таниёлмади. Ҳузайфани кўришлари билан қўрқиб орқага чекиндилар. Сир очилиб қолмагай дейишиб кўнгилларига қўрқинч тушди.

Кеча қоронғулигидан фойдаланиб илдамлик билан кўпчилик аскар ичига аралашиб олдилар.

Бу ишни Расулуллоҳдан ўзга ҳеч ким билмади. Сўнгра Ҳазрати Ҳузайфа Расулуллоҳ олдиларига келгач:

— Ё Расулаллоҳ, кеча қоронғусида бош-кўзлари ўралган бир тўп кишининг қораси кўринди, ўзларини таниёлмадим. Бир-икки кишининг туясини ўхшатдим,— деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Менга ваҳий келиб, уларни билдирди. Булар эрса фалоний, фалоний, — деб ўн икки кишини санадилар. — Улар мени тоғдан ташлаб ўлдиришга қасд қилган эдилар. Аллоҳ мени асраб, мақсадларига эришолмадилар, икковингиздан бошқа киши бу сирни билмасун, — дедилар.

— Андоғ эрса, буларнинг бошини кесайлик, рухсат қилинг, Ё Расулаллоҳ, — деган эдилар, рози бўлмадилар.

Субҳоналлоҳ, эй раббим Аллоҳ, бу нима сирдур? Юқорида ўтган шу қадар улуғ мўжизаларини Расулуллоҳдан кўришган бўлсалар ҳам, буларнинг куфр қоронғулиги қоплаган қора тошдек кўнгилларига қилчалик таъсир қилмаган экан. Шунинг учун Пайғамбаримиз қуйидаги дуони ўқиб юришга буюрдилар:

«Ё муқаллибал қулуби, саббит қулубано ало диника».

Маъноси: «Эй бор Худоё, дилимизни ислом дини узра тўхтатгил. Шу динда ўлайлик, шу динда тирилайлик». Омин.

Бундоқ ишларнинг тубига инсон ақли етишдан ожиздур. Бунинг сирини Аллоҳдан ўзга ким билур?

Шу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча кун йўл юриб, қўналғудан қўналғуга ўтиб, Мадина яқинидаги Зуовон деган жойга келиб тушдилар. Бунинг билан Мадина оралиғи бирор соатлик йўл эди. Шу ерга келганларида Зирор масжидининг қавмларидан бир неча бошлиқлари келишиб, Расулуллоҳ билан кўришдилар.

Бу масжид эрса, мунофиқлар тарафидан ясалмиш эди. Уларнинг мақсадлари шу масжидда ёлғондан намоз ўқиш баҳонаси билан йиғилишиб, Исломга қарши ҳаракатда бўлиш эди.

Табук сафарига чиқар олдида шу масжид жамоатидан уч-тўрт киши келишиб:

— Ё Расулаллоҳ, ёғин-чочин кунларда қари-қартанг кишиларимиз кела олмас эканлар. Шунинг учун янгидан бир масжид ясаб битказиб олдик. «Байт карам» қилиб берсангиз, масжид ичра кириб, Худодан яхшилик тилаб, намоз ўқиб берсангиз, — деган эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтишларида кириб ўтмакка ваъда берган эдилар. Шу жойга келганларида Аллоҳдан ваҳий келиб, мунофиқлар бу масжидни нима мақсад билан бино қилганларини Пайғамбаримизга билдирди. Бу масжидга кирмасликка, унда намоз ўқимасликка буюрди. Бошқаларга ибрат бўлиши учун уни бузиб, ўт қўйиб юборишга Аллоҳ амр қилди.

Дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баҳодирлардан икки кишини чақириб, ул масжидни бузиб, ўт қўйиб келмакка буюрдилар. Бу икковлари буйруқ олишлари билан югурганларича ўша жойга боришди. Бировлари эса қўлига ёндирилган ўт олмиш эди.

Тўғри масжидга кириб бордилар. Қарасалар, мунофиқлар масжид ичида ўлтирмиш эканлар. Уларга эътибор қилмай масжидни бир четидан бузиб, ўт қўйгани турдилар. Буни кўргач, масжиддаги мунофиқлар ҳам бариси қочиб чиқдилар. У икки саҳоба масжидни бузишиб ва куйдиришиб, Расулуллоҳ қошларига келишди.

Аллоҳ таоло бу масжидни Қуръонда «Зирор масжиди» яъни «Зарарлик масжид» деб атамишдир.

Худо ризолиги учун солинмаган масжидларнинг ҳукми ҳам шунга яқиндур. Шунга ўхшаш Ислом шаҳарларида масжидлар кўпайиши, уларнинг оралари бир-бирларига яқин бўлиши қиёмат аломатларидан ҳисобланади.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар